Линклар

Шошилинч хабар
03 март 2026, Тошкент вақти: 19:30

Эрондаги вазиятнинг Марказий Осиёга иқтисодий таъсири қандай бўлади?

Яқин Шарқда вазият кескинлашар экан, можаро ҳудудига яқин бўлган Марказий Осиёда таҳлилчилар бу низонинг иқтисодий ва геосиёсий оқибатларини муҳокама қилмоқда.

Ҳозирги беқарорлик минтақага транспорт йўллари, нефть нархи ва ташқи савдо динамикаси орқали таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилади.

Сиёсий таҳлилчи, собиқ дипломат Алишер Таксанов вазиятни шундай изоҳлайди:

“Қозоғистон ва Туркманистон Каспий денгизи орқали Эрон билан туташган, минтақа шунингдек Афғонистон билан ҳам чегарадош. Шуни ҳам унутмаслик керакки, АҚШ ва Исроил Эронни бомбардимон қила бошлаганидан кейин, бир вақтнинг ўзида Покистон ҳам толибларга қарши уруш бошлади. Яъни, икки йирик ўт ўчоғи, икки беқарорлик нуқтаси пайдо бўлди, бу эса табиий равишда Марказий Осиёга ҳам таъсир кўрсатади”.

Расмий маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларининг Эрон ва Яқин Шарқ билан иқтисодий ҳамкорлиги асосан анъанавий товар айирбошлашга таянади. Ўзбекистон бу бозорларга мева‑сабзавот, озиқ‑овқат ва айрим хомашё турларини экспорт қилади, Эрондан эса қуритилган мевалар, ёқилғи‑энергетика маҳсулотлари ва нефть‑кимё саноати товарлари импорт қилинади. Ўзбекистон жанубий йўналишда Туркманистон орқали Эронга кириб, Бандар Аббос ва Чобаҳор портларига чиқиш имконига эга. Шунингдек, Транс‑Афғон коридори ҳам яна бир йўл сифатида кўрилади.

Ўзбекистон статистикасига кўра, 2025 йилда Тошкент-Теҳрон савдо айланмаси 280,4 млн долларни ташкил этган. Эроннинг Марказий Осиё ва Кавказ билан умумий савдоси тахминан 3 млрд доллар атрофида экани қайд этилади. Шунингдек, Евросиё тараққиёт банки 2024 йилда Марказий Осиё мамлакатларининг Форс кўрфази давлатлари билан савдо ҳажми 3,3 млрд доллардан ошганини маълум қилган. Иқтисодчилар бу кўрсаткичларни нисбатан кичик деб баҳолайдилар.

Иллюстрацияда Ҳормуз бўғози, Эрон харитаси ва нефть қувури тасвирланган.
Иллюстрацияда Ҳормуз бўғози, Эрон харитаси ва нефть қувури тасвирланган.

Алишер Таксановнинг фикрича, агар Эрон можаро сабаб нефть бозоридан қисман четга чиқса, Қозоғистон ва Туркманистоннинг углеводород маҳсулотлари бўйича роли ортиши мумкин.

"Бу жараённинг Ўзбекистонга қандай таъсир қилишини аниқ айтиш қийин. Чунки Ўзбекистон Эрон билан савдо алоқаларига эга, бироқ расмий Тошкент исломий дунё билан муносабатларда доимо эҳтиёткор бўлиб келган, радикал гуруҳлар ва оқимлар таъсири кириб келишидан хавотирланган. Шу боис, Эрон билан боғлиқ кескин ўзгаришлар Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий зарар етказмайди” – дейди таҳлилчи.

Мутахассислар қайд этишича, нефть нархининг ошиши экспортчи давлатлар учун қўшимча даромад манбаи бўлиши мумкин, бироқ импортга боғлиқ иқтисодиётларда инфляция босими кучайиши эҳтимоли бор. Бишкеклик иқтисодчи Элдар Абакиров масалага икки томонлама қарайди:

"Салбий томони - нефть қимматлашиши ортидан инфляция ўсади ва нархлар янада кўтарилади. Ижобий томони шундаки, минтақа орқали логистик имкониятлар кенгайиши мумкин. Ҳозир ҳам Хитойдан катта миқдордаги товарлар шу йўл билан ўтмоқда ва бу ҳажм яна ортиши эҳтимол. Лекин бу имкониятдан тўлиқ фойдаланиш учун логистика ва йўллар самарали ишлаши керак. Хусусан, темир йўл инфратузилмасини тезлаштириш, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини якунлаш зарур”.

28 февралда АҚШ ва Исроил Теҳронга йирик ҳарбий зарба бериб, Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ва бир неча юқори амалдорлар йўқ қилинди. Эрон жавобан Исроил ҳудуди ҳамда АҚШнинг Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Кувайтдаги ҳарбий объектларини нишонга олди. Сауд Арабистонидаги нефть заводига ҳам зарба берилди. Ҳужумлар давом этмоқда.

Алишер Таксанов бу вазиятда Хитойнинг манфаатдор бўлиши мумкинлигини таъкидлайди:

“Чунки барча савдо йўллари ва ишлаб чиқариш манбалари нисбатан барқарор Хитойга йўналиши мумкин. Ирондаги технологиялар эскирган бўлса ҳам, Марказий Осиё ва Россия учун ҳали ҳам керакли, масалан, дронлар, снарядлар ва бошқалар. Хитой эса бу маҳсулотларнинг кўп қисмини ўзининг икки томонлама қўлланадиган товарлари билан алмаштириши мумкин. Шунингдек, у Европага олиб борадиган транзит йўлларини Афғонистон, Покистон ва Форс кўрфазини четлаб ўтиб, ўз манфаатига мос равишда йўналтириши мумкин”.

Одатда йирик геосиёсий кучлар ўртасида мувозанат сақлашга интилган Марказий Осиё давлатларининг вазиятга муносабати бу сафар турлича бўлди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Эрон ҳужумига дучор бўлган араб мамлакатларига ҳамжиҳатлик билдирди ҳамда суверенитетга таҳдид солувчи ҳарбий ҳаракатларни қоралади.

3 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Баҳтиёр Саидов Эрон ташқи ишлар вазири Саййид Аббос Арақчи билан телефонда мулоқот қилиб, сўнгги воқеаларда тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Тожикистон президенти Хоманаийнинг вафоти муносабати билан Теҳронга таъзия йўллади, Ташқи ишлар вазирлиги барча баҳслар халқаро ҳуқуқ доирасида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлади.

Қирғизистон расмийлари умумий тинчлик ва вазминликка чақириш билан чекланди.

Туркманистон доимий бетарафлик сиёсатига амал қилди. Эрон билан учта чек ара бекати ёпилди, фақат Серахс бекати дипломатик алоқалар учун очиқ қолдирилди.

Форум

XS
SM
MD
LG