Линклар

Шошилинч хабар
20 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 20:46

ШҲТ юбилей саммити ва Ўзбекистон: Геосиёсий мувозанат ва миллий манфаатлар

31 августдан 1 сентябрга қадар Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган юбилей саммити ўтказилди.

ШҲТнинг юбилей саммити кучайиб бораётган ички ва ташқи қарама-қаршиликлар манзарасида ўтмоқда. Йирик сиёсий ўйинчилар ўртасидаги рақобат, минтақавий кун тартибининг аҳамияти йўқолиб бориши ҳамда ташкилот таъсирининг чеклангани унинг келажаги учун бош синовга айланмоқда.

Хўш, бугунги глобал беқарорлик ва геосиёсий зиддиятлар даврида бу ташкилот қандай кучга эга? Чорак аср давомида бу ташкилот қандай ютуқлар ва камчиликларга эга? Ўзбекистон учун ШҲТ аслида нима беради ва у Россиянинг дунёга тазйиқ ўтказиш қуролига айланиб қолмадими?

Ушбу жонли блогда шу саволларга жавоб излаймиз...



20:26 1.9.2026

Туркия ШҲТ билан ҳамкорликни кучайтиради


Садир Жапаров ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Бишкек саммитида
Садир Жапаров ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Бишкек саммитида

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини билдирди.

1 сентябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган саммитда у аҳолиси қарийб 3,5 миллиард кишини ва ЯИМ (ялпи ички маҳсулот) ҳажми 35 триллион долларни ташкил этувчи ШҲТ охирги 25 йил ичида кўп қутбли дунё тартиботининг ажралмас қисмига айланганини таъкидлади.

"Осиё-Тинч океани минтақаси ва Яқин Шарқни бир бутун сифатида кўриб чиқадиган ҳамда БМТ фаолиятини қўллаб-қувватлаб, тўлдирадиган ташкилот сифатида ШҲТ минтақавий масъулиятга асосланган кўп қиррали ташқи сиёсатимизга тўлиқ мос келадиган тузилмага эга. Биз ушбу ташкилот халқларимиз фаровонлиги учун ниҳоятда муҳим бўлган узлуксиз ва хавфсиз транспорт коридорларини яратишда, шунингдек, энергия таъминоти хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнаши мумкинлигига ишонамиз. Мамлакатимиз Ташкилотга аъзо давлатларнинг Ғарб бозорларига чиқишида, хусусан, энергетика коридорларини диверсификация қилиш ва геосиёсий хавф-хатарларни бошқаришда ҳал қилувчи ўрин тутади", — деди Эрдўғон.

Эрдўғон, шунингдек, Озарбайжон орқали ўтадиган «Ўрта коридор» ташаббусини Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилишларини ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда давом этишларини қўшимча қилди.

У Иқлим ўзгариши бўйича Конвенция томонларининг 31-конференцияси (COP31) жорий йилнинг 11-12 ноябрь кунлари Анталияда бўлиб ўтишини эслатиб, саммит иштирокчиларини Туркияга таклиф этди.

- Биз дунёнинг турли минтақаларида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашга ўз ҳиссамизни қўшишга интиламиз. Шу мақсадда 2026 йил 11-12 ноябрь кунлари Анталияда COP31 саммитини ўтказамиз, деди Эрдўғон.

Анқара мулоқот ва дипломатия воситасида минтақадаги низоларни ҳал қилиш масъулиятини ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдирди.

17:06 1.9.2026

Ўзбекистон Президенти ШҲТда ўз ташаббуслари билан чиқди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "ШҲТ+" форматидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришни ҳамда доимий фаолият юритадиган "ШҲТ+ маданиятлари ва цивилизациялари" форумини ташкил этишни таклиф қилди.

У бу ҳақда 1 сентябрь куни Бишкек шаҳридаги «Ирис Ордо» залида бўлиб ўтган "ШҲТ+" форматидаги кенгайтирилган йиғилишда айтиб ўтди.

Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро муносабатларда ўзининг марказий мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши кераклигини, минтақавий ташкилотлар эса алоҳида минтақаларнинг хусусиятлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда унинг ишини тўлдириши мумкинлигини таъкидлади.

У "ШҲТ+" формати давлатлар, минтақалар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши ҳамда турли ташаббусларни уйғунлаштиришга ёрдам бериши мумкинлигини қайд этди.

Ўзбекистон Президенти "ШҲТ+" доирасидаги ишларни барқарор иқтисодий ўсиш, юқори технологияларни жорий этиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, инсон капиталини ривожлантириш, ҳамёнбоп таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратишни таклиф қилди.

"ШҲТ+" минтақавий ташкилотларнинг ҳамкорлик тармоғини яратиш учун платформа бўлиб хизмат қилади. Мирзиёев минтақалараро лойиҳаларни амалга ошириш учун уларнинг котибиятлари ва соҳавий органлари ўртасида барқарор ишчи муносабатларини ўрнатишни зарур деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ва технологияларнинг очиқ банкини яратишни таклиф этди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатларга айрим минтақаларда аллақачон муваффақиятли қўлланилаётган ечимлар билан алмашиш имконини беради.

Мирзиёев "ШҲТ+ Маданиятлар ва цивилизациялар" доимий форумини ташкил этишни таклиф қилди ва Ўзбекистон БМТнинг манфаатдор тузилмалари билан ҳамкорликда уни Хива шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди.

- Мамлакатлар ва минтақалар ўртасида туташув нуқталари қанчалик кўп бўлса, барқарорлик ва ўзаро ишонч пойдевори шунчалик мустаҳкам бўлади, — деди Ўзбекистон раҳбари.

Ўзбекистон Президенти Евроосиё ҳудудида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни, шунингдек, давлатлар ва минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтирадиган кўп қутблиликни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Оз ўз навбатида, Президент Садир Жапаров Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ролини мустаҳкамлашга бўлган ёндашуви алоҳида эътиборга лойиқлигини билдирди.

- БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормалари шаклланаётган кўп қутбли дунёнинг асосига айланиши керак деб ҳисоблайман, — деди Садир Жапаров.

16:47 1.9.2026

"Эрон ўз мажбуриятларини бажаришга тайёр" - Пезешкиён

Бишкекдаги Бутунжаҳон Кўчманчилар Ўйинларида Эрон байроғи кўтарилди
Бишкекдаги Бутунжаҳон Кўчманчилар Ўйинларида Эрон байроғи кўтарилди

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён АҚШ ўз мажбуриятларини бажарган тақдирда, Теҳрон ҳам июнь ойидаги ядровий келишув бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини билдирди.

У бу ҳақда 1 сентябрь куни Бишкекда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити ва «ШҲТ+» йиғилишидаги нутқида айтиб ўтди.

Вазиятнинг кейинги ривожи Вашингтонга боғлиқлигини таъкидлаган Эрон президенти дипломатик музокараларни келишмовчиликларни ҳал қилишнинг асосий йўли деб билишини қўшимча қилди:

- Бироқ эзгу ниятга асосланган, ўз зиммасига олинган мажбуриятларни ҳурмат қиладиган ва куч ишлатишдан воз кечмайдиган дипломатия мустаҳкам тинчликни таъминлай олмайди, деди Эрон раҳбари.

Жорий йилнинг 28 февралида Исроил ва АҚШ Эронга ҳужум уюштирди. Бунга жавобан Теҳрон Форс кўрфазидаги Америка базалари жойлашган мамлакатларга зарбалар берди ва дунё бўйича нефть ҳамда газ ҳажмининг 20 фоиздан ортиғи ташиладиган Ҳурмуз бўғозини ёпиб қўйди. Бу жаҳон бозорида нефть нархининг ошишига олиб келди.

Июнь ойида АҚШ ва Эрон 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва Ҳурмуз бўғозини очишни назарда тутувчи меморандумни имзоладилар. Эришилган келишувларга қарамай, томонлар зарба беришда давом этдилар. Август ойида Вашингтон Теҳронга қарши янги иқтисодий босим кампаниясини эълон қилди. Эрон расмийлари буни "иқтисодий терроризм" деб атади.

16:36 1.9.2026

Бишкекда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бошланди

31 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатидан 3 мингдан зиёд спортчи иштирок этаётган ўйинларнинг асосий мусобақалари Бишкек ва Чўлпон-Ота шаҳарларида ташкил этилади. Этноспортнинг 43 та тури бўйича ўтадиган ўйинларда Ўзбекистоннинг 141 нафар спортчиси мусобақаларнинг 32 йўналишида совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG