Президент 3 март куни имзолаган фармонга кўра, 2027 йилдан бошлаб 21 ёшдан кейин биринчи бор турмуш қурган оилаларга ажратиладиган субсидия, ссуда ва грантлар миқдори амалдаги кўрсаткичдан 1,5 бараварга оширилади.
Фармон “аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларини олдини олиш”га қаратилгани таъкидланган. Ахборот воситалари бу ташаббус эрта никоҳнинг ва эрта туғруқнинг олдини олиш деб ҳам баҳоланмоқда.
Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, Юридика фанлари номзоди Сайёра Хўжаева ушбу қарорни қўллаб-қувватлаганларнинг бири.
“Агар эрта никоҳни халқаро ҳамжамиятдаги ҳолат билан таққосласак, Ўзбекистоннинг позицияси у қадар ёмон эмас. Ҳамдўстлик давлатлари орасида эса Ўзбекистонда эрта никоҳлар улуши умумий никоҳларга нисбатан 3 фоизни ташкил этади. Муаммо асосан бир-икки туманда учрайди. Масалан, Қашқадарё вилоятидаги Чироқчи, Фарғона вилоятидаги Марғилон, Тошкент вилоятидаги Бўка туманларида. Бу ҳудудларда қишлоқ жойларда сақланиб қолган анъанавий, патриархал қарашлар таъсири кучли”, - дейди у.
Ўзбекистон Оила кодексининг 15-моддасига кўра, эркаклар ва аёллар 18 ёшдан никоҳдан ўтиши мумкин. Узрли сабаблар, масалан, ҳомиладорлик, бола туғилиши ёки вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши ҳолатида, шунингдек, никоҳдан ўтишни истаганларнинг илтимосига кўра туман ҳокимининг рухсати билан 17 ёшдан ҳам никоҳга рухсат берилиши мумкин.
Gazeta.uz нашрининг ёзишича, Президент администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова янги фармонга берган шарҳида энди эрта никоҳга “турли баҳоналар ўтмаслиги” хақида гапирган:
“Буни ўргансак, тагида бувиларнинг хоҳиш-истаги сабаб сифатида кўрсатиляпти ёки куёв бола чет элга кетади, ўзи билан олиб кетиши керак экан, деган баҳоналар билан вояга етмаган қизларни турмушга узатиш ҳолатлари бўляпти. Энди никоҳ ёшини қисқартириш асосларини қатъий белгилаш таклифи киритилмоқда ва бу ҳеч қандай асос бўла олмайди”.
Халқаро ташкилотлар ҳисоботларига кўра, эрта никоҳларни камайтиришда асосий чоралар одатда таълим, жамоатчилик билан ишлаш ва ҳуқуқий хабардорликни оширишга қаратилган. UNICEF ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилларида ёки бошқа ҳисоботларда молиявий рағбат эрта никоҳга қарши курашда асосий механизм сифатида қайд этилмайди.
Сайёра Хўжаева “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашар экан, бундай ташаббус халқаро амалиётда қўлланилмаганини таъкидлади:
“Ҳалқаро тажрибада молиявий рағбат бормикин, деб излаб кўрдим, лекин топмадим. Бу ташаббуснинг биздан чиқаётгани эса муаммони камайтиришга давлат ҳам, раҳбарият ҳам манфаатдорлигини кўрсатади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотларига кўра, Марказий Осиёда экологик ва бошқа омилларни ҳисобга олганда, қизлар тахминан 19 ёшда, йигитлар эса 21 ёшда вояга етади. Молиявий рағбат ёшларни қизиқтириши мумкин, аммо ҳуқуқий маданиятни юксалтириш учун бу етарли эмас. Мен ҳуқуқшунос сифатида ўйлайманки, мактабларда ҳафтасига бир марта ўтиладиган ‘Ҳуқуқ асослари’ дарси жуда кам. Ҳуқуқий маданиятни оширишни таълим орқали кучайтириш керак”.
Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти Адлия вазирлиги буюртмаси билан 2025 йили Ўзбекистонда ижтимоий сўров ўтказган. Институт раҳбарининг айтишича, натижаларга кўра аҳолининг 70 фоизи эрта никоҳларга салбий муносабат билдирган. Қарийб 17 фоиз респондент эса, асосан эркаклар, бу амалиётни қўллаб-қувватлашини айтган.
Президент фармонига мувофиқ, никоҳ шартномаси тузганлар никоҳни қайд этиш учун тўланадиган давлат божидан ҳам озод қилинади.
1998 йилда қабул қилинган Оила кодексининг 29-моддасига кўра, никоҳ шартномаси — эр-хотиннинг бирга яшаган даврида ва ажрашиш пайтидаги мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи келишув ҳисобланади.
“Лекин бу модда ишламаяпти, очиқчасига айтишимиз керак. Асосан Европа миллатига мансублар унга амал қилади. Буни аҳолига тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Кўпчилик қудалар “нима энди, олдиндан ажралишни режалаштирамизми?” дейишади. Бу эскича ёндашув. Лекин ажрашишлар сони йилдан йилга камаймаяпти”, - дейди Хўжаева.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ажрашишлар сони йилига ўртача 40 минг атрофида бўлиб келмоқда. Олий суд матбуот хизмати маълум қилишича, 2025 йилда 37 544 та оила никоҳи расман бекор қилинган. Бу кўрсаткич бир йил олдингига нисбатан қарийб 6700 тага кўп.
Миллий статистика агентлиги ҳисобича, 2025 йилнинг тўққиз ойида қайд этилган қарийб 200 мингта никоҳнинг 37 фоизига яқинида келинлар 20 ёшга тўлмаган. Шунингдек, ажрашган оилаларнинг қарийб 30 фоизи ёш оилалар ҳиссасига тўғри келиши ҳам қайд этилган.
Расмий Тошкент Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшилган ва 2030 йилгача эрта ва мажбурий никоҳларни бартараф этиш мажбуриятини олган.
Халқаро ташкилотлар маълумотларида эрта никоҳлар асосан Африка қитъаси ва Жанубий Осиё мамлакатларида кенг тарқалгани айтилади.
Эрта ва мажбурий никоҳларга барҳам бериш бўйича глобал шерикчилик тармоғи индексига кўра, Ўзбекистонда эрта турмуш қуришлар умумий никоҳларнинг тахминан 3 фоизини ташкил қилади ва Марказий Осиёдаги қўшни давлатларга нисбатан паст кўрсаткич ҳисобланади.
Форум