Линклар

Шошилинч хабар
31 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 14:43

205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

19:36 22.4.2026

АҚШ Президенти: Эрон билан ўт очишни тўхтатиш муддати узайтирилади

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан чоршанба оқшомида тугаши керак бўлган икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш муддатини узайтиришини маълум қилди.

- Эрон ҳукумати жиддий равишда парчаланганини ҳисобга олиб ҳамда Покистон Фельдмаршали Осим Мунир ва Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг илтимосига биноан, биздан Эрон раҳбарлари ва вакиллари ягона таклиф билан чиққунларига қадар Эрон давлатига ҳужумимизни тўхтатиб туриш сўралди, деди АҚШ президенти.

АҚШ президенти сулҳни уларнинг таклифи тақдим этилгунга ва музокаралар у ёки бу тарзда якунлангунга қадар узайтиришини айтди.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши блокадани давом эттиради ва шай ҳолатда қолади.

Эрон Ташқи ишлар вазири Сайид Аббос Арақчи сешанба куни Х тармоғидаги постида АҚШнинг Эрон портларини блокада қилиши уруш ҳаракати ва шу боис сулҳнинг бузилиши эканини айтди.

Унга кўра, Эрон савдо кемаларига ҳужум қилиш ва экипаж аъзоларини ҳибсга олиш эса янада жиддийроқ қонунбузарликдир.

"Эрон чекловларни қандай зарарсизлантиришни, ўз манфаатларини ҳимоя қилишни ва зўравонликка қарши туришни билади", — деб ёзди Арақчи.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бақир Қалибофнинг маслаҳатчиси Меҳди Муҳаммадий ҳам АҚШ блокадасига ҳарбий жавоб берилиши кераклигини айтиб, Трампнинг сулҳни узайтириш ҳақидаги баёнотини маъносиз деб атади.

"Мағлуб томон шартларни белгилай олмайди. Блокаданинг давом этиши бомбардимон қилишдан фарқ қилмайди ва унга ҳарбий жавоб берилиши шарт. Сулҳни узайтириш — Трамп учун тўсатдан ҳужум қилишдан олдин вақтдан ютиш йўлидир", — деб ёзди у.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ Президенти Дональд Трампга дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун сулҳни узайтириш ҳақидаги илтимосни қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди.

- Шахсан ўз номимдан ва Фельдмаршал Сайид Осим Мунир номидан Президент Трампга дипломатик ҳаракатлар ўз самарасини бериши учун сулҳни узайтириш ҳақидаги сўровимизни бағрикенглик билан қабул қилгани учун чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Ишонч билдирилганидек, Покистон можарони музокаралар йўли билан ҳал қилиш учун бор кучини сафарбар этишда давом этади. Умид қиламанки, ҳар икки томон сулҳга амал қилади ва Исломободда режалаштирилган иккинчи раунд музокараларида узил-кесил тинчлик битимига эришилади, деди Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф.

Теҳроннинг чоршанба куни Покистонда АҚШ билан бўладиган музокараларнинг иккинчи босқичида иштирок этмаслик ҳақидаги қарори «узил-кесил», деб хабар берди Эроннинг ярим расмий Tasnim агентлиги.

Хабарда айтилишича, покистонлик воситачилар Эрон халқининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу қарор ҳақида хабардор қилинган.

Аввалроқ Эрон ТИВ вакили Исмоил Бағоий Вашингтоннинг зиддиятли хабарлари ва АҚШ томонидан амалга оширилаётган номақбул ҳаракатлар музокараларда қатнашиш тўғрисида қарор қабул қилишни қийинлаштираётганини айтган эди.

19:42 22.4.2026

Украина Россияга дрон ҳужумларини амалга оширди

22 апрель куни Россия маҳаллий ҳокимият органларининг хабар беришича, Волга бўйидаги Сизран шаҳрида Украина дронлари ҳужуми оқибатида кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган. Натижада икки киши ҳалок бўлди, камида 11 киши жароҳатланди.

Вашингтон бор эътиборини Эрон урушига қаратган ва АҚШ воситачилигидаги тинчлик музокаралари тўхтаб қолган бир пайтда, Украина сўнгги ойларда Россиянинг энергетика инфратузилмасига ҳужумларини кучайтирган.

Украина чегарасидан тахминан 1 000 км масофада жойлашган Сизран шаҳрида йирик нефтни қайта ишлаш заводи мавжуд.

Самара вилояти губернатори Вячеслав Федоришев ўзининг Telegram-каналида тўрт киши, жумладан бир нафар бола қутқарилганини маълум қилди. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

"РИА Новости" агентлиги фавқулодда хизматларга таяниб, жароҳатланган 11 кишидан икки нафари болалар эканини хабар қилди.

Самара аэропортида парвозлар учун вақтинчалик чекловлар жорий этилди.

Россия Мудофаа вазирлиги кечаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 12 та ҳудуд ва Қора денгиз узра Украинанинг 155 та учувчисиз учиш аппаратини уриб туширгани ҳақида ҳисобот берди.

Украина томони ушбу ҳужумга ҳозирча изоҳ бермади. Бироқ аввалроқ Украина ОАВлари Хавфсизлик хизматидаги манбаларига таяниб, дронлар Самара вилоятидаги "Самара" нефт станциясига зарба берганини хабар қилган эди.

Курск вилояти губернатори Александр Хинштейннинг маълум қилишича, Украина дрони кўп қаватли уй ҳовлисига тушиб, бино томига зарар етказган; 36 нафар аҳоли вакили эвакуация қилинган, ҳеч ким жароҳатланмаган.

Украина чегара хизматининг "Fenix" дрон бўлинмаси шарқий Костантиновка шаҳрига берилган янги Россия зарбалари тасвирларини эълон қилди.

2024 йилда разведка ва зарба бериш операциялари учун ташкил этилган ушбу бўлинманинг таъкидлашича, лавҳалар фронт чизиғидаги шаҳарда давом этаётган ҳужумларни ҳужжатлаштиради.

Украина расмийлари ушбу ҳужумларни уруш жиноятларининг далили сифатида баҳоламоқда.

AFP агентлиги ушбу тасвирларнинг ҳақиқийлигини, олинган жойи, санаси ва мазмунини мустақил равишда тасдиқлай олмади.

19:44 22.4.2026

Россия нефтини Венгрия ва Словакияга етказиб берувчи "Дружба" қувури ишни тиклашга тайёр, деди Украина Президенти Владимир Зеленский.

- Украина учун Европа қўллаб-қувватлаш пакетининг блокдан чиқарилиши жуда муҳим. Икки йил учун 90 миллиард евро. Бу маблағлар Европа Кенгаши томонидан аллақачон маъқулланган, бироқ тўсиб қўйилган эди. Ҳозир уни блоклаш учун ҳеч қандай асос йўқ. Европа Иттифоқи Украинадан Россия томонидан бомбаланган «Дружба» нефть қувурини таъмирлашни сўраган эди. Биз уни таъмирладик. Умид қиламизки, Европа Иттифоқи ҳам ўз мажбуриятларини бажаради, деди Украина президенти.

Киев ушбу қадам бир неча ойлик кескинликдан сўнг Европа Иттифоқининг 90 миллиард евролик кредити ажратилишига йўл очишини кутмоқда.

Январь ойида Россиянинг қувур инфратузилмасига қилган ҳужумидан сўнг нефть оқимининг тўхтатилиши, ҳали ҳамон Россия нефть импортига боғлиқ бўлган ЕИ аъзолари — Венгрия ва Словакиянинг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.

Бу вазият Зеленский ва ЕИ расмийлари ўртасида ҳам кескинликни келтириб чиқарди.

Зеленский Украина томони кучли шикастланган деб таърифлаган қувур қисмини тезроқ таъмирлаш бўйича бўлаётган босимни товламачилик деб атаган эди.

Киев Будапешт ва Братиславанинг таъмирлаш ишларини атайлаб пайсалга соляпти деган айбловларини кескин рад этиб келади.

17:31 23.4.2026

Европа Иттифоқи Украина учун 90 миллиард евролик кредитни маъқуллади

22 апрел куни Европа Иттифоқи Украина учун 90 миллиард евро миқдоридаги кредитни маъқуллади.

Бу ҳақда Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта ва Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат хизмати раҳбари Кая Каллас маълум қилди.

Мазкур маблағларни тўлаш ишлари 2026 йилнинг иккинчи чораги давомида бошланади.

Украина президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқининг бу қарорини “ҳозирги шароитда тўғри сигнал” деб атади.

Европа Иттифоқи мазкур кредит бўйича келишувга ўтган йили эришган бўлиб, у 2026–2027 йиллар давомида Украинанинг молиявий барқарорлигини сақлашга қаратилган.

Мазкур маблағларни тўлаш ишлари 2026 йилнинг иккинчи чораги давомида бошланади.

Шунингдек, ЕИнинг Россияга қарши янги санкциялар пакети бўйича ҳам келишувга эришгани айтилмоқда.

Мазкур қарорлар бўйича якуний ёзма тартиб-таомиллар 23 апрел куни якунланиши кутилмоқда.

Interfax-Ukraine ахборот агентлиги ва Венгриянинг MOL нефть гуруҳи “Дружба” нефть қувури орқали нефть транзити қайта тикланганини маълум қилди.

Россия хом нефтини Марказий Европа мамлакатларига етказиб берадиган “Дружба” қувури 2026 йил январь ойи охиридан бери тўхтаб турган эди.

Венгриянинг MOL Group энергетика компанияси биринчи партия нефть энг кеч жума кунига қадар Венгрия ва Словакияга етиб боришини билдирди.

“Дружба” нефть қувури Европада сиёсий жиҳатдан кескин баҳсли инфратузилма объектларидан бирига айланган.

Январь ойида Украинанинг ғарбий қисмида қувурга Россия дрони томонидан берилган зарба натижасида шикаст етгач, Венгрия ва Словакияга нефть етказиб бериш тўхтатилган эди.

Улар Украинани қувур таъмирини кечиктиришда айблаган, Киев эса бу айбловларни рад этган.

Қувур ишининг қайта тикланиши Европа Иттифоқи ичидаги сиёсий ихтилофларни сезиларли даражада юмшатгани айтилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG