Линклар

Шошилинч хабар
20 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 20:46

ШҲТ юбилей саммити ва Ўзбекистон: Геосиёсий мувозанат ва миллий манфаатлар

31 августдан 1 сентябрга қадар Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган юбилей саммити ўтказилди.

ШҲТнинг юбилей саммити кучайиб бораётган ички ва ташқи қарама-қаршиликлар манзарасида ўтмоқда. Йирик сиёсий ўйинчилар ўртасидаги рақобат, минтақавий кун тартибининг аҳамияти йўқолиб бориши ҳамда ташкилот таъсирининг чеклангани унинг келажаги учун бош синовга айланмоқда.

Хўш, бугунги глобал беқарорлик ва геосиёсий зиддиятлар даврида бу ташкилот қандай кучга эга? Чорак аср давомида бу ташкилот қандай ютуқлар ва камчиликларга эга? Ўзбекистон учун ШҲТ аслида нима беради ва у Россиянинг дунёга тазйиқ ўтказиш қуролига айланиб қолмадими?

Ушбу жонли блогда шу саволларга жавоб излаймиз...



14:50 2.9.2026

Путин Пашинянни референдум ўтказишга чақирди

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин Бишкекдаги ШҲТ саммити доирасида музокара ўтказди.

Учрашувда Арманистоннинг Европа Иттифоқига интеграциялашуви ва Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги (ЕОИИ) келажаги муҳокама қилинди.

Владимир Путин ва Никол Пашинян
Владимир Путин ва Никол Пашинян

Путин Ереван ЕИга кириш масаласида тезроқ бир қарорга келиши зарурлигини айтиб, мамлакатда бу бўйича референдум ўтказишга чақирди.

Жавобан Пашинян референдум ўтказиш учун масала ҳали пишиб етилмаганини ва Ереван евроинтеграция йўналишини қонунан мустаҳкамлаганини билдирди.

"Биз ЕОИИга бундай билдиришнома юбормадик. Вазиятга айнан шу нуқтадан назар солиш керак. Биз учун мамлакатимизда муқобил вариантлар бўлиши муҳим. Бу бизнинг қонуний ҳуқуқимиздир. Аммо бу ЕОИИдан норозимиз дегани эмас, гарчи у ерда муаммолар мавжуд бўлса-да", — деди Пашинян.

У ЕИга аъзолик тўғрисидаги қонунни қабул қилиш орқали Арманистон ЕОИИ доирасидаги ҳеч қандай мажбуриятларни бузмаганини қўшимча қилди.

Аввалроқ Арманистоннинг ЕИ билан яқинлашув баёнотлари фонида Россия ушбу мамлакатдан бир қатор озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига чекловлар киритган эди.

13:59 2.9.2026

Путин аҳоли мобилизацияси тўғрисидаги хабарларни "сафсата" деб атади

Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда Украина урушига сафарбарлик ҳақидаги хабарларни рад этиб, буни "информацион ҳужум" деб атади.

У бу ҳақда 1 сентябрь куни Қирғизистонга амалга оширган амалий ташрифидан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб бераётиб маълум қилди.

"Бу сафсата. Бу Россияга қарши уюштирилган информацион ҳужумдир", — деди Путин.

Яқинда "The Guardian" ва "Deutsche Welle" нашрлари ўз манбаларига таяниб, Россия Украинадаги урушда ҳар ой шартнома асосида жалб қилаётган янги аскарлари сонига қараганда бир неча минг нафар кўпроқ аскарини йўқотаётгани ҳақида хабар берган эди.

Нашр маълумотларига кўра, Россия кунига 1000 нафарга яқин янги аскарни хизматга қабул қилмоқда. Бироқ бу рақам охирги икки ой ичидаги урушда ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ўрнини тўлдириш учун етарли эмас.

"Ковчег" ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси асосчиси Анастасия Буракова "Echo" нашрига маълум қилишича, охирги уч ой ичида Россиядан эмиграция қилиш бўйича маслаҳат сўраб мурожаат қилганлар сони тахминан 1,5 бараварга ортган.

Россияни тарк этишнинг асосий сабаблари сифатида мамлакатдаги умумий вазият бўйича хавотирлар, янги сафарбарлик тўлқини эҳтимоли, Россиядаги ҳаётдан чарчаш ҳамда "тинчликда яшаш ва ишлаш" истаги кўрсатилган.

Россиядаги қирғизистонлик мигрантлар ҳам бу йилги Давлат Думасига бўлиб ўтадиган сайловлардан сўнг Россияда оммавий сафарбарлик бошланиши ҳақидаги овозалар ҳақида хабар беришган.

20:37 1.9.2026

Йўл тўсган фотосуратчи

Си Цзиньпин Бишкекка етиб келган вақтда хавфсизлик хизмати ходимлари суратчини қизил йўлакчадан куч ишлатиб узоқлаштиришди.

Ушбу ҳолат видеога тушиб қолди ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди:

20:33 1.9.2026

БМТ ислоҳ қилиниши керак - Гутерриш

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш глобал ўзгаришларни акс эттириш ва ривожланаётган мамлакатлар вакиллигини кенгайтириш мақсадида халқаро институтларни ислоҳ қилишга чақирди.

У бу ҳақда 1 сентябрь куни Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган "ШҲТ+" йиғилишида маълум қилди.

У дунё тобора кўп қутбли бўлиб бораётганини таъкидлаб, ушбу тенденцияни мустаҳкамлаш зарурлигини қўшимча қилди. Гутерриш глобал хавфсизлик, ривожланишни молиялаштириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва сунъий интеллектни тартибга солишни ҳамкорликнинг тўртта асосий йўналиши сифатида тилга олди.

"

Антонио Гутерриш, БМТ Бош котиби
Антонио Гутерриш, БМТ Бош котиби

Адолатли дунё тартиботини барпо этиш учун биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Бреттон-Вудс тизими каби кўп томонлама институтларимизни замонавий воқеликка мос равишда ислоҳ қилишимиз керак. Шунингдек, ривожланаётган мамлакатларнинг вакиллиги ва таъсирини кенгайтиришимиз зарур", — деди Гутерриш.

Бош котиб халқаро хавфсизлик, Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги вазият масалаларига тўхталиб, халқаро келишувлар ва нормаларга риоя қилишга чақирди.

"Яқин Шарқдаги низоларнинг оқибатлари узоқ муддатли хусусиятга эга, чунки ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувлар мунтазам равишда бузилмоқда ва ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Дунёга халқаро ҳуқуқ ва эркинликларни кафолатлайдиган тинч, адолатли ва мустаҳкам ечим зарур. Ғазода ўт очишни тўхтатиш шарт. Инсонпарварлик ёрдами кўрсатишдаги тўсиқларни зудлик билан олиб ташлаш керак", — деди у.

Украина масаласига тўхталар экан, Гутерриш адолатли ва мустаҳкам тинчлик бўйича музокараларга йўл очиш учун тўлиқ ва зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.

"ШҲТ+" йиғилишида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз мамлакати ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни яхшилашга оид резолюцияларни бажаришда ҳеч қандай роль ўйнамаганини билдирди.

Президент Садир Жапаров Қирғизистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини (БМТ), жумладан, Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлиси ва «ШҲТ+» учрашуви 1 сентябрь куни Бишкекдаги «Ирис Ордо» Давлат конгресс марказида бўлиб ўтди.

Йиғилиш якунлари бўйича 28 та ҳужжат қабул қилинди ва имзоланди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG