Буюк Британия Ҳормуз бўғозигa ҳарбий кема, қирувчи самолётлар ва автоном тизимларни жойлаштиради
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мамлакат Ҳормуз бўғозидаги кўп миллатли хавфсизлик миссияси доирасида ҳарбий кема, қирувчи самолётлар ва автоном тизимларни жойлаштиради.
Британия мудофаа вазири Жон Хили бу режани 40 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этган виртуал йиғилишдан сўнг эълон қилди.
Мудофаа вазирлигига кўра, Британия мина қидирувчи автоном ускуналар ва замонавий дронларга қарши тизимлар учун 156 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади.
Айни пайтда Қироллик Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли HMS Dragon эсминеци Яқин Шарқ томон йўл олган.
Бу жойлаштириш ўтган ҳафта Британия ва Франция Ҳормуз бўғози бўйича кўп миллатли миссияга қўшма раҳбарлик қилишини эълон қилганидан кейин амалга оширилмоқда.
Франция Қуролли кучлар вазирлиги маълум қилишича, Франциянинг “Шарль де Голль” авианосец гуруҳи Сувайш канали орқали ўтиб, Қизил денгизнинг жанубига йўл олган.
Бунга жавобан Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий Франция ва Британия ҳарбий кемаларининг Ҳормуз бўғозига кириши АҚШнинг “ноқонуний ҳаракатларига” ёрдам сифатида баҳоланишини ва Эрон Қуролли Кучлари томонидан “қатъий ва зудлик билан жавоб” берилишидан огоҳлантирди.
АҚШ томонидан Ҳормуз бўғози ва Умон кўрфазида жорий этилган денгиз блокадаси ҳозир иккинчи ойига кирган. Эрон нефтини экспорт қилишга қўйилган чекловлар мамлакат иқтисодиётига кучли босим ўтказмоқда ва жаҳон энергия таъминотида янги ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги: Украина билан “205 га 205” формуласи бўйича асирлар алмашилди
Россия ва Украина навбатдаги асирлар алмашувини “205 га 205” формуласи асосида амалга оширди. Бу ҳақда Россия ОАВлари Россия Мудофаа вазирлигига таяниб хабар бермоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский асирлар алмашуви амалга оширилганини тасдиқлади.
“Озод этилганлар орасида аскарлар, сержантлар ва офицерлар бор. Уларнинг аксарияти 2022 йилдан бери Россияда асирда бўлган. Улар Украинани Мариупол ва ‘Азовстал’да, Донецк, Луганск, Харков, Херсон, Запорожье, Суми ва Киев йўналишларида, шунингдек Чернобил АЭС ҳудудида ҳимоя қилган”, — деб ёзди Зеленский.
Маълум қилинишича, озод этилган россиялик ҳарбийлар айни пайтда Беларусь ҳудудида жойлашган. Музокараларда воситачи сифатида Бирлашган Араб Амирликлари иштирок этган.
8 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп ҳар икки давлатдан “1000 нафардан асир алмашиш” режасини эълон қилган эди. Эртаси куни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков асирлар рўйхатлари устида иш олиб борилаётганини айтган.
“Аввало рўйхат тузиш, ҳақиқий одамларни аниқлаш, кейин келишиш ва шундан сўнг жисмонан алмашувни амалга ошириш керак”, — деган у.
Украина томони эса асирлар алмашуви учун ўз рўйхатларини Россия томонига топширганини маълум қилган эди.
Шунингдек, томонлар ҳалок бўлганлар жасадларини ҳам алмаштирган. Давлат агентлиги ТАСС маълумотига кўра, Россия томони Украинага 526 та жасад, Украина эса Россияга 41 та жасад топширган.