Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:13

Афғонистонда тўйларни назорат қилиш тизими ишланмоқда


Кобулдаги минг меҳмон сиғадиган тўйхоналардан бирининг оқшомги кўриниши.
Кобулдаги минг меҳмон сиғадиган тўйхоналардан бирининг оқшомги кўриниши.

Афғонистонда тўйларни назорат қиладиган маънавий полиция фаолиятини қайта тиклаш тўғрисида қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кутилмоқда.


Янги қонун лойиҳасига биноан Афғонистонда тўй қиладиган фуқаролар тўйда Ислом талаби асосида кийим кийиши, ғарбона очиқ либосларни киймаслиги лозим.

Кобул университетининг ҳуқуқшунослик бўлимини якунлаган Абдул Самий Сафий Озод Афғонистон радиоси жамоаси уюштирган давра суҳбатида иштирок этган ва янги қонун лойиҳасига қарши чиққан ёш кобулликлардан бири ўлароқ бу билан мамлакат яна Толибонлар ҳукмронлиги даврига қайтмоқда, деб ҳисоблашини айтди.

- Қандай кийим кийиш бу сизнинг шахсий ишингиз. Мен бу қадар шахсий масалага аралашувни фуқароларнинг оилавий ҳаётига аралашув, деб ҳисоблайман. Мен тўйларнинг назорат қилинишига қаршиман. Кишиларнинг шахсий ёҳуд оилавий ҳаётига бу таҳлит аралашувга йўл қўйиб бўлмайди, дейди Абдул Самий.

Бир қарашда, Афғонистондаги бугунги ҳаёт тарзи учун бу қонун лойиҳаси у қадар зиддиятлидек туюлмайди.

Боиси, мамлакат Адлия вазирлиги бу билан тўйларда авж олиб бораётган ортиқча дабдаба ва сарф-ҳаражатларни тартибга солиш ниятини тилга олмоқда.

Чунки, мамлакатда қиз чиқариш ёҳуд ўғил уйлантириш ҳаражатлари аксарият ўртаҳол оилалар ҳам удда қила олмайдиган даражада ортиб бораётгани айтилади.

Иккинчи тарафдан, қонун лойиҳасида маҳаллий қўмиталар тузиш ва улар ёрдамида тўйларни кузатиш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган. Қўмиталар аёлларнинг ғарбона кийимда бўлмаслиги, аёллар ва эркакларнинг аралаш ўтирмаслигини назорат қилиш ваколатига ҳам эга бўлади.

Ҳозир Афғонистонда ғарбона услубда қурилган ва камида 300-500 одамга мўлжалланган 3-4 қаватли тўйхоналар ҳар бир йирик шаҳарда қурилган.

Оқшом тушиши билан неон чироқлари шуъласи ўйнай бошлайдиган айрим тўйхоналарни аҳоли саройларга қиёслайди, ҳатто.

Айниқса, Кобул марказидаги “Париж оқшоми” деб номланган ва пештоқига Эффэйл минораси монументи ўрнатилган ҳамда остонасида бир неча Лимузин русумидаги автмобиллар терилган тўйхона Толиблардан озод бўлган Афғонистонда ғарбона услубда тўй қилиш истаги қанчалик кучли эканига яққол далолатдек қад ростлаган.

Бу тўйхонага бир вақтнинг ўзида 1 минг 200 меҳмон сиғади ва бир кеча уни ижарага олиш учун бир неча юз минг АҚШ доллари керак бўлади. Бундан ташқари, бу тўйхонада ўтадиган базмларда иштирок этиш учун аёллар ва эркаклардан замонавий, қарийб Ҳолливуд русумида бўлган кийим кийиш талаб қилинади.

Ана шундай дабдабани кўрган аксарият афғонистонликлар бир тарафдан Адлия вазирлиги сайъ-ҳаракатларини оқлаши ҳам мумкин. Чунки, қонунда тўйда иштирок этадиган меҳмонлар сонини 300 дан, улар учун ҳаражатни эса 5 доллардан оширмаслик шарти бор.

Аммо, буни олқишлаган айрим афғонистонликлар ҳам қонун лойиҳасида кўзланган талаблардан бири — тўйларни назорат қиладиган қўмиталар таркибида Дин ишлари бўйича вазирлик мутасаддилари бўлишига қарши бўлмоқдалар.

- Мен бу қонун учун овоз бермайман, чунки, ундан яна муллалар фойдаланиб қолади, дейди жумладан, Афғонистон парламентининг ёш аъзоларидан бири Ҳабиба Дониш.

Афғонистондаги бугунги сиёсий вазиятни кузатиб турган фуқаролар орасида янги қонун лойиҳаси мамлакат тинчлигини бузиб турган Толиблар билан тинчлик сулҳига эришиш йўлида бораётган сиёсатнинг маҳсули, яъни Толиблар билан муросани осонлаштириш йўли, деб фикрлагувчилар ҳам кўп бўлмоқда.

Шу ўринда қўшимча қилиш керак, қабул қилиниши кутилаётган қонун лойиҳаси нафақат тўй ҳаражатларини озайтириш ва тўйларни назорат қилувчи қўмиталарни тузиш, балки мамлакатдаги савдо мажмуаларида қўмита тасдиғидан ўтмайдиган тўй либосларини сотишни ҳам тақиқлайди.

Ҳозирча, Афғонистон парламентининг бу лойиҳани қачон муҳокама қилиши номаълум.
XS
SM
MD
LG