Линклар

Шошилинч хабар
16 May 2026, Тошкент вақти: 19:04

Жонли 205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

20:25 5.5.2026

Янги ҳужумлар:

Россия армияси Украинадаги уч вилоятда темирйўл инфратузилмасига зарба берди. Полтава вилоятида тўрт киши ҳалок бўлди.

Яна 31 киши турли даражада жароҳат олган. Полтава туманидаги ҳужум оқибатида саноат корхонаси ва темирйўл инфратузилмаси зарар кўрган.

Яна бир ҳужум Днепропетровск вилоятидаги станцияга уюштирилди. Украина вице-бош вазири Алексей Кулебанинг маълум қилишича, рельсларда турган электровоз шикастланган.

“Настоящее Время” хабар беришича, Россиянинг Ленинград вилоятидаги Кириши нефть қайта ишлаш заводига ҳам дронлар ҳужум қилган, ракеталар эса Чебоксардаги “ВНИИР-Прогресс” корхонасига йўналтирилган.

Ленинград вилояти губернатори Украина армияси ҳужумининг асосий нишони “Сургутнефтегаз” компаниясига қарашли нефтьни қайта ишлаш заводи бўлганини тасдиқлади.

Dnipro Osint канали маълумотига кўра, зарбалар FP-5 “Фламинго” қанотли ракеталари орқали амалга оширилган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳам буни тасдиқлади. Унинг айтишича, “Фламинго” ракеталари 1500 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, ҳарбий аҳамиятга эга корхонага зарба берган.

“ВНИИР-Прогресс” “АБС Электро” холдинги таркибига киради ва Россия армияси учун радиоэлектрон маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Улар орасида дронларни ҳимоя қилувчи “Комета” антенналари, шунингдек “Калибр” ва “Искандер” ракеталари учун сунъий йўлдош сигнал қабул қилгичлари ҳам бор.

20:21 5.5.2026

Россияга нисбатан янги санкциялар

Буюк Британия Россияда дронлар ишлаб чиқариш ва мигрантларни ёллаш тармоқлари билан боғлиқ 35 та компания ва жисмоний шахсга санкциялар жорий қилди.

Британия ташқи ишлар вазирлигига кўра, “Алабуга Старт” дастури доирасида хорижликларни ишга ёллашда иштирок этган 6 нафар шахс ва бир компания санкциялар рўйхатига киритилган.

“Хорижий фуқаролар савдоси”га алоқадорлиги учун санкциялар рўйхатига бешта компания ва учинчи давлатлардан, жумладан Таиланд ва Хитойдан бўлган тўққиз нафар фуқаро ҳам киритилган.

20:20 5.5.2026

Россияда “оқ рўйхат”даги сайтлар ҳам ёпиляпти

Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш вазирлиги Москвада мобил интернет ўчирилган вақтда “оқ рўйхат”даги сайтлар ҳам ишламаганини тан олди — уларни куч ишлатувчи идоралар тўсган.

5 май куни эрталаб Москва ва Санкт-Петербург аҳолиси мобил интернет ишламаётгани, қўнғироқлар ва SMS юборишда муаммолар борлиги ҳақида оммавий шикоят қила бошлади.

Вазирликка кўра, Москвада мобил алоқа узилган пайтларда “оқ рўйхат”даги сайтларни очиш масаласи ҳали ҳам Россия махсус хизматлари билан келишилмоқда.

Вазирлик шунингдек Россия пойтахтида мобил интернет аллақачон тикланганини маълум қилди. Уланишдаги узилишлар эса “хавфсизлик таҳдидлари, жумладан душман дронлари (БПЛА) билан боғлиқ хавфлар” билан изоҳланди.

Бир кун аввал эса Россия мобил операторлари абонентларни Москва ва Санкт-Петербургда бир неча кун давомида алоқада узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган, бу эса Ғалаба куни байрам тадбирларига тайёргарлик билан боғланган эди.

Москвада Интернет цензурасига қарши йиғинга кўтарилган шиор, 10 март, 2019
Москвада Интернет цензурасига қарши йиғинга кўтарилган шиор, 10 март, 2019


20:16 5.5.2026

ЕИ разведкаси: Кремл Путинга суиқасддан қўрқувда

Кремль Владимир Путинга суиқасд хавфи мавжуд деб ҳисоблайди, шунингдек давлат тўнтариши эҳтимоли билан боғлиқ хавотирлар ортиб бормоқда, дея хабар қилмоқда CNN, Financial Times ва “Важные истории” каби нашрлар.

4 май куни чоп этилган Европа давлати разведкаси ҳисоботига кўра, Кремль Путиннинг шахсий хавфсизлигини сезиларли даражада кучайтирган, шу жумладан унинг яқин ходимлари уйларига кузатув тизимлари ўрнатилган.

Бундай чоралар Россиянинг юқори мартабали ҳарбийларига қарши суиқасдлар тўлқини ва давлат тўнтариши хавфи ортиши билан боғланган.

CNN телеканалининг маълум қилишича, Путинга таҳдид хавфи март ойидан бери муҳокама қилинмоқда ва у, айниқса, сиёсий элита томонидан дронлар орқали суиқасд уюштирилишидан хавотирланмоқда.

Ҳисоботга кўра, давлат тўнтариши хавфи гўёки собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу билан ҳам боғланмоқда, чунки у ҳали ҳам ҳарбий элита орасида ўз таъсирини сақлаб қолганига ишонилмоқда. У 2024 йилдан Россия Хавфсизлик Кенгашига раҳбарлик қилади.

Бироқ CNN таъкидлашича, ҳисоботда бу даъволарни тасдиқловчи аниқ далиллар келтирилмаган ва баъзи таҳлилчилар бу ҳисобот аслида Кремльдаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Ҳисоботда, шунингдек, Россия Федерал қўриқлаш хизмати Путиннинг ҳаракатланишини чеклагани, уни доимий равишда ҳимояланган бункерлардан ишлаш режимига ўтказгани айтилган. Дрон ҳужумлари хавфи сабаб бу чоралар янада кучайтирилгани қайд этилган.

Қўшимча қилинишича, кузатув тизимлари Путиннинг яқин ходимлари — ошпазлар, қўриқчилар ва фотографлар уйларига ҳам ўрнатилган, уларга жамоат транспортидан фойдаланиш тақиқланган.

“Менга бу ҳисоботда энг қизиқ бўлгани — Бортников, Золотов, Герасимов ва Путиннинг ўзлари Украинадаги муваффақиятсизликлар учун жавобгарликни бир-бирига юклаётгани ҳақидаги қисми бўлди. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, қимирлаётган курсини сақлаб қолиш учун фаол кураш бошланган, худди бир шиша ичидаги ўргимчаклар бир-бирини еб қўйгани каби”, дейди “Важные истории” асосчиси Роман Анин.

Унинг фикрича, бу Россия элитаси ичида масъулият ва таъсир учун кураш кучайганини кўрсатади.

Халқаро ОАВга кўра, хавфсизлик чоралари доирасида кенг текширувлар ўтказилмоқда, Москва дарёси бўйлаб кучайтирилган патруллар жойлаштирилган, меҳмонлар эса икки босқичли текширувдан ўтказилмоқда.

Расмий Кремль ва Россия хавфсизлик идоралари бу ҳисобот мазмунига ҳозирча изоҳ бергани йўқ. Аммо айни пайтда айрим сиёсий таҳлилчилар ва кремльтараф Z-блогерлар орасида “ҳокимият алмашинуви” ҳақидаги муҳокамалар кучайгани ҳам кузатилмоқда.






Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG