Линклар

Шошилинч хабар
15 Aprel 2026, Тошкент вақти: 09:37

Жонли ХДТ: Ҳормуз бўғозида 1600 кема қолиб кетмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 апрелни Эрон учун сўнгги муддат деб атаб, Вашингтон вақти билан 20:00 гача (Тошкент вақти билан 8 апрел 5:00) келишувга рози бўлишни талаб қилди. У талаблар бажарилмаса, энергетика объектларига зарбалар берилиши мумкинлигини билдирди.

Душанба куни Теҳрон Покистон орқали етказилган Вашингтон таклифини рад этган ва урушнинг тўлиқ ва якуний тўхтатилиши тарафдори эканини таъкидлаган.

28 февралдан бери АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. Трамп ҳарбий операциянинг асосий мақсади Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш эканини таъкидлаган. Жанглар бошланганидан сўнг Эрон жаҳон энергия бозори учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини амалда ёпган.

18:09 9.4.2026

“Жуда қўрқинчли эди” — Байрутдаги Исроил зарбалари ҳақида гувоҳлар

Ливанлик бир аёл Исроилнинг Байрутга берган ҳаво зарбалари пайтидаги ҳолатни “жуда қўрқинчли” деб таърифлади.

Жанубий Ливандан кўчирилган Мона Наура шундай деди:

“Қанчалик кучли ва даҳшатли бўлганини сўз билан айтолмайман. Шовқин жуда баланд, жуда қўрқинчли эди.”

Исроил зарбаларидан сўнг Ливан бўйлаб қутқарувчилар тун бўйи вайроналар остида қолган ярадорларни қидиришда давом этди. Ҳужумлар аҳоли зич яшайдиган ҳудудларга, одатдагидек олдиндан огоҳлантиришсиз амалга оширилган.

Байрутда вайрон бўлган бинода ишловчи 60 ёшли Абед Сабра эса вазиятни шундай тасвирлади:

“Бу тасаввур қилиб бўлмайдиган вайронагарчилик. Ҳатто қўрқмайдиган одам ҳам қўрқиб кетади. Бу мамлакат қаерга кетяпти? Биз қаерда яшаймиз, қаерга борамиз — ҳеч ким билмайди. Одамлар яшашни истайди. Урушдан чарчадик.”

Ливан фуқаролик мудофаа хизмати маълумотига кўра, 8 апрель куниги ҳужумлар натижасида 250 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

АҚШ президенти Donald Trump эълон қилган ўт очишни тўхтатиш келишуви бу ҳужумлар ортидан шубҳа остида қолди.

Вашингтон келишув Ливанга тааллуқли эмаслигини айтган бўлса, Эрон ва воситачи сифатида қатнашган Покистон бу келишув Ливанни ҳам қамраб олишини таъкидламоқда.

Буюк Британия ва Франция каби бир қатор давлатлар эса келишув Ливанга ҳам татбиқ этилиши кераклигини билдириб, Исроил ҳужумларини қоралади.


18:07 9.4.2026

Эронда Ҳоманаий ўлимининг 40 куни муносабати билан умуммиллий мотам

Эронда пайшанба куни (9 апрель) марҳум Али Ҳоманаий вафотининг 40 куни муносабати билан оммавий мотам тадбирлари ўтказилди.

Пойтахт Теҳрон кўчаларида тўпланган одамлар Эрон байроқлари ҳамда Ҳоманаий ва унинг ўғли — янги олий раҳбар Можтаба Ҳоманаий суратларини кўтариб чиқди.

Шаҳарда йирик хотира баннерлари ўрнатилди, айрим биноларда эса Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати байроқлари ҳам кўринди. Одамлар АҚШ–Исроил уруши бошланган 28 февраль куни Ҳоманаий ҳалок бўлган жой томон йўл олди.

АҚШ ва Эрон 8 апрель куни урушни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш учун вақтинча танаффусга келишган. Исроил Эронга ҳужумларни тўхтатишга рози бўлган бўлса-да, Ливандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган кучларга қарши амалиётларни давом эттиришини билдирган.


18:06 9.4.2026

Ҳормуз бўғози хавфи сабаб нефть нархи қарийб 4 фоизга ошди


Пайшанба куни (9 апрель) нефть нархлари ошди. Бунга Яқин Шарқдаги икки ҳафталик, аммо мустаҳкам эмас ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича шубҳалар сабаб бўлди. Бозорларда Ҳормуз бўғози орқали энергия таъминоти чекланган ҳолда қолиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар кучайди.

Brent нефти нархи 3,9 фоизга кўтарилиб, баррели 98,44 долларга етди. АҚШнинг WTI нефти эса 3,7 фоизга ошиб, 97,88 доллардан сотилди.

Бундан олдинги савдо сессиясида ҳар икки эталон нефть тури 100 доллардан пастга тушган эди. Бу ўт очишни тўхтатиш келишуви Ҳормуз бўғозининг қайта очилишига олиб келиши мумкин деган умидлар билан боғлиқ бўлган. WTI эса 2020 йил апрелидан бери энг катта пасайишни қайд этган эди.


17:56 8.4.2026

ЕИ АҚШ ва Эрон ўртасидаги икки ҳафталик оташкесимни олқишлади

Европа Иттифоқи етакчилари АҚШ ва Эрон ўртасидаги икки ҳафталик оташкесимни олқишлади.

"Мен АҚШ ва Эрон кеча кечқурун эришган икки ҳафталик оташкесимни олқишлайман. Бу жуда зарур бўлган кескинликни пасайтиради", деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Лейен.

Европа Кенгаши президенти Антонио Коста Хда "минтақада барқарор тинчликка эришиш учун барча томонларни унинг шартларини бажаришга" чақирди.

"Қўшма Штатлар ва Эроннинг икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги эълонини олқишлайман. Мен барча томонларни минтақада барқарор тинчликка эришиш учун унинг шартларини бажаришга чақираман. Европа Иттифоқи давом этаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр ва минтақадаги ҳамкорлари билан яқин алоқада бўлиб қолади. Мен Покистон ва ушбу келишувга кўмаклашишда иштирок этган барча бошқа томонларга миннатдорчилик билдираман ", деди Коста.

Европа Иттифоқининг бош дипломати Кая Каллас сулҳ битими таҳдидларни юмшатиш, ракета ҳужумларини тўхтатиш, юк ташишни қайта бошлаш ва узоқ муддатли келишувга эришиш йўлида дипломатия учун жуда зарур имконият яратади", деди.


Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG