Линклар

Шошилинч хабар
24 март 2026, Тошкент вақти: 00:53

Саҳифаларга ҳужум: фаоллар тармоқда чеклов кучайганини айтмоқда

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ҳукумат сиёсатига танқидий қарашлари бор шахслар ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ўчирилаётгани ёки чекловга дучор бўлаётгани ҳақида айтишмоқда.

Айни пайтда расмий идоралар бундай ҳолатлар юзасидан муносабат билдиргани йўқ.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига мониторинг қилиб, турли чиқишлари билан танилган Надежда Атаеванинг 2009 йилдан бери юритиб келган Facebook саҳифаси 19 март куни очилмай қолди. Платформа маъмурияти унга юборган хабарда "аккаунт шикоятлар асосида вақтинча чеклангани” айтилган.

Надежда Атаева
Надежда Атаева

“Ушбу ҳолат юзасидан мен Digital Services Act қоидаларига асосан апелляция бердим. Блоклаш қарори бўйича менга етарлича шаффоф ва асосли тушунтирилмади. Шунингдек, платформанинг ички шикоятларни кўриб чиқиш механизми белгиланган меъёрларга тўлиқ мос келмаслиги мумкин. Платформа томонидан оммавий ва суиистеъмол характерига эга шикоятларнинг олдини олиш бўйича етарли чоралар кўрилмагани ҳам кузатилмоқда. Мен баён этилган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар - скриншотлар, постлар матни ва бошқа материалларни сақлаб қўйганман” – деди у.

Надежда Атаева ўз фаолияти давомида ижтимоий тармоқ қоидаларига амал қилиб келганини таъкидлаб, бу жараённи тасодифий эмас, балки мувофиқлаштирилган ҳаракат сифатида баҳоламоқда.

Франциядан туриб фаолият юритувчи ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, бир ой аввал унинг бошқарувидаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилотининг YouTube канали ва шахсий аккаунти ҳам оммавий шикоятлар ортидан блокланган.

“Менимча, бу ҳолат рақамли платформалар механизмлари танқидчилар ва мухолифат овозларини жамоат майдонидан тизимли равишда сиқиб чиқариш учун ишлатилиши мумкинлигини кўрсатади, бу эса эркин ижтимоий мулоқот имкониятининг ўзига хавф солади” – деди Атаева.

Шунингдек, собиқ дипломат ва таҳлилчи, Ўзбекистон ҳукумати сиёсатига танқидий муносабати билан танилган фаол, Швейцарияда яшовчи Алишер Таксанов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси кутилмаганда ўчириб ташланганини билдирди.

Алишер Таксанов
Алишер Таксанов

Мақола ёзиб ўтирган эдим, бир пайт саҳифам ёпилиб қолди. Аввал адашиб бирор нарсани босиб қўйдимми, деб ўйладим. Кейин қайта кирсам, “аккаунтингиз ўчирилган” деган хабар чиқди. Бир неча марта қайта киришга уриндим, аммо фойдаси бўлмади. Фақат бир марта шикоят йўллашим учун махсус ҳавола очилди, лекин у ерда шикоят юбориш тартибини топа олмадим. Тушунишимча, мени қоидаларни доимий бузишда айблашган. Менинг танқидий мақолаларимни “нафрат уйғотувчи” деб баҳолашибди Гўёки, Meta’нинг Кузатув кенгашига шикоят қилишим мумкин экан, лекин қаердан ва қандай юбориш кераклигини топа олмадим. Ҳар хил тугмаларни босиб кўрдим, ҳеч нарса чиқмади. Охири янги саҳифа очдим”, - деди у 23 март куни “Озодлик” журналисти билан суҳбатда.

Таксанов Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг 1 январь куни YouTube’даги “Alter Ego. Все про Узбекистан” каналига берган интервьюси юзасидан танқидий фикрлар билдириб келаётган эди. У ўз аккаунтининг ўчирилиши айнан шу танқидлар билан боғлиқми-йўқми, деган масалага тўхталмаса-да, бу ҳолатни сўз эркинлигига очиқ босим сифатида баҳолади.

Саҳифаларига нисбатан чекловлар қўлланилган фаоллар қаторида Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам бор. Айтишича, март ойида унинг Facebook’да эълон қилинган 4–5 та пости “қоидаларни бузган” деган асос билан ўчирилган.

Абдураҳмон Ташанов.
Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси “Озодлик”ка берган изоҳида сўнгги кунларда Ўзбекистонда Facebook ва Telegram маъмуриятларига саҳифалар устидан оммавий шикоятлар юбориш ҳолатлари кўпайганини айтди. Унинг фикрича, бу жараён ортида троллар гуруҳлари ёки ҳукуматнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари туриши мумкин.

“Улар муаллифлик ҳуқуқи бўйича даъво қилади. Масалан, биз жойлаган расм ёки видеоларни бошқа платформаларга юклаб, “бу материал менга тегишли” деб шикоят йўллайди. Алгоритмлар эса бундай сигналларга асосан контентни вақтинча ёки тўлиқ блоклайди. Бу каби техник имкониятлардан айрим ҳолларда сиёсий мақсадларда, фаолларнинг профессионал фаолиятини чеклаш учун фойдаланишга уринишлар кузатилмоқда”.

Шунга ўхшаш ҳолатлар “Озодлик”нинг ижтимоий тармоқларида ҳам қайд этилмоқда. Instagram’да икки миллион кузатувчига эга “Ozodlik radiosi” саҳифаси 2026 йил 17 февралда шикоятлар асосида блокланган. Бир ой давом этган апелляция жараёнидан сўнг, 17 март куни саҳифа қайта тикланган.

Айни пайтда YouTube’даги Ozodlik каналига нисбатан ҳам шу каби шикоятлар ва киберҳужумлар давом этаётганини маълум қиламиз. Шу билан бирга, таҳририятнинг ozodlik.org сайти кўп йиллардан бери Ўзбекистон ҳудудида блокланган ҳолатда қолмоқда. Бундай чекловларга қарамасдан, “Озодлик” мухбирлари хабар ва таҳлилий материалларни эълон қилишни давом эттиради.

Meta компаниясига тегишли Facebook ва Instagram платформаларида контент сунъий интеллект ва инсон модераторлари орқали текширилади. Муаллифлик ҳуқуқи ёки товар белгисига оид шикоятлар келиб тушганда, огоҳлантириш берилади ёки материал ҳуқуқий хавфни камайтириш мақсадида вақтинча чекланиши мумкин. Аккаунт эгаси қарор устидан шикоят берса бўлади.

YouTube эса Google компаниясига қарашли бўлиб, каналлар бир неча босқичли текширувдан ўтади ва айрим ҳолларда қўшимча ҳужжатлар талаб қилинади.

Канал ёки саҳифаларнинг ўчирилиши халқаро тадқиқотларда “координацияланган шикоятлар” (coordinated reporting) деб аталади. Бунда бир гуруҳ фойдаланувчи муайян контентга оммавий шикоят юборади ва алгоритм уни вақтинча ёки тўлиқ блоклаши мумкин. Оксфорд интернет институти ва бошқа тадқиқот марказлари бундай усуллар айрим мамлакатларда рақамли босим инструменти сифатида қўлланиши мумкинлигини қайд этган.

Аслида ҳуқуқий хавфнинг олдини олишга қаратилган чеклов механизмлари айрим авторитар бошқарув амалиёти устувор бўлган давлатларда цензура воситаси сифатида ишлатилиши мумкинлиги фаолларни хавотирга солмоқда.

Россия ва Эрон сиёсатига танқидий муносабати билан танилган таҳлилчи Анвар Назир ҳам сўнгги ойларда рақамли босимлар кучайганини билдирган фаоллар қаторига қўшилди.

Унинг айтишича, аввал бошда айрим постлари “қоидаларни бузган” деган асос билан огоҳлантиришлар бўлган, кейин эса саҳифасини ёпишга қаратилган ҳаракатлар сезилган.

Анвар Назир
Анвар Назир

“Мени обрўсизлантириш, постларимни ўчириш ва саҳифамни ёпишга уринишлар бўлди. Аввал ҳам бўлган. Бунда асосан россияпараст кучлар фаол. Айниқса Эрондаги уруш манзараси кучайган пайтда ахборот майдонидаги босим янада ошди. Фейк ахборот тарқатиш орқали Ғарбга нисбатан нафрат уйғотишга уринишлар бор. Гўёки, муайян гуруҳлар ахборот уруши шароитида вазиятдан фойдаланишга интилмоқда”.

Халқаро ташкилотлар 2016 йилда ҳокимият алмашганидан кейин Ўзбекистонда сўз эркинлиги соҳасида муайян ижобий ўзгаришлар кузатилганини, бироқ тизимли чекловлар сақланиб қолаётганини таъкидлайди.

2025 йилги Жаҳон матбуот эркинлиги индексида (RSF) мамлакат 180 давлат орасида 148-ўринни эгаллаб, вазият “мураккаб” деб баҳоланган. Freedom House ташкилоти ҳам Ўзбекистонни “Эркин эмас” деган мақом билан баҳолашда давом этмоқда.

Human Rights Watch ва минтақавий ҳуқуқ ташкилотлари 2024–2025 йилларда фаоллар, блогерлар ва журналистларга нисбатан босим, рақамли ҳужумлар ва ҳуқуқий таъқиб ҳолатлари кўпайганини қайд этган.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро рейтинглар бўйича камдан-кам изоҳ беради, айрим маҳаллий таҳлилчилар эса паст кўрсаткичларни “ислоҳотлар инобатга олинмагани” ёки “баҳолар субъективлиги” билан изоҳлайдилар.

Форум

XS
SM
MD
LG