Путин: Хоманаийнинг ўлдирилиши - халқаро ҳуқуқнинг "беписандларча бузилишидир"
Сўнгги йилларда Эрон билан ҳарбий ва стратегик алоқаларни чуқурлаштирган Россия президенти Владимир Путин Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларида ўлдирилишини "инсоний ахлоқ ва халқаро ҳуқуқнинг барча меъёрларини беписандларча бузиш" деб атади.
1 март куни Кремль сайтида эълон қилинган ва Эрон президенти Масъуд Пизишкиёнга йўлланган телеграммада Путин, Хоманаий ҳамда унинг бир неча оила аъзоларининг "қатли" муносабати билан "бутун Эрон халқига чуқур ҳамдардлик" билдирди.
Айни пайтда, Путиннинг ўзи ҳам Россиянинг Украинага босқини муносабати билан халқаро ҳуқуқни бузганликда айбланиб келмоқда.
Эрон Бирлашган Араб Амирликларига ҳужумларни давом эттирмоқда
Дубайда шаҳар порти ҳужумга учради, натижада икки маҳаллий аҳоли жабрлангани ҳақида шаҳар ҳокимияти хабар берди.
Шунингдек, БАА пойтахтининг шарқий қисми — Абу Дабида портлаш овозлари эшитилгани ҳақида Agence France-Presse (AFP) ёзмоқда.
Абу-Дабида турар жой кўп қаватли биносига зарба берилган. БАА халқаро ҳамкорлик вазириРим Ал-Ҳошимийнинг CNN телеканалига берган интервьюсида Амирликлар Эрон ракета ҳужумлари вақтида "қўл қовуштириб ўтирмаслигини" айтди.
Эроннинг муваққат раҳбарлик кенгаши тўлиқ тайинланди
Эрон ОАВнинг хабар қилишича, муваққат раҳбарлик кенгашига кирувчи учала аъзо ҳам тайинланган.
Ушбу кенгаш янги Олий раҳбар сайлангунига қадар унинг ваколатларини бажариши керак.
Жумладан, Алиризо Арофий кенгашнинг фақиҳ (ҳуқуқшунос-руҳоний) аъзоси сифатида тайинлангани ҳақида ISNA хабар берди. У кенгаш таркибида Эрон президенти ва суд ҳокимияти раҳбари билан бирга фаолият юритади.
Эроннинг олий хавфсизлик расмийси Али Ларижонийнинг маълум қилишича, АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларида бир қатор юқори мартабали амалдорлар, шу жумладан Али Хоманаий ҳалок бўлганидан сўнг, янги муваққат раҳбарлик кенгаши тузилмоқда.
Алиризо Арофий узоқ йиллардан бери нуфузли шахс ҳисобланади ва Хоманаий ўрнини вақтинча эгаллайди.
Украина Эронга қарши урушда ўз ёрдамини таклиф қилди
- Муаллиф Умидбек/Озодлик
Украина президенти Владимир Зеленский якшанба куни (1 март) баёнот бериб, Эрондаги вазиятни диққат билан кузатаётганини билдирди.
Зеленский Украинанинг Эронга қарши урушда ёрдами тегиши мумкинлигини айтди:
"Ҳозир барча Яқин Шарққа қараб туриб, Украина мудофаа соҳасидаги тажрибаси тенги йўқлигини кўряпти. Ҳатто Форс кўрфази давлатлари, тизимлари кўпроқ ва яхшироқ бўлишига қарамасдан, барибир айрим баллистик нишонлар ва дронларни ўтказиб юборяпти. Биз бу тажриба билан ўртоқлашишга тайёрмиз".
Якшанба кунги мунтазам видео мурожаатида Зеленский амалдаги Эрон режимига танқидий баҳо бериб, «бу режим ўз тақдирини ўзи белгилаб қўйди», деди.
Украина раҳбари Эрон халқи узоқ вақт давомида зўравонликка чидаб, режимга қарши туриб, ўз ҳолича қолдирилганини таъқидлади. У Эрон раҳбарияти Россияга “Шаҳед” дронлари ҳамда уларни ишлаб чиқариш технологияларини бергани учун жавоб бериши кераклигини ҳам эслатиб қўйди. “Бу масалада Американинг қатъияти, дунёдаги барча одамларнинг қатъияти натижа бериши муҳим», — дея хулоса қилди Зеленский.