Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 05:14

Amnesty International: Ўзбекистон ва бошқа давлатлар пандемияда сўз эркинлигини чеклади


Тошкентдаги назорат-ўтиш нуқтаси. 23 июль, 2020

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти пандемия дунёда сўз эркинлигига қандай таъсир этганига доир ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, кўплаб мамлакатларда ҳокимият юзага келган вазиятдан сўз эркинлигини чеклашда ва коронавирусга қарши қўлланаётган чора-тадбирлар танқид қилинишини тўхтатишда фойдаланмоқда.

Amnesty International гуруҳи айниқса Беларусь, Бразилия, Венгрия, Миср, Эрон, Испания, Италия, Хитой, Россия, Сербия, АҚШ, Ўзбекистон, Франция, Форс кўрфази мамлакатлари, Африка ҳамда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларини қаттиқ танқид қилган.

Ўзбекистонда аҳоли ўртасида ваҳима кўтариши ва давлатга зарар етказиши мумкин бўлган ахборотни тарқатганлик учун жазо кўзда тутилган қонунлар пандемиядан олдин ҳам амал қиларди. Бироқ айнан коронавирус тарқалган даврда қонунчиликдаги жазо чоралари кучайтирилди – эндиликда бундай маълумотларни тарқатганлик учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этишлари мумкин.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати мазкур қонунлардан мамлакатда касаллик тарқалишининг ҳақиқий кўламига ва соғлиқни сақлаш тизимининг аҳволига доир маълумотларни яшириш учун фойдаланган.

Amnesty International илмий ва ишончли маълумотларни олиш имкониятининг чекланганлиги, шунингдек сиёсий зиддиятлар фитна назарияларининг кенг тарқалишига, оқибатда эса одамларнинг эмланиш, ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш ва бошқа эҳтиёт чораларига риоя қилишдан бош тортишига олиб келганини қайд этган.

У ёки бу вакцинанинг самарадорлиги ҳақидаги баҳслар мамлакатлар ўртасидаги геосиёсий курашда қурол ўрнида қўлланган. Буларнинг бари кўплаб давлатларда соғлиқни сақлаш тизимига катта юк тушишига таъсир этган, минглаб ўлимларга сабаб бўлган, шунингдек жамиятнинг ОАВлар ҳамда ҳукуматга ишончини заифлаштирган.

Ҳисоботда урғуланишича, айрим мамлакатларда ҳукумат пандемиядан ахборот майдонини танқидлар, сиёсий мухолифат ва мустақил ОАВлардан тозалаш учун баҳона сифатида фойдаланган. Инсонлар ҳаётини хавфга қўйишига қарамай, сиёсий мақсадларни кўзлаб сўз эркинлигини чеклаш, пандемия ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиш, шунингдек асоссиз чеклов чоралари жорий этиш ҳоллари тобора кўпроқ кузатилмоқда, деб ёзади муаллифлар.

Amnesty International тадқиқотчиларининг ишонишича, қабул қилинган чора-тадбирлардан баъзилари – юқорида санаб ўтилган мамлакатларда ҳануз давом этаётган инсон ҳуқуқларини чеклашга қаратилган катта кампаниянинг бир қисмидир.

Хитойда, - деб ёзади Amnesty International,- сўз ва матбуот эркинлигининг чекланиши коронавирусга қарши курашга салбий таъсир кўрсатган. 2019 йил декабрдаёқ шифокорлар ва айрим журналистлар шу пайтгача номаълум бўлган янги касаллик ҳақида сўзлаб беришга чоғланганлар, аммо Хитой ҳукумати зарур эҳтиёт чораларни кўрмаган, аксинча, касаллик ҳақида жамоатчиликка хабар беришга урингани учун уларни таъқибга олган.

Жамоат хавфсизлиги вазирлиги маълумотига кўра, коронавирус ҳақида очиқ гапирган одамларга қарши 2020 йил февраль ойининг ўзида “маълумотларни сохталаштириш ва қасддан ёлғон ахборот тарқатиш” моддаси билан 5,5 мингдан зиёд жиноят ишлари очилган. Шунингдек, ҳукумат коронавирусга доир маълумотларни блоклаш ёрдамида цензура қилиш усулидан кенг фойдаланган.

Ҳуқуқбонлар таъкидлашича, Россияда қасддан ёлғон маълумот тарқатганлик ва санитария-эпидемиология меъёрларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш тўғрисида қонунлар қабул қилиниб, улар асосан сиёсий фаоллар ҳамда мухолифатчиларга қарши татбиқ этилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли – 2021 йилнинг қишида бўлиб ўтган оммавий норозилик чиқишларидан сўнг Россиянинг бир неча минтақасида мухолифатчи Алексей Навальний сафдошлари ва тарафдорларига нисбатан қўзғатилган “санитария ишлари”дир.

Пандемия йили: Коронавирус, карантин ва коррупция
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:49 0:00

Мазкур ишлар бўйича судланганларнинг аксарияти тергов изоляторларида сақланган (айримлари у ердаги шароит санитария талабларига зид бўлгани туфайли коронавирус юқтириб олди) ва кейинчалик озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, бутун Россия бўйлаб касалхоналарда тиббиёт жиҳозлари ва шахсий ҳимоя воситалари етишмаслиги тўғрисида гапирган шифокорлар ва тиббиётчиларнинг касаба уюшмалари аъзолари ҳам маъмурий босим ва тазйиқларга учраган.

XS
SM
MD
LG