Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:56

Усмонов ва санкциялар соясида. Мирзиёев Европа давлатларининг "тушуниши"га умид қилмоқда


Президент Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольц билан Берлинда. Германия, 2 май, 2023
Президент Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольц билан Берлинда. Германия, 2 май, 2023

Шу йилнинг 21 мартида Тошкентдаги Наврўз тантаналари чоғида мамлакатдаги немис диаспораси вакиллари билан мулоқот қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон—Германия муносабатларига юқори баҳо берди. 1−2 май кунлари Германияга ташриф буюришини айтган Мирзиёев “улар билан аллақачон тизим бор. Бизни [Германияда] яхши тушунишади ва мен буни жуда қадрлайман”, — деган эди.

Ўзбекистон раҳбари 2 май куни Германияга қўнар экан, айнан мана шундай тушунишга умид қилганини тахмин қилиш мумкин. Мирзиёев сафаридан бир йил олдин Қорақалпоғистонда норозилик намойишларини бостириш учун Ўзбекистон ҳукумати ўқотар қуроллардан фойдаланган эди. Шунингдек, Мирзиёев ташрифидан атиги бир неча кун олдин Ўзбекистонда ўтказилган референдум унга камида 2040 йилгача ҳокимиятда қолиш имконини берди.

Тошкент ўзининг яқин ҳамкори Россия Украинада бошлаган асоссиз уруш туфайли қийин аҳволга тушиб қолган. Бундан ташқари, Ғарб расмийлари Марказий Осиё пойтахтларини иккиламчи санкциялар ҳақида мунтазам огоҳлантириб келади.

Мирзиёев ҳукуматининг келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов билан алоқалари Тошкентни янада қалтис вазиятга туширган. Усмонов Путинга яқинлиги боис биринчилардан бўлиб Ғарб санкцияларига нишон бўлган эди.

"Ноллаштириш" олдидан: Мирзиёев Германияга сафар қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00

Ўзбекистон президенти администрациясига кўра, Мирзиёевни Берлинда яхши кутиб олишган.

Президент матбуот хизмати хабарида ёзилишича, 3 май куни Германия пойтахтида бўлиб ўтган учрашувда Германия канцлери Олаф Шольц Тошкентнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш ҳамда Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашни тезлаштиришга ваъда берган.

Германиядан Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми 5,5 миллиард долларга етган. Бу инвестициянинг асосий қисми сўнгги йилларда жалб қилинган.

Шольц билан учрашув арафасида бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар президент Мирзиёев сиёсатини танқид қилувчи плакатлар билан Берлиндаги Германия федерал канцлери идораси олдида норозилик акцияси ўтказишди.

Уларга кўра, Мирзиёев ўз икки президентлик муддати бошқаруви пайтида ислоҳотлар бўйича берган ваъдаларини бажармаган. Аксинча, мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий вазият оғирлашмоқда, ҳукуматни танқид қилаётган фаолларга босим кучайиб бормоқда.

Канцлер Шольц идорасига президент Шавкат Мирзиёев етиб келган пайтда эса яна бир гуруҳ ўзбекистонликлар пайдо бўлиб, танқидчи фаолларнинг олдини тўсиб қўйди.

Карнеги халқаро тинчлик жамғармасидан Темур Умаровнинг Озодликка айтишича, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа кўплаб давлатлари Ўзбекистоннинг анъанавий ҳамкори бўлган Россия “ишончсиз ва ўзгарувчан” эканини яхши билишади ва Тошкентга "муқобил вариант" таклиф қилишга тайёр.

Усмонов собиқ бош вазир Мирзиёевнинг етти йил аввал Ўзбекистонда ҳокимият тепасига келишида муҳим рол ўйнагани айтилади. Олигарх кейинги йилларда Тошкентнинг муҳим инвесторига айланган. Умаровнинг фикрича, Мирзиёев Шольц билан музокаралар чоғида уни санкциялар рўйхатидан чиқаришни очиқча сўрагани эҳтимоли кам.

“У (Мирзиёев) Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш ҳақида баралла гапирмайди, чунки бу унинг обрўсига путур етказиши мумкин. Аммо айрим [Ўзбекистон ва Германия] расмийлари ўртасида Ўзбекистон учун муҳим ҳисобланган шахсларга нисбатан санкцияларнинг таъсирини камайтириш бўйича музокаралар олиб борилиши эҳтимолдан холи эмас, деб ўйлайман”, — деди Умаров.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озодлик радиосининг Мирзиёев Германиядаги музокараларда Усмонов масаласини кўтариш-кўтармаслиги ҳақидаги сўровига дарҳол жавоб бергани йўқ.

Германиянинг Der Spiegel нашри ўтган йил ноябрида икки давлат олигархнинг молиявий фаолияти бўйича шошилинч музокаралар олиб борганини хабар қилган эди. Германияда Усмонов бир қанча мулкка эгалик қилади деб ишонилади.

Der Spiegel Германиянинг ҳашаматли Тегернзе кўли бўйидаги мулкларга қилинган рейдлар ортидан Тошкентдаги Германия элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилгани ҳақида ёзган.

Германия элчихонаси Озодлик радиосининг бу хабар бўйича изоҳ сўраб қилган мурожаатига жавоб бермади.

Бизнесга қайтиш

Мирзиёев Ўзбекистонни туризм ва хорижий сармояга очгани ҳамда чекланган даражада сўз эркинлигига изн бергани учун олқишланади. Унинг 2016 йилда вафот этган муросасиз устози Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида буларнинг барчаси чекланган эди.

Аммо бу ўзгаришларга қарамай, мамлакатда сиёсий рақобатга йўл берилгани йўқ.

30 апрель куни ўтказилган референдумда Конституцияга ўзгартиш киритиш маъқулланди. "Йўқ" компанияси умуман кузатилмаган референдумда, расмий маълумотларга кўра, овоз берувчиларнинг 90 фоизидан ошиғи Конституцияга киритилаётган ўзгартишларни ёқлаган.

Янги таҳрирдаги конституция лойиҳаси аввал-бошда Қорақалпоғистон Республикаси автономиясини чеклайдиган тузатишларни ўз ичига олган эди. Расмий маълумотларга кўра, бу ўзгаришларга қарши намойишларни бостириш чоғида 21 киши ҳалок бўлган.

Мирзиёев Берлинда. 3-муддат ва микрочиплар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:28 0:00

Мирзиёевнинг ташрифи олдидан Human Rights Wastch ташкилотининг Берлинда жойлашган Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳью Уильямсон “Мирзиёевни илиқ кутиб олиш инсон ҳуқуқлари бўйича очиқ мулоқотдан воз кечиш эвазига амалга оширилмаслиги керак”, — деган баёнот билан чиқди.

Уильямсон Ўзбекистонни Қорақалпоғистондаги зўравонликлар учун жавобгарликка тортишга чорлади.

“Ўзбекистон—Германия икки томонлама муносабатларини ҳисобга оладиган бўлсак, Германия президент (Мирзиёев)ни ўзининг кўплаб ислоҳот ваъдаларини бажаришга ундашда муҳим рол ўйнаши керак”, — дея қўшимча қилди Уильямсон.

Германия ташқи савдони ривожлантириш агентлигининг минтақавий мухбири Эдда Шлагер Озодликка берган интервьюсида Ўзбекистон билан таниш немис бизнеси орасида мамлакатга нисбатан ҳануз “оптимизм” сақланиб қолаётганини айтди. Унинг фикрича худди шу оптимизм сиёсий алоқаларга ҳам туртки бераётган бўлиши мумкин.

Ҳукуматга яқин UzDaily нашрининг хабар беришича, 2 май куни Берлинда бўлиб ўтган Германия—Ўзбекистон бизнес-форумида икки давлатнинг йирик компаниялари, холдинглари, банклари, вазирликлари, идоралари ва саноат бирлашмаларининг 250 нафар раҳбари иштирок этган.

Айни нашрнинг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг сўзларидан иқтибос келтиришича, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йил ичида икки бараварга кўпайган ва 2022 йилда 1 миллиард евродан (1,1 миллиард доллар) ошган.

“Ўзбекистон катта бозор, 35 миллион [нафар] аҳолига эга, улар орасида ёшлар кўп. Хусусийлаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича ислоҳотлар давом этмоқда”, — деди Шлагер.

“Ўйлайманки, немис компаниялари бизнес муҳити ва кейинги ислоҳотларга таъсир кўрсатадиган сиёсатдан хабардор, лекин назаримда Ўзбекистонда ҳамон мавжуд бўлган инсон ҳуқуқлари муаммоларидан хабардор бўлишни истамайди”.

Санкциялар таҳдиди

Мирзиёев Германияга мамлакат президенти Франк-Вальтер Штайнмайер таклифи билан ташриф буюрди. Ғарбда Мирзиёев ислоҳотларини дастаклаган Штайнмайер яқин йилларда (2019 йилда) Тошкентга борган Ғарбнинг энг юқори мартабали сиёсатчиларидан биридир.

Мирзиёев келаси ойда Италияга сафар қилиши кутилмоқда.

Кейинги ойларда Ғарб Марказий Осиёда санкциялар атрофидаги диплолматиясини кучайтирди. Ўтган ой Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О'салливан ҳамда АҚШ Молия вазирлигининг терроризмни молиялаштириш ва молиявий жиноятлар бўйича котиб ёрдамчиси Элизабет Розенберг минтақага сафар қилди.

Бир ҳафта аввал Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг санкциялар бўйича директори Дэвид Рид ҳам Қирғизистон ва Қозоғистонда бўлди. Бу ташрифлар ортидан Украинадаги урушдан азият чекаётган минтақа 2023 йилда иккиламчи санкцияларга йўлиқиш билан боғлиқ хавотирлар кучайди. Минтақа Россиянинг санкцияларни айланиб ўтиш ҳаракатларида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Қозоғистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ, Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо эмас.

Аммо Ўзбекистон расмийлари Усмонов билан алоқалари туфайли аллақачон санкциялар соясида қолишган. Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон”ида Усмоновнинг роли кучайган.

Reuters нашри Каримов вафотидан кейинги илк даврда Усмоновнинг Ўзбекистонда фаоллашганига эътибор қаратган. Собиқ президент олигархларга ишончсизлик билан қарагани маълум.

Мирзиёевнинг жияни Усмоновнинг 2013 йилда ҳозирда марҳум жиянига турмушга чиққан бўлган. Афтидан, Каримов ўлимидан кейин ҳокимият учун бошланган курашда Усмонов Мирзиёевни қўллаб-қувватлаган.

Кейинчалик Ўзбекистон расмийлари ҳукумат Мирзиёевнинг расмий хизмат сафарлари учун Усмоновнинг шахсий самолётини ижарага олганини тан олди, аммо келишув шартлари ошкор этилмади. Ғарб санкциялари эълон қилинганда Airbus A340-300 йўловчи лайнери мусодара қилинадиган мулклар сафидан ўрин олди.

Усмоновга қарши охирги санкциялар USM Holding ташкилотини ҳам нишонга олади. АҚШ Молия вазирлиги бу холдингни “Усмонов компанияларининг аксариятига эгалик қиладиган ва назорат қиладиган асосий тузилма” деб атайди.

USM холдингнинг энг йирик активлари Россияда бўлса-да, санкциялар Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводи бўлмиш “Оҳангаронцемент” ва Digital Invest компаниясини ҳам нишонга олди. Ўзбекистоннинг “Газета” хусусий ахборот сайтига кўра, Digital Invest Ucell йирик телеком компаниясида улушга эга ҳамда “ёрлиқлар билан шуғулланади”.

Ўтган йили Усмоновга қарши илк санкциялар жорий қилинаркан, USM Ўзбекистондаги энг йирик тижорат банки бўлмиш “Капиталбанк” банкида яқинда сотиб олган аксарият улушидан воз кечди.

Усмонов июль ойида Forbes журналига берган интервьюсида санкциялар “сўнгги бир неча йил ичида кўп вақтимни ўтказаётган Ўзбекистондаги фаолиятим учун ҳам тўсиқ яратяпти” деди. Олигарх санкцияларни адолатсиз деб атади ва уларга қарши курашиш ниятини изҳор қилди.

Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Давид Канкаринининг айтишича, Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелнинг ўтган йил октябрида Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон расмийлари "Усмоновни ҳимоя қилишган". Financial Times нашри ҳам Тошкент Брюсселда Усмонов манфаатларини ҳимоя қилаётгани ҳақида ёзган.

Давид Канкарини Мирзиёев июнь ойида Италияга қиладиган сафари чоғида Усмоновни шахсан ҳимоя қилишига ишонмайди. Усмонов Италияда ҳам муаммоларга дуч келган. Унинг Сардиниядаги 20 миллион долларга баҳоланган вилласи расмийлар томонидан мусодара қилинган.

Аммо Канкаринининг фикрича, Мирзиёев Европанинг “прагматик ёндашуви”га умид қилаётган бўлиши мумкин. Унинг фикрича, Мирзиёев бу сафар Европа Иттифоқи асосчиларидан бўлган Германия билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Тошкентнинг "халқаро майдонда сиёсий легитимлигини кучайтириш”ни кўзлаётган бўлса, ажаб эмас.

“Италия ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласини деярли кўтармаслигига ишончим комил”, — деди Канкарини Озодлик билан суҳбатда.

Унинг фикрича, хавфсизлик ва иқтисодиёт кун тартибида юқори ўринни эгаллайди.

Форум

XS
SM
MD
LG