Линклар

Шошилинч хабар
30 Iyun 2026, Тошкент вақти: 22:28

9 йил қамоқ. Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан олишга уринишда айбланганлар суди

Қурманқул Зулушев (чапда), Қамчибек Ташиев (ўртада) ва Нурланбек Турғунбек ўғли, Бишкек шаҳри Биринчи май туман судида, июн, 2026 йил
Қурманқул Зулушев (чапда), Қамчибек Ташиев (ўртада) ва Нурланбек Турғунбек ўғли, Бишкек шаҳри Биринчи май туман судида, июн, 2026 йил

Қирғизистонда жамоатчилик орасида “75чилар мактуби” деб ном олган иш бўйича суд жараёни давом этмоқда.

Прокурорлар ушбу ишда айбланаётган 8 шахс, жумладан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевга 9 йил қамоқ жазоси беришни сўради.

Айбланувчи томон ҳимоячилари эса бу талабни рад этмоқда.

“75чилар мактуби” деб ном олган иш ва бир ярим ойдан бери давом этаётган судлов Қирғизистонда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Жамоатчилик, айниқса, бир вақтлар мамлакатдаги иккинчи қудратли шахс сифатида кўрилган Ташиевга нисбатан суд қандай қарор чиқаришига қизиқмоқда.

Бу судлов шу йил февралда муқаддам катта лавозимларда ишлаган ва сиёсий фаол бўлган 75 кишининг мамлакатда муддатидан олдин президент сайлови ўтказишни сўраб, эълон қилган мурожаати ортидан қўлга олинган собиқ мулозимлар устидан кетмоқда.

“75чилар мактуби” ортидан Президент Садир Жапаров 10 феврал куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси бўлган Қамчибек Ташиевни лавозимидан бўшатган эди.

Ҳозирда Ташиевдан ташқари собиқ спикер Нурланбек Турғунбек ўғли ва собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушевлар ҳам судланмоқда.

29 июн кунги суд мажлисида давлат айбловчиси Ташиев бошчилигидаги саккиз судланувчини “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уриниш” ва “мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш” моддалари бўйича айбдор деб топиш ва уларга 9 йиллик қамоқ жазоси беришни сўради.

Суд ёпиқ ўтказилаётгани сабабли унга журналистлар киритилмаяпти. Аммо, мажлисдан чиққан иштирокчилар ва адвокатларга кўра, айбланувчилар прокурор талабига рози эмас.

“Прокурорлар позициясига изоҳ бермайман, лекин мен унга қаршиман. Ҳеч қандай далил йўқ. Қарорлар юқоридан тасдиқланган ва уларга қарши чиқиш мумкин эмас. Биз ўз далилларимизни кейинги мажлисда баён қиламиз. Бу ишда далиллар йўқ ҳолда айбдор деб топилмоқда”, деди жумладан адвокат Латибек Нуралимов.

Қамчибек Ташиев, собиқ спикер Нурланбек Турғунбек ўғли ва собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушевларнинг ўзи эса бу масала бўйича журналистларга изоҳ беришдан бош тортмоқда.

Иштирокчиларга кўра, иш доирасида 20 га яқин гувоҳ сўроқ қилинган, шунингдек, махфий деб саналган 3 шахснинг кўрсатмалари ўқиб эшиттирилган.

Ҳимоя томони ва айбланувчилар 75 киши имзолаган бу мактубда жиноят таркиби йўқ, деган позицияни билдириб келмоқда.

Суд бошланишидан олдин Нурланбек Турғунбек ўғли журналистлар саволларига жавоб бераркан ўзига қўйилган айбловларни рад этган:

“Мен ҳокимиятда туриб, уни босиб олишга ҳаракат қиламанми? Ўз ҳокимиятимни ўзим эгаллайманми? Бу мутлақо мантиқсиз гап”.

Сўнгги мажлислардан кейин айбланувчиларнинг адвокатлари ҳам очиқ баёнот беришдан тийилиб турибди. Давлат айблови томонидан ҳам қўшимча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Эслатиш жоиз, бу судлов жорий йил феврал ойида 75 нафар собиқ амалдор, сиёсатчи ҳамда жамоат арбобларининг президент ва парламент раҳбариятига йўллаган мурожаатидан кейин бошланган.

Улар тез орада - яъни, муддатидан аввал президентлик сайловини ўткзишга чақирган эди.

Бу мурожаатдан кейин мамлакатдаги сиёсий жараёнлар кескинлашиб кетди ва узоқ вақт ёнма-ён ҳаракат қилган президент Садир Жапаров ҳамда Қамчибек Ташиев ўртасидаги беш йиллик сиёсий тандемнинг бузилиши кузатилди.

Терговчилар бу мурожаат қонунга зид равишда тайёрланган, деб баҳолаб жиноят иши қўзғатган. Айрим судланувчиларга нисбатан “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уриниш” ва “мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш” айби илгари сурилган.

Бу иш доирасида бир қатор собиқ амалдор — Бекболот Талғарбеков, Эмилбек Узақбаев, Қурманбек Дийқанбаев, Курсан Асанов каби собиқ мулозимлар — “мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” моддаси билан айбланиб, қамоққа олинган.

Қамчибек Ташиев, Нурланбек Турғунбек ўғли ва Қурманқул Зулушевлар эса тилхат асосида озодликда туриб судланмоқда.

Суд мажлиси иштирокчиларига кўра, жорий йил февралда бошланган ва мамлакат сиёсий майдонида кенг муҳокама қилинган “75чиликлар мактуби”га оид иш якунига яқинлашмоқда. Юристлар суд ҳукми яқин ҳафталарда чиқишини тахмин қилмоқда.


Форум

XS
SM
MD
LG