17 май куни Украина дронларининг Москва вилоятига йирик ҳужуми вақтида Красногорск шаҳридаги кўп қаватли турар жой биносига зарба берилди.
Украина дрон ҳужумлари натижасида Россия ҳудудларида, жумладан Москвада, камида тўрт киши ҳалок бўлган. Бу Москвага сўнгги бир йилдан ортиқ вақт ичида қилинган энг йирик ҳужум ҳисобланади.
- Бугун Украина Мудофаа кучлари, Хавфсизлик хизмати ва разведкамиз Москва вилоятида жуда кенг кўламли амалиёт ўтказди. Бу чуқур зарба бериш тўлқини бўлди. Бу сафар нишонларгача бўлган масофа 500 километрдан ортиқ эди. Москва вилояти ҳаво мудофааси энг кучли ҳудудлардан ҳисобланади. Улар ўз ҳокимият марказини энг кўп ҳимоя қилади. Аммо! Украина узоқ масофали имкониятлари бу тўсиқларни енгиб ўта бошлади. Кеча айтганимдек, россияликлар Украинада, Молдовада ёки бошқа қўшни давлатларда яшовчи халқларнинг ҳаётини издан чиқариш ҳақида эмас нефть заводлари, нефть объектлари ва корхоналари ҳақида ўйлаши керак. Бугунги кўрсаткичлар шуни кўрсатмоқдаки, кунлик фаол операцияларимиз Россияникидан юқори. Бу жуда жиддий натижа. Биз фронтда фаол ҳаракатлар ва ҳимояни таъминлаш учун барча таъминот турларини — дронлар, ер усти роботлари, снарядлар ва барча ресурсларни янада оширамиз, деди Владимир Зеленский.
Расмийларнинг айтишича, Москва вилоятида уч киши, Белгород вилоятида эса бир киши ҳалок бўлган.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв Химки шаҳрида уйга зарба берилиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлганини айтди ва қутқарувчилар вайроналар остида қолган яна бир кишини қидираётганини билдирди.
Мытищи туманидаги Погорелки қишлоғида икки эркак ҳалок бўлган. Унинг сўзларига кўра, бир нечта кўп қаватли уйлар ва инфратузилма объектлари зарар кўрган.
ТАСС агентлиги Москва шаҳар мэри Сергей Собянинга таяниб хабар беришича, Москва томон учган 81 та дрон уриб туширилган. Бу пойтахтга бир йилдан ортиқ вақт ичида қилинган энг йирик ҳужум ҳисобланади.
Собяниннинг айтишича, 12 киши яраланган. Учта уй зарар кўрган, Москва нефт заводининг технологик жараёнларига шикаст етмаган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, тун давомида ва эрталаб мамлакат бўйлаб 556 та дрон уриб туширилган.