Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 02:56

Аҳмадбой драмаси: Кредиторлар орасида ақлдан озганлар бор!


Аҳмад Турсунбоев ҳибсга олиниши ортидан кредиторлар унинг уйи ўнгига тўплана бошлашди

Озодлик суҳбатлашган тошкентликлардан иккитаси¸ ўзи билган одамлардан камида иккитасининг Аҳмадбой қамалганини эшитиб¸ ақлдан озиб қолганини билдирди.

Айни пайтда "Тошкент" телеканали ҳам чинозлик Аҳмад Турсунбоевга бор-будини бериб¸ чув тушганлар драмаси ҳақида янги кўрсатув ҳозирламоқда.

Телекўрсатув қаҳрамонлари – чув тушганлар

21 июнь куни Тошкент вилояти Чиноз туманида Аҳмад Турсунбоев молиявий пирамидасига бор-будини тиккан кредиторлар ҳақида янги видеолавҳа суратга олинди.

Аҳмадбойнинг "алдов ва фирибгарлик" технологияси ҳақидаги кўрсатувнинг жорий ҳафта "Тошкент" телеканали орқали намойиш этилиши кутилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра¸ бу сюжетда Аҳмадбойдан куйганларнинг ички ишлар тизимларига ариза билан мурожаат қилишлари рағбатлантирилган.

Озодлик билан суҳбатда Чиноз ҳокимлиги расмийларидан бири¸ 21 июнги суратга олишлар Аҳмадбойнинг офислари баробарида¸ туман ҳокимлигида ҳам бўлиб ўтганини билдирди.

"Ҳокимликка беш-олтита Аҳмадбойга пул берганларни олиб келиб¸ гапиртиришди. Улар қандай қилиб бор-йўқларини унга берганлари ҳақида гапиришди. Икки-уч кун ичида кўрсатиладиган бу программада Аҳмадбойга пул берганларни Чиноз РОВДга келиб¸ ариза ташлаб кетишга чақиришди"¸ деди Чиноз ҳокимияти мулозими.

Телекўрсатувни суратга олиш жараёни чинозликлар орасида янги миш-мишларнинг туғилишига туртки бўлди.

Озодликка маълум бўлишича¸чинозликлар ҳокимият биноси олдидаги ҳаракатларни "Аҳмадбойни олиб келишиб¸ мажлис қилишибди," дея талқин қилишган.

Айни пайтда¸ нафақат чинозликлар¸ балки Аҳмадбойнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқалган кредиторлари орасида турли миш-мишлар урчиб бормоқда.

Улардан бирига кўра¸ Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити ўтиб бўлиши билан¸ аниқроғи¸ 28 июндан Аҳмад Турсунбоевнинг уйига қайтиб¸ ўз ишини давом эттириши¸ пул олганларга пулини қайтиб бериши ҳақидаги овозалардир.

Ўзини Аҳмадбойнинг вакили деб таништирган шахснинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган аудиосуҳбатида айтилган бу гап - Озодлик суҳбатлашган кредиторлардан бирига кўра¸ Аҳмадбойга уйи¸ машинаси¸ молини сотиб¸ пулини олиб бориб берганларни “юрак хуружидан ушлаб турган” сўнгги умид.

"Кўп одамдан эшитаяпман¸ 28 июнгача кутиб турайлик¸ деган гапни. 28 да Аҳмадбойга пул берганларнинг камида ярим пулини қайтиб беришади¸ деган гап тарқаган. Бу гап қаердан¸ кимдан чиққан¸ биз ҳам билмай ўтирибмиз. Бу одамлар юраги ëрилиб ўлмаслиги учун ўзларини овутишга ўйлаб топган гап бўлса керагов¸" дейди машинасини Аҳмадбойга топширган янгийўлликлардан бири.

Тўйлар тўхтатилди¸ оилалар бузилмоқда

Озодлик суҳбатлашган тошкентликлардан бирига кўра¸ бор жамғармасини Аҳмадбойга "айлантириб" пул қилиш учун берган кўп оилалар рўза тугашига белгиланган никоҳ тўйларини бекор қилишга мажбур қолган¸ кредиторлар орасида ақлдан озаëтганлар ва оиласидан ажраëтганлар бор.

"Маҳалламизда учта оилада шунақа бўлди. Оғайниларим тўйи бекор бўлди. Ҳамма пулни Аҳмадбойга бериб¸ уни олганидан кейин тўй қилмоқчи бўлишган. Энди тўйга пули йўқ. Ишхонамдагилардан биттаси¸ қўшнисининг ўзига-ўзига гапирадиган бўп қолганини айтди. Қизини узатишга тўплаган пулини кўпайтириб олай деб¸ Аҳмадбойга берган экан. Қамалганини эшитиб¸ ақлдан озиб қопти. Янгийўлнинг Рабочий деган жойида 47 ëшлардаги бир одам ўзини осибди¸ деган гап юрипти¸ буни аниқ билмайман лекин. Биз битта машина берган бўлсак¸ амакиларим учталаб машина берган Аҳмадбойга. Нафасини ичига ютиб ўтирибди. Ҳозирча даъво қилмаймиз¸ дейишаяпти¸ яна ким билади¸" дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

"Ақлдан озиш осон экан"

“Родной тоғам жинни бўп қолдилар¸ кеннойим инсульт бўлдилар¸ бир тарафлари ишламай¸ ётиптилар”¸ деб хабар берди яна бир тошкентлик Озодликка.

"Онамнинг укаси¸ тоғам бир умр йиққан пулини Аҳмадбойга берган экан. Аниқ қанчалигини билмаймиз¸ айтмаяптилар¸ чунки ақлдан озиб қоптилар. Аҳмадбой қамалди¸ дейиши билан уйларини зинасидан тушармишлар-чиқармишлар¸ чиқармишлар-тушармишлар. Қўлларида блокнот эмиш. Онам бориб роса йиғлаб келдилар. Домлага обориб¸ ўқитиб келишибди¸ лекин ҳалиям шу аҳволмиш. Бу ëғда амакимнинг хотини¸ Аҳмадбой хабарини эшитиб¸ инсульт бўлиб ëтибди. Чап тарафи умуман ишламай қопти. Каптива берган эканлар. Бизнинг маҳаллада куймаган ҳеч ким қолмади¸ чунки ҳамма борини Аҳмадга берган экан. Биз ҳам Кобальтимизни Муродга¸ нақд пулимизни Аҳмадга берган эдик. Қулоғини ушлаб кетди энди¸" дейди тошкентликлардан яна бири.

Заиф баëнот

21 июнь куни Озодлик мухбири Аҳмад Турсунбоевга бор-йўғини бериб¸ хонавайрон бўлаëтган ўн минглаб ўзбекистонликка нима бўлади¸ деган саволга жавоб излаб¸ воқеалар қайноғи жойлашган Чиноз туман ҳокимлигига мурожаат қилди.

Ҳокимият вакили¸ "давлат ўз фуқароларини ташлаб қўймаслиги¸ ҳозирда Аҳмадбойга алданганларга қандай ëрдам бериш масаласи кўриб чиқилаëтганини иддао қилди.

Расмийга кўра¸ Аҳмад Турсунбоевга пул¸ машина ëки бошқа қимматбаҳо нарса берганлар¸ фирибгарлик қурбони ҳисобланади ва улар Турсунбоев устидан шикоят аризаси билан Чиноз туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилишлари лозим.

"Мурожаат қилганлар иши¸ албатта¸ кўриб чиқилади. Давлат ҳозир мусодара қилинган пул ва мулк билан алданганларга кўрган зарарининг қайсидир қисмини қоплаш устида бош қотираяпти. Улар ариза беришдан қўрқмасликлари керак. Жиноятни улар эмас¸ Аҳмадбой қилган ахир"¸ деди ўзини таништирмаган ҳокимият вакили жумладан.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG