Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2018, Тошкент вақти: 05:50

“Абу Сахий” эгаси ўзгармоқда. Тиллаевдан кимга ўтаëтгани ҳозирча номаълум


Абу Сахий эгаси Ўзбекистон марҳум президентининг кенжа қизи Лола Каримованинг эри Тимур Тиллаев эди.

Ўзбекистон марҳум президентининг куëви Тимур Тиллаевга қарашли Абу Сахий компанияси бир қўлдан бошқасига ўтмоқда. Бундай жараëн бораëтганини тасдиқлаган Тимур Тиллаев адвокати¸ бошқа тафсилотларни очиқламади.

Бир жумла жавоб

11 декабрь куни Озодликка йўллаган электрон жавобида Тимур Тиллаев ва Лола Каримова-Тиллаеваларнинг АҚШдаги адвокати Mark F. Raymond “сўровингизга нисбатан эгаликнинг ўзгариш жараëни бораëтганини билдираман”¸ деб ëзди.

Айни пайтда¸ Тиллаев(а)лар адвокати Озодликнинг мавзу юзасидан 8 декабрь куни юборган бошқа саволлари¸ хусусан¸ ширкат эгаси ўзгараëтгани унинг карго хизматларига қандай таъсир этиши ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди.

Абу Сахийга топширилган импорт молларидан дарак йўқ

Ўтган ҳафта Озодликка мурожаат қилган ширкат карго хизмати мижозлари¸ яна хориждан Абу Сахий орқали мол олиб келиш тўхтаб қолганини билдирди.

“Абу Сахий каргоси ёпилипти. Хитойдан мол урган тадбиркорлар молини ололмай юришибти. Гапларига караганда¸ карго фуралари Қорасувда туриб қолган. Карго ходимларидан сўрашса¸ батамом ёпилдик¸ нима бўлишини билмаймиз деяпти”¸ деб ëзди Абу Сахийнинг исми очиқланишини истамаган мижозларидан бири.

Озодлик суҳбатлашган бошқа бир тадбиркор ҳам¸ Хитойдан Абу Сахий орқали юборилган электроника товарларини ола олмай¸ асабийлашаëтганини билдирди.

“Ҳар кун телефон қиламиз. Ана келаяпти¸ мана келаяпти дейди. Бугун (14 декабрь -таҳр.) гаплашсак¸ моллар ҳали Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтмаган. Ҳафта охиригача кеп қолар¸ деган мужмал гап қилишди. Ўтган йилгидек яна Янги йил олди товарсиз қоладиганга ўхшаймиз¸” деди Абу Сахий бозорида савдо қилиб келаëтган бу тадбиркор.

Ўтган ой Урумчидаги Абу Сахий омборига юк топширишга борган бошқа бир савдогарга кўра¸ ширкатнинг Хитойдаги хизматчилари Тошкентга юбориш учун юк олган¸ аммо товарларнинг қачон етказиб берилиши¸ умуман етказиб берилиш-берилмаслиги борасида кафолат йўқлигини билдирган.

Ана шундай мавҳумлик вазиятида¸ Абу Сахий хизматчилари товар топширган савдогарлар юкини қабул қилиш учун “ҳеч қандай даъво қилмайман” деган тилхатга қўл қўйдиришмоқда¸ деган бу савдогар ўзига берилган тилхат нусхасини Озодликка йўллади.

Абу Сахийнинг Урумчи омборхонасида имзолаш талаб қилингани айтилган тилхат нусхаси.
Абу Сахийнинг Урумчи омборхонасида имзолаш талаб қилингани айтилган тилхат нусхаси.

Абу Сахий – Буюк ипак йўлига айланадими?

Озодлик боғланган айрим Абу Сахий мижозлари¸ импорт юкларининг Тошкентга олиб келинишидаги муаммоларнинг ширкат эгаси ўзгаргани билан боғлиқлигини тахмин қилишди.

“Айтишларича¸ эгаси ўзгарипти. Каримовнинг куëви уни сотипти. Янги йилдан янги ном билан иш бошлайди¸ дейишаяти. Баъзилар¸ янги ширкатнинг карго хизматлари камида 20 фоизга қимматлайди¸ зато савдогарларга растаможка қоғозини беради¸ деяпти. Аниқ гап йўқ лекин”¸ деди йиллардан бери Абу Сахий орқали Хитойдан товар олиб кириш билан шуғулланаëтган савдогарлардан бири.

Бу суҳбатдошнинг билдиришича¸ Абу Сахий мижозларига 2018 йил январь ойидан бунақа номдаги ширкат бўлмаслиги¸ унинг ўрнига Буюк ипак йўли ширкати фаолият бошлаши оғзаки айтилган¸ бироқ Абу Сахийнинг Буюк ипак йўли деган ном билан фаолиятини давом эттиришини тасдиқловчи бирор ҳужжат кўрсатилмаган.

Озодлик мурожаат қилган Тимур Тиллаев адвокати Абу Сахийнинг янги эгаси ширкат фаолиятини Буюк ипак йўли деган ном остида давом эттириши ҳақидаги хабарни на тасдиқлади¸ на инкор қилди – уни шунчаки жавобсиз қолдирди.

Очиқ Интернет манбаларидан Ўзбекистонда "Буюк ипак йўли" деган ном остида фаолият юрғизаëтган очиқ акциядорлик жамиятининг Фарғона шаҳар М. Қосимов кўчаси 139-уйда рўйхатга олингани¸ ширкатнинг ҳайвон жунидан олинадиган тола ва ипак толаси ишлаб чиқариш билан шуғулланиши айтилган.

Айни пайтда¸ Қўқонда мустақилликдан сўнг "жаҳон бозори" номи билан танилган йирик кийим-кечак бозори ҳам "Буюк ипак йўли" савдо комплекси деб аталади. Фарғона вилоятидаги айни номдаги бу икки юридик шахснинг бир-бирига¸ қолаверса¸ Абу Сахийнинг янгиланаëтган мулкдорига алоқаси бор-йўқлиги Озодликка ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон 1-президентининг кенжа қизи Лола Каримовага уйланган Тимур Тиллаев томонидан 2006 йилда ташкил этилган Абу Сахий ширкати Ўзбекистонга импорт товарларини олиб кирувчи энг йирик компанияга айланди.

Каримов ҳукмронлиги даврида Тошкент ғарбидаги 25 гектарлик ҳудудда жойлашган айни номдаги бозор нафақат пойтахт¸ балки бутун Ўзбекистонни импорт маҳсулотлари билан таъминловчи энг йирик улгуржи бозорга айланган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG