Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:52

Чегарачи аскар қорнидан ўқ еб ҳалок бўлди. Ота унинг ўлдирилганини иддао қилмоқда.


Марҳум аскар Бобир Мирзаевнинг Бухоро шаҳридаги уйида мотам.
Марҳум аскар Бобир Мирзаевнинг Бухоро шаҳридаги уйида мотам.

Ўзбекистон Қуролли кучларининг Фарғона вилояти, Қувасой шаҳрининг Қирғизистон билан чегарасида 8 июль тунги қоровулликда бўлган оддий аскар Бобир Мирзаев қорин қисмидан ўқ еб ҳалок бўлди.

Асли бухоролик марҳум аскарнинг отаси Собир Мирзаев Озодликка ўлим сабаби ҳақида берилган икки хил маълумот¸ ўзида шубҳа уйғотганини айтади.

Унга кўра¸ Бухоро шаҳар Мудофаа ишлари бўлими мулозими ўғлининг ўзини ўзи отиб қўйганини, тобутни олиб келган ҳарбийлар эса унинг ўлими сабаблари номаълумлигини билдирган.

Ўзи врач бўлиб ишлайдиган ота, ўғлининг ўзини отиб қўйганига ишонмаслиги, ўлимнинг ҳақиқий сабаблари яширилаётганини иддао қилди.

Ўзбекистон Қуролли кучлари Шарқий ҳарбий округи мулозими, аскар Мирзаев ўлимини тасдиқлади ва бу воқеанинг ҳарбий прокуратура томонидан ўрганилаëтганини билдирди.​

Марҳум аскар Бобир Мирзаев
Марҳум аскар Бобир Мирзаев

Фарғона шаҳридаги 9229-ҳарбий қисмнинг 9-пости Қувасой шаҳрининг Қирғизистон билан чегарасида жойлашган. Шу постда хизмат вазифасини ўтаётган бухоролик 20 яшар Бобир Мирзаев 8 июлдан 9 июлга ўтар кечаси ўқотар қурол воситасида ўлдирилди.

Ўзбекистон қуролли кучлари Шарқий ҳарбий округининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, аскар ўлими сабаблари ҳозирча номаълум.

У бола тунги қоровулда бўлган. Ҳозир ҳарбий прокуратура шу иш билан шуғулланаяпти. Айни пайтда барча мулозимлар прокуратурага чақиртирилган. Ҳозир аскарнинг қандай қилиб ўқ отар қуролдан яраланиб ўлгани сабаби аниқланаяпти, ҳозирча аниқ сабаб чиқмаяпти. Ҳамма суриштирув ишлари олиб борилаяпти, воқеа жойидан ашёлар экспертизага олинган, тергов кетаяпти. Мен сизга ҳозир у ўзини отиб қўйган деб ҳам айтолмайман, чунки аниқламасдан туриб, сизга бир нарса дея олмайман”.

Марҳум аскаринг отаси Собир Мирзаевга кўра¸ Бухоро шаҳар Мудофаа бўлими мулозимлари ўғлини ўзини-ўзи отиб қўйганини айтган.

Аммо тўнғич ўғлининг характерини яхши билганини таъкидлаган ота бунга ишонмаслигини айтади.

Биринчидан, ўғлим ёшлигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди. Ўтган йили Миллий гвардияга топширган эди, лекин балл етмай қолди. Кейин, дадажон мен армияга бориб келаман, имтиёз олиб келиб, албатта¸ ҳарбийга ўқийман, деди. Шу ўлимидан бир кун олдин телефонда гаплашган эдик. Жуда ҳам руҳи баланд эди, хизмати аъло эканлигини айтиб, мақсадига эришишига оз қолганини таъкидлади”¸ дейди марҳум аскарнинг отаси.

Собир Мирзаев Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи айтган версияга эксперт-врач сифатида ҳам ишонмаслигини таъкидлайди.

Менга шаҳар военкоми ўғлингиз автоматни заряжать қилиб турганда¸ бирдан отилиб кетган ва ўзига теккан деяпти. Мен ўзим врачман, ногиронликка чиқариш бўйича экспертман. Агар ўқ яқиндан отилган бўлса, қорин атрофини жароҳатлаб, куйишни вужудга келтиради. Ўғлимни олиб келишганидан сўнг мен ечинтириб кўрдим. Ўқ қоринга киришда кичкина из қолдирган ва орқа бел соҳасидан чиқиб кетган. Бу ўқ яқиндан эмас, узоқдан отилганига врач сифатида 100 фоиз аминман”.

Собир Мирзаев, фожиадан бери бир ҳафта ўтганига қарамай ўлим ҳақида расмий далолатнома берилмаëтгани ҳам ўз шубҳасини янада кучайтирганини айтади.

- Военкоматдагилар ўзини-ўзи отиб қўйган дейишаяпти, тобутни олиб келган ҳарбийлар эса бир оғиз ҳам сабабини айтишмади. Ҳаммаси, билмаймиз, текширув кетаяпти, дейишади. Менинг тахминимча, у чегарада бўлгани учун ўзларининг аскарлари қилаётган қонунсиз ҳаракатга гувоҳ бўлган ва уни тўхтатаман, деб ўқ еган. Ўқ яқин масофадан отилмаган.

Собир Мирзаев президент виртуал қабулхонаси ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ариза қолдиргани, лекин ҳозирча ҳеч қандай жавоб бўлмаганини ҳам айтади.

Озодлик 16 июль куни Ҳарбий прокуратура телефон рақамларига тўрт марта қўнғироқ қилди, лекин гўшакни ҳеч ким олмади.

Бош прокуратура матбуот хизматининг ўзини таништирмаган мулозими эса¸ Озодлик радиоси деган калимани эшитиши билан, “эшитмай” қолганини айтиб, алоқани дарров узиб қўйди.

Бош прокуратура матбуот хизмати кейинги қўнғироқларга умуман жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG