Линклар

Шошилинч хабар
03 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:58

Тадбиркорлар: "Абу Сахий"да савдо жойларини қайтадан сотиш бошланди


Тошкентдаги Абу Сахий бозори
Тошкентдаги Абу Сахий бозори

Ëзда кўзойнак, қишда аëллар кийим-кечаги билан савдо қилиб келган 29 яшар Каклик Олтиева Озодликка растаси олиб қўйилганидан кейин ўнлаб идорага мурожаат қилиб иши битмаганини айтди.

Олтиевага кўра¸ Тошкентнинг ўтмишда "Абу Сахий" номи билан танилган, ҳозирда “Тошкент савдо маркази” деб аталувчи улгуржи бозор раҳбарлари эски дўкончиларни қувиб чиқариб¸ улар жойини бошқаларга сотмоқда.

Аëлнинг иддао қилишича¸ бозор маъмурияти ўзни доимий жойлашган ва мижозлар ўрганиб қолган растасидан махрум қилган ва раста қўйиш учун 15 квадрат метр ер сўраб мурожаат қилганида¸ илтимоси қондирилмаган.

“Тошкент савдо маркази” рахбарият тизимида ишлайдиган мулозим Озодлик билан суҳбатда¸ юзга яқин дўкончининг шартномаси ëнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тўхтатилганини эътироф этди.

- Бу аëл дарвоза олдига икки пештахта қўяман¸ деб ариза берди. Мавжуд қоидага кўра¸ дарвоза олди очиқ туриши керак. Агар бирор кор- ҳол бўлиб қолса¸ ўт ўчириш машинаси ва тез ëрдам бемалол ўтиши учун йўлак лозим. Шу қоидага асосан¸ Олтиевага айнан бу жойдан раста берилмади. Лекин бошқа жойдан раста бериб¸ масалани ижобий хал қилишимиз мумкин¸ деди “Тошкент савдо маркази” раҳбарият тизимида учинчи одам бўлгани учун дўкончилар орасида "03" дейиладиган мулозим.

Тадбиркор Олтиеванинг Озодликкка айтишича¸ дарвоза билан у сўраган пештахта орасида уч метрдан зиëд жой бор:

-Улар принципга бориб¸ атайлаб менга жой беришмади. Чунки мен ўз ҳақимни талаб қилиб¸ шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев номига ариза ëздим. Бу уларга ëқмади.

Тадбиркорга келган жавоб мактуби
Тадбиркорга келган жавоб мактуби

Олтиеванинг яна иддао қилишича¸ "Абу Сахий" дан “патентли” тадбиркорлар қувилиб¸ “патентсизлар”га 62 та пештахта берилган.

Олтиева бу гапига исбот сифатида бир нечта фотосурат ва ҳужжатлар тўпламини Озодликка тақдим қилди.

"Абу сахий" бозори
"Абу сахий" бозори

Озодлик суҳбатлашган ва ўзини Фазлиддин ҳожи деб таништирган “Тошкент савдо маркази” дўкончиларидан бирининг айтишича¸ “патент олмасдан бозор раҳбариятини рози қилиб ишлаш” анчайин арзон тушади.

- Шу боис аксар дўкончилар патент расмийлаштирмайди ва улар юридик шахс ҳам эмас¸ дейди бу дўкончи.

Озодликка гапирган савдогарларга кўра¸ “Тошкент савдо маркази”нинг халқ оғзида "уйғур бозор"и деб аталувчи қисмидаги дўконлар бузилишга тушган.

“Уйғур” бозорида парда сотадиган савдогарнинг исми очиқланмаслигини шарти билан Озодликка айтишича¸ 1 декабрдан бери бозордаги 700 та контейнер эгаси муаллақ аҳволда қолган:

- 1 декабрдан бошлаб шартномамиз тўхтатилди. Контейнерларни олиб кетиб¸ жойни бўшат¸ деган билдирги хат беришди. Биз норози бўлиб порталга ëзганимиздан кейин индамай қўйишди. Мана 20 кундирки ҳужжатсиз ишлашга мажбур бўлаяпмиз. Биздан воз кечиб¸ контейнерлар ўрнини бошқаларга беришмоқчи¸ дейди пардачи тужжор.

Унинг яна айтишича дўконни 2012 йилда пулга сотиб олган.

- Дўконни бугун сотсам 80 минг долларга югуриб олиб кетишади. Бу ижара дўкон эмас. Мулк менинг номимга расмийлашган. Истасангиз кадастр фотосини жўнатаман¸ дейди суҳбатдош.

“Тошкент савдо маркази мулозими бозор худудида патентсиз ишлаëтган 62 та раста эгаси ва “уйғур бозордаги” 700 та контейнер эгасиининг муаммоси ҳақидаги саволга аниқ жавоб бера олмади.

Мулозимнинг айтишича¸ контейнерлар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўғри келмагани боис олиб ташланади.

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни “Тошкент савдо маркази” дўкончилари ўз дўконлари бузилишига норозилик билдириб, бозор маъмурияти олдида йиғилиб норозилик билдиргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Озодлик мақоласида бузилаётган бозордаги тадбиркорларга дўконлари учун компенсация пули тўланмаётгани ва уларга янги иш ўринлари яратилмаётгани борасида хабар берилган эди.

2017 йилда эгаси ва номи ўзгарган "Абу Сахий" бозорига Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев эгалик қилган.

Ўзбекистоннинг жорий президенти Шавкат Мирзиёев "Абу Сахий" бозорида давлатга бир ойда 14 баробар кам тушум тушгани, бозор эгаси ўзгарганидан сўнг давлатга тушумлар кескин ортиб кетгани ҳақида баёнот бергани ортидан бозор номи ўзгарган эди.

Озодликда мавжуд бўлган ҳужжатларда бозорнинг номи “Tashkent trade center” маъсулияти чекланган жамият хорижий корхонаси дейилган. Бозор манзили Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Бунëдкор кўчаси 156 уй дея қайддан ўтказилган.

Бу ҳужжатларда бозор Бош директори Акмал Ҳусаинов экани ëзилган.

Бозорнинг бугунги «асл эгаси» кимлиги ҳақида ҳозирча Озодликда аниқ маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG