Линклар

Шошилинч хабар
20 May 2026, Тошкент вақти: 03:07

Германия Туркияга Patriot ракетага қарши мудофаа тизимини жойлаштиради

TURKEY-GERMANY-POLITICS-DIPLOMACY
TURKEY-GERMANY-POLITICS-DIPLOMACY

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефулнинг маълум қилишича, Германия НАТОдаги ҳамкори Туркияни ҳаво мудофаа тизимлари билан қўллаб‑қувватлайди ва бу мақсадда мамлакатга Patriot ракетага қарши мудофаа тизимини жойлаштиради.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан билан бирга чиқиш қилар экан, Вадефуль Германия Қуролли Кучлари келаси ой охиридан бошлаб Туркияга ҳарбий бўлинма юборажагини айтди.

- Германия қуролли кучлари Туркияни яна бир немис Patriot батареясини жойлаштириш орқали қўллаб‑қувватлаётганидан жуда мамнунман. Сўнгги ҳафталарда Эрон томонидан Туркия томон бир неча бор баллистик ракеталар учирилди. Уларнинг барчаси НАТО томонидан уриб туширилди. Бизнинг аскарларимиз Patriot батареяси билан бу ҳолат шундай давом этишига фаол ҳисса қўшади. Биз барчамиз Эрон келажакда қўшни давлатларига ҳеч қандай таҳдид солмаслиги керак, деган фикрдамиз. Шунинг учун у ядровий қуролга эга бўлмаслиги, баллистик ракета дастурини тугатиши, минтақада тарангликни кучайтириш сиёсатидан воз кечиши ва Ҳормуз бўғозини тўловларсиз, эркин кемалар қатнови учун очиши керак, деди Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул.

Фидан эса ҳозирги пайтда Эрон ва АҚШ ўртасидаги сулҳни сақлаб қолиш устувор вазифа эканини таъкидлади.

- Айни пайтда бизнинг асосий устувор вазифамиз — сулҳни сақлаб қолиш. Агар уруш қайта бошланса, бутун дунё бўйлаб жиддий иқтисодий ва сиёсий муаммолар келиб чиқади. Биз Эрон ҳам, АҚШ ҳам бу хавфларни англаб етаётганига умид қиламиз. Амалий жиҳатдан айтганда, 2025 йил 25 июнь куни ядровий объектларга қилинган ҳужумлардан сўнг бойитилган уран вайроналар остида қолган. Ҳозир амалда уни ҳеч ким олиб чиқа олмайди, деди Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан.

Германия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Бундесвернинг Туркиядаги миссияси 2026 йил сентябригача давом этади. У битта Patriot батареяси ва тахминан 150 нафар немис ҳарбий хизматчисини ўз ичига олади. Улар АҚШ бўлинмасининг ўрнини босади.

XS
SM
MD
LG