Линклар

Шошилинч хабар
18 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 13:47

Франция ҳам Усмановни ЕИ санкцияларидан чиқаришни сўрамоқда

Алишер Усманов 2017 йилда Москвада ўтказилган Россия бизнеси ҳафталиги доирасидаги тадбирда иштирок этмоқда.
Алишер Усманов 2017 йилда Москвада ўтказилган Россия бизнеси ҳафталиги доирасидаги тадбирда иштирок этмоқда.

14 сентябрь куни Брюсселда ўтган ЕИ давлатлари элчиларининг йиғилишида санкцияларни яна олти ойга узайтириш бўйича келишувга эришилмади. Reuters ахборот агентлигига кўра, Франция ва Словакия Алишер Усмановни Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатидан чиқаришни сўраган.

Муроса топилмагач, элчилар санкцияларни вақтинча етти кунга — 22 сентябрь ярим кечасигача узайтиришга келишди.

Усманов масаласидаги келишмовчилик Россияга алоқадор минглаб шахс ва ташкилотларга нисбатан ЕИ санкцияларини яна олти ойга узайтириш бўйича музокараларга ҳам таъсир қилди. Reuters маълумотига кўра, санкциялар қарийб 3 минг шахс ва ташкилотни қамраб олади.

ЕИга аъзо давлатлар бу санкцияларни ҳар олти ойда бир овоздан узайтириши керак.

Reuters суҳбатлашган уч европалик дипломат Франция позициясини Озарбайжон босими билан боғлаган. Financial Times манбалари эса Парижнинг бу қадамини Озарбайжонда ушлаб турилган француз фуқароларини озод қилиш ҳаракатлари билан боғламоқда.

Франция расмийлари ўз позициясини “миллий хавфсизлик манфаатлари” ва халқаро ҳамкорларнинг мурожаатлари билан изоҳлаган.

Reuters манбаларига кўра, Озарбайжоннинг Усмановни санкциялардан чиқариш ташаббусини Қозоғистон ва Қатар ҳам қўллаб-қувватлаган.

Financial Times манбаларига кўра, ЕИ давлатларининг аксарияти Усмановни санкциялар рўйхатидан чиқаришга ҳозирча қарши.

Путинга яқинлик — санкциялар учун келтирилган асослардан бири

Европа Иттифоқи Алишер Усмановни 2022 йил 28 февралда — Россия Украинага кенг кўламли бостириб кирганидан тўрт кун ўтиб санкциялар рўйхатига киритган. Кейин АҚШ ва Британия ҳам унга қарши чекловлар жорий қилди.

ЕИ дастлабки санкция қарорини асослар экан, Усмановни Россия президенти Владимир Путин билан “айниқса яқин алоқаларга эга Кремл тарафдори олигарх” деб таърифлаган.

Кейинроқ ЕИ Усманов Россия ҳукуматига катта даромад келтирадиган етакчи бизнесмен эканини ҳам санкцияларни сақлаб қолиш учун асос сифатида келтирди.

Усманов бу даъволарни рад этиб келади.

Усмановнинг айтишича, у бошқа айрим россиялик миллиардерлардан фарқли ўлароқ, 1990-йилларда давлат мулкини ҳокимият билан алоқалари эвазига арзон нархда қўлга киритмаган ва ўз бизнесларини бозор шароитида сотиб олган.

“Мен ҳеч қачон ҳокимиятдан совға олмаганман”, деган Усманов 2023 йилда Тошкентда Италиянинг TGcom24 телеканалига берган интервьюсида.

У Путин билан Ғарб расмийлари таъкидлаётган даражада яқин муносабатда эканини ҳам рад этади.

Усманов Россия ва Ўзбекистон фуқаролигига эга. Bloomberg Billionaires Index 2026 йил бошида унинг бойлигини қарийб 18,8 миллиард долларга баҳолаган.

Санкциялар Усманов оиласига ҳам таъсир қилди

Ғарб чекловлари фақат Усмановнинг ўзи билан чекланмади. Унинг қариндошлари, компания раҳбарлари, трастлари ва Ғарб расмийлари Усмановнинг молиявий тармоғига алоқадор деб ҳисоблаган қатор компаниялар ҳам санкцияга тушди.

Улар орасида Усмановнинг опа-сингиллари Гулбаҳор Исмоилова ва Саодат Нарзиева ҳам бор эди. Британия Гулбаҳор Исмоилованинг ўғиллари Санжар ва Сарвар Исмоиловларга ҳам санкция жорий қилди. Сарвар Исмоилов Англиянинг “Эвертон” футбол клубида директор бўлиб ишлаган.

ЕИ Саодат Нарзиевани акаси билан молиявий алоқаларда бўлган деб кўрсатган. Гулбаҳор Исмоиловани эса Усмановга алоқадор деб ҳисобланган активлар, жумладан Dilbar суперъяхтасига эгалик қилувчи тузилмалар билан боғлаган.

Усманов қариндошларига санкция жорий этилишини “адолатсизлик” деб атаган.

“Улар бутун умрини Ўзбекистонда ўтказган ва Россия Федерациясига ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деганди у 2023 йилда.

Европа Иттифоқи Саодат Нарзиевани 2022 йил сентябрда санкциялар рўйхатидан чиқарди. 2025 йил мартда эса Гулбаҳор Исмоиловага нисбатан ЕИ санкциялари бекор қилинди.

Бироқ Исмоиловага нисбатан Британия ва АҚШ санкциялари сақланиб қолган.

АҚШ 2023 йил апрелида Усманов билан боғлиқ шахслар ва компанияларга қарши санкцияларни кенгайтирди. Вашингтон Усмановнинг бизнес ва молиявий фаолиятига ёрдам берган деб ҳисоблаган компаниялар, раҳбарлар, трастлар ва бошқа шахсларни ҳам рўйхатга киритди.

Яхта, самолёт ва қимматбаҳо уйлар

Санкциялар Усманов билан боғланган улкан бойлик ва активларни ҳам нишонга олди.

Улар орасида юзлаб миллион долларга баҳоланадиган Dilbar суперъяхтаси, Airbus A340 самолёти, шунингдек Германия, Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларидаги қимматбаҳо кўчмас мулклар бор.

Аммо айнан шу активларнинг кимга тегишли экани кейинчалик Усманов ҳимоясининг муҳим қисмига айланди.

Унинг адвокатлари матбуот ва расмий ҳужжатларда “Усмановники” деб кўрсатилган айрим активлар аслида 2022 йилдан анча олдин оилавий трастларга ўтказилганини айтади. Шу сабаб, уларнинг таъкидлашича, Усманов бу мол-мулкнинг на эгаси ва на назорат қилувчиси ҳисобланади.

OCCRP ва бошқа нашрлар Усманов бойлиги атрофидаги трастлар, қариндошлар ва офшор компаниялардан иборат мураккаб тизимни суриштирган.

Усманов бу тузилмалар санкцияларни четлаб ўтиш учун ташкил қилинганини рад этади.

Санкцияларга қарши суд кураши

2022 йилдан бери Усманов Европада санкциялар ва уларни асослашда ишлатилган айрим даъволарга қарши қатор суд ишларини олиб борди.

У нафақат ЕИ санкцияларини, балки санкцияларни асослашда фойдаланилган айрим матбуот хабарлари ва баёнотларни ҳам судда баҳслашди.

Reuters маълумотига кўра, бу ҳуқуқий кампаниянинг асосий мақсадларидан бири Усмановни санкциялар рўйхатидан чиқариш бўлган.

ЕИ Бош суди Усмановнинг санкцияларга қарши бир неча даъвосини рад этди ва унинг номи санкциялар рўйхатида қолди. 2024 йилги қарор устидан берилган апелляция эса ЕИ Адлия судида кўриб чиқилмоқда.

Германияда Усмановга нисбатан олиб борилган икки тергов кейинчалик тўловлар бўйича келишувлардан сўнг ёпилди.

2024 йилда Франкфурт прокуратураси Усмановга нисбатан икки йилдан ортиқ давом этган пул ювиш бўйича терговни ёпди. Усманов Германия давлати ва хайрия ташкилотларига жами 4 миллион евро ихтиёрий тўлов қилишга рози бўлди.

Прокуратура ишнинг ёпилиши Усмановнинг айбдор деб топилгани ёки судланганини англатмаслигини таъкидлади. Усманов адвокатлари эса тергов асосий гумонларни исботлай олмаганини билдирди.

2025 йил декабрида Германияда Усмановга қарши яна бир тергов ҳам ёпилди.

Терговда Усманов санкцияларни бузган бўлиши мумкинлиги текширилган. Хусусан, Бавариядаги икки уйни қўриқлаш учун 1,5 миллион евро тўлангани, шунингдек қимматбаҳо буюмлар, картиналар ва вино шишалари ҳақида Германия расмийларига маълумот берилмагани ўрганилган.

Усманов қонунбузарлик қилганини рад этган. У терговда тилга олинган уйлар ҳам ўзига тегишли эмаслигини билдирган.

Унинг адвокатларига кўра, Усманов ишни ёпиш учун Германия давлати ва хайрия ташкилотларига 10 миллион евро тўлашга рози бўлган. Ҳимоя томони бу тўлов жарима, жазо ёки айбни тан олиш эмаслигини таъкидлаган.

Германиядаги терговларнинг ёпилиши Усмановнинг ўзига нисбатан ЕИ санкцияларини бекор қилмади.

Тошкент ҳам Усманов масаласини ЕИ олдида кўтарган

Ўзбекистон ҳукумати ҳам Усмановга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ёки юмшатиш масаласини ЕИ олдида кўтарган.

Financial Times 2022 йилда Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқидан Усманов ва унинг синглисига нисбатан санкцияларни юмшатишни сўрагани ҳақида хабар берган.

Тошкент келтирган асослардан бири иқтисодий эди: санкциялар Усмановнинг Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятларига салбий таъсир қилиши мумкин.

Усманов масаласи Тошкент билан Европа ҳукуматлари ўртасидаги муносабатларда нозик мавзулардан бирига айлангани хабар қилинган.

Der Spiegel маълумотига кўра, Германияда Усманов билан боғлиқ объектларда тинтувлар ўтказилганидан кейин Ўзбекистон Германия элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақирган. Ўзбекистон ТИВ мулоқот тафсилотларини очиқламаган.

Усмановнинг Ўзбекистонда катта иқтисодий ва хайрия лойиҳалари бор.

Унинг президент Шавкат Мирзиёев оиласи билан ҳам қариндошлик ришталари бор. Усмановнинг 2013 йилда вафот этган жияни Бобур Усманов Шавкат Мирзиёевнинг жияни Диёрa Мирзиёева билан турмуш қурган эди.

Forbes маълумотига кўра, Усманов 2022 йилда Тошкентга кўчиб ўтган.

2023 йилда Тошкентда TGcom24 телеканалига интервью берган Усманов бизнесни бевосита бошқаришдан четлашганини, инвестицияларидан келадиган дивидендлар ҳисобига яшаётганини ва энди асосий эътиборини хайрия ишларига қаратаётганини айтган.

“Ҳа, мен Россия фуқаросиман, лекин она Ватаним манфаатлари билан яшайман”, деган у Ўзбекистон ҳақида.

Бойликни Ўзбекистонга бериш ваъдаси

Фарзанди бўлмаган Усманов бойлигининг келажаги ҳақида ҳам бир неча бор гапирган.

У 2013 йилда Forbes’га қариндошлари етарлича бой эканини айтиб, ўз бойлигини мерос қилиб қолдириш ўрнига Россия ва “тарихий ватани” Ўзбекистонда илм-фан, маданият ва спортни қўллаб-қувватлайдиган хайрия ишларига сарфлаш ниятини билдирган.

2023 йилда Тошкентда берган интервьюсида эса Усманов Ўзбекистонга ёрдам бериш учун “барча куч ва ресурсларини” сафарбар қилишини айтган.


Форум

XS
SM
MD
LG