Линклар

Шошилинч хабар
26 May 2026, Тошкент вақти: 12:20

Жонли 205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

19:36 22.4.2026

АҚШ Президенти: Эрон билан ўт очишни тўхтатиш муддати узайтирилади

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан чоршанба оқшомида тугаши керак бўлган икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш муддатини узайтиришини маълум қилди.

- Эрон ҳукумати жиддий равишда парчаланганини ҳисобга олиб ҳамда Покистон Фельдмаршали Осим Мунир ва Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг илтимосига биноан, биздан Эрон раҳбарлари ва вакиллари ягона таклиф билан чиққунларига қадар Эрон давлатига ҳужумимизни тўхтатиб туриш сўралди, деди АҚШ президенти.

АҚШ президенти сулҳни уларнинг таклифи тақдим этилгунга ва музокаралар у ёки бу тарзда якунлангунга қадар узайтиришини айтди.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши блокадани давом эттиради ва шай ҳолатда қолади.

Эрон Ташқи ишлар вазири Сайид Аббос Арақчи сешанба куни Х тармоғидаги постида АҚШнинг Эрон портларини блокада қилиши уруш ҳаракати ва шу боис сулҳнинг бузилиши эканини айтди.

Унга кўра, Эрон савдо кемаларига ҳужум қилиш ва экипаж аъзоларини ҳибсга олиш эса янада жиддийроқ қонунбузарликдир.

"Эрон чекловларни қандай зарарсизлантиришни, ўз манфаатларини ҳимоя қилишни ва зўравонликка қарши туришни билади", — деб ёзди Арақчи.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бақир Қалибофнинг маслаҳатчиси Меҳди Муҳаммадий ҳам АҚШ блокадасига ҳарбий жавоб берилиши кераклигини айтиб, Трампнинг сулҳни узайтириш ҳақидаги баёнотини маъносиз деб атади.

"Мағлуб томон шартларни белгилай олмайди. Блокаданинг давом этиши бомбардимон қилишдан фарқ қилмайди ва унга ҳарбий жавоб берилиши шарт. Сулҳни узайтириш — Трамп учун тўсатдан ҳужум қилишдан олдин вақтдан ютиш йўлидир", — деб ёзди у.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ Президенти Дональд Трампга дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун сулҳни узайтириш ҳақидаги илтимосни қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди.

- Шахсан ўз номимдан ва Фельдмаршал Сайид Осим Мунир номидан Президент Трампга дипломатик ҳаракатлар ўз самарасини бериши учун сулҳни узайтириш ҳақидаги сўровимизни бағрикенглик билан қабул қилгани учун чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Ишонч билдирилганидек, Покистон можарони музокаралар йўли билан ҳал қилиш учун бор кучини сафарбар этишда давом этади. Умид қиламанки, ҳар икки томон сулҳга амал қилади ва Исломободда режалаштирилган иккинчи раунд музокараларида узил-кесил тинчлик битимига эришилади, деди Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф.

Теҳроннинг чоршанба куни Покистонда АҚШ билан бўладиган музокараларнинг иккинчи босқичида иштирок этмаслик ҳақидаги қарори «узил-кесил», деб хабар берди Эроннинг ярим расмий Tasnim агентлиги.

Хабарда айтилишича, покистонлик воситачилар Эрон халқининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу қарор ҳақида хабардор қилинган.

Аввалроқ Эрон ТИВ вакили Исмоил Бағоий Вашингтоннинг зиддиятли хабарлари ва АҚШ томонидан амалга оширилаётган номақбул ҳаракатлар музокараларда қатнашиш тўғрисида қарор қабул қилишни қийинлаштираётганини айтган эди.

20:41 21.4.2026

ЕИ Украинага кредит ажратиш бўйича ижобий қарор қабул қилиши кутилмоқда

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас 22 апрел куни Украина учун ажратиладиган 90 миллиард евролик кредит бўйича ижобий қарорлар қабул қилинишини кутаётганини айтди.

- Биринчи навбатда, албатта, Украинадаги урушни муҳокама қиламиз ва эртага 90 миллиардлик кредит бўйича ижобий қарорлар бўлишини кутамиз. Украинага бу кредит жуда зарур ва бу Россия Украинадан узоқроқ туриб бера олмаслигининг белгисидир. Ҳозирги вақтда бу жуда муҳим, деди Кая Каллас.

Украинанинг Европа Иттифоқидаги энг ашаддий рақиби — Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг шу ойдаги сайловларда мағлубиятга учраши Киев учун Россия билан урушни молиялаштиришга зарур бўлган кредитни олишга йўл очиши мумкин.

Ушбу кредит дастлаб декабрь ойида ЕИнинг барча аъзо давлатлари томонидан келишилган эди.

20:39 21.4.2026

Ироқ Сурия билан чегарадаги ўтказиш пунктини очди

Ироқ 10 йилдан ортиқ вақт давомида ëпиб қўйилган Сурия билан чегарадаги Рабия ўтказиш пунктини очди.

Чегара хизмати расмийларининг маълум қилишича, ўтказиш пункти Эрон урушидан кейин Форс кўрфазидаги юк ташишда юзага келган узилишлар туфайли ёнилғи экспортини тезлаштириш ва чегаралараро савдони қайта тиклаш мақсадида очилган.

Ироқнинг шимолий Ниневия вилоятида жойлашган ушбу ўтиш жойи мазут маҳсулотларини Сурия орқали юк машиналарида ташиш имконини беради.

Шунингдек, Суриядаги фуқаролар урушидан кейин тўхтаб қолган тижорат савдо йўли ҳам қайта очилади.

Ироқ Чегара портлари комиссияси раҳбари Омар ал-Ваэлининг айтишича, «Рабия»нинг очилиши Сурияга ёнилғи ташишдаги босимни камайтиради; ҳозирда аксарият конвойлар Ироқ ғарбидаги ягона ишлаб турган Ал-Валид ўтиш жойида тўпланиб қолган.

Ироқ Ҳормуз бўғозининг амалда ёпилиши туфайли денгиз орқали экспорт қилиш имкониятини йўқотгач, тўпланиб қолган мазут захираларини чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

Ироқнинг SOMO давлат нефть сотувчи компанияси харажатлар юқори бўлишига қарамай, экспортни давом эттиришнинг кам сонли муқобил йўлларидан бири сифатида Сурия орқали қуруқлик йўлларига юзланди.

SOMO апрелдан июнгача бўлган даврда мазутни Сурия орқали қуруқликда ташиш бўйича шартномалар имзолаган.

20:34 21.4.2026

АҚШ ва Эрон навбатдаги музокараларни ўтказадими?

АҚШ Президенти Дональд Трамп душанба куни, агар шу ҳафта охиригача келишувга эришилмаса, Эрон билан икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш муддатини узайтириши амримаҳол эканини айтди, деб хабар бермоқда Bloomberg.

Нашрнинг ёзишича, Трамп АҚШ делегацияси Эрон билан музокараларнинг иккинчи босқичи учун Покистон пойтахтига йўл олганини маълум қилган.

Truth Social тармоғидаги постида Трамп унинг маъмурияти ишлаб чиқаётган келишув собиқ президент Барак Обама 2015 йилда Эрон билан имзолаган ядровий келишувдан «анча яхши» бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, Трамп агар силжиш кузатилса, Эроннинг юқори мартабали раҳбарлари билан учрашишга тайёрлигини билдирди. Бироқ душанба куни эрталаб у музокараларда шахсан иштирок этиши шарт эмас деб ҳисоблашини айтган эди.

Трампнинг сўзларига кўра, у 7 апрелда эълон қилган сулҳ муддати АҚШ вақти билан чоршанба оқшомида тугайди.

Агар келишув бўлмаса, ҳужумлар дарҳол қайта бошланишини кутяпсизми, деган саволга Трамп: "Агар келишув бўлмаса, албатта шуни кутардим", деб жавоб берди.

Манбаларга кўра, Жей Ди Вэнс сешанба куни Вашингтондан жўнаб кетиши кутилмоқда. Музокараларнинг иккинчи босқичи чоршанба кунига режалаштирилган.

Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Моҳсений музокаралар ҳақиқатан ҳам ҳеч қандай натижа бермаслиги мумкинлигини айтиб, Эрон кемаларига қарши кўрилган ҳар қандай чорага Эрон албатта жавоб қайтаришини таъкидлади.

У таклиф қилинган денгиз блокадасини ўт очишни тўхтатиш келишувини очиқчасига бузиш деб атади.

Эрон давлат телевидениеси сешанба куни Эрон делегацияси АҚШ билан музокаралар учун Покистонга ҳали йўлга чиқмаганини хабар қилди.

- Музокараларимиз ҳақиқатан ҳам ҳеч қаерга олиб бормаслиги ва биз учун ҳарбий ҳаракатларни қайта амалга ошириш зарурати туғилиши мумкин. Уларнинг бизнинг кемамизга қарши кўрган чорасига Эрон Ислом Республикаси албатта жавоб қайтаради. Уларнинг ўзлари сулҳни бузишди ва Эрон албатта жавоб беради. Улар айтаётган ушбу денгиз блокадаси ўт очишни тўхтатиш келишувини очиқдан-очиқ бузиш ҳисобланади ва Ислом Республикаси бунга албатта жавоб қайтаради, деди Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Моҳсени.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG