Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:52

Россия виза режимини жорий қилиши мумкин


Россия Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва Федерал миграция хизматлари Давлат Думасида ўтказилган йиғилишда Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун паспорт назоратини кучайтириш ва умуман визасиз режимни бекор килиш таклифи билан чиқди. Марказий Осий мамлакатлари билан визасиз режимни бекор қилиш ташаббуси Давлат Думаси депутатларининг кўпчилиги томонидан маъқулланди.


Россия манфаати ва миллий хавфсизлиги нуқтаи назаридан Марказий Осиё минтақасида ўз сиёсий стратегиясини қайта кўриб чиқиши зарур. Бу баёнот 13 апрел куни Россия парламентида “Марказий Осиё минтақаси: стратегик ҳамкорлик ва хавфсизлик масалалари” мавзусида бўлиб ўтган ёпиқ муҳокамада янгради.

Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва Федерал миграция хизматлари мулозимлари Дума депутатларига Ўзбекистон, Тожикистон Туркманистон ва Қирғизистон билан мавжуд визасиз режимни бекор қилиш таклифи билан чиқди.

Биринчи учта ҳисоботдан ташқари қолган масалаларнинг барчаси ёпиқ тарзда муҳокама қилинди, дейди Давлат Думасининг МДҲ ишлари бўйича Қўмита раиси муовини Анатолий Корендясев Озодлик билан бўлган суҳбатда.

- Бу ерда ҳеч қандай сирли масалалар муҳокама этилгани йўқ. Бу МДҲ ишлари бўйича Қўмитанинг режа асосида олиб борилган иши эди. Муҳокамаларга биз иложи борича миграция сиёсатини ишлаб чиқадиган идораларни жалб қилишга уриндик. Йиғилишда биз ўз заҳираларимиз, имкониятларимиз ва Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама этдик,- дея умумий сўзлар билан чекланди депутат Анатолий Корендясев.

Думанинг бу йиғилишида Россиянинг Марказий Осиё минтақасида таъсирининг сусайиши ва бу давлатларда вужудга келиши мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш масалалари ҳам кўтарилгани айтилмоқда.

“Парламентская газета”нинг хабар қилишича, Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Григорий Карасин мажлисда қилган чиқишида “Россия Марказий Осиё сиёсий майдонида етакчи ролга даъво қилаётгани йўқ ва ҳамкорликка тайёр. Марказий Осиёда барқарорлик бўлмаса, Россия Федерациясида барқарорлик ва тараққиёт бўлишини тасаввур қилиш қийин”, дея таъкидлаган.

Россия Ташқи ишлар вазири муовини Марказий Осиё мамлакатлари қатор соҳаларда ислоҳотлар ўтказиши кераклиги, акс ҳолда бу минтақада Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги вазият такрорланиши мумкинлигини таъкидлади.

“Актуальные комментарии” нашрига кўра, йиғилишда сўзга чиққан ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский Россиянинг Марказий Осиё минтақасида вужудга келган муаммоларини “сиёсатчиларнинг мутахассисларга қулоқ солмаётгани” билан изоҳлади.

- 20 йил давомида Марказий Осиё билан боғлиқ муаммолар юзасидан бирор киши менга мурожаат қилгани йўқ. Ваҳоланки мен бу минтақани яхши биладиган ягона сиёсатчиман, деди Владимир Жириновский.

Ёпиқ тарзда ўтказилганлигига қарамасдан, Марказий Осиёга нисбатан Россиянинг янги сиёсий стратегияси муҳокамасида бевосита иштирок этган депутатлардан бири Давлат Думасининг Халқаро ишлар бўйича Қўмита аъзоси Семён Багдасаров йиғилишда кўрилган айрим масалалар ҳақида Озодликка гапириб берди.

Марказий Осиё билан боғлиқ масалалар айнан ҳозир муҳокамага қўйилганини изоҳлар экан, Давлат Думаси депутати Семён Багдасаров Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларида жиддий муаммолар йиғилиб қолганини таъкидлади.

- Бу, айниқса ҳозир жуда долзарб масала. Бунда Россия Федерацияси хавфсизлиги учун иккита масала жуда муҳимдир: бу Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан келаётган наркотраффик ва террорчилик хавфи. Афсуски, афғон-тожик чегараси очиқ, турли террорчилик гуруҳлари Тожикистон, Қирғизистон ҳудудлари орқали визасиз режимдан фойдаланган ҳолда бемалол Россияга кириб келмоқда,- деди Семен Багдасаров.

“Давлат Думасидаги Марказий Осиё билан чегараларни мустаҳкамлашга оид муҳокамалар Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги воқеаларга алоқаси борми?”, саволимизга Семен Багдасаров бугунги кунда дунедаги барча сиёсий воқеаларни Шимолий Африка ва Яқин Шарқ воқеаларига боғлаш “мода”га айланиб бораётганини гапирди.

- Марказий Осиёдаги барчага маълум воқеалар Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда Шимолий Африкадан анча олдин содир бўлган. Бу минтақада норозилик чиқишлари перманент (муал.доимий) ҳусусиятга эга. Шунинг учун менинг фикримча, Марказий Осиё давлатларининг демократияни ўрнатиш талаблари билан ички сиёсатига аралашиш мутлақо бемаънилик, деб ҳисоблайман: бу билан одатда АҚШ шуғулланади. Россия шахсий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда бир неча ойларда, балким бир йил ичида Марказий Осиё давлатлари билан визасиз режимни бекор қилади, дея маълум қилди Россия Давлат Думасининг Халқаро ишлар бўйича Қўмита аъзоси Семен Багдасаров.

Унинг сўзларига кўра, чегараларнинг ёпилиши Марказий Осиё, айниқса Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлатлари учун жиддий иқтисодий ва сиёсий муаммоларни вужудга келтириши мумкин.

- Аммо биз биринчи навбатда миллий хавфсизлигимизни ўйлашимиз керак, ваҳоланки бу мамлакатлар раҳбарлари сўнгги пайтларда Россияга нисбатан иқтисодий, ҳарбий ва бошқа соҳаларда дўстона бўлмаган сиёсат юргизмоқда, АҚШ ва Хитой билан яқинлашмоқда. Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари Россияга наркотик оқимини, террорчилик хуружларини тўхтатишни ва Россия Федерациясининг манфаатларини сўзда эмас, амалда ҳимоялай олишини ўйлаб кўрсин,- деди Россия Давлат Думасининг Халқаро ишлар бўйича Қўмита аъзоси Семен Багдасаров Озодлик билан бўлган суҳбатда.

Глобаллашув ва ижтимоий ҳаракатлар институти директори Борис Кагарлицкий Россия ҳукуматининг Марказий Осиё масалаларига бундай жиддий эътиборини қаратишини биринчи навбатда миграция соҳасида вужудга келган муаммолар билан боғлайди.

- Бир неча йилдан буён миграция соҳасида юзага келган тартибсизлик ҳақида гапирилаётган эди. Бу аслида ҳам шундай. Бунга жамиятда авж олган миллатчилик ташвиқоти ва тарғиботи ҳам қисман сабабчи. Лекин бу соҳада яна шошма-шошарлик билан қабул қилинаётган қарорлар тескари натижа бериши мумкин: масалан, ноқонуний миграциянинг авж олиши. Бошқа томондан, Россияда мигрантлар сонининг камайиши мамлакатда ойликларнинг ошиши, миллий низоларнинг камайишига олиб келиши мумкин,- дея ўз фикрини билдирди Глобаллашув ва ижтимоий ҳаракатлар институти директори Борис Кагарлицкий.

Думадан олинган маълумотларга кўра, Марказий Осиё масалаларига оид муҳокамада Давлат Думаси, Федерация Кенгаши, президент маъмурияти, Ташқи ишлар вазирлиги, Хавфсизлик Кенгаши, Миграция хизмати, Гиёҳванд моддаларни назорат хизмати, Мудофаа вазирлиги ва бошқа давлат ва йирик бизнес вакиллари иштирок этди.
XS
SM
MD
LG