Линклар

Шошилинч хабар
29 июл 2021, Тошкент вақти: 14:52

Халқаро хабарлар

Афғонистонда уч кунлик оташкесимдан сўнг жанглар қайта бошланди

Ҳилманд вилояти маркази бўлмиш Лашкаргоҳ шаҳри

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида 16 май куни толиблар ва ҳукумат кучлари ўртасида жанглар қайта бошланди.

Аввалроқ Толибон ҳаракати Рамазон ҳайити муносабати билан 3 кунлик оташкесим эълон қилган ва бу муддат якшанба куни тугаган.

Ҳилманд вилояти шўроси раиси Атоуллоҳ Афғон Франс Пресс агентлигига жанглар якшанба тонгида бошланганини маълум қилган.

Унга кўра, толиблар вилоят маркази бўлмиш Лашкаргоҳдаги ва бошқа жойлардаги назорат-ўтказиш масканларига ҳужум қилганлар.

Айни пайтда Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид амалиёт ҳукумат кучлари томонидан бошлангани, бироқ улар оташкесим тартибининг бузилишида толибларни айблаётганини билдирди.

Уч кунлик оташкесим чоғида Кобулдаги масжидга ҳужум уюштирилиб, у ерда 12 нафар намозхон нобуд бўлган. Ҳужум учун масъулиятни кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган ИШИД ўз зиммасига олган.

Афғонистон расмийлари Толибон билан 2020 йил сентябридан бери Қатарда музокаралар олиб борганлар, бироқ бу музокаралар ҳалигача реал натижа бергани йўқ.

Музокаралар пайтида эришилган ягона келишув АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши шартлиги ҳамда Толибоннинг расмий Кобул билан тинчлик музокараларини олиб бориши ва чет эллик ёлланма жангариларга Афғонистондан бошпана бермаслиги бўлган.

Аввалроқ Афғонистондаги хорижлик аскарларнинг барчаси, жумладан америкалик ҳарбийлар жорий йил 11 сентябригача мамлакатни тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалган.

Кун янгиликлари

Bloomberg: Германияда “яшиллар” номзодининг канцлер бўлиши эҳтимоли Москвани чўчитмоқда

“Яшиллар” партиясидан Германия канцлери лавозимига номзод Анналена Бербок

Германияда “яшиллар” партиясидан канцлер лавозимига номзод Анналена Бербокнинг ҳокимият тепасига келиши эҳтимоли Москвани хавотирга солиб қўйган. Россия раҳбарияти у сайловда ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун “ҳамма нарсага тайёр”. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Россия ҳукуматига яқин манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган.

Агентликнинг уч манбаси Кремль Бербокни ўзининг Германиядаги манфаатларига таҳдид ўлароқ кўришини таъкидлашган. Сиёсатчи “Шимолий оқим-2” газ қувурининг қурилишига қарши чиқиб, уни санкцияларга зидлигини урғулаган. Бундан ташқари, Бербок Москва билан муносабатларда қаттиққўллик билан ҳаракат қилишга чақириб келган.

Кузда Германияда парламент сайлови бўлиб ўтади. Ғалаба қозонган партия номзоди мамлакат ижроия ҳокимияти раҳбари — канцлер лавозимини эгаллайди. 2005 йилдан бери илк бор бу лавозимни Ангела Меркелдан бошқа одам эгаллайди.

Бербок партияси яқинлашиб келаётган сайловда ғолибликка асосий даъвогарлардан биридир. Овоз бериш олдидан “яшиллар”га қарши қатор киберҳужумлар амалга оширилган.

Bloomberg манбалари ижтимоий тармоқларда Анналена Бербок билан боғлиқ сохта маълумотлар, бўҳтонлар зўр бериб ёйилаётганини айтган. Партия мазкур киберҳужумлар одатда Кремль фойдаланиб келган усулларга ўхшашлиги ҳақида Германия махсус хизматларини огоҳлантирган. Аммо “яшиллар” Москва бу ишга чиндан ҳам бош қўшганини тасдиқловчи бирон далилга эга эмаслар.

Эквадор суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни фуқароликдан маҳрум қилди

Жулиан Ассанж

Эквадорда биринчи инстанция суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. У фуқароликни 2017 йили Эквадорнинг ўша пайтдаги президенти Ленин Морено қарори билан олганди.

Суд қарори Ассанжга фуқаролик берилишида маъмурий хатоликларга йўл қўйилганини билдирган республика Ташқи ишлар вазирлигининг даъво аризаси бўйича қабул қилинган, дея хабар қилди El Comercio нашри.

Иш бўйича маҳкама тинглови ўтган ҳафта ўтказилиб, 20 дақиқага чўзилганди. Судда Ассанжнинг ўзи иштирок этган эмас. Айни пайтда Лондондаги ҳибсхонада бўлган Ассанж у ерда гаров эвазига озод бўлиш шартларини бузганлик учун жазо ўтамоқда. WikiLeaks асосчисини АҚШ расмийлари ўзларига топширилишини сўраяпти. Қўшма Штатларда махфий материалларни ноқонуний равишда ошкор қилганлик ва киберҳужумларда иштирок этганликда айбланаётган Ассанж АҚШга экстрадиция қилинган тақдирда, 175 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Шу йил 4 январида Лондон суди ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган Жулиан Ассанжни АҚШга топширишдан бош тортганди. Вашингтон мазкур қарор юзасидан шикоят аризаси киритишини билдирган.

Жинсий зўравонликда айбланган Ассанж ҳибсга олинишдан чўчиб, 2012 йилдан 2019 йилгача Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси ҳудудида яшириниб ўтирган. Ассанжга фуқаролик берилганидан кейин президент Морено унинг дахлсизликдан фойдаланган ҳолда мамлакат ҳудудидан чиқиб кета олиши учун дипломатлик мақомини беришни режалаган. Бироқ бу режа амалга ошмай қолган.

Ассанжнинг адвокати Карлос Морено Твиттердаги ўз саҳифасида ишнинг бу қадар тез муддатда кўриб чиқилгани бу борадаги қарорнинг аввалдан олинганини англатишини билдирган.

Адвокат суд қарори юзасидан шикоят аризаси киритилишини қайд этган. Ассанж Австралия фуқароси ҳам бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари, Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор унга сиёсий бошпана таклиф қилган.

The Insider бош муҳаррири сўроқдан сўнг гувоҳ мақомида озод этилди

The Insider бош муҳаррири Роман Доброхотов

The Insider бош муҳаррири Роман Доброхотов 28 июль оқшомида полицияда сўроқ берганидан сўнг қўйиб юборилди. У туҳматга оид жиноят иши бўйича эндиликда гувоҳ мақомида иштирок этади. Аввалроқ Доброхотовнинг ва унинг ота-онасининг уйларида тинтув ўтказилган эди.

Полициядан чиққанидан сўнг Доброхотов 28 июль куни конференцияда иштирок этиш учун чет элга учиб кетиши лозим бўлганини, бироқ полиция авиачипталар ва хорижга чиқиш паспортини олиб қўйганинини билдирган.

Тинтув ва сўроқ дохил туҳматга оид ишни журналист ўзига суриштирувлар ўтказишга халал бериш, шунингдек, ФХХ унинг мусодара қилинган барча электрон қурилмаларини қўлга киритиши учун баҳона, деб билади. “Откритие медиа”нинг ёзишича, у полиция сўроғига ФХХга тегишли қайд рақамига эга автомобилда олиб борилган.

Туҳматга оид иш Доброхотов ҳолландиялик блогер Макс ван дер Верффнинг Россия махсус хизматлари билан эҳтимолий алоқаларига бағишланган суриштирувни ўз “Twitter”ида улашгани ортидан қўзғатилгани тахмин қилинади.

Ван дер Верффга кўра, Украина осмонида уриб туширилган “Боинг” ҳақидаги мақоласи учун Мудофаа вазирлигидан пул олганини иддао қилиш билан Доброхотов унга туҳмат қилган.

ТАСС ёзишича, тергов Доброхотовни нафақат Ҳолландия фуқаросига, балки Россия Мудофаа вазирлиги зобитларига ҳам туҳмат қилган, деб ҳисоблайди.

Блогер Ван дер Верфф халқаро тергов гуруҳининг уриб туширилган учоқ бўйича фаразини инкор этиб, унга Россиянинг “Бук” қурилмасидан зарба берилмаганини иддао қилиб келади.

The Insider ва Bellingcat қўшма суриштирувида блогерга қарашли Bonanza Media лойиҳаси Россия Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси полковниги Сергей Чебанов томонидан назорат қилингани айтилади. Ван дер Верфф буни рад этмоқда.

Россия: Ярославль суди Навальний тарафдоридан полиция фойдасига 296 минг рубль пул ундирди

Елена Лекиашвили

Ярославль суди мухолифатчи Алексей Навальний тарафдори бўлган Елена Лекиашвилидан маҳаллий полиция даъво аризаси бўйича 296 минг рубль пул ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

ИИБ суддан шу йил 23 январида Навальнийни дастаклаш мақсадида Ярославль шаҳрида ўтказилган акция чоғида ишга чиқишга мажбур бўлган ўз ходимларининг пулини ундириб беришни сўраган. Суд Лекиашвилини мазкур акция ташкилотчиси деб топган. Аввалроқ бу аёл 10 суткага қамалган эди.

Қайд этилишича, даставвал Ярославль ИИБ Лекиашвилидан ярим миллион рублдан кўпроқ маблағ ундириб беришни талаб қилган, бироқ кейинроқ бошқарма икки бўлинмада ишловчи ходимларга оид маълумотларни ошкор қилмаслик важи билан даъво аризасида кўрсатилган суммани қарийб икки баробарга қисқартирган. Маълум бўлишича, мазкур полициячиларга оид маълумот давлат сири бўлиб ҳисобланар экан.

Жо Байден ва Светлана Тихановская Вашингтонда музокара ўтказишди

Светлана Тихановская Жо Байден билан учрашувдан сўнг Оқ уйдан чиқиш пайти, Вашингтон, 2021 йил 28 июли

АҚШ президенти Жо Байден 28 июль куни Оқ уйда Беларусь президентлигига мухолифатдан кўрсатилган собиқ номзод Светлана Тихановская билан учрашди.

Музокараларда АҚШ етакчиси Беларусда демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни дастаклашга тайёрлигини билдирди.

“Светлана Тихановская билан учрашиш мен учун шараф бўлди. Қўшма Штатлар Беларусь халқининг демократия ва умумий инсон ҳуқуқларига интилишида у билан елкадошдир”, дейилган Байденнинг “Twitter”даги хабарида.

Ўз навбатида Тихановская Оқ уйдаги учрашув 15 дақиқа давом этганини маълум қилган. Мухолифатчига кўра, у Беларусни демократияга куч ишлатмасдан ўтиш намунасига айлантиришда кўмак сўраган. “Беларусь инқилоби геосиёсат билан боғлиқ эмас. Бу беларусларнинг демократик танловидир, АҚШ эса бизни дастаклашга маънан бурчли”, дея таъкидлаган Тихановская.

Президентликка собиқ номзод учрашувда “Беларусда юз бераётган воқеаларга бефарқ бўлмаган одамни кўрган”ини айтган.

Июль ойи бошларида Светлана Тихановская АҚШга ташрифи чоғида давлат котиби Энтони Блинкен, унинг ўринбосари Виктория Нуланд ҳамда президент маслаҳатчиси Жейк Салливан билан учрашган эди. Давлат департаменти ўшанда АҚШ “беларус халқининг демократик интилишлари”ни дастаклашда давом этишига Тихановскаяни ишонтирганини маълум қилган.

Қўшма Штатлар Европа Иттифоқи билан бир қаторда Беларусда 2020 йил августида бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини тан олмаган.

Толибон Пекинда Хитой ҳукумати билан музокаралар олиб бормоқда

Толибон асосчиларидан бири Абдулғани Бародар ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И.

Толибон раҳбари Абдулғани Бародар раҳбарлигидаги 9 кишидан иборат делегация Пекинда Хитой ҳукумати раҳбарлари билан музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Толибон матбуот хизмати маълум қилди.

“Музокараларда сиёсат, иқтисодиёт ва ҳар икки давлат хавфсизлигига боғлиқ бўлган масалалар, Афғонистондаги вазият ва тинчлик ўрнатиш жараёни муҳокама этилди”,-деб ёзди 28 июль куни Толибон матбуот котиби Муҳаммад Наим.

Учрашув якунида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Пекин Афғонистоннинг ҳудудий яҳлитлигини ҳурмат қилишини таъкидлаган.

Толибон эса Хитой ҳукуматига Афғонистонни “бошқа бирор давлатнинг манфаатларига зид келувчи ҳаракатларни амалга оширишни мақсад қилган” гуруҳларнинг базасига айланиб қолмаслигини ваъда қилган.

Покистонда Хитой ишчилари ўлдирилди

Карачида Хитой ишчилари ўлдирилган ҳудудни полиция текширмоқда.

Покистоннинг Карачи шаҳрида 28 июль куни мотоцикл минган ҳужумчилар хитойлик ишчиларни олиб кетаётган автомашинага қарата ўқ отди.

Ҳужум оқибатида Хитойнинг икки фуқароси ҳалок бўлди. Ўқ отганлар воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳужум сабаблари ҳозирча номаълум экани айтилмоқда.

Карачида Хитой томонидан молиялаштирилаётган бир неча қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бундан бир неча ҳафта олдин Покистон шимоли-шарқида қирқ нафарга яқин хитой ишчини олиб кетаётган автобус портлатиб юборилган эди. Портлашда Хитойнинг 9 фуқароси ва уч покистонлик ўлган.

Хитой сўнгги йилларда Покистонга миллиардлаб доллар сармоя киритмоқда. Бироқ Хитой иштирокидаги лойиҳалар радикал гуруҳларнинг ҳужумига учрамоқда.

Россияда икки ўзбек кийимида “Аристонларнинг жиноий бирдамлиги” рамзи борлиги учун жаримага тортилди

Иллюстратив сурат.

Ростов-Дон шаҳар суди Россияда тақиқланган “Аристонларнинг жиноий бирдамлиги” (“Арестантское уголовное единство” - АУЕ) рамзи туширилган кийим-кечак кийгани учун жаримага тортилди.

ТАСС 27 июль куни эълон қилган хабарда айтилишича, ўзбекистонликларнинг ҳар бири 2 минг рублдан жарима тўлайди. Суд Ўзбекистон фуқароларининг АУЕ рамзи туширилган барча кийим-кечакларини мусодара қилиш ва ёқиб ташлаш тўғрисида ажрим чиқарган.

Маълум қилинишича, икки ўзбекистонлик Ростов-Доннинг Платов аэропортида қўлга олинган. Уларга Россияда тақиқланган ташкилотнинг рамзларини намойиш этиш ва уни қўллаш айблови билдирилган.

Айни пайтда ўзбекистонликлар “Аристонларнинг жиноий бирдамлиги” ташкилотига қай тарзда алоқадор эканини аниқлаш мақсадида текширув ишлари олиб борилмоқда.

Россия Адлия вазирлиги “Аристонларнинг жиноий бирдамлиги”ни экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритган ва унинг фаолиятини тақиқлаган эди.

Германияда кимё паркидаги портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Беш киши бедарак

Мазкур паркда 60 та кимё ширкати жойлашган.

Германия ғарбидаги Леверкузен шаҳрида 27 июль куни кимё паркида юз берган портлашда камида 2 киши ҳалок бўлди, беш киши бедарак кетди ва яна 31 киши яраланди.

Леверкузен шаҳридаги кимё парки жаҳондаги энг йирик ишлаб чиқариш ҳудудларидан бири бўлиб, бу ерда 60та кимё ширкати жойлашган. Улар орасида Bayer ва Lanxess каби йирик ширкатлар ҳам бор.

Билдирилишича, бедарак кетган 5 кишини қидириш ишлари ҳозирча самара бермади ва уларнинг тирик эканига ҳам умид қолмаяпти.

Расмийларга кўра, портлаш паркнинг чиқиндилар ёқиладиган ҳудудида юз берган. Ҳозирча портлаш сабаблари номаълум.

Ереван Арманистон-Озарбайжон чегарасида жанг бўлганини билдирди

Арманистон чегарачилари.

Арманистон Мудофаа вазирлиги 28 июль куни Озарбайжон ҳарбийлари чегара ҳудудига ҳужум қилгани тўғрисда баёнот берди. Озодлик радиоси арман хизматининг ёзишича, жанг тунда бошланиб, 4 соат давом этган.

Арманистоннинг иддао қилишича, Озарбайжон ҳарбийлари икки давлат ўртасидаги чегарани кесиб ўтган, аммо қақшатқич зарба олгач, ортга чекинган. Айни пайтда ҳам отишмалар давом этаётгани айтилмоқда.

Озарбайжон эса Арманистон армияси Озарбайжон ҳудудини тунги соат иккиларда гранатамётлар ва ўқотар қуроллардан ўққа тутганини, шундан сўнг Боку “муносиб жавоб қайтаргани”ни билдирмоқда.

Арманистон отишмаларда уч ҳарбийси ўлганини ва икки нафари яраланганини маълум қилди. Озарбайжон ҳозирча талафотлар тўғрисида хабар бермади.

Байден киберҳужумлар “қайноқ” урушга олиб бориши мумкинлигидан баҳс этди

АҚШ президенти Жо Байден, Вашингтон, 2021 йил 27 июли

АҚШ президенти Жо Байден киберҳужумлар “қайноқ уруш”га олиб бориши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Америка разведка хизматлари ходимлари қаршисида 27 июль куни қилган чиқишида Жо Байден йирик давлат билан ҳақиқий “қайноқ” уруш, агар шунақа уруш чиқса, бу катта эҳтимол билан “оғир оқибатларга олиб келган киберҳужумлар натижаси бўлади”, деган.

АҚШ президенти ўз сўзида Америка давлат муассасалари ва хусусий ширкатларга қарши қаратилган киберҳужумларнинг аксарияти Россия ва Хитой тарафидан бўлаётганини урғулаган. Оқ уй раҳбари, шунингдек, Россияни Америка сайлов жараёнига аралашганликда айблаган: “Қаранг, Россия 2022 йилги сайловларга нисбатан ёлғон хабарлар тарқатишни аллақачон бошлаб юборди. Бу суверенитетимизга очиқча дахл қилишдир”, деган Жо Байден.

Байден киберурушлар ҳақиқий урушга айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган биринчи АҚШ президенти эмас. Ўз вақтида Барак Обама ҳамда Дональд Трамп ҳам АҚШ ўта хавфли киберҳужумларга жавобан ҳарбий амалиёт ўтказиши мумкинлигини айтишган.

Жо Байденнинг мазкур баёноти, экспертлар фикрича, Оқ уйнинг киберҳужумларга кескин жавоб беришга тайёрлигидан далолат беради. Женевада ўтказилган АҚШ-Россия саммитида Жо Байден Владимир Путиндан Россия ҳудудидан бўлаётган киберҳужумларга чек қўйишни талаб қилганидан сўнг бундай ҳамлалар, аксинча, кўпайгани айтилмоқда.

Жанаўзенда иш ташлаган энергетиклар шаҳарни электрсиз қолдириш билан таҳдид қилишмоқда

“Озенэнергосервис” корхонаси ходимларининг иш ташлаш тадбиридан лавҳа

Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида (Мангистов вилояти) “Озенэнергосервис” энергия таъминоти корхонаси ходимлари иш ташлади — улар иш ҳақларининг икки баравар оширилишини талаб қилишмоқда. Бу ҳақда ишчилар видеомурожаатини ёйинлаган Lada.kz нашри хабар қилди.

Ширкат ишчилари, талаблари бажарилмаган тақдирда, электрни узиб қўйиш билан таҳдид қилишган. Улар ойлик маошни 100 фоизга ошириш билан бирга, 13-ойлик ва мукофот пуллари тўлаш, меҳнат таътилини узайтириш, мажбурий пенсия тўловларини вақтида ўтказишни талаб қилиб чиқишган.

Ишчилар иш ташлашга мажбур бўлишганини айтишмоқда. Улар касалхона, туғруқхона ва бошқа ижтимоий муҳим объектларни электр таъминотидан узмасликка ваъда беришган.

“Жанаўзенликларга шуни айтмоқчимиз: агар шаҳарда свет ўчиб қолса, буни тўғри тушунинг. Биз ўринли талаблар қўйяпмиз”, дейишган иш ташлаганлар.

Иш ташлашлар 25 июль куни бошланган. Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири энергетика ширкати раҳбариятидан изоҳ ололган эмас.

Ой бошидан буён Жанаўзенда қатор ширкатлар, жумладан, нефть-сервис, транспорт ва қўриқлаш корхоналари ходимлари иш ташлаган. Айрим ширкатларда ишчиларнинг талаблари қаноатлантирилгач, норозилик чиқишлари тўхтатилган, бошқалар эса иш ташлашни давом эттирмоқда.

Сўров: Украиналикларнинг ярмидан кўпи Путиннинг “ягона халқ” ҳақидаги тезисига қарши

“Рейтинг” социология гуруҳи сўровида қатнашган Украина фуқароларининг 55 фоизи Россия президенти Владимир Путиннинг “руслар ва украинлар — ягона тарихий ва маънавий маконга мансуб битта халқ”лигига оид тезисига қўшилмайди. Сўров натижаларини Озодлик радиосининг украин хизмати эълон қилган.

Сўралганларнинг 41 фоизи Путиннинг фикрига қўшилган.

Сўровда қатнашган Украина шарқи аҳолиси, шунингдек Украина православ черкови қавмларининг 60 фоиздан ортиғи Россия президенти билан ҳамфикр бўлиб чиққан. Россияпараст саналувчи қатор мухолифат партиялари, хусусан, Виктор Медведчук ва Юрий Бойконинг “Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун” тарафдорлари орасида эса бу фоиз янада юқори.

Президент Володимир Зеленский партияси сайловчиларининг аксарияти Путин тезисига қўшилмаган. Тезисдан норозилар Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко тарафдорлари орасида энг кўп — қарийб 90 фоизни ташкил қилган. Украина ғарбида Путиннинг фикрига қўшилмаганлар бошқа минтақалардагига қараганда анча кам чиққан.

Владимир Путин яқинда руслар ва украинлар тарихий тараққиёти нуқтаи назаридан ягона халқ ҳисобланиши тўғрисида мақола ёзган эди. Мақола баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, жумладан, кўплаб украин тарихчилари Россия президенти фикрига қўшилмаган.

Мақоланинг сиёсий мазмуни устида ҳам мунозаралар кечмоқда — Россия президенти Украина суверенитетини шубҳа остига олмаган бўлса-да, Москва ушбу мамлакатнинг “аксил-Россия”га айланишига йўл қўймаслигини урғулаган.

Украинадаги илғор сиёсий кучлар ва жамоатчилик фикри етакчилари украинларнинг ўзига хослигини ва Украинанинг Россиядан мустақил ривожланишга ҳаққи борлигини таъкидлаб, “ягона халқ” тезисига қарши чиқишмоқда.

Минскда ойналарга оқ қоғозлар ёпиштирган тўрт киши суд қарори билан ҳибсга олинди

Минск суди маҳаллий аҳоли вакилларидан тўрт нафарини ойналарга оқ қоғоз варақларини ёпиштиргани учун 13 суткадан 28 суткагача ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

26 ёшли Юрий Климошевский, 31 ёшли Андрей Муравьёв, 32 ёшли Денис Куликов ва 42 ёшли Майя Шатохина суд томонидан “оммавий тадбирларни уюштириш ва ўтказиш тартибини бузганлик”да айбдор деб топилган.

Иш материалларига мувофиқ, айбланувчилар “ойна битта оқ қоғоз варағини ёпиштириш орқали ўз сиёсий қизиқишларини изҳор қилганлар”.

Қайд этилишича, маҳкама чоғида судья судланаётган минскликлардан оқ қоғознинг “маъно-моҳияти” ҳақида сўраган. Бунга жавобан айбланувчилар ойналарда осиғлиқ турган варақлар ҳеч қанақа сиёсий қарашни ифодаламаганини айтганлар.

Швейцария прокуратураси Магнитский билан боғлиқ иш бўйича терговни тўхтатди

Сергей Магнитский (архив сурати)

Халқаро тадбиркор ва инвестор Билл Браудер Швейцария Федерал прокуратурасининг Россия бюджетидан пул ўғирланишига доир иш бўйича терговни ёпиш қарорини Швейцарияга теккан “доғ”, деб атади.

Браудерга кўра, прокуратура муҳим ходимларидан бири Россия вакилидан пора олаётганида қўлга тушганидан сўнг ишни ёпган — бу пора Швейцария прокуратураси терговдан воз кечганини эълон қилиши учун берилгани урғуланмоқда.

Швейцария прокуратураси Россия бюджетидан ўғирланган пулларни “ювиш”га доир шубҳалар бўйича 10 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган терговни ўтган ҳафтада ёпгани ҳақида 27 июль куни маълум қилган.

Хабарномада айтилишича, тергов давомида Швейцарияда тергов предмети бўлган маблағлар жиноий йўл билан топилганини исботлашга муваффақ бўлинмаган.

Айни пайтда прокуратура тергов бошида Швейцария ҳисобварақларида “музлатилган” қарийб 18 миллион франк маблағдан 4 миллиога яқинини мусодара қилишга қарор қилган ва буни “Швейцарияда мусодара қилинган айрим активлар билан Россияда содир этилган жиноят ўртасида боғлиқлик мавжудлиги исботланган”и билан изоҳлаган. Мазкур тезис терговни ёпиш қарорига қанчалик мос келади — бу ҳақда прокуратура хабарномасида изоҳ берилган эмас.

Ушбу ҳисобварақлар “Магнитский иши”га алоқадор Россия давлат мулозимлари назоратидаги ширкатлар билан боғлиқлиги айтилади.

Швейцария прокуратураси хабарномасига кўра, идора айнан Россия бюджетидан пул ўғирланиши ҳақидаги иддаоларни тергов қилган, Магнитскийнинг ўлими сабабларини эмас.

“Прокуратура ўзининг кенг қамровли тергов ишига таяниб, Швейцарияда айблов эълон қилишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган биронта ҳам асосли шубҳа йўқ, деган хулосага келди”, дейилган хабарномада.

Прокуратуранинг терговни ёпишга доир қарори устидан судга арз қилиниши мумкин.

Қозоғистон ҳукумати “Медиазона”дан Назарбоевнинг масхарабозча суратини ўчириб ташлашни талаб қилди

Нашрнинг билдиришича, бу сурат Олмаотадаги кўчалардан биридаги деворга чизилган.

Қозоғистон ҳукумати “Медиазона. Центральная Азия” нашридан мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг суратини ўчириб ташлашни талаб қилди. Мазкур суратда Назарбоевнинг бурнига масхарабозларнинг ясама бурни ёпиштирилган.

Нашрнинг билдиришича, бу сурат Олмаотадаги кўчалардан бирида ўтказилган суратлар намойишида ҳам кўрсатилган.

Граффити услубида ишланган мазкур суратга “Uly Dala Ury” деган сўз ҳам ёзилган. Қозоқчадан таржима қилинганида бу “Буюк дашт ўғриси” деган маънони англатади. Ўша куниёқ бу графитининг устидан бўёқ суртиб ташланган эди.

Нашр суратни ўчириб ташлашдан бош тортди, лекин уни бир оз қоронғилаштирди, бунинг ортидан суратда Нурсултон Назарбоев тасвири яққол кўзга ташланмай қолди.

1998 йилдан бери Қозоғистонни бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йилда президентликдан истеъфо берган эди. У истеъфо бергани ортидан пойтахт Астана номи Нур-Султон деб ўзгартирилган.

Черногорияда илк маротаба аёл аёлга уйланди

Нью-Йоркда ўтказилган гей парадлардан бири.

Черногория тарихида илк марта икки аёл бир жинсли фуқаролик иттифоқини ташкил этди. Бундан бир йил аввал Черногорияда бир жинсли фуқаролик иттифоқларига рухсат берувчи қонун қабул қилинган эди.

Черногория Европа Иттифоқига аъзо бўлмай туриб бу каби муносабатларга рухсат берган ягона Болқон давлатидир.

Маҳаллий расмийларга кўра, ўз исмлари ошкор этилишини истамаган икки аёл никоҳ маросимини 25 июль куни Адриатика денгизи соҳилидаги Будва шаҳрида ўтказди. Бу икки аёл Черногория фуқаросидир, аммо хорижда ишлайдилар.

Черногорияда бир жинсли фуқаролик иттифоқларига рухсат берувчи қонун бир йил аввал парламент томонидан Социалистлар демократик партияси ташаббуси ва босими билан қабул қилинган эди. Парламентдаги бошқа фракциялар қонунга қарши чиққан. Аммо қонун қабул қилингани ортидан Социалистлар демократик партияси сайловда овозларни йўқотиб, ҳокимиятдан четлаб қолган.

BioNTech ширкати энди безгак дорисини ўйлаб топмоқчи

Ширкат бу йўналишда вакцина технологиясидан фойдаланишни режалаштирган.

Германиянинг коронавирусга қарши илғор мРНК-вакцина кашф этган BioNTech ширкати эндиликда безгакка қарши эм ўйлаб топмоқчи. Ширкат бу йўналишда вакцина технологиясидан фойдаланишни режалаштирган.

BioNTech ҳаммуассиси ва ижрочи директори Угур Сахин Associated Press агентлигига безгакка қарши лойиҳа ОИТС ва сил касаллигига қарши самарали дори-дармонлар кашф этиш йўналиши каби муҳим эканини таъкидлади.

“Биз ОИТС ва силга қарши лойиҳа устида иш олиб боряпмиз. Безгакка қарши лойиҳа бизнинг учинчи муҳим жиҳатимиз бўлади. Безгакка қарши дори-дармон замонавий тиббиётнинг талабларидан биридир”, -деди Сахин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2019 йилда дунёда 230 минг киши безгакка чалингани ва беморлардан 400 минги ўлганини билдирган. Вафот этган беморларнинг учдан бир қисми 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалардир.

Эронда қурғоқчилик ортидан бошланган намойишлар давом этмоқда

Теҳронда норозилар ҳукумат раҳбарларидан истеъфога кетишни талаб қилди.

Эронда сув етишмовчилиги ва иқтисодий вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётганига қарши норозилик намойишлари давом этмоқда. Бундан бир кун олдин Теҳронда норозилар ҳукумат раҳбарларидан истеъфога кетишни талаб қилди.

Караж шаҳридаги намойишда эса норозилар “Диктаторга ўлим” каби шиорларни олға сурдилар.

Эрон коронавирус пандемиясининг навбатдаги тўлқинига қарши курашаётган бир пайтда мамлакатда иқтисодий вазият ёмонлашиб бормоқда. Эрон иқтисодиёти АҚШ жорий этган санкциялар ортидан катта зарар кўрмоқда.

Айни пайтда мамлакат раҳбарияти сув захираларидан фойдаланиш юзасидан самарасиз сиёсат юритаётгани оқибатида сув етишмовчилиги юзага келиб, қишлоқ хўжалиги зиёнга учради.

Норозилик намойишлари асосан этник араблар яшайдиган Хузистон вилоятида 15 июль куни бошланиб, шу кунгача бутун мамлакатга тарқалди.

Туркман президентига “Ашхобод-сити”ни қуриш мумкин эмаслигини айтишга ҳеч ким журъат қилмаяпти

Президент Бердимуҳаммедов "Ашхобод-сити" лойиҳаси билан танишмоқда.

Туркманистон пойтахтида “Ашхабод-сити” қурилиши режалаштирилаётган ҳудуддан ер ости сувлари сизиб чиқмоқда. Қурилиш раҳбарияти “бу янгиликни президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга етказишдан қўрқмоқда”. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизматига “Ашхабод-сити” ни лойиҳалаштираётган бир неча мутахассис маълум қилди.

Уларга кўра, мазкур ҳудуд Қорақум каналига яқин жойлашгани ортидан мана шундай ҳолат юзага келган. Бу ер бир метр чуқурликда қазилиши биланоқ сув силқиб чиқмоқда.

Мутахассислар бу ерга 35 қаватли бинолардан иборат комплесни қуриш мумкин эмаслигини айтмоқдалар. Лекин бу янгиликни президент Бердимуҳаммедовга етказишга ҳеч ким журъат қилмаяпти.

Аввалроқ Қорақум канали яқинида 2016 йилда барпо этилган янги Халқаро аэропорт 2017 йилда ер ости сувлари таъсири ортида чўка бошлагани ва бино деворларида ёриқлар пайдо бўлгани хабар қилинганди.

Президент Бердимуҳаммедов жорий йил 25 майда “Ашхабад-сити” қурилишининг пойдеворига тамал тошини қўйган эди.

Расман билдирилишича, комплекснинг умумий майдони 744 гектарни ташкил қилади ва бу ерда 200 бино, жумладан, 107 минг киши яшашига мўлжалланган баландлиги 12-35 қаватдан иборат 180та турар жой биноси қурилади.

Маркиз оролларида Франция президенти Эммануэль Макроннинг оти бошқа қўйилди

Эммануэль Макроннинг Маркиз оролларига ташрифи муносабати билан уюштирилган маросимдан лавҳа

Франция президенти Эммануэль Макронга Маркиз оролларига ташрифи чоғида маҳаллий халқ анъанасига кўра “Те Ака Ики Тааоа” деган янги исм берилди. Исм таржимаси “олға босаётган ва узоққа борувчи буюк раҳбар” маъносини англатади.

Франция нашрларининг ёзишича, Макроннинг расмий ташрифига бағишланиб Хива-Оа оролида ўтказилган тақдимотда маҳаллий либосларга бурканган 600 нафар раққос ва машшоқ иштирок этган. Бундан ташқари, Франция президенти оролда рассом Поль Гоген ва шоир Жак Брель қабрини зиёрат қилган.

Макрон Бешинчи Республика тарихида Марказ оролларига сафар қилган Франция президентларининг биринчисидир.

Маркиз ороллари Тинч океаннинг марказий қисмида жойлашган. У ерда 8 минг киши истиқомат қилади. Ўтган асрнинг 60-70-йилларида Франция минтақада ядро синовлари ўтказган. Бу борада суриштирув ўтказган журналистлар бу ерда яшовчи маҳаллий аҳолининг қарийб барчаси радиациядан таъсирлангани, бироқ бунинг учун товон пулини бир неча ўн кишигина олганини иддао қилишади.

Макрон сафари олдидан маҳаллий фаоллар Париж ороллар Франция томонидан мустамлакага айлантирилиши ҳамда ядро синовлари билан боғлиқ жиноятларни тан олиши лозимлигини қайд этгандилар.

Протасевич ўтирган учоқни қўндирган авиадиспетчер Беларусдан қочиб кетди

Бортида Nexta телеграм-канали асосчиси Роман Протасевич бўлган учоқни шошилинч равишда Минскка қўндирган авиадиспетчер Олег Галегов Беларусдан қочиб кетди.

ОАВ хабарига кўра, Галегов июль ойи бошларида ҳамкасбларидан ҳеч кимга билдирмай, оиласи билан бирга мамлакатдан яширинча чиқиб кетган.

Диспетчер билан “Белаэронавигация”да бирга ишлаган ходимлар Галегов телефонини ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ўчириб, тўсатдан ғойиб бўлганини “Наша Нива” нашри журналистига тасдиқлаганлар. “Белаэронавигация” мутасаддилари эса, ўз навбатида, Галегов июнь ойида меҳнат таътили олганини ва компания “унинг ишдан бўшагани ҳақида ҳеч нарса билмаслиги”ни иддао қилишмоқда.

23 май куни Ирландиянинг Ryanair ширкати учоғи Афинадан Вильнюсга учиб кетаётиб, борт миналангани ҳақида хабар олганидан сўнг Минскка мажбуран қўнган эди. Пировардида мина ҳақидаги хабар ёлғон бўлиб чиққан.

Ryanair раҳбари Майкл О’Лирига кўра, учувчиларга, лайнер Литва ҳаво ҳудудига кирса, бомба портлаб кетишини айтишган. Шу билан бирга, Беларус авиадиспетчерлари алдов йўли билан учоқнинг бошқа Болтиқбўйи мамлакатига ёки Польшага қўнишига имкон бермай, уни айнан Минскка қўндиришга эришганлар.

Кейинроқ маълум бўлдики, учоқ Беларусдаги норозилик ҳаракатини ёритган ва мувофиқлаштирган Nexta телеграм-канали асосчиси Роман Протасевич ва унинг қиз ўртоғи, Россия фуқароси София Сапегани қўлга олиш учун ҳукумат топшириғига кўра қўндирилган.

Протасевич ва Сапега Минскда оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш ва ҳокимият вакилларига нисбатан ижтимоий адоват қўзғатишда гумонланмоқдалар, улар устидан жиноят ишлари очилган.

25 июнь куни улар тергов ҳибсхонасидан уй қамоғига ўтказилган.

Қирғизистон президентининг матбуот хизмати: Садир Жапаров кўз амалиётини бошдан кечирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров коронавирусга қарши эмланаётган пайт, Бишкек, 2021 йил 23 июли

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг матбуот хизмати нима учун давлат раҳбари сўнгги кунларда омма олдига қора кўзойнакда чиқаётганини изоҳлади.

“Садир Жапаровнинг яқинда кўзи операция қилингани учун у бинода қуёш нуридан сақлайдиган кўзойнак тақишга мажбур бўлган”, дейилган хабарномада амалиётга президентнинг кўз қовоғида юзага келган муаммо сабаб бўлгани қўшимча қилинган.

Қирғизистон президенти 23 июль куни Бишкекдаги савдо марказларидан бирида коронавирус инфекциясига қарши эмланган эди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари буни бевосита эфир орқали намойиш қилишган. Ўшанда давлат раҳбари бино ичида қора кўзойнак тақиб олгани жамоатчилик эътиборини ўзига тортган эди.

“Роскомнадзор” Алексей Навальний сайтини блоклаб қўйди

Мухолифатчи Алексей Навальний (экранда) маҳкама мажлисида

“Роскомнадзор” Алексей Навальний сайтини блоклаб қўйди. Бу ҳақда мухолифатчининг жамоаси маълум қилган.

“Роскомнадзор” реестрида қайд этилишича, сайтга Россия бош прокуратурасининг 15 июндаги қарори асосида блок қўйилган. Ўшанда Навальний штаблари сайтига ҳам тўсиқ қўйилган эди.

Назорат идораси сайтга кириш чекланганини унда “оммавий тартибсизликларга, экстремистик фаолиятга, ўрнатилган тартибга хилоф равишда ўтказиладиган оммавий тадбирларда иштирок этишга чақириқлар” мавжудлиги билан асослаган.

“Бош прокуратура қарори билан бир пайтнинг ўзида 49 сайт блокланди: Алексей Навальний сайтидан ташқари, менинг сайтим, Любовь Соболь ва Олег Степановларнинг сайтлари; барча собиқ минтақавий штабларнинг сайтлари; “Росяма” ва “РосЖКХ” сайтлари, Врачлар альянси сайти. Ва, албатта, ФБК сайти тўсилди”, дея маълум қилган Навальнийнинг сафдоши Леонид Волков.

Июнь ойи ўрталарида Россия президенти Владимир Путин ФБК оммавий тартибсизликларга даъват этганини иддао қилган эди. “Сиз айтган ташкилот очиқчасига оммавий тартибсизликларга чақирган, вояга етмаганларни очиқчасига кўча намойишларига жалб этиб, қонунни бузган, очиқчасига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қарши қўллаш учун “Молотов коктейллари”ни тайёрлаш йўл-йўриқларини ўргатган”, деган эди ўшанда Путин.

Мухолифатчи Алексей Навальний шу йилнинг 17 январида Германиядан Россияга қайтгани заҳоти Шереметево аэропортида қўлга олинган. 2 февраль куни суд уни “Ив Роше” иши бўйича синов муддатини бир неча марта бузган, деган айблов билан қамоқхонага йўллаган.

Байден Ироқдаги АҚШ қўшинларининг роли ўзгарганини эълон қилди

Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари

АҚШ президенти Жо Байден Ироқдаги америкалик ҳарбийларнинг жанговар миссияси 2021 йил охиригача тугаши ҳақида эълон қилди. Бу баёнотни Байден Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимийнинг Вашингтонга ташрифи чоғида берган.

АҚШ президентига кўра, “Ислом давлати” экстремистик ташкилотига қарши курашда Ироқ расмийлари билан бўлган ҳамкорлик минтақада барқарорлик ўрнатилиши учун ўта муҳим аҳамият касб этган.

У Ироқ бош вазирига мазкур ҳамкорлик янги шартлар асосида давом этиши, америкалик ҳарбийлар ҳарбий маслаҳатчи ва инструкторлар ролини бажара бошлашини ваъда қилган.

АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий контингенти 2020 йил охирида тақрибан 2500 киши бўлган.

Байден жанговар миссия тугаши ортидан Ироқда қоладиган америкалик ҳарбийлар сонини ҳали очиқлаганича йўқ. Ғарб агентликларининг ҳарбий экспертлар фикрига таянган ҳолда ёзишларича, Ироқдаги АҚШ контингентида қисқариш катта бўлмаслиги мумкин. Ироқдаги АҚШ қўшинлари ролининг ўзгариши ҳақида Вашингтон ўз ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишга қарор берганидан кўп ўтмай эълон қилинди.

АҚШ президенти Яқин Шарқда террорчиликка қарши курашни давом эттиришга ваъда берди, бироқ шу билан бир вақтнинг ўзига Хитой хатти-ҳаракатларига кўпроқ эътибор қаратишини билдирди. Вашингтон Хитойнинг хатти-ҳаракатларини “АҚШнинг хавфсизлик манфаатлари учун узоқ муддатли хатар” ўлароқ кўради.

Мустафо ал-Козимий билан музокаралар чоғида Жо Байден АҚШ яқин орада Ироққа коронавирус инфекциясига қарши вакциналар йўллашини ҳам ваъда қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG