Тошкентда айрим тадбиркорлар UzQR - ягона миллий QR-тўлов тизимидан бошқаси, жумладан Click, Payme, Uzum Bank QR-кодларидан воз кечиш талаб қилинаётганидан шикоят қилмоқда.
Ўзбекистонда 1 июлдан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун UzQR тўлов тизимидан фойдаланиш мажбурий тарзда жорий этилди.
Аммо, Марказий банк расмийларининг Озодликка айтишича, якка тартибдаги тадбиркорлар учун бошқа QR-кодлардан фойдаланиш тақиқланмаган.
Озодлик бу масалага ойдинлик киритаркан, аслида нега UzQR тизими жорий этилдию нега мажбурий бўлди, деган саволлар жавоби билан қизиқди.
Ўзбекистон президентининг 2025 йил 10 декабрдаги фармонига мувофиқ, шу йил 1 июлдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ягона миллий UzQR тизими орқали тўлов қабул қилиш мажбуран жорий этилди.
Президент фармонида бу тизимдан мақсад нақдсиз тўловни оммалаштириш, деб келтирилган:
“Мамлакатда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш, тадбиркорлик фаолиятида рақобат муҳитини янада ривожлантириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг самарали механизмларини жорий этиш ҳамда бизнесни «соя» иқтисодиётидан чиқаришни рағбатлантириш мақсадида 2030 йилга қадар яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш”.
Бу тартиб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун фарқли шаклда жорий этилди.
Юридик шахслар:
2025 йил 10 декабрдаги 246-сонли президент фармонига мувофиқ, банклар 2026 йил 1 январдан савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари учун UzQR тўлов тизимини шакллантириши, 1 июлдан эса фақат тизимда тўлов қабул қилиши белгиланган. UzQR-коднинг мавжуд эмаслиги савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ):
2025 йил 12 августдаги 247-сонли президент қарорига мувофиқ, ЯТТ мақомидаги тадбиркорлар ва ва ўзини ўзи банд қилган шахслар 2026 йил 1 январдан тўлов ташкилотининг рақамли платформасида шакллантирилган QR-кодга эга бўлиши лозим. QR-код тўлов имконининг йўқлиги касса техникасидан фойдаланмасликка тенглаштирилади.
Шу пайтгача, Ўзбекистонда кенг қўлланилаётган QR-код тизими Paynet Xolis бўлиб келаётган эди. Ягона миллий QR-код эса ҳужжатда - аслида мавжуд тўлов усулларига қўшимча, деб келтирилмоқда.
Гарчи, қонунчиликда тақиқланмаган бўлсада, айрим тадбиркорлар ҳозир улардан бошқа тизимлар - Click, Payme, Uzum Bank каби хусусий тўлов сервисларининг QR-кодларини олиб ташлаб, фақат UzQR кодини қолдириш талаб қилинаётганидан шикоят қилмоқда.
Бу эса рақамли тўловлар бозорида турли саволларни келтириб чиқармоқда.
"UzQR орқали савдо қилиш мажбурий, бошқа QR-кодлар бекор қилинмайди, деяпти. Лекин буни қандай тушуниш мумкин? "Мажбурий" деган сўзнинг ўзи бошқа тўлов сервисларидан фойдаланиш масаласини мантиқан йўққа чиқаряптику!" дейди тошкентлик тадбиркор Тоҳир Раҳимов Озодлик билан суҳбатда.
Марказий банк савдо нуқталарига Click, Payme, Uzum Bank каби хусусий тўлов сервисларининг QR-кодларини олиб ташлаш бўйича кўрсатма берилмаганини билдирди.
"UzQR бошқа тўлов QR-кодларини бекор қилмайди. Агар кимдир тадбиркорларга бошқа QR-кодларни мажбурий тарзда олиб ташлашни талаб қилиб, босим ўтказаётган бўлса, бу қонунга зид ҳисобланади”, деди ўзини таништирмаган Марказий банк ходими Озодлик мухбирига жавобан.
Шунга қарамай, Ўзбекистонда маҳаллий нашрлар ва иқтисодчилар ҳам, айрим тадбиркорларга солиқ органлари ходимлари касса олдида фақат UzQR кодини қолдириш, қолган QR-кодларни эса олиб ташлаш бўйича талаб қўйгани ҳақида ёзмоқда.
“Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотларини Click, Payme ва Uzum Bank каби тўлов сервислари ҳамда банкларга тегишли индивидуал QR-кодларни олиб ташлашга мажбурлашмоқда. Улар ўрнига фақат ягона QR-код қолдирилиши талаб қилинмоқда. Манбаларнинг айтишича, ушбу ҳолатга солиқ органлари ходимлари алоқадор бўлиши мумкин”, деб ёзди Spot нашри 3 июль куни.
Бундан ташқари, таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам UzQR тизими жорий этилишидаги мажбурловга эътибор қаратди:
"Пештахтада фақат ягона QR турсин". Дорихоналарга, дўконларга ва емакхоналарга худди шундай топшириқларни ким бераётган бўлиши мумкин деб ўйлайсиз? Марсликларми? Ё босқинчи моховларми? Айни пайтда, бошқа рақобатчи QRларни кўздан панага йўқотиш топшириқлари, гарчи Марказий банк бошқа QR-кодларни олиб ташлаш талаб этилмайди, дея баёнот берган эсада, тўхтагани йўқ”.
Ташаббусчилари фикрича, ягона QR-код тизимининг жорий этилиши тўловларни соддалаштириш ва барча банк ҳамда тўлов иловаларини ягона платформага интеграция қилишга қаратилган.
Бироқ, тадбиркорлар муҳим саволни тилга олмоқда: агар бошқа тўлов сервисларини ҳам сақлаб қолиш мумкин бўлса, у ҳолда UzQR нега мажбурий ва бу тизимни жорий этишдан асл мақсад нима?
Марказий банкка кўра, UzQR тизимидан сосий мақсад , харидорга қайси банк ёки тўлов иловасидан фойдаланишидан қатъи назар, битта QR-код орқали тўловни амалга ошириш имкониятини яратишдир.
Авваллари ҳар бир савдо нуқтасида турли сервисларнинг бир нечта QR-кодлари жойлаштирилар эди. Расмийларга кўра, UzQR - уларнинг ўрнига универсал ва қулай ечим сифатида таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, белгиланган тартибга кўра, UzQR орқали UZCARD, HUMO ва хақаро Visa карталари билангина тўлов қилиш мумкин.
Айнан шу жиҳат ҳам - янги тизимнинг яна хусусий қўлларга берилган ҳамда монопол, дея танқид қилинаётган UZCARD ва HUMO тўлов тизимларига боғлангани эътирозларга сабаб бўлмоқда.
“Ягона QR айтилаётгандек рақобатли бўлса, бало борми бизнесга маъмурий босим ўтказиб, рақобатчиларини пештахтадан тозалатиб? Ва ўзи ЯГОНА калимаси ёпиштирилганки монопол хизматларнинг ёмон репутацияси ягона QRга ҳам тиркалиб қолмаяптими?" дея яна савол ташлайди таниқли иқтисодчи Отабек Бакиров.
Қолаверса, ижтимоий тармоқларда UzQR орқали тўлов қилинган айрим ҳолларда харидордан қўшимча фоиз ундирилаётгани ҳақида шикоятлар учрамоқда.
Жумладан, Gazeta.uz ва Spot нашрлари баъзи харидорлардан UzQR тизим орқали тўловларда 1 фоизгача ҳақ олингани ҳақида хабар қилди.
Gazeta.uz нашрига жавобан Марказий банк, харидордан олинган комиссия ушбу тўловни амалга ошираётган сервислар томонидан белгиланган бўлиши мумкин, деган ва бу ҳолатни бартараф этиш устида ишлаётганини билдирган.
Аммо, бу тизимда энг эътирозли бўлиб қолаётган яна бир жиҳат - UzQR тизимидан фойдаланганлик учун жорий этилган 0,65 фоизлик комиссия бўлиб қолмоқда.
Марказий банкка кўра, бу комиссияни харидор эмас, балки сотувчи тўлайди ва комиссия жараён иштирокчилар ўртасида шундай тақсимланади:
UzQR оператори — 0,2%;
QR-кодни ўқиган сервис — 0,15%;
Uzcard ёки HUMO тўлов тизими — 0,1%;
сотувчининг банки — 0,1%;
карта чиқарган банк — 0,05%;
тўловчи банки — 0,05%.
Бу ўринда иқтисодчилар, ушбу рақамли тўлов тизимидаги "Хизматнинг асл таннархи қанча? Нега комиссия 0,20 ёки 0,25 фоиз эмас, айнан 0,65 фоиз - бу қадар юқори?” деган саволларни қўймоқда.
Расмий идоралар бу саволлар, бундан ташқари “Нега ягона миллий UzQR тўлов тизими яна фақат Uzcard ёки HUMO тўлов тизимларига боғланди?” деган саволларга ҳозиргача жавоб бергани йўқ.
Озодлик Марказий Банк ва бошқа ҳукумат идораларидан бу саволларига жавоб кутмоқда.
Форум