Линклар

Шошилинч хабар
26 Iyun 2026, Тошкент вақти: 22:24

Қирғизистон Фарғонанинг икки қишлоғини олганини айтди, Ўзбекистон сукутда

Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозовнинг Фарғонанинг икки қишлоғи Қирғизистонга ўтгани ҳақидаги баёнотига илова қилган карта.
Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозовнинг Фарғонанинг икки қишлоғи Қирғизистонга ўтгани ҳақидаги баёнотига илова қилган карта.

Қирғиз расмийсининг Фарғона вилоятидаги Чўнғара ва Тоштепа маҳаллалари Қирғизистон тасарруфига ўтгани ҳақидаги баёнотидан тўрт кун ўтган бўлса-да, Ўзбекистон расмийлари бу хабар юзасидан ҳалигача изоҳ бергани йўқ.

23 июнь куни Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов Facebook саҳифасида икки давлат ўртасида чегара демаркацияси доирасида ер алмашуви амалга оширилганини маълум қилди.

Озодлик суҳбатлашган Фарғона вилояти ҳокимлиги масъули эса уларда бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумот мавжуд эмаслигини билдирди.

Алагозов баёнотида Фарғонанинг икки маҳалласи Қирғизистон таркибига қандай асосда ўтгани, аҳолининг кейинги мақоми ҳамда ер алмашувининг айрим тафсилотларини очиқлаган.

"Давлат чегарасини демаркация қилиш ишлари доирасида шу кунга қадар аввал Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланган икки аҳоли пункти ўзининг аҳолиси (тахминан 2500 киши) билан бирга Қирғизистон таркибига ўтди. Гап аввал Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти таркибига кирган Чўнғара ва Тоштепа аҳоли пунктлари ҳақида бормоқда. Мазкур аҳоли пунктларида асосан этник қирғизлар яшайди. Энди ушбу аҳоли пунктларида рўйхатдан ўтказиш ишлари амалга оширилади. Бу ишлар якунланганидан сўнг уларнинг аҳолисига Қирғизистон фуқаролиги берилади", дейилади Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозовнинг баёнотида.

Алагозовга кўра, Чўнғара ва Тоштепа аҳоли пунктлари эвазига Қирғизистон Ўзбекистонга чегара ҳудудида майдони тенг бўлган ер участкаларини берган.

Бироқ у Ўзбекистонга қайси ҳудудлар ўтганига аниқлик киритмаган.

Алагозов тилга олган Чўнғара Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли эксклав ҳудуд ҳисобланади. Икки йил олдин эълон қилинган расмий маълумотга кўра, қишлоқнинг умумий майдони 261 гектар бўлиб, бу ерда 1641 нафар аҳоли яшайди.

Тоштепа эса Фарғона туманига қарашли маҳалла бўлиб, Водил шаҳри яқинида, Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани билан чегарадош ҳудудда жойлашган.

Қирғиз томонининг баёнотидан сўнг Озодлик Чўнғара аҳолиси билан суҳбатлашди. Суҳбатлашганимиз қишлоқ аҳолиси ҳудуд Қирғизистонга ўтгани ҳақидаги хабарни биринчи марта қирғиз матбуотидан эшитгани ва бу ҳақда маҳаллий аҳолига ҳеч қандай расмий ахборот берилмаганини айтди.

"Қирғиз матбуотида чиққан бу хабар ҳақида аввал бизга ҳеч ким ҳеч нарса демаган. Бирор марта йиғилиш ҳам ўтказилмаган. Бугун ҳам маҳалла раиси Баҳодир ака билан гаплашдим. У "Мен ҳам ҳеч нарса билмайман", деди. Бир ой аввал ўзбек ва қирғиз чегарачилари қишлоққа келишган. Улар чегараларни белгилашди, қозиқлар қоқиб кетишган эди", дейди исми очиқланишини истамаган Чўнғара турғуни.

Озодлик икки кун давомида Фарғона вилоятининг турли расмий идоралари билан боғланиб, Қирғизистон томони эълон қилган маълумотга изоҳ олишга уринди. Бироқ бу расмийлар расмий маълумотга эга эмаслигини билдирди.

"Биз ҳам бу ҳақда қирғиз матбуотидан ўқидик. Бизга Тошкентдан бу борада ҳеч қандай расмий билдириш келмаган. Қирғизлар айтаётган Чўнғара — бу Чўнғара эксклави, маҳалла номи ҳам Чўнғара. Тоштепа эса Фарғона туманидаги МФЙ ҳисобланади. Бу Водилдаги маҳалла. Лекин бизда ҳозирча бу икки ҳудуднинг Қирғизистон томонига ўтгани ҳақида бирор расмий маълумот йўқ", деди Озодлик гаплашган Фарғона вилояти ҳокимлиги масъули.

Озодлик Қирғизистоннинг ҳудудлар алмашишга оид баёноти юзасидан Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Ташқи ишлар вазирлигига расмий сўров йўллади. Бироқ мақола чоп этилгунга қадар ҳеч бир идорадан жавоб келмади.

Расмий идораларнинг бу масала юзасидан изоҳ бермагани ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

“Чўнғара бўйича чиққан хабарларнинг биринчи манбаси Қирғизистон президентининг ахборот хизмати бўлди. Мен ҳам бу борада хабар берганимда уларга таяндим. Ўзбекистон томони ахборот бергани йўқ. Расмий бирор хабар берилгани йўқ. Нега? Нега улар хабар беради, нега бизникилар хабар бермайди? Ахир бизнинг ахборот олиш ҳуқуқимиз бор. Расмийлар ахборот беришга мажбур ", дейди фарғоналик блогер Баҳодир Элибоев.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг умумий узунлиги қарийб 1473 километрни ташкил этади. Унинг асосий қисми бўйича келишув 2017 йилда имзоланган бўлса, қолгани 2022 йилда тузилган.

Озодликнинг Фарғона расмийлари билан суҳбатларидан маълум бўлишича, чегараолди ҳудудларида ер алмашиш ишлари икки давлат расмийлари қарийб тўрт йил аввал имзолаган шартнома доирасида амалга оширилмоқда.

2022 йил 3 ноябрь куни Бишкекда Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома имзоланган.

Мазкур шартномани ратификация қилиш ҳақидаги Қирғизистоннинг 2022 йил 28 ноябрдаги 110-сонли қонуни ва Ўзбекистоннинг 2022 йил 30 ноябрдаги 804-сонли қонуни амалда.

2023 йил 27 январ куни икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ушбу шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашган.

Аммо, имзоланган шартнома жамоатчиликка тўлиқ очиқланмаган, унинг тафсилотлари ҳақида ҳам Ўзбекистон томони батафсил маълумот бермаган.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати маълумотига кўра, 13 моддадан иборат мазкур шартномада чегаранинг 35 та участкасидаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланган.

Таҳлилчилар мазкур келишувни Марказий Осиёдаги чегара масалаларини ҳал этиш йўлидаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий келишувлардан бири сифатида баҳолаган.

Кейинги қарийб тўрт йил давомида мазкур шартнома ижроси доирасида нафақат айрим чегараолди ҳудудлари алмашилди, балки Ўзбекистон таркибидан Қирғизистонга ўтган аҳоли пунктлари аҳолисига Қирғизистон фуқаролиги ҳам берилди.

Жумладан, расмий Бишкек маълумотига кўра, 2024 йилда Қирғизистон таркибига ўтган Фарғона вилоятининг Қора-Янтоқ қишлоғи аҳолисига Қирғизистон фуқаролиги расман расмийлаштирилган.

Ушбу шартноманинг энг баҳсли жиҳатларидан бири Андижон (Кампиробод) сув омборига оид келишув бўлди.

"Ушбу сув омбори эгаллаган майдонларнинг ўрнига Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан 1019 гектар яйлов ер майдони ажратишни таклиф этяпмиз. Маълумот учун: олдин собиқ Иттифоқ даврида 14128 гектар ер майдони Ўзбекистон ССР ҳудудидан сув омбори учун компенсация сифатида берилган. Сув омбори эгаллаган ҳудуд, ҳамда тўғонга хизмат кўрсатиш учун 1195 гектар майдон Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтказиляпти. Ўз навбатида, қўшнилар билан дўстона алоқаларни сақлаб қолиш учун сув омборидан Қирғизистон фуқароларига ҳам айрим мақсадларда фойдаланишга рухсат бериляпти", деган эди Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 2022 йилнинг 14 ноябр куни мазкур қонун муҳокамасига бағишланган Сенат йиғилишида.

Озодлик мазкур келишувнинг Кампиробод сув омборига оид қисми амалда қайси босқичга етганини аниқлай олмади.

Қирғизистонда Кампиробод сув омборини Ўзбекистон билан биргаликда бошқариш тўғрисидаги келишувга қарши чиққан бир гуруҳ сиёсатчилар, фаоллар ва жамоат арбоблари 2022 йил кузида оммавий тарзда ҳибсга олинган эди.

Шунингдек, 2022 йилги шартномага ўзбек-қирғиз чегарасидаги энг баҳсли ҳудудлардан бири — Сўх тумани яқинида жойлашган «Чашма» булоғига оид келишув ҳам киритилган.

Орадан қарийб икки ярим йил ўтиб, 2025 йил 24 апрелдан бошлаб икки давлат «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни амалга оширишга киришди.

Мазкур шартномага мувофиқ, 2025 йил июл ойида Ўш вилоятига туташ ҳудуддаги иккита участка: Қора-Сув туманидаги 100 гектар, Аравон туманидаги 200 гектарга яқин ер Қирғизистонга ўтказиб берилди.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозовнинг жорий йил 23 июндаги баёнотига кўра, Сай қишлоғидан Таён қишлоғига автомобиль йўли қуриш мақсадида Ўзбекистон билан умумий майдони 236 гектар бўлган тенг қийматли ер участкалари ҳам ўзаро алмашилган.

Бироқ Алагозов ушбу ер алмашуви ҳам 2022 йилги чегара шартномаси доирасида амалга оширилгани ёки алоҳида келишув асосида бажарилганига аниқлик киритмаган.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

XS
SM
MD
LG