Путин аҳоли мобилизацияси тўғрисидаги хабарларни "сафсата" деб атади
Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда Украина урушига сафарбарлик ҳақидаги хабарларни рад этиб, буни "информацион ҳужум" деб атади.
У бу ҳақда 1 сентябрь куни Қирғизистонга амалга оширган амалий ташрифидан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб бераётиб маълум қилди.
"Бу сафсата. Бу Россияга қарши уюштирилган информацион ҳужумдир", — деди Путин.
Яқинда "The Guardian" ва "Deutsche Welle" нашрлари ўз манбаларига таяниб, Россия Украинадаги урушда ҳар ой шартнома асосида жалб қилаётган янги аскарлари сонига қараганда бир неча минг нафар кўпроқ аскарини йўқотаётгани ҳақида хабар берган эди.
Нашр маълумотларига кўра, Россия кунига 1000 нафарга яқин янги аскарни хизматга қабул қилмоқда. Бироқ бу рақам охирги икки ой ичидаги урушда ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ўрнини тўлдириш учун етарли эмас.
"Ковчег" ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси асосчиси Анастасия Буракова "Echo" нашрига маълум қилишича, охирги уч ой ичида Россиядан эмиграция қилиш бўйича маслаҳат сўраб мурожаат қилганлар сони тахминан 1,5 бараварга ортган.
Россияни тарк этишнинг асосий сабаблари сифатида мамлакатдаги умумий вазият бўйича хавотирлар, янги сафарбарлик тўлқини эҳтимоли, Россиядаги ҳаётдан чарчаш ҳамда "тинчликда яшаш ва ишлаш" истаги кўрсатилган.
Россиядаги қирғизистонлик мигрантлар ҳам бу йилги Давлат Думасига бўлиб ўтадиган сайловлардан сўнг Россияда оммавий сафарбарлик бошланиши ҳақидаги овозалар ҳақида хабар беришган.
Путин Пашинянни референдум ўтказишга чақирди
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия Президенти Владимир Путин Бишкекдаги ШҲТ саммити доирасида музокара ўтказди.
Учрашувда Арманистоннинг Европа Иттифоқига интеграциялашуви ва Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги (ЕОИИ) келажаги муҳокама қилинди.
Путин Ереван ЕИга кириш масаласида тезроқ бир қарорга келиши зарурлигини айтиб, мамлакатда бу бўйича референдум ўтказишга чақирди.
Жавобан Пашинян референдум ўтказиш учун масала ҳали пишиб етилмаганини ва Ереван евроинтеграция йўналишини қонунан мустаҳкамлаганини билдирди.
"Биз ЕОИИга бундай билдиришнома юбормадик. Вазиятга айнан шу нуқтадан назар солиш керак. Биз учун мамлакатимизда муқобил вариантлар бўлиши муҳим. Бу бизнинг қонуний ҳуқуқимиздир. Аммо бу ЕОИИдан норозимиз дегани эмас, гарчи у ерда муаммолар мавжуд бўлса-да", — деди Пашинян.
У ЕИга аъзолик тўғрисидаги қонунни қабул қилиш орқали Арманистон ЕОИИ доирасидаги ҳеч қандай мажбуриятларни бузмаганини қўшимча қилди.
Аввалроқ Арманистоннинг ЕИ билан яқинлашув баёнотлари фонида Россия ушбу мамлакатдан бир қатор озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига чекловлар киритган эди.