Ливанда шиддатли жанглар давом этмоқда
Ливан давлат ахборот агентлиги 16 апрел куни Ливан жанубидаги Набатия шаҳрида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берди.
Ливан жанубида, хусусан, "Ҳизбуллоҳ"нинг таянч нуқтаси ва стратегик аҳамиятга эга бўлган Бинт-Жбайл чегара шаҳрида шиддатли жанглар давом этмоқда.
"Ҳизбуллоҳ" ҳам жангари гуруҳ, ҳам Ливан жанубининг катта қисмини назорат қилувчи сиёсий партиядир. Қўшма Штатлар уни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди, Европа Иттифоқи эса фақат унинг қуролли қанотини "қора рўйхат"га киритган.
Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху 15 апрель куни Исроил ҳарбийлари ушбу шаҳарни "эгаллаш" арафасида эканини айтган эди.
Ливанлик юқори лавозимли мулозимнинг сўзларига кўра, Ливан томони Исроил дипломатик жараёнда бирор илгарилаш бўлишидан олдин Бинт-Жбайлда ғалабани қўлга киритишни истамоқда, деб ҳисоблайди.
Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори лавозимли манбанинг маълум қилишича, Исроил зарбаси натижасида Литани дарёси устидаги мамлакат жанубига олиб борадиган охирги кўприк вайрон қилинган. Уруш давомида бошқа ўтиш жойлари ҳам йўқ қилингани сабабли, Ливаннинг деярли ўндан бир қисми мамлакатнинг қолган ҳудудларидан бутунлай узилиб қолди.
"Ҳизбуллоҳ" Исроилга нисбатан янги ракета ҳужумларини эълон қилди. Исроилда ракета хавфи ҳақидаги сиреналар янгради, бу эса шимолий шаҳарлар аҳолисини бомбапаноҳгоҳларга шошилишга мажбур қилди. Жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча маълумот келиб тушмади.
Исроилнинг юқори лавозимли вакилига кўра, Исроил вазирлар маҳкамаси 15 апрел куни Ливандаги эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилиш учун йиғилган. Шу билан бирга, АҚШ Президенти Дональд Трамп икки мамлакат етакчилари сўнгги ўн йилликлар ичида илк бор ўзаро учрашишини эълон қилди.
Ливанлик икки нафар юқори мартабали мулозимнинг айтишича, уларга ўт очишни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилган, бироқ бу келишув қанча давом этиши ёки қачон эълон қилиниши бўйича аниқ тафсилотлар ҳозирча мавжуд эмас.
Исроил ва Ливан ўртасида 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирди
АҚШ Президенти Дональд Трамп пайшанбадан жумага ўтар кечаси маҳаллий вақт билан ярим тунда Исроил ва Ливан ўртасида 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини билдирди.
- Менимча, бу жуда ҳаяжонли воқеа бўлади, чунки бу 48 йилдан бери кутилганди. Биласизми, биз Биби Нетаньяху ва Ливан президенти билан учрашамиз. Бугун уларнинг иккаласи билан ҳам ажойиб суҳбат ўтказдим. Улар ўт очишни тўхтатишга келишиб олишди ва бу 'Ҳизбуллоҳ'ни ҳам ўз ичига олади. Менимча, бу мен учун ўнинчи (келишув) бўлади. Ливан билан бу жуда ҳаяжонли. Ўйлайманки, бизда келишув бўлади, 44 йил ичида биринчи марта учрашув ўтказамиз, Ливан Исроил билан учрашади. Ва улар, эҳтимол, буни Оқ уйда амалга оширишади, деди АҚШ президенти Доналд Трамп.
Ушбу сулҳ Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги бир ойдан кўпроқ давом этган ва 2000 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган қонли тўқнашувларни тугатишга қаратилган.
Исроил ҳарбийлари ўз баёнотида ўтган кун давомида Ливан жанубидаги 380 дан ортиқ "Ҳизбуллоҳ" нишонларига, жумладан жангарилар, ракета қурилмалари ва қароргоҳларга зарба берганини маълум қилди.
Исроилнинг "Маген Давид Адом" қутқарув хизмати "Ҳизбуллоҳ" ўт очишни тўхтатиш кучга киришидан олдинги сўнгги соатларда Исроилга ракеталар отганини ва натижада уч киши жароҳатланганини даъво қилди.
Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху видеобаёнотида Исроил сулҳ даврида Ливан жанубида 10 километрлик хавфсизлик ҳудудини сақлаб қолишини айтди.
У буни хавфсизлик эҳтиёжлари билан изоҳлаб, қўшинларни олиб чиқишни рад этди ва Исроил билан Ливан ўртасидаги тинчлик учун тарихий имкониятни ҳамда «Ҳизбуллоҳ»ни қуролсизлантириш талабини таъкидлади.
Ливан Бош вазири Наваф Салам ушбу натижага эришишга ҳисса қўшган барча минтақавий ва халқаро саъй-ҳаракатлар учун миннатдорчилик билдириб, ўт очишни тўхтатиш "урушнинг биринчи куниданоқ" Ливаннинг асосий талаби бўлганини қўшимча қилди.
Шу куни "Ҳизбуллоҳ" Исроил кучларининг Ливан ҳудудида бўлиши Ливан ва унинг халқига "қаршилик кўрсатиш ҳуқуқини" беришини таъкидлаб, ҳар қандай сулҳ келишуви Исроилнинг Ливан ичида эркин ҳаракатланишига йўл қўймаслиги кераклигини айтди.
Эрон расмий ИРНА (IRNA) ахборот агентлиги хабарига кўра, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоий ҳам сулҳни олқишлади ва бу Эрон ва АҚШ ўртасидаги урушни тўхтатиш бўйича Покистон воситачилигида эришилган икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишувининг бир қисми эканини таъкидлади.
Ливанда 2024 йил ноябридан бери амал қилиб келган аввалги сулҳ Исроилнинг мамлакатга деярли ҳар куни берган зарбалари билан характерланган эди. Ушбу заиф сулҳ 2 март куни "Ҳизбуллоҳ" Эронни қўллаб-қувватлаш учун Исроилга қарата ракеталар отганидан сўнг бузилди ва бу бутун Ливан бўйлаб Исроил ҳаво ҳужумларининг кучайишига сабаб бўлди.
Яқин Шарқ таназули: Марказий Осиëга йўл олган минглаб фуралар Озарбайжон портида қолмоқда
Эрондаги уруш туфайли барча машиналар Озарбайжондаги "Алят" халқаро портига йўл олмоқда. Бу ерда тахминан 3 ярим мингдан 4 минггача юк машинаси тўпланиб қолган. 10 гектарлик турар жойда бўш жой йўқ.
Юк машиналарининг асосий қисмини Марказий Осиё давлатлари учун юк олиб кетаётганлар ташкил қилади.
Улар орасида Туркия ва Европадан юк ташиётган Тожикистоннинг юзлаб фуралари ҳам бор. Ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, улар икки ҳафтдан бери ўз навбатларини кутишмоқда.
- Эронда уруш бўлмаган пайтда Туркманистон ва Туркия фуралари Эрон орқали ўтарди. Уруш бошлангач, ҳамма шу ерга йўналди. Бу ердан машиналар Қозоғистон ва Туркманистонга, ундан кейин эса Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга ўтказилади, дейди Самандар исмли ҳайдовчи.
Бокунинг "Алят" портидан Туркманистоннинг "Туркманбоши" портига 12 соат вақт олади. Яна бир тожикистонлик ҳайдовчи паром навбатини 14 кундан бери кутмоқда. У ҳам қачон Каспийнинг туркман қирғоғига ўтказишларини аниқ билмайди.
- Бу йўналиш биз учун ҳам қимматроқ, ҳам узунроқ. Туркиядан юк ташиётганлар учун йўл янада узайди. Бу ерда бизни бир қирғоқдан иккинчисига ўтказадиган паром учун ҳақ тўлаш керак, дейди яна бир ҳайдовчи.
"Алят" портидаги паром ўтиш жойи, айниқса юк машиналари учун чекланган ўтказувчанлик қобилиятига эга. Очиқ манбаларга кўра, Озарбайжон ва Туркманистон ўртасида ҳар куни 15 та паром қатнайди. Улар бир суткада 100 тадан 300 тагача фурани ташийди. Транспорт оқимининг кескин ортиши туфайли порт инфратузилмаси бундай босимга бардош бера олмаяпти.
Исломободда хавфсизлик кучайтирилди
Якшанба куни Исломободда хавфсизлик кучлари Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг эҳтимолий янги босқичи олдидан назорат-ўтказиш пунктларини ўрнатди.
11 апрель куни музокараларнинг биринчи босқичи бўлиб ўтган меҳмонхона яқинида тиканли симлар ва кўп сонли полиция ходимларини кўриш мумкин.
Президент Дональд Трамп якшанба куни ижтимоий тармоқдаги постида унинг вакиллари душанба куни янги музокаралар учун Исломободда бўлишини айтди.
Бироқ шу хабарнинг ўзида у агар Эрон "адолатли ва оқилона келишув"ни қабул қилмаса, АҚШ Эрон кўприклари ва электр станцияларига ҳужум қилишини айтди.
Икки ҳафта олдин ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилган ва томонлар тинчлик музокараларининг биринчи босқичи учун учрашган эди.
Эрон парламенти спикери ва мамлакатнинг бош музокарачиси Муҳаммад Бақир Қалибоф Теҳрон "қадамма-қадам" ҳаракат қилишни исташини айтди.
Спикернинг айтишича, томонлар икки асосий тўсиқ — ядровий масалалар ва Ҳормуз бўғози устидан назорат бўйича ҳали ҳам бир-биридан жуда узоқ позицияда.
Эрон 28 февралдан бери бўғозни кемалар учун ёпиб қўйган. Урушгача глобал энергия ташишнинг бешдан бир қисми ушбу сув йўли орқали ўтган.
17 апрел куни Эрон бўғозни қайта очишини эълон қилган эди, бироқ Трамп Эрон кемалари блокадасини тўхтатишдан бош тортганидан кейин бир кун ўтиб бу қарорини бекор қилди.
18 апрел куни камида иккита кема бўғозга яқинлашганда ўққа тутилгани хабар қилинди ва шундан бери сув йўлида ҳеч қандай ҳаракат кузатилмаяпти. Трамп Эронни кемаларни ўққа тутгани учун сулҳни "тўлиқ бузишда" айблади.
19 апрел куни Эроннинг "Тасним" ахборот агентлиги "модомики денгиз блокадаси давом этар экан", Эроннинг Покистонга музокаралар делегациясини юбориш нияти йўқлигини маълум қилди.