Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 02:56

Бош прокуратура "Алп Жамол банк" эгаси устидан жиноят ишини қайтадан тиклади (ВИДЕО)


"Алп Жамол банк" лицензияси "Келажак бугундан бошланади" деган шиорни илгари суришидан кўп ўтмай бекор қилинган эди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка президент Каримов даврида йўқ қилинган "Алп Жамол банк" эгаси Муҳиддин Асомутдинов устидан тергов иши қайта тикланганини маълум қилди.

Бош прокуратурага кўра, тергов иши Муҳиддин Асомутдинов "ўз ихтиёри билан" Ўзбекистонга қайтгач қайта очилган.

Бош прокуратура "Алп Жамол банк" эгаси иши бўйича Озодликка берган изоҳида жумладан шундай ёзилган​:

"Алп Жамол банк"ининг собиқ раҳбари Муҳиддин Асомутдиновга нисбатан Жиноят Кодексининг 167, 184 ва бошқа моддалари билан қўзғатилган ва кейинчалик унинг қидирувда бўлганлиги сабабли тўхтатилган жиноят иши ҳозирда М. Асомиддиновнинг ўз ихтиёри билан қайтиб, терговга жалб қилинганлиги сабабли қайта тикланган.

Прокуратура Муҳиддин Асомутдиновга қўлланилган "қамоқ эҳтиёт чораси муносиб хулқ атворда бўлиш" тўғрисидаги тилхатга ўзгартирилганини қўшимча қилди.

"Айбланувчининг содир этган қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлик қоплаганлиги ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилаётганлиги нуқтаи назаридан унга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси муносиб хулқ атворда бўлиш тўғрисидаги тилхатга ўзгартирилди".

Шунингдек, "жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари" айнан Бош прокуратура томонидан олиб борилаётгани таъкидланган.

Қочувдаги тадбиркорнинг қайтиши

Озодлик Ўзбекистондаги илк хусусий банклардан бири "Алп Жамол банк" эгаси Муҳиддин Асомутдинов ўтган ҳафта охирида Тошкентга қайтгани ҳақида 15 январда хабар берганди.

63 яшар Муҳиддин Асомутдиновни Тошкентдаги ҳовлисида оиласи аъзолари, қўни-қўшнилари ва дўстлари қарши олаётгани тасвирланган видео Озодликка 15 январь куни етиб келган.

Муҳиддин Асомутдинов Тошкентга қайтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:18 0:00

Хусусий очиқ ҳиссадорлик "Алп Жамол банк"ининг асосий ҳиссадори Муҳиддин Асомутдинов 2010 йил март ойида бу банк ликвидация қилинишидан олдин Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган эди.

Катталар изни билан

Муҳидддин Асомутдиновни яқиндан билган тошкентликлардан бирининг Озодликка айтишича¸ тадбиркор 9 йилдан буён асосан қўшни Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари - Олмаота ва Остонада яшаб келган.

"Муҳиддин ака Қозоғистондаги қариндошлари билан тижорий ҳамкорликни йўлга қўйиб, имкон қадар одамлар диққатини ўзига тортмай, яшаб келаётганди. Қозоғистондаги яқинларининг таъсир кучи яхши бўлгани учун унга ҳеч қандай хавф йўқ эди," деди тадбиркорнинг яқин танишларидан бири.

Тошкентда уни кутиб олган бошқа бир яқинига кўра, Асомутдинов доим Ўзбекистонга қайтиш умиди билан яшаган.

"Каримов ўлганидан кейин вазият ўзгарди ва у киши Ўзбекистонга қайтиш ҳаракатини бошлади," - деди собиқ банк эгаси яқинларидан бири.

Бу суҳбатдош Муҳиддин Асомутдиновнинг Ўзбекистонга "катталар изни билан" қайтганини алоҳида урғулади.

Озодлик мухбири 15 январь куни тадбиркорнинг ўзи билан боғлана олмади - яқинларидан бирига кўра, Муҳиддин Асомутдинов ҳозирда Тошкентдаги саломатлик марказларидан бирида даволанмоқда.

"Алп Жамол банк"нинг ёпилиши

2009 йил декабрида, Конституция кунига бағишланган нутқида Ислом Каримов "Ўзбекистонда жуда бойлар ҳам, жуда камбағаллар ҳам бўлмайди" деган тамойилни илгари сурган эди.

Ушбу чақириқдан кўп ўтмай Ўзбекистонда қатор йирик тадбиркорлар ҳибсга олиниб, кўплаб хусусий корхоналарни мусодара қилиш бошланди.

Жумладан, 2010 йил март ойида Ўзбекистон Марказий банки "Алп Жамол банк" лицензиясини бекор қилди; банк филиаллари ва интернетдаги расмий сайти 10 мартдан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатди.

Ўшанда "Алп Жамол банк" раҳбарияти, "Ўзбекистон Республикаси марказий банки тўғрисида"ги қонуннинг 53-моддаси ҳамда "Банк ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонуннинг 14- моддаси асосида "банк қонунчилигини бузиш"да айбдор деб топилган эди.

1998 йил март ойида Ўзбекистон Марказий банки тақдим қилган лицензия асосида фаолият бошлаган "Алп Жамол банк"нинг 2009 йилги соф даромади¸ расмий ахборотларда қайд этилишича¸ 5 миллиард 959 миллион сўм (3 миллион 861 минг доллардан кўпроқ) бўлган.

2010 йил 1 январига келиб "Алп Жамол банк" активлари 118,6 млрд. сўмга етган, банкнинг жисмоний ва юридик мижозлари сони эса 155 мингдан ошгани айтилган эди.

Банк пойтахтдан ташқари, Тошкент вилояти, Қашқадарё, Наманган ва Самарқандда ўз бўлимларини йўлга қўйган эди.

2011 йил март ойида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди чиқарган ҳукмга мувофиқ, "Алп Жамол банк"нинг барча кўчмас ва нокўчмас мулклари давлат фойдасига мусодара этилди.

2017 йилда Озодлик билан суҳбатлашган тадбиркорлар кўплаб жисмоний ва юридик шахсларнинг миллиардлаб сўм маблағи "Алп Жамол банк" ҳисобида қолиб кетгани, уларни қайтариб олиш уринишлари эса шу пайтгача натижа бермай келаётганидан шикоят қилган эди.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG