Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чуй вилоятидаги баландлиги 4050 метр бўлган номсиз тоғ чўққисига “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти чўққиси” номини бериш тўғрисида фармон имзолади.
Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, географик ном давлат раҳбарининг фармони билан Чуй вилояти Аламудун туманидаги "Ола-арча" давлат табиий боғида жойлашган тоғ чўққисига берилади.
Ҳиндистон раҳбари Путинни Украинадаги урушни тўхтатишга чақирди
- Муаллиф Умидбек/Озодлик
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Владимир Путинга очиқчасига Украинадаги урушни имкон қадар тезроқ тугатиш ва дипломатияга ўтиш кераклигини уқтирди.
- Шак-шубҳасиз, чексиз урушдан урушнинг охирига, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ўтиш зарур. Сизга маълумки, Ҳиндистон бу йўналишдаги сиёсий ва тинчликпарвар саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ва биз келажакда ҳам шундай қилишда давом этамиз. Уруш давом этаётган ҳар бир кун, аслида, инсониятни бир қадам орқага улоқтирмоқда, тинчлик сари ташланган ҳар бир қадам эса бутун инсониятга реал умид бағишлайди. Биз барча муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишимиз керак, бутун инсоният шуни талаб қилмоқда. Ҳиндистоннинг мурожаати ҳам айнан шундан иборат: Ҳиндистон — Ганди ва Будда юрти, бизнинг чақириғимиз айнан шундай, деди Ҳиндистон Бош вазири.
Путин эса жавобан яна бир бор “тинчлик йўлида ҳаракатланаётгани” ҳақида гапирди, ваҳоланки РФ армияси янги ҳудудларни эгаллашга бўлган уринишларини ва Киев бомбардимонини давом эттирмоқда.
Ҳиндистон етакчисининг тинчликпарвар чақириқларига қарамай, жорий йилнинг ёзида Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари кучайиши ва бунинг ортидан Россияда юзага келган ёқилғи инқирози фонида Москва Ҳиндистондан нефт маҳсулотларини сотиб олишни бошлади.
Хитой ва Ўзбекистон ўзаро савдо ҳажмини $30 миллиардга етказишга қарор қилишди
Бишкекдаги тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиан ва ташкилотга аъзо бошқа давлатлар етакчилари иштирок этди.
Саммит доирасида муҳим келишувлар ва баёнотлар янгради.
Масалан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида Бишкекда музокаралар ўтказди. Учрашувда ўтган йили мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 18 миллиард долларга яқинлашгани таъкидланди, аммо Мирзиёев ва Си Цзиньпин яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Россия Президенти Владимир Путин, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳамда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан музокаралар ўтказди.
Бишкекдаги ШҲТ юбилей саммити ва Ўзбекистон: Геосиёсий мувозанат ва миллий манфаатлар
31 августдан 1 сентябрга қадар Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган юбилей саммити ўтказилди.
Саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Бишкек эропортида Ўзбекистон раҳбари катта тантана билан кутиб олинди.
ШҲТнинг юбилей саммити кучайиб бораётган ички ва ташқи қарама-қаршиликлар манзарасида ўтмоқда. Йирик сиёсий ўйинчилар ўртасидаги рақобат, минтақавий кун тартибининг аҳамияти йўқолиб бориши ҳамда ташкилот таъсирининг чеклангани унинг келажаги учун бош синовга айланмоқда.
Хўш, бугунги глобал беқарорлик ва геосиёсий зиддиятлар даврида бу ташкилот қандай кучга эга? Чорак аср давомида бу ташкилот қандай ютуқлар ва камчиликларга эга? Ўзбекистон учун ШҲТ аслида нима беради ва у Россиянинг дунёга тазйиқ ўтказиш қуролига айланиб қолмадими?
Ушбу жонли блогда ушбу саволларга жавоб излаб кўрамиз….