Линклар

Шошилинч хабар
31 May 2026, Тошкент вақти: 18:18

Жонли 205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

17:10 7.5.2026

Россия Киевдан дипломатларни эвакуация қилишга чақирди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 6 май агар Украина Россиянинг 9 май — Ғалаба куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирларини издан чиқаришга уринса, Москва томонидан оммавий зарба берилиши эҳтимоли туфайли дипломатик миссияларга Киевдан ходимларни зудлик билан эвакуация қилишни тавсия этган.

«Қуйидаги мазмундаги нота Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган барча дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар намояндахоналарига юборилди. Иқтибос келтираман: “2026 йил 4 май куни Россия Мудофаа вазирлиги Киев ҳокимиятининг барча россияликлар учун муқаддас сана — Улуғ Ватан урушидаги Ғалаба кунида Москвага зарба бериш таҳдидлари муносабати билан расмий баёнот берди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги сизнинг мамлакатингиз ҳокимиятини, ташкилотингиз раҳбариятини ушбу баёнотга ўта жиддий муносабатда бўлишга ва Киев режими жиноий террористик режаларини амалга оширишга уринган тақдирда Россия Қуролли кучларининг Киевга, жумладан қарор қабул қилиш марказларига қарши жавоб зарбаси муқаррарлиги сабабли, Киев шаҳридан дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ходимлари ҳамда фуқароларни олдиндан эвакуация қилишни таъминлашга қатъий чақириб қолади”», - деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова.

Москва ҳар йили ўтказиладиган ҳарбий параднинг қисқартирилган варианти олдидан шаҳарда хавфсизлик чораларини кучайтирди. Бунга Украина ҳужумлари таҳдиди ортиши сабаб қилиб кўрсатилди.

Зеленский Украина разведкаси маълумотларига таяниб, Россия Москва атрофида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жамлаётганини айтди. Унинг фикрича, бу ҳолат Украина учун бошқа ҳудудларда узоқ масофали ҳужумлар уюштириш бўйича «қўшимча имкониятлар» яратади.

4 май куни Россия Мудофаа вазирлиги Украина Ғалаба куни тадбирлари вақтида ҳужум қилса, Киевга қарши «оммавий ракета зарбаси» билан жавоб қайтарилишини огоҳлантирган эди.

17:06 7.5.2026

Трамп: Эрондан уран оламиз

АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон билан келишув доирасида Эрон ер ости объектларини ишлатмасликка ваъда бериши мумкинлигини айтди, шу билан бирга Эрон «узоқ муддат яхши ният билан ҳаракат қилади», деб қўшимча қилди.

PBS News хабарига кўра, эҳтимолий келишув Эроннинг юқори даражада бойитилган уранини АҚШга экспорт қилишини ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Трамп АҚШ Эрондан бойитилган уранни олишини таъкидлаб, “Биз уни оламиз», — деди Оқ уйдаги тадбирдан чиқар экан мухбир саволига жавоб бериб.

Трампнинг Эронга қарши ҳарбий зарбалар бошлашдаги асосий мақсадларидан бири Теҳроннинг ядро қуроли яратишига йўл қўймаслик экани айтилади.

Айни пайтда Эрон АҚШ билан кескинлик давом этаётган бир пайтда Ҳормуз бўғози орқали кемаларнинг хавфсиз ва барқарор ўтиши учун янги чоралар жорий этилганини маълум қилди.

6 май куни Эрон ОАВлари хабар беришича, Эрон Ислом инқилоби гвардияси Денгиз кучлари «таҳдидлар бартараф этилгани» ва янги тартиблар жорий этилгани шароитида бўғоз орқали хавфсиз ва барқарор транзит таъминланиши мумкинлигини маълум қилган.

2025 йил 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Теҳрон ва Эроннинг бошқа шаҳарларига қўшма зарбалар бериб, олий даражадаги эронлик расмийлар ва фуқароларни, жумладан ўша пайтдаги Олий раҳбар Али Хоманаийни ўлдирган. Эрон жавобан Исроил ва АҚШ манфаатларига қарши минтақада ракета ва дрон зарбалари берди ҳамда Ҳормуз бўғози устидан назоратни кучайтирди.

8 апрел куни оташкесим кучга кирди. 11–12 апрел кунлари Исломободда ўтган Эрон ва АҚШ делегациялари музокаралари келишувсиз якунланди. Музокаралар барбод бўлгач, АҚШ Ҳормуз бўғозига блокада жорий қилди.


14:07 7.5.2026

Россия 9 майда интернетни тўлиқ ўчирмоқчи

Москвада 9 май куни мобил интернетга, жумладан «оқ рўйхат»даги сайтларга ҳамда СМС алмашиш сервисларига кириш чекланади, деб хабар берди Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги.

Вазирлик таъкидлашича, уй интернети ва Wi‑Fi чекловсиз ишлайди.

7 ва 8 май кунлари Москвада мобил интернетни ўчириш ёки чеклаш режалаштирилмаяпти, дея маълум қилди вазирлик, аммо «бевосита хавфсизлик таҳдидлари юзага келса, тезкор чекловлар жорий этилиши мумкин»лиги қайд этилди.

«Фонтанка»нинг ёзишича, Downdetector сервисида 7 май тонгидан бери Ленинград вилояти фойдаланувчиларидан мобил интернетдаги узилишлар ҳақида шикоятлар кўпайган.

4 майдан бошлаб Москва ва Петербургда мобил алоқа операторлари абонентларни 5–9 май кунлари мобил алоқа чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантира бошлаган.

4 май куни Россия Мудофаа вазирлиги 8–9 май кунлари бир томонлама оташкесим эълон қилганини маълум қилди. Украина президенти Владимир Зеленский эса жавобан 6 май соат 00:00 дан «сукунат режими»ни эълон қилди, аммо у деярли дарҳол Россия томонидан бузилган. 6 май кечқурун Зеленский Украина жавоб беришини айтди.

7 майга ўтар кечаси дронлар Россияга оммавий ҳужум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги 347 та украин дрони йўқ қилинганини маълум қилди. Москва осмонида, шаҳар мэри Сергей Собянинга кўра, ПВО кучлари 13 та дронни уриб туширган. Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз дрон ҳужуми оқибатида 13 киши яраланганини билдирди. Твер вилоятидаги Ржев шаҳри ҳам ҳужумга учраган. Украин телеграм‑каналлари Москва вилояти Наро‑Фоминск шаҳрида Россия Мудофаа вазирлигининг «Нара» ҳарбий‑логистика мажмуаси ҳужумга учраганини ёзмоқда. Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.


13:53 7.5.2026

Трамп Эрондаги уруш тез орада тугашини айтди



АҚШ президенти Дональд Трамп 6 май куни кечқурун Эрондаги уруш тез орада тугашини айтди. Унинг айтишича, Вашингтон Ҳормуз бўғозидаги тўхтаб қолган вазият ва Теҳроннинг ядровий дастури бўйича келишув изламоқда.

«Содир бўлаётган нарсаларга қарасангиз, биз бунни жуда муҳим бир сабаб учун қилаяпмиз: уларнинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўя олмаймиз. Менимча, одамларнинг кўпчилиги бунни тушунади. Улар нима қилаётганимизни тўғри деб ҳисоблайди ва бу тез тугайди», - деди АҚШ президенти Дональд Трамп Жоржия штати губернатори лавозимига номзод Бёрт Жонс учун ўтказилган телеконференцияда.

Эрон чоршанба куни АҚШнинг тинчлик таклифини кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Манбаларнинг айтишича, бу таклиф урушни расман тугатишни назарда тутади, аммо Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш ва Ҳормуз бўғозини қайта очиш каби АҚШнинг асосий талаблари ҳал этилмаганича қолмоқда.

Axios нашри манбаларига таяниб хабар қилишича, АҚШ келаси 48 соат ичида Эрондан бир нечта муҳим масалалар бўйича жавоб кутаяпти. Манбалар буни уруш бошланганидан бери тарафлар келишувга энг яқин келган палла деб атаган.


Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG