Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2020, Тошкент вақти: 17:11

Кўприк очилди, Афғонистон шимолига таҳдид солаётган очарчилик чекинадиган бўлди


Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шохин тумани билан Афғонистоннинг шимолий Хохон музофотини боғловчи кўприк

Тожикистон Панж дарёси устидаги бир ярим ойдан буён ёпиқ турган кўприкни очди. Бу кўприк қиш ойларида дарёнинг нариги соҳилидаги афғон қишлоқларини озиқ-овқат билан таъминловчи ягона йўлдир.

Хатлон вилоятидаги Шамсиддин Шохин туманини ва Афғонистон шимолидаги Хохон минтақасини боғловчи кўприк Афғон наркоконтрабандачилари томонидан тожик чўпони Тўрахон Нурматов ўғирлаб кетилганидан сўнг 2019 йилнинг 1 январида беркитилган эди.

Шу кундан бошлаб Тожикистон-Афғонистон чегарасида Афғонистоннинг Хохон, Куфоб ва Шикай туманлари аҳолиси учун озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган 20 га яқин юк машинаси туриб қолди.

200 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган мазкур туманларда озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси тугаб бораётган ва аҳоли очлик гирдобига тушиб қолаётган эди.

Афғонистоннинг шимолий туманлари деярли ярим йилгача ташқи дунёдан узилиб қолади – қор бўронлари туфайли тоғ довонлари куз ойларидан бошлаб ёпилади. Афғон қишлоқларининг аҳолиси Тожикистон расмийларига мурожаат қилиб кўприк тезроқ очилишини илтимос қилган эди.

Совуқ кунлар келиши билан куз ойларидан бошлаб Афғонистон марказини шимол билан боғловчи йўллар ёпилади ва шунинг учун ҳам маҳсулот ва озиқ-овқатларни етказиш мақсадида ҳайдовчилар Тожикистон ҳудудидан фойдаланади. Улар Афғонистоннинг Қундуз вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилояти ўртасидаги чегарадан ўтади ва Тожикистон ҳудуди орқали ўтиб Шамсиддин Шохин туманини Хохон тумани билан боғловчи кўприккача боради.

Афғонистоннинг Бадахшон маъмурияти матбуот котиби Некмаҳмад Назарининг 16 февраль куни айтишича, кўприкни очиш масаласи икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари даражасида ҳал қилинди ва ниҳоят ижобий қарорга келинди.

«Мазкур кўприк Бадахшон вилоятининг учта тумани аҳолиси учун ҳаётий аҳамиятга эга. Кўприк беркитилган давр мобайнида туриб қолган юк машиналаридаги озиқ-овқатларнинг кўпчилиги яроқсиз холга келиб қолди, энди муаммо бартараф этилди», - деди Некмаҳмад Назари.

Афғонистонлик тадбиркор Нурали Саид 16 февраль куни озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган тўртта юк машинаси Хохонгача етиб борганини маълум қилди. Унинг сўзларига қараганда, бир ярим ой мобайнида учта тумандаги барча бозор ва дўконларнинг пештахталари деярли бўшаб қолган эди.

XS
SM
MD
LG