Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:22

Очарчилик ёқасида. Афғонистон аҳолиси Душанбедан Панж дарёси устидаги кўприкни очишни сўрамоқда


Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шохин тумани билан Афғонистоннинг шимолий Хохон музофотини боғловчи кўприк
Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шохин тумани билан Афғонистоннинг шимолий Хохон музофотини боғловчи кўприк

Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасига яқин ҳудудларда яшайдиган аҳолиси Душанбе ҳукуматидан Панж дарёси устига қурилган кўприкни очишини сўрамоқда.

Афғонлар очарчилик ёқасига келиб қолди –1 январдан бери Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шохин тумани билан Афғонистоннинг шимолий Хохон музофотини боғловчи кўприк «хавфсизлик нуқтаи назари»дан ёпилган эди.

Тожикистон-Афғонистон чегарасида Афғонистоннинг Хохон, Куфоб ва Шикай туманлари аҳолисига мўлжаллаган озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган 20 га яқин юк машинаси туриб қолди. Бу туманларда 299 мингга яқин киши истиқомат қилади, уларнинг озиқ-овқат захиралари тугаб қолган. Афғонистоннинг шимолий ҳудудлари ярим йилдан бери амалда ташқи дунёдан узилиб қолган – тоғ йўллари кучли қорбўронлар туфайли куз ойларида ёпилади.

Афғонистонлик тадбиркор Нурали Сайиднинг 11 февраль куни айтишича, унга тегишли тўртта юк машинасида ўн тонна озиқ-овқат маҳсулоти, жумладан сабзавот ва мевалар бор.

«Юк машиналари ўтган ойдан бери чегарада турибди. Менимча, маҳсулотларнинг айримлари истеъмол учун яроқсиз ҳолга келиб қолган», - деди тадбиркор.

Нурали Сайиднинг сўзларига қараганда, кунлар совиб кетиши билан Афғонистон марказидан шимолий ҳудудларга элтувчи йўллар беркитилади, шу сабабли ҳайдовчилар маҳсулот ва товарларни етказишда Тожикистон ҳудудларидан фойдаланади.

«Улар Афғонистоннинг Қундуз вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилоятини боғловчи чегарадан ўтишади ва Тожикистоннинг Шамсиддин Шохин тумани ва Хохон музофотини боғловчи кўприккача келишади», - дейди Нурали Сайид.

Ўзини Маҳамадислом деб таништирган Хохон туманида яшовчи фуқаронинг айтишича, бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари мутлақо қолмаган.

«Биз кўприк очилгунча бўлган муддатга мўлжаллаб қиш учун озиқ-овқат ғамлаб қўйган эдик. Кўприк очилганидан сўнг ҳамиша шундай бўлиб қолса керак деган хаёлда, ўзимизга тасалли бердик … Захира деярли тугаб бўлди. Аҳоли очарчилик ёқасига келиб қолди. Биз дўст ва қардош Тожикистон президентидан кўприкни очишга ёрдам беришини сўраймиз», - деди Маҳамадислом.

Ҳукумат юзага келган вазият юзасидан изоҳ бермади. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг айтишича, «Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги кўприк хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпилган».

Афғонистоннинг Бадахшон вилоят губернатори Аҳмад Файсал Беҳзоднинг 11 февраль куни баёнот беришича, Тожикистон расмийлари ҳамон бу кўприкнинг ёпилиши юзасидан изоҳ бермаган.

2017 йилнинг декабрида бир гуруҳ афғон контрабандистлари билан тўқнашувдан сўнг Афғонистон билан чегара ёпилган эди, ўша тўқнашувда «Шўраобод» чегара отряди қўмондони полковник Ҳайриддин Ахтамов ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG