Лукашенко портлаш баҳона мухолифларини қўрқитишга киришди
11 апрел куни Минск метросида рўй берган портлашдан саноқли дақиқалар ўтиб Беларус президенти Александр Лукашенко "бу портлашдан¸ мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликни бузишдан ким манфаатдор?"¸ деган саволни ўртага ташлади.
Гарчи портлаш юзасидан бошланган тергов-текширув жараëни ҳали бошланғич нуқтада бўлса-да¸ ҳам Ғарб матбуоти¸ ҳам Беларус блогерлари ва кўплаб мустақил кузатувчилар¸ Лукашенко қўйган саволга "бу портлашлардан энг кўп Лукашенконинг ўзи манфаатдор"¸ деган мазмунда жавоб беришмоқда.
“Беларус борган сари иқтисодий бўҳрон тубига шўнғимоқда¸ Лукашенко мамлакатни қулашдан сақлаб қолиш учун Россиядан 3 миллиард доллар фавқулодда қарз сўрашга мажбур бўлди¸ аҳолининг эртанги кунга қўрқуви кучайиб кетганидан банклар олдида турнақатор навбатлар кўпаймоқда¸ одамлар қора кунга деб¸ бузилмайдиган озиқ-овқат заҳиралари тўплашга киришган. Бундай вазиятда халқ орасида эътибори тезликда тушиб бораëтган Лукашенко хавфсизлик бўҳронидан ўз сиëсий мақсадларидан фойдаланади¸ биринчи галда одамлар норозилигини бостиришга уринади¸ мухолифатни ëмонотлиққа чиқаради”.
Булар шу кунларда Беларус блогистонида қизғин муҳокама этилаëтган асосий тахминни қўллаш учун келтирилаëтган мантиқий мулоҳазалардир.
Ҳозирча Беларус расмий идоралари метродаги портлашга алоқадорликда гумонланган икки шахснинг ҳибсга олинганини билдирса-да¸ портлаш кимнинг иши¸ деган саволнинг расмий версиясини жамоатчиликка эълон қилгани йўқ.
13 апрел куни матбуот анжумани ўтказган Лукашенко¸ бу ҳужумни ким уюштирганини билиши мумкинлиги боис мухолифат етакчиларининг ҳам сўроқ қилиниши ҳақида баëнот берди.
КГБча портлашлар...
Президент Лукашенконинг 13 апрел куни портлашлардан дарҳол ўз сиëсий мухолифларини дискредитация қилиш учун фойдаланишга киришгани Минскдаги расмий тергов ривожининг постсовет ҳудудларида обдон сийқалашган ўзанга бурилганидан берилган илк даракчидир¸ дейди постсовет ҳудудларидаги жараëнларни яқиндан кузатиб келаëтган тарихчи олим ва журналист Олег Панфилов.
- Минскдаги портлашлардан сўнг дарҳол эсга келадигани бу 1999 йилги Тошкент портлашлари¸ Душанбеда¸ Москвада ва Тбилисида рўй берган шунга уйқаш портлаш ва суиқасдлардир. Бу террор хуружларини сиëсий мухолифат¸ ëхуд радикал диний гуруҳлар уюштирди¸ деган расмий версия ҳозирга қадар жамоатчиликни ишонтира олган эмас.
Бу портлашлар бир-бирга қиëсланса¸ постсовет ҳудудларидаги ҳукуматларнинг дипломатик¸ геополитик ва ички иқтисодий-ижтимоий сиëсатдаги ўз мағлубиятини айнан террор ҳужумлари воситасида ҳал қилаëтганига гувоҳ бўламиз. Зотан КГБ ҳаммаëқни ўз кучли назоратига олган мазкур мамлакатларда бу каби портлашларни амалга ошира оладиган радикал кучлар борлигига ишониш ўта қийин¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Тбилисидаги Илия университети профессори¸ тарихчи Олег Панфилов.
Тошкентда асосий расмий гувоҳ гувоҳликдан тонди
1999 йил февралида Тошкентда¸ 1999 йил сенябрида Москвада уюштирилган кетма-кет портлашлар ортидан бу террор хуружларини Ўзбекистон ва Россия махсус хизматларининг ўзи уюштирди ва улардан ҳукмрон режим манфаат кўрди¸ деган тахмин ҳали-ҳамон мубоҳасалар марказидан тушмай келаëтир.
Ўзбекистон расмийлари 16 феврал куни Тошкентнинг бир неча районида кетма-кет рўй берган портлашлар учун Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчи ва фаоллари¸ шунингдек 1991 йилги президент сайловларида Каримовнинг ягона рақиби бўлган Муҳаммад Солиҳни айблаган эди.
1999 йил 16 феврал куни президент Каримов портлаш содир бўлган жойдан туриб айбдорларнинг кимлигини билишини айтди
Аммо портлашларда айбланиб қамоққа ташланган Ўзбекистон исломий ҳаракати лидерларидан бири Зайниддин Асқаров 2003 йил 26 ноябр куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳужрасида Озодлик, BBC ва Америка овози мухбирлари билан суҳбат чоғида¸ Тошкент портлашларини Ўзбекистон махсус кучларининг ўзи уюштирди¸ деган даъвони қилган эди:- «Взрыв» бада-баданг портлашганидан беш минут ўтар-ўтмас, Ислом Каримов, Рустам Иноятов, Зокир Алматов майдонга етиб келишаяпти ва худди олдинги тайёрланган сценарийдан хабардор бўлгандай, бу нарсаларни диний «религиозный фанатик» лар қилди, ким қилганлигиниям биламиз, бирон муддатда ҳаммасини тутамиз, деган хитоб билан чиқаяпти, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ. Нимага деса, бу нарсани билди олдиндан. Бошқарган Ислом Абдуғаниевич Каримов¸ Иноятов¸ Алматовлар тўхтатиб қолмаганлиги биларди¸ машина келиб тўхташ сценарийсигача биларди булар¸ деган эди 2010 йилнинг ноябрида қамоқхонадан ўлиги чиққан Зайниддин Асқаров.
Москва портлашлари Путинни президент қилди...
Худди шундай¸ "ФСБ Россияни портлатмоқда" номли китоб муаллифи¸ собиқ ФСБ подполковниги Александр Литвиненко 1999 йил сенябридаги Москва портлашлари ортида Путин ва у бошқарган махфий хизматлар тургани ҳақида гапира бошлагач¸ 2006 йилда Лондонда сирли тарзда полоний моддасидан заҳарланиш оқибатида ўлдирилди.
Бу портлашлардан энг кўп ким манфаат кўргани эса¸ жамоатчиликка сир эмас :
1999 йилнинг 9 август куни Россия Бош вазири лавозимига тайинланган ФСБ директори Владимир Путин 30 сенябр куни иккинчи Чечен урушини бошлади. 31 декабр куни Путин президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 2000 йилнинг 7 май куни эса Путин Россия президентлигига сайланди.
Бу воқеалар ўртасида мантиқий боғлиқликдан ташқари амалий муштараклик ҳам борми¸ ëки бу шунчаки тасодиф¸ бу саволга ҳозирча факт ва далиллар воситасида аниқ жавоб бериш имконсиз қолмоқда.
Махфий хизматлар фитнаси ҳақидаги гаплар ахмоқлик...ми?
11 апрел куни Минскда¸ 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда ва 1999 йил сенябрида Москвада уюштирилган фалокатли портлашлар Беларус¸ Ўзбекистон ва Россия махсус хизматларининг иши¸ деган тахмин мухолифлари бу версияни ана шундай баҳолайди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) полковниги Владимир Луценко ана шундайлардан бири.
- Фитна назарияси ишқибозлари Москвадаги портлашларни ФСБ нинг ўзи уюштирди¸ Путин ҳокимиятга келиш учун оддий россияликларни ўзи портлатиб юборди¸ деган гапларни ҳамон гапиришади. Бунақа тутуриқсиз гапларни аввал ҳам эшитганмиз ва бундан кейин ҳам эшитаверсак¸ ҳайрон бўлмайман¸ дейди Россия хавфсизлик хизмати офицери Озодлик билан суҳбатда.
Постсовет ҳудудларидаги махсус хизматлар фаолиятини мунтазам ëритиб келаëтган Agentura.ru тадқиқот маркази муҳаррири Андрей Солдатов Минск¸ Тошкент ва Москва портлашлари КГБ чилар иши¸ деган кенг тарқалган тахминни исботлашнинг амалда деярли имконсиз эканини айтади.
- Бундай вазиятларда ҳақиқатни ойдинлаштириш жуда қийин. Махсус хизматлар кўп ҳолларда портлашларни ўзлари уюштирмайди¸ бу ишни улар қандайдир террор гуруҳлари ичига ўз агентларини киритиб¸ уларни йўналтириш орқали қилади ëхуд террор режасини олдиндан билган ҳолда¸ уни атайлаб тўхтатмайди. Аммо кимнинг қачон ким орқали қандай портлатганини исбот қилувчи далилларни қўлга киритишнинг иложи йўқ. Айниқса¸ портлашларга улар содир этилган мамлакат махсус хизматларининг ўзи алоқадор бўлса¸ бу жиноят излари қойилмақом тарзда ëпиб ташланади. Мен ҳозирга қадар постсовет ҳудудларида махсус хизматларнинг террор хуружларини ўзлари уюштирганини тасдиловчи фактларни кўрганим йўқ¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Андрей Солдатов.
Террор - диктатура боласи
Гарчи ҳозирча постсовет ҳудудларидаги режимларнинг вақт-вақти билан ўз халқига қарши террор ҳужумлари уюштириб келаëтганини фактлар билан исботлаш қийинлигича қолаëтган бўлса-да¸ улар нусха олган СССР бошқарув усулларига оид тарихий фактлар КГБдан ўсиб чиққан Ўзбекистон¸ Россия ëки Беларус махсус хизматларининг нима мақсадда бундай жиноятни амалга оширишини ойдинлаштиради¸ дейди тарихчи профессор Олег Панфилов.
- Ҳар қандай диктатура¸ таги лиқиллаб қолганда¸ ўзини сақлаб қолиш учун террор ҳаракатларига қўл уради. Ҳар бир террор хуружи оммани муайян бир позицияга солишга қаратилган. Шу маънода¸ террор хуружларининг ўзидан кўра¸ улардан сўнг бошланадиган тарғибот-ташвиқот кампанияси муҳимроқдир.
Тошкент ëки Москва портлашларидан сўнг давлат назоратидаги оммавий ахборот воситаларида қайта-қайта кўрсатилган дастурлару¸ ëзилган мақолаларни бир эсланг-а! Ўшанда давлат пропагандаси ҳадафи халқни қаттиқроқ қўрқувга солишга қаратилган эди¸ бугун айни шу нарса энди Беларусда бошланди. Кучга таянадиган тоталитар тузумлар моҳияти ҳам айнан оммани доимий қўрқувда ушлаб туришдир¸ дейди тарихчи профессор ва журналист Олег Панфилов.