Линклар

Шошилинч хабар
09 феврал 2023, Тошкент вақти: 18:02

Ака-ука Вишиванийлар. Бир украин оиласининг фожиаси (ВИДЕО)


Украинадаги урушда 10 кун нари-берисида украин ҳарбийлари, ака-ука Василий ва Кирилл Вишиванийлар бирин-кетин ҳалок бўлишди. Ука – 3 март куни Николаев вилоятида Россия армиясига қарши жангларда, ака эса 13 март куни, Львов вилоятидаги Яворов полигонига йўлланган ракета зарбаларидан нобуд бўлишди.

“Кўп режаларимиз бор эди, лекин шошмасдик, чунки бутун ҳаётимиз ҳали олдинда эди. Начора, бевақт ўлим пешонасига битилган экан. Энди у кўклардан бизни кузатиб туради, руҳи бизни бало-қазолардан сақлайди. Ундан қизи ёдгор бўлиб қолди...”, дейди йиғи аралаш Кирилл Вишиванийнинг беваси Елена.

Кирилл 13 март куни Львов вилоятининг Польша чегараси яқинида жойлашган Яворов полигонида ҳалок бўлган ўттиз беш украин аскаридан бири бўлди. Ўшанда Россия армияси Қора ва Азов денгизлари акваториясидан ўттизта қанотли ракета учирганди.

“Кун бўйи кутдик. Одамлар вайроналар тагида тирик қолишгандир, деган илинжимиз бор эди. Ўша атрофдаги барча касалхоналарга қўнғироқ қилиб чиқдик. Балки ярадор бўлгандир, деб. Оқшом соат бешларда дўсти телефон қилиб, уни кўрганини айтди. Аммо тирик ҳолда эмас...” эслайди Елена.

Кирилл билан турмуш қуришганига атиги икки йил бўлганди. Беш ой аввал қизлик бўлишган, исмини Мелания қўйишганди.

“Қизчасини шунчалар яхши кўрардики. Еру-кўкка ишонмас, юзига қараб тўймасди. Мелания ҳам дадаси ишдан келиши билан унга талпиниб қолар, қўлчаларини чўзиб қийқирарди. Дадасига қараб шунақа ширин кулардики... Бахтиёр ҳаётимиз шундай, қўққисдан якун топишини етти ухлаб тушимда ҳам кўрмагандим”, ғамгин ҳикоясини давом эттиради бева аёл.

Кирилл Вишиваний 35 ёшда эди. Профессионал ҳарбий бўлишни болаликдан орзу қиларди. У кўп вақтини хизматда ўтказди, карьерасида муваффақият қозонишга ҳаракат қилди. Кирилл укаси Василий Вишиванийдан роппа-роса ўн кун ўтиб ҳалок бўлди.

Акаси изидан бориб, ҳарбийлик касбини танлаган Василий 3 март куни Николаев вилоятидаги жангларда қурбон бўлди. У 28 ёшда бўлиб, десант-штурм бригадасида сапёр бўлиб хизмат қиларди.

Василий оила қуришга улгурмаган, аммо уни қаллиғи Марьяна Лопушанская кутаётганди.

“Василий кўприкни миналаётган пайтда миномётдан ўққа тутишибди. У бошқаларни яширишга уринган, лекин ўзи икки юз қадам наридаги пана жойга етишга улгурмаган. Сапёр ўртоқлари билан ерга кўмилган минага йўлиқишган. Мина парчалари ва тупроқ остида қолишибди”, дейди Марьяна, қайлиғининг ўлими ҳақида ҳикоя қиларкан.

Кичик Вишиваний взвод командири эди. Хизматдошлари унинг жасадини бир неча кун қидириб, топишди. Марьяна энг сўнгги дақиқагача уни тирик кўришдан умид қилди. Улар уруш тугаганидан кейин турмуш қуришни, фарзанд кўришни орзу қилишарди.

“Гўё ярим одамга айланиб қолгандекман. Ҳаётимни янгидан бошлашни тасаввур ҳам қилолмайман”, дейди Марьяна.

Оға-ини Вишиванийлар Львов вилоятидаги Дулиба қишлоғига дафн қилинди. Улар шу ерда туғилиб, вояга етишган. Ўн кунда иккала ўғлидан жудо бўлган оналари ҳануз шу қишлоқда яшайди.

XS
SM
MD
LG