Линклар

Шошилинч хабар
20 May 2026, Тошкент вақти: 03:07

Эстония разведкаси раҳбари: Россиянинг ҳарбий амбицияси жуда катта

Эстония ташқи разведкаси раҳбари Каупо Росиннинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин учун Украинада ижобий вариантлар унча ҳам кўзга ташланмаяпти. Чунки Россия қуролли кучлари жанг майдонида сезиларли илгарилай олмаяпти, Ғарб санкциялари эса мамлакат ресурсларини аста‑секин емираб бормоқда.

НАТОнинг шарқий қанотидаги етакчи разведка раҳбарларидан бири бўлган Росин шунингдек Россия бешинчи йилга кирган тўлиқ кўламли уруш давомида ёллаётганидан кўра кўпроқ одам йўқотаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, умумий сафарбарлик жуда оммабоп бўлмаслиги ва ички барқарорликка жиддий хавф солиши мумкин.

- Бу омилларнинг барчаси биргаликда Россияда, айниқса юқори даражаларда, баъзи одамлар катта муаммо борлигини тушунаётган вазиятни яратаяпти. Путин бу ҳақда нима деб ўйлаётганини айтиш қийин. Лекин менимча, бу омиллар яқин вақт ичида унинг қарор қабул қилиш жараёнига таъсир қила бошлайди. Ихтиёрий ёллаш энди етарли эмас. Албатта қўшимча сафарбарлик каби қарорни қабул қилишлари мумкин, лекин бу ички босим нуқтаи назаридан янада кўп муаммоларни келтириб чиқаради. Бу беқарорликка олиб келадими-йўқми — айтиш қийин, аммо шубҳасиз, шу томонга қадам бўлади. Шу сабабли ҳозир улар олдида жуда оғир танловлар турибди ва бу вазиятда қандай қарор қабул қилишларини олдиндан айтиш қийин, дейди Эстония ташқи разведкаси раҳбари Каупо Росин.

Сўнгги ойларда Россия қўшинлари Украинада 2023 йилдан бери кузатилаётган энг секин илгарилаш суръатларини қайд этмоқда. Россиянинг 3 триллион долларлик иқтисодиёти жорий йил биринчи чорагида 0,3 фоизга қисқарган.

Путин эса иқтисодиётни қўллаб‑қувватлаш бўйича ҳукумат чоралари ижобий натижа бера бошлаганини айтиб келмоқда ва Россия қўшинлари барча мақсадларига эришмагунча курашни давом эттиради, деб қайта‑қайта таъкидламоқда.

Росиннинг айтишича, Россиядаги молиявий аҳволнинг “жуда ёмон” бўлишининг асосий сабаби молия секторига қаратилган санкциялар бўлиб, улар “жуда, жуда қаттиқ зарар етказмоқда”. Шу билан бирга, Россия нефть экспортига қарши жазоловчи чоралар ҳам даромадларни чекламоқда.

- Бу устуворлик масаласи, шунинг учун улар буни қандай бошқаришини кўрамиз. Лекин амбиция, албатта, бор — қандай янги бўлинмалар тузилиши, қаерда жойлаштирилиши режалаштирилган, ҳаммаси режада бор. Биз кўряпмизки, ҳозир ҳам бундай янги бўлинмалар тузилмоқда. Ҳеч бўлмаганда қоғозда. Лекин агар бу бўлинмалар шакллантирилса, уларнинг барчаси ҳозирча Украинага юбориляпти. Демак, Россия томонида ҳарбий амбиция жуда катта, деди Эстония ташқи разведкаси раҳбари Каупо Росин.

Россия билан қуруқлик чегарасига эга бўлган Эстония НАТО ҳарбий иттифоқи ва Европа Иттифоқи доирасида Украинанинг энг фаол қўллаб‑қувватловчиларидан бири ҳисобланади ва у доимий равишда иттифоқчиларини Москвага босимни кучайтиришга чақириб келмоқда.

“Шунинг учун менинг асосий чақириқим — санкцияларни янада олға суриш. Ҳозир иккиланиш вақти эмас, давом этишимиз керак”, — деди Эстония ташқи разведкаси раҳбари.

АҚШ воситачилигида олиб борилаётган тинчлик музокараларида Россия Украинадан ҳар қандай келишув доирасида шарқий Донбасс ҳудудидан чиқиб кетишни талаб қилган. Киев эса бу таклифни рад этган.

Разведка раҳбари қўшимча қилишича, Россия урушдаги мақсадларини юмшатмоқчи эканини ёки яқин орада қандайдир “катта бурилиш” бўлишини кўрсатадиган белгилар йўқ. У Россия жамиятини эса бардошли, деб таърифлади.

XS
SM
MD
LG