11 сентябр Нью Йордаги Жаҳон савдо марказига (World Trade Center) уюштирилган ҳужумлар учун глобал бошқарув майдончаси бўлиб хизмат қилган Афғонистон орадан йигирма беш йил ўтиб, яна эски ҳолига қайтди.
АҚШнинг бу давлатда 20 йил қолган ҳарбийлари кетиши билан бошқарувни Толиблар эгаллади ва халқаро кузатувларга кўра, "Ал-Қоида" террорчилари бу мамлакатдан яна хавфсиз бошпана топган.
Собиқ ҳарбий, дипломат ва разведка расмийлари, шунингдек, минтақавий экспертлар Озодлик билан суҳбатда бугунги вазиятдан келадиган хатар ва оқибатлар ҳақида сўзлади.
9/11 воқеалари
2001 йилдаги 11 сентябр ҳужумлари нафақат АҚШ, балки замонавий дунё тарихидаги йирик террорчилик ҳужумларидан бирига айланди.
Ўша куни 19 террорчи тўртта йўловчи самолётини олиб қочди, икки самолёт Нью-Йорк шаҳридаги World Trade Center - Жаҳон савдо марказининг Эгизак минораларига урилди.
Учинчи самолёт Вашингтон яқинидаги Pentagon биносига урилди. Тўртинчиси эса йўловчилар қаршилиги билан нишонга етмасидан Пенсильвания штатига қулади.
Бу ҳужумлар натижасида қарийб 3 минг киши ўлди, минглаб одам жароҳат олди.
11 сентябрь ҳужумлари Ўзбекистонга ҳам бевосита дахл қилди. Қурбонлар орасида АҚШ га ўқиш ва ишлаш учун борган ўзбекистонлик— Гавҳарой Камардинова ва келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган Ирина Колпакова ва Гари Шамай ҳам бор эди. Гавҳарой Камардинова АҚШга ўқиш ва ишлаш учун борган эди. Гавҳарой Муҳаммадовна Камардинова 26 ёшда бўлган.
Бу ҳужумлардан сўнг АҚШ етакчилигида халқаро террорга қарши амалиёт бошланди, хусусан коалиция қўшинлари бу ҳужумларни уюштиришда тайёргарлик майдонига айланган Афғонистонга кирди.
Бу кураш кейинроқ катта молиявий ва инсоний йўқотишларга сабаб бўлган 20 йиллик урушга айланди.
2020 йилда Дональд Трампнинг АҚШ президенти сифатидаги биринчи муддатида Толиблар билан халқаро кучлар олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишувга эришилди.
Бунинг эвазига Толибларга "ўз аъзолари, бошқа шахс ёки гуруҳлар, жумладан "Ал-Қоида"нинг Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид солиш учун Афғонистон ҳудудидан фойдаланишига йўл қўймаслик" шарти қўйилди.
Келишувга кўра, Толиблар бундай гуруҳлар ёки шахслар томонидан "ёлланма, тайёргарлик ва маблағ тўплаш"га ҳам йўл қўймаслик мажбуриятини зиммасига олди.
Толиблар бошқарувидаги Афғонистон ва у ердаги вазиятни баҳолаган баъзи экспертлар ҳозирги давр 25 йил олдин 11 сентябрда бўлган ҳужумлардан олдинги даврдан тубдан фарқ қилиши ва жиддий таҳдидлар йўқ, деган фикрни таъкидламоқда.
Баъзи экспертлар эса, гарчи вазият ўзгарган бўлса-да, қайта жонланаётган таҳдидлар аслида "соатли бомба"га айланди, деб огоҳлантирмоқда.
"Ал-Қоида"нинг қайтиши
АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши охир-оқибат 2021 йилда Президент Жо Байден даврида амалга оширилди.
Ўшандан бери БМТ ҳисоботларининг аксари "Ал-Қоида" аъзоларининг яна Афғонистонга қайтганини ҳужжатлаштирди.
Шундай ҳисоботлардан бири, 2025 йил декабрь ойида Афғонистонни бу гуруҳ учун "рамзий ватан" сифатида таърифлади ва бунга асос сифатида "Ал-Қоида" ҳамда Толиблар аъзолари ўртасидаги "шахсий муносабатлар ва ўзаро никоҳлар"ни қайд этди.
"У (Афғонистон - таҳр.) аллақачон халқаро миқёсда мақсадлари бўлган террорчиларни яшириб келмоқда. Эндиги савол - улар бундай ишларни қилиш-қилмаслиги бўлади. Бироқ Афғонистон 9/11 воқеаларидан олдинги ҳолатига қайтдими? Ҳа, қайтди", деди собиқ АҚШ дипломати Энни Пфорцхаймер Озодлик билан суҳбатда.
Пфорцхаймер 2017–2018 йилларда Қобулдаги АҚШ миссияси раҳбарининг ўринбосари, 2018–2019 йилларда Афғонистон ишлари бўйича давлат котибининг муваққат ёрдамчиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
"Мен буни қолган дунёга нисбатан ҳам тўғри, ҳам билвосита таҳдид деб биламан. "Ал-Қоида" ҳамон у ерда ва унинг тарихини ҳисобга олган ҳолда жуда ҳам қудратли", дея қўшимча қилади у.
Ўтмишга назар: 9/11 манзаралари ва товушлари
2017–2018 йилларда АҚШнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлган генерал Ҳ. Р. Макмастер ҳам Пфорцхаймернинг хавотирларига қўшилади. У Озодликка Толиблардан шартномага риоя қилишини кутиш "ўз-ўзини алдаш", деди.
"Улар террорчилик ташкилотидир", дейди у. "Биз қилишимиз керак бўлган нарса Афғонистондаги террорчилик ҳукуматини заифлаштиришдир".
Ҳам Пфорцхаймер, ҳам Макмастер "Ал-Қоида" Толибларнинг хайрихоҳлиги билан Афғонистонда фаолият юритаётган ягона хавфли гуруҳ эмаслигини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, БМТ ҳисоботларида "Ал-Қоида" Покистон ҳудудига трансчегаравий ҳужумларни амалга ошириш учун Покистон Толибон ҳаракати (TTP) гуруҳи билан қандай ҳамкорлик қилгани ҳам қайд этилган. ИШИД жангарилари ҳам Афғонистонда бўлиб, бу давлат ҳамда Покистонда ҳужумлар уюштирган.
Хавфсизлик масалаларига йўналтирилган Нью-Йоркдаги "Соуфан" таҳлил марказининг ижрочи директори Колин Кларкка кўра, Афғонистон "соатли бомба"га айланган.
9/11 нинг "бошдан кечирилган тажрибаси"
Бироқ бошқа экспертлар хатарларни баҳолашда эҳтиёткорликка чақиради.
Бундайлар фикрича, 11 сентябрдаги воқеалардан бери, ҳатто Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қайтариб олган 2021 йилдан бери кўп ўзгариш бўлган.
Толиблар гуруҳи ҳозирда ҳамкорликка эришиш учун халқаро ҳамжамиятга фаол мурожаат қилмоқда. Яқинда Толиблар Европа Иттифоқи билан учрашиш учун Брюсселга делегация юборди, Россия томонидан эса Афғонистон ҳокимияти тан олинган.
Толибларнинг аёллар ҳуқуқларига қаттиқ чегара қўйгани ва умумий инсон ҳуқуқлари ҳануз бузилаётгани боис, унинг чақириқлари Ғарбда совуқ қарши олинаётган бўлса-да, баъзи экспертлар ҳаракат раҳбарияти "Ал-Қоида" каби гуруҳларни ўтмишдагига қараганда қаттиқроқ назорат қилаётганига ишонч билдирмоқда.
"11 сентябр воқеаларидан олдинги даврдан ҳозирги асосий фарқ шундаки, Толибон 9/11 тажрибаси ва у олиб келган оқибатларни бошдан кечирди, шунинг учун улар "Ал-Қоида" аъзолари нима қилаётганини жуда диққат билан кузатиб бораётганига ишонишга мажбурман", деди Вашингтондаги CNA таҳлил маркази бош тадқиқотчиси Жонатан Шроден.
АҚШнинг Афғонистонда терроризмга қарши операциялари тарихига бағишланган китобни якунлаётган Шроденнинг айтишича, аслида ҳозир бу мамлакат диққат марказида эмас.
"Агар сиз айни дамда Ал-Қоиданинг энг шафқатсиз филиалларига қарши курашмоқчи бўлсангиз, улар Африкада — бу "Ал-Шабаб" ёки "Ал-Қоида"га алоқадор турли Ғарбий Африка гуруҳлардир. Улар жуда фаол ва энг зўравон гуруҳлардир", дейди у.
Шу йил май ойида чоп этилган АҚШнинг Терроризмга қарши кураш стратегиясида ҳам бу ва бошқа географик ҳудудлардан келаётган таҳдидларга урғу берилган ва Шроден, Афғонистондаги вазиятни бундай баҳолаган ёлғиз эксперт эмас.
АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раисининг стратегия бўйича собиқ махсус ёрдамчиси Картер Малкасиан яқинда Foreign Affairs журналида Толибон бошқарувининг беш йилидан сўнг "терроризм йўқ" Афғонистондаги ўзгаришлар ҳақида ёзди.
2009–2011 йилларда Ҳилманд вилоятида сиёсий ходим бўлиб ишлаган Малкасиан БМТ ҳисоботларига шубҳа билдириб, "Ал-Қоида"нинг Афғонистонда уюшаётгани, маблағ йиғаётгани ёки машғулот ўтказаётганини кўрсатадиган далиллар жуда кам"лигини айтади, аммо разведка маълумотлари тўлиқ эмаслигини тан олади.
"Вашингтоннинг Афғонистонни кузатиш қобилияти 2020 йилдагидек эмас, 2011 йил ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Қўшма Штатлар тоғли қишлоқлар ёки Қобул, Қандаҳор ёхуд Жалолободнинг орқа кўчаларида террористик суиқасд ва машғулотларни аниқлай олмаслиги мумкин", деб ёзади у.
Бу фикрни Шроден ҳам маъқуллайди:
"АҚШ у ерда нима содир бўлаётгани ҳақида шунчалик кам маълумотга эгаки, зарба бериш учун нишонларни аниқлай олмайди ёки шунчаки бугунги кунда Афғонистонда илгаригидек юқори қийматга эга бўлган нишонларнинг ўзи йўқ", деб ҳисоблайди бу таҳлилчи.
Форум