Линклар

Шошилинч хабар
26 May 2026, Тошкент вақти: 11:07

Жонли 205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

17:31 29.4.2026

Европа авиакомпаниялари ëқилғи танқислигига дуч келиши мумкин

Яқин Шарқда давом этаётган можаро энергия таъминотини издан чиқариб, ёқилғи нархларини оширгани сабабли Европа авиакомпаниялари яқин орада реактив ёқилғи танқислигига дуч келиши мумкин.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) маълумотларига кўра, можаро бошланганидан бери жаҳон миқёсида реактив ёқилғи нархлари кескин ошган — бир баррель нархи 85–90 доллардан 150–200 долларгача кўтарилган.

Ёқилғи нархларининг ошиб кетишидан ташқари, Европадаги кўплаб авиакомпаниялар ҳатто юқори нархларда ҳам реактив ёқилғи топиб бўлмайдиган ҳолатга дуч келмоқда.

Айрим ҳудудларда ёқилғи захиралари бор-йўғи бир неча ҳафтагагина етади. Ушбу “реактив ёқилғи инқирози” ҳаво транспорти соҳаси учун жиддий муаммо туғдирмоқда.

Халқаро энергия агентлиги (IEA) ижрочи директори Фатих Биролнинг айтишича, Европада реактив ёқилғи захиралари хавфли даражада камайиб бормоқда.

Агар Яқин Шарқдаги вазият таъминотни издан чиқаришда давом этса, айрим рейслар яқин орада бекор қилиниши мумкин.

Сўнгги пайтларда Германиянинг Lufthansa, Нидерландиянинг KLM ва Virgin Atlantic каби бир қатор Европа авиакомпаниялари парвоз йўналишларини тўхтатиш, айрим рейсларни бекор қилиш ва ёқилғи қўшимча тўловларини ошириш каби чораларни кўрди.

Саноат вакилларининг фикрича, талаб ўзгармас экан, ташиш қувватларининг етишмаслиги ва қиммат чипталар Европа аҳолиси саёҳатига янада кўпроқ чекловлар келтириб чиқаради.

Европа узоқ йиллар давомида Яқин Шарқдан келадиган энергия таъминотига кучли боғлиқ бўлиб келган. Халқаро энергия агентлиги маълумотларига кўра, аввал Яқин Шарқ Европанинг соф реактив ёқилғи импортининг 75 фоизини ташкил этган.

Ҳормуз бўғозининг блокада қилиниши ушбу асосий таъминот йўлини деярли тўлиқ тўхтатиб қўйди ва Европа реактив ёқилғи импорти 2022 йил март ойидан бери энг паст даражага тушиб кетди.

Бундан ташқари, можаро сабабли Европадан учиб чиқадиган узоқ масофали рейслар айрим ҳаво ҳудудларини айланиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

Бу эса парвоз вақтларининг узайиши ва масофанинг ортишига олиб келиб, реактив ёқилғи сарфини кўпайтирди ва Европада ёқилғига бўлган талабни юқори даражада сақлаб қолмоқда.

Авиация таҳлилчилари таъкидлашича, ҳатто Ҳормуз бўғози орқали юк ташиш қайта тикланган тақдирда ҳам, реактив ёқилғи ишлаб чиқариш ва етказиб бериш тизимининг тўлиқ тикланишига бир неча ой керак бўлади.

19:56 28.4.2026

Украина Туапсе НҚИЗга яна ҳужум қилди

28 апрел куни Украина дронлари Қора денгиз бўйида жойлашган Россиянинг Туапсе нефтьни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди ва натижада ёнғин келиб чиқди, деб маълум қилди расмийлар.

Ҳаракатланаётган автомобилдан олинган гувоҳлар видеосида осмонга кўтарилаётган улкан тутун кўринади.

Reuters видеонинг жойлашувини дўкон ёзувлари, бинолар, йўл тўсиқлари ва йўл тузилиши орқали тасдиқлади. Ушбу маълумотлар архив ва сунъий йўлдош тасвирларига мос келган.

Видео санаси мустақил равишда тасдиқланмаган, аммо 28 апрелгача унинг эскироқ версияси интернетда жойлаштирилмаган.

Краснодар ўлкаси тезкор штабининг Telegram’да ёзишича, 28 апрель куни дрон парчалари тушиши оқибатида завод ҳудудида ёнғин чиққан.

Штаб маълумотларига кўра жабрланганлар йўқ. Ёнғинни ўчириш ишларига 122 нафар киши ва 39 та техника бирлиги, жумладан Россия ФВВнинг ҳудудий бошқармаси кучлари жалб этилган.

Вилоят губернатори Вениамин Кондратьев Туапсе округи раҳбари Сергей Бойкога таяниб маълум қилишича, завод яқинида жойлашган уйларда яшовчи аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинмоқда.

Украинанинг Exilenova+ мониторинг Telegram-канали маълум қилишича, олдинги зарба натижасида заводнинг резервуар паркининг катта қисми шикастланган ёки йўқ қилинган.

Айни пайтда, уларнинг маълумотларига кўра, заводнинг ўзида технологик жараёнларда фойдаланилаётган бир ёки бир нечта резервуар ёнмоқда. Маҳаллий аҳоли ёзишича, олов учинчи резервуарга ҳам ўтган.

Украина томони ҳозирча нефтьни қайта ишлаш заводига берилган зарба ҳақида изоҳ бермаган.

Бу сўнгги ҳафталар ичида “Роснефть”га тегишли мазкур завод ва Туапсе портига уюштирилган навбатдаги дрон ҳужумларидан бири бўлиб, олдинги ҳужумлар денгизда нефть тўкилишига ва бир неча кун давом этган кучли ёнғинга сабаб бўлган эди.

Йиллик ишлаб чиқариш қуввати тахминан 12 миллион тонна бўлган, асосан экспорт учун нефть маҳсулотлари — нафть, дизел ёқилғиси, мазут ишлаб чиқарадиган ушбу завод, саноат манбаларига кўра, 16 апрель кунги дрон ҳужумидан сўнг фаолиятини тўхтатган.

Россия Мудофаа вазирлиги 28 апрельга ўтар кечаси Астрахан, Волгоград, Курск, Ростов вилоятлари, Краснодар ўлкаси, аннексия қилинган Қрим ҳудуди ҳамда Қора ва Азов денгизлари устида 186 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

19:52 28.4.2026

Бишкекда ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари учрашди

Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнат Сингҳ Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) мудофаа вазирлари йиғинида жаҳондаги ноаниқликлар фонида мулоқот ва дипломатиянинг аҳамиятини таъкидлади.

- ШҲТ дунё аҳолисининг катта қисмини ифода этар экан, нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бизнинг масъулиятимиздир. Биз куч ишлатиш йўлидан эмас, мулоқот ва дипломатия йўлидан боришда давом этишимиз керак. Биз бу давр зўравонлик ва уруш даврига эмас, тинчлик ва фаровонлик даврига айланишини таъминлашимиз лозим, деди Ҳиндистон мудофаа вазири.

Йиғилишда Сингҳ аъзо давлатлар глобал тинчлик ва барқарорликни таъминлашда умумий жавобгарликка эга эканини таъкидлади.

Шунингдек, у йиғин доирасида Хитой мудофаа вазири Дун Цзюнь билан ҳам учрашиб, минтақавий хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, дея маълум қилди Деҳли.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 28 апрель куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларини қабул қилди.

Жапаров Қирғизистон ШҲТнинг раиси сифатида ташкилот доирасида мудофаа соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга, жумладан, қўшма машғулотлар ўтказишга, тажриба алмашишга ва мудофаа вазирликлари ўртасидаги мувофиқлашувни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.

Президент, шунингдек, ушбу кенгаш доирасида эришилган келишувлар ташкилотдаги мудофаа ҳамкорлиги ва умумий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган ишончини билдирди.

Айни пайтда Бишкек шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу йил ушбу ташкилотга Қирғизистон раислик қилмоқда.

ШҲТ 2001 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари томонидан таъсис этилган ташкилот ҳисобланади.

У ўзаро ишончни, сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

2017 йилда ШҲТга Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда эса Беларусь аъзо бўлган.

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусовнинг айтишича, Эрон атрофидаги қуролли можаро ва дунёнинг бошқа ҳудудларида кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда Россия ва Тожикистон ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда.

“Биз Россия–Тожикистон мудофаа ҳамкорлигини Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминловчи муҳим омил сифатида кўрамиз. Айниқса, Эрон билан боғлиқ қуролли можаро ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги кескинлик фонида бу жуда муҳим,” — деди Белоусов Тожикистон ташқи ишлар вазири Эмомали Собирзода билан бўлиб ўтган музокараларда.

Белоусов ва Собирзода сешанба куни Бишкекда ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғини доирасида учрашди.

Белоусовнинг айтишича, Россия Мудофаа вазирлиги Тожикистон Қуролли Кучларини жиҳозлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиб, улар билан жанг тажрибасини бўлишмоқда.

У Москва Россия ва Тожикистон мудофаа вазирликлари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини, бу икки давлат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Собирзода Россия томонига қўллаб-қувватлагани ва Тожикистон Қуролли Кучларини мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди ҳамда икки томонлама ҳарбий ҳамкорликда катта салоҳият мавжудлигини қайд этди.

13:00 28.4.2026

ЕТТБ: Чернобилда хавфсизликни тиклаш камида 500 млн еврога тушиши мумкин

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Россия дрони ҳужумидан кейин Чернобил атом объектларида хавфсизликни тиклаш камида 500 миллион еврога тушиши мумкинлигини маълум қилди.

ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо Европа Иттифоқи, Франция ва Буюк Британия каби донорлар зарар кўрган янги хавфсиз қоплама бўйича шошилинч тайёргарлик ишлари ва техник баҳолашларни молиялаштириш учун 30 миллион евро ажратишни маъқуллаганини айтди.

- Бу учрашувда иштирок этаётган барча ҳамкорлардан бу иш умумий саъй-ҳаракат эканини, ядровий хавфсизликни таъминлаш бутун дунё манфаати эканини ва бу масалада ҳамкорлик қилиш зарурлигини англаш ва садоқатни кўраётганимдан жуда хурсандман. Аллақачон 30 миллион евро ажратилиши бўйича дастлабки натижа бор. Бу маблағ Чернобил станциясида вазиятни барқарорлаштириш, уни ўрганиш ва 2030 йилгача якунланиши, амалий жиҳатдан эса 2028 йил бошида бошланиши керак бўлган тўлиқ таъмирлаш ишларига тайёргарлик кўриш имконини беради, деди Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки президенти Одил Рено-Бассо.

Унинг айтишича, дастлабки хулосаларга кўра, пўлат конструкциядаги занглаш 2019 йилда кўп йиллик халқаро ҳамкорлик натижасида якунланган ҳимоя аркасининг узоқ муддатли хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

Рено-Бассо таъкидлашича, ажратилган маблағ вазиятни барқарорлаштиради ва 2028 йил бошида бошланиб, 2030 йилгача якунланиши керак бўлган тўлиқ таъмирлаш ишларига тайёргарлик кўришга хизмат қилади.

1986 йил 26 апрель куни Совет Иттифоқи томонидан қурилган станциядаги портлаш оқибатида миллионлаб одамлар радиация таъсирига учради, юз минглаб аҳоли уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди ва катта ҳудудлар зарарланди.

Юз минглаб ликвидаторлар портлашдан кейин атом станциясини тозалаш учун юборилган, бироқ Совет ҳокимияти фалокатнинг ҳақиқий кўламини яширишга уринган эди.

Авариядан сўнг 31 нафар станция ходими ва ўт ўчирувчи, асосан ўткир радиация касаллиги оқибатида ҳалок бўлган.

Шундан кейин минглаб одамлар радиация билан боғлиқ касалликлар, жумладан саратондан вафот этган, бироқ қурбонлар сони ва узоқ муддатли саломатликка таъсири ҳали ҳам баҳс мавзуси бўлиб қолмоқда.

Европанинг катта қисмига радиоактив моддалар тарқалган ушбу фалокатни хотирлаш Россиянинг кичик қўшниси Украинага бостириб кириши фонида янги, кескин маъно касб этмоқда.

Киевнинг айтишича, Москва Украина шаҳарларига қилинган ҳужумлар чоғида бир неча бор атом станцияси яқинига ракета ва дронлар йўллаган.

Расмийлар маълум қилишича, ўтган йилнинг февраль ойида Россия дрони зарбаси натижасида саркофагга зарар етган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG