Давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришича, якшанба куни Исроил шарқий ва жанубий Ливан ҳудудларига зарба берди. Бу заиф сулҳга қарамай содир бўлди. Шу билан бирга, “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати депутати Ливаннинг Исроил билан олиб бораётган музокараларини “берк кўча” деб атади.
“Ҳизбуллоҳ» ҳам жангари гуруҳ, ҳам Ливан жанубининг катта қисмини назорат қилувчи сиёсий партиядир. Қўшма Штатлар уни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди, Европа Иттифоқи эса фақат унинг қуролли қанотини «қора рўйхат»га киритган.
Ливан давлат ахборот агентлиги NNA маълум қилишича, Исроилнинг икки зарбаси шарқий Ливандаги Бекаа водийсида жойлашган Соҳмор шаҳрига берилган, бошқа ҳужумлар эса жанубий Ливан бўйлаб амалга оширилган.
Ливан расмийларига кўра, уруш бошланганидан бери Исроил зарбалари натижасида мамлакатда 2 900 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, шу жумладан 17 апрелда сулҳ бошланганидан бери 400 нафардан ортиқ киши ўлдирилган.
Сўнгги зарбалар Исроил ва Ливан вакиллари Вашингтонда музокараларнинг учинчи раундини ўтказиб, сулҳни узайтиришга келишиб олганидан кейин содир бўлди.
Шунга қарамай, Исроил зарбалари ва “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроил қўшинларига қарши ҳужумлари тўхтамаяпти. Эрон томонидан қўллаб‑қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” Исроил билан музокараларни бир неча бор қоралаган.
Шанба куни гуруҳ Исроил шимолидаги ҳарбий нишонга зарба берганини маълум қилди. Аввалроқ эса жанубий Ливандаги Исроил қўшинларига қарши бир неча амалиёт ўтказганини эълон қилган эди.
Сўнгги уруш давомида Исроил қуруқлик қўшинларини жанубий Ливанга киритган ва улар ҳозир ҳам икки давлат чегараси яқинидаги ҳудудларни эгаллаб турибди.