Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:03

Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқарилади


Инсулин гормони ҳозирча Ўзбекистонга импорт қилинади.
Инсулин гормони ҳозирча Ўзбекистонга импорт қилинади.

Ўзбекистонда қандли диабет билан оғриган беморларга бериладиган инсулин дори-воситасини ишлаб чиқарадиган завод қурилади. Швейцариянинг Ival AG ширкати бунинг учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратди.


“Ўзфармсаноат” давлат концернининг Сармоя, маҳаллийлаштириш ва замонавийлаштириш мониторинги бўлими бошлиғи Рамзулло Забихўжаев Озодлик билан суҳбатда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қурилиши мўлжалланаётган завод ҳақида бундай деди:

- Инсулин, асосан инсулин чиқаришга мўлжалланган завод. Инсулин (ҳозирда Ўзбекистонга) четдан келтириларди. Шунинг учун шунақа завод қуриш бизга жуда маъқул бўлдида. Ҳозирги пайтда лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилаяпти. Ival AG Швейцария корхонаси шартнома тузган. Лойиҳа тайëр бўлгандан кейин қурилиш ишлари бошланади. Лойиҳа бўйича завод қиймати тахминан 150 миллион АҚШ доллари миқдорида белгиланган, аммо Ival AG корхонасининг директорлар кенгаши раисининг гапи бўйича улар кейинчалик шу заводни яна ҳам каттароқ қилиб, маблағни яна ҳам кўпайтиришмоқчи,- дейди “Ўзфармсаноат” концерни бўлим бошлиғи.

Рамзулло Забихўжаевга кўра, бу завод нафақат қандли диабет билан оғриган ўзбекистонлик беморларнинг инсулинга бўлган эҳтиёжини тўла қондиради, балки келажакда бу дорини экспорт қилиш имкони ҳам пайдо бўлади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда мамлакатда 118 минг киши қандли диабет ташхиси билан рўйхатга олинган ва улар ҳукумат томонидан текин дори билан таъминланади.

Ўзбекистонга инсулин фақат хориждан импорт қилинади.

Қашқадарёнинг Чироқчи туманида шифокор бўлиб ишлаётган Наримон Давлатовнинг айтишича, қандли диабет билан оғриган беморлар диспансер рўйхатида туради ва улар текин дори-дармон билан таъминланган:

- Қандли диабет касали билан касалланганлар ҳар бир маҳалладан иккита-учта чиқиб туради, бор. Одамлар учрайди. Инсулин гармони ҳозир ойма ой текинга берилади. Бизлар яшайдиган жойда касаллар кам. Шуларга ўз вақтида инсулин гармони бериб турилади. Шприци билан биргаликда шу одамнинг ўзига берилади.

Албатта, агар Ўзбекистоннинг ўзида бу дори ишлаб чиқариладиган бўлса, яхшида. Чунки чет давлатдан кўпчилик дорилар валюта ҳисобига келтирилади, Канададан, Полшадан, Ҳиндистондан, Голландиядан. Анча яхши бўладида. Ўзимизни таъминлайди, четга дори чиқаради,- дейди қашқадарёлик шифокор.

Бироқ, баъзи иқтисодчилар Ўзбекистонни хорижлик сармоядорлар учун таҳликали давлатлар қаторида кўради.

Ўзбекистонлик иқтисодчи, айни пайтда МДҲ мамлакатларининг бир нечтасида тадбиркорлик қиладиган Фаррух Ҳожиакбаров хориж инвестицияси дивиденд бериши фақатгина Ўзбекистон ҳукумати раъйига боғлиқдир, деган фикрда:

- Швейцария компаниясининг кириши, бу яхши. Энди бу ўша тепадаги окаларнинг шартномаси бўйича бўляптида. Ўзи Ўзбекистонга инвестиция киритишга рухсат олишнинг ўзи жуда мушкул. Бу компания рухсат олган экан, демак келажакда уларнинг ишлаши ва ишламаслиги бу Ўзбекистон ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсатига боғлиқ. Яна бу инвестицияни нозиклиги ўзбек сўмининг қадри ва конвертацияси билан боғлиқ. Инвесторларнинг қандай киришидан қатъий назар, биз уларни яхши ёки ёмон дея олмаймиз. Чунки улар бизнинг шароитимизни яхши билади.

Мана Жанубий Кореядан, Хитойдан, Туркиядан, Швейцариядан ва бошқа мамлакатлардан кирган компаниялар Ўзбекистонда ишлолмай кетиб юборди. Чунки уларга инвестиция шароити яратиб берилмади. Янги инвесторлар эса окахонлардан гарант олган шекилли. Чунки агар ҳукумат даражасидаги гарант бўлмаса, ҳозир Ўзбекистонга инвестиция кирмайди,- дейди иқтисодчи Фаррух Ҳожиакбаров.
XS
SM
MD
LG