Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:25

"Ўзбек паспортини олмоқчимиз, аммо беришмаяпти". Термизда ресторан очган афғонистонлик Фаёз ҳикояси


Термиздаги афғон ресторанлари эгаси Фаёз Ўзбекистондаги ҳаёти ва бизнеси ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00

Термиздаги афғон ресторанлари эгаси Фаёз Ўзбекистондаги ҳаёти ва бизнеси ҳақида

Афғонистонлик тадбиркор Фаёз Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида бир нечта ресторан очган. У Ўзбекистонга тўрт йил муқаддам, толиблар ҳокимиятга келишидан олдинроқ кўчиб келган.

“Термизда икки-учта яхши ресторан бор, барчаси афғонларга тегишли, – дейди у. – Афғонистонни хавфли бўлиб қолгани учун тарк этгандик. Ўз пулингга бизнес очасан, лекин хотиржам ишлаб бўлмайди. Қандайдир каллакесарлар, мафиячилар сени талашни бошлайди. Молингга қўшиб жонингни ҳам олишлари ҳеч гап эмас. Шу сабабга кўра Ўзбекистонга келганмиз”.

“Бу ернинг халқи яхши. Шарт-шароити ҳам тузук. Ўзбек халқига раҳмат, айниқса тинчлигимиз учун”, таъкидлайди тадбиркор.

Фаёз ўз юртида мобил телефонлар олди-сотдиси билан шуғулланган. Кобулда ҳануз тўртта дўкони ишлаб турибди, лекин, айтишича, улардан деярли даромад қилмайди. Бунинг сабаби – “Толибон” радикал исломий ҳаракати ҳокимиятни босиб олиши ортидан мамлакатда юзага келган оғир иқтисодий вазият.

“Иш йўқ. Пул йўқ. Бизнес қилиш қийин. Савдо-сотиқ ўлган. Жаҳон ҳамжамияти Афғонистонни тан олмаяпти. У ерга на кириб бўлади, на чиқиб. Ҳозир у ёпиқ мамлакат”, дейди Фаёз.

Тадбиркорнинг асосий даромади – Термиздаги ресторанлари. Бош ошпазларни Афғонистондан олиб келган. Фаёз АҚШ ҳарбийлари чиқиб кетгунига қадар кобуллик ошпазлар турли халқларнинг миллий таомларини пиширишни ўрганиб олишганини айтади.

“Одатда бизга афғон, америка, хитой таомларини буюртма қилишади. Қарийб барча америкалик сайёҳлар бизнинг ресторанларга келади. Ҳинд таомларини хуш кўрувчилар ҳам кўп. Ҳиндистонлик сайёҳлар-ку фақат бизнинг қўлимиздан овқат ейди. Улар мол гўшти тановул қилишмайди, биласиз, шуни ҳисобга олиб менюмизга ҳинд ошхонаси таомларини қўшганмиз”, дейди тадбиркор.

Термиз жўғрофий жиҳатдан Марказий Осиё билан Афғонистон ўртасида дарвоза вазифасини ўтайди. Қолаверса, Афғонистоннинг Ўзбекистонга туташ шимолий вилоятларида азалдан этник ўзбеклар кўп.

Термиздан Афғонистоннинг шимолий пойтахти бўлмиш Мозори Шарифгача машинада икки соатдан ортиқ юрилади. Бироқ ҳозирда Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги ўтказиш пункти ёпиб қўйилгани учун бу йўлдан деярли ҳеч ким фойдаланмайди. Шу боис Фаёз ва бошқа афғонистонликлар ватанларига айланма йўллар билан бориб келишади.

“Аввал Тошкентга борамиз, у ердан қиммат-қиронга – камида 500 долларга – Кобулгача чипта сотиб оламиз, Кобулдан эса қарийб бир кун йўл юриб Мозори Шарифга етиб оламиз”, тушунтиради у.

Фаёз оиласини Ўзбекистонга кўчириб келишга улгурмаган. Ўзи ҳам бу ерда вақтинчалик виза билан юрибди – ҳар олти ойда янгилаши керак. Ҳолбуки, у Ўзбекистон иқтисодиётига каттагина сармоя ётқизган.

“Ўзбекистон фуқаролигига ўтмоқчимиз, лекин қабул қилишмаяпти. Сўраяпмиз, бир неча бор ариза ёздик. Бу ерда бир миллион доллар сармоя тикдик, лекин барибир фуқаролик беришмаяпти”, зорланади тадбиркор.

Расмий Кобулнинг қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон билан алоқалари ҳамиша хийла мураккаб бўлган, толиблар иқтидорга келганидан сўнг эса муносабатлар янада оғирлашди. Феврал ойи бошларида афғон ОАВлари Тошкентдаги Афғонистон элчихонаси алал-оқибат Афғонистон Ислом Амирлигига, яъни толиблар ихтиёрига берилганини хабар қилди. Ўзбекистон ҳукумати бу борада расмий изоҳ берган эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG