Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:18

Андижондаги 9-синф ўқувчиси ўлимида 6 киши сўроқ қилиняпти


7 апрелда Андижон шаҳридаги 29-мактабнинг 9-синф ўқувчиси 10-мактабда ўқийдиган тенгдоши томонидан пичоқлаб ўлдирилгандан кейин, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Қотилликда гумонланган ўқувчи ҳибсга олинган. Марҳум ўқувчи отасининг Озодликка айтишича, унинг ўғли 10-мактабга бормаган, аксинча, мактаблараро "кўзир"ликка даъво қилган бола ўртоқлари билан ўғлини мактабидан чақириб олиб, пичоқ санчган. Икки мактаб директори ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган.

Андижондаги 9-синф ўқувчиси ўлимида 6 киши сўроқ қилиняпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Андижон шаҳар ички ишлар бўлимининг терговчиси Мўминжон Умаралиев 29-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Муҳаммадасрор Собировнинг ўлими юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97(қасддан одам ўлдириш) моддаси билан жиноят иши очилганини Озодликка айтди:

“Жиноят иши очилган, қотилликда гумонланган 10-мактаб ўқувчиси Ш.А. ҳибсга олинган. Воқеа гувоҳлари кўрсатма беряпти. Тергов сири борлиги учун бундан ортиқ нарса айтолмайман”, деди терговчи.

Озодлик бу воқеа ҳақидаги аввалги хабарида қотиллик 10-мактабнинг ҳовлисида содир бўлганлиги ҳақида ёзган эди.

Мақола эълон қилинганидан сўнг марҳум ўқувчининг отаси, 39 яшар Муҳаммадбобур Собиров Озодликка қўнғироқ қилиб, унинг ўғлини 29-мактабга яқин жойда пичоқланганини айтди:

- Мени эшитишим бўйича мактабларда ўқувчилар орасида “биринчи шеф”, “иккинчи шеф” деган мақом бўларкан. Булар мактабма-мактаб ким “кўзир” ўйнашган. Ўша куни 1 ва 10 мактабнинг ўн бештача болалари 29-мактабга келган. 1-мактабнинг “шеф”и 10-мактабнинг "шеф"ига мен 29-мактаб “шеф”ини ургани кетяпман, деб Шоҳ деган болани ҳам олиб келган. Ўғлим дарсда бўлган. Уч марта тел қилган чиқмаган. Кейин қўрқоқсан дейишгандан сўнг, орият қилиб ўртоқлари билан чиққан. Бизнинг уй ўша мактаб яқинида, ўша ердаги бир тор кўчага киришган. “Қайси биринг Асрор?”, деган. Ўғлим “менман” деса, “сен шунақа полвонмисан”, деб 10-мактабни “шеф”и унинг юрагига пичоқни тиқиб олганда, қочиб кетган, - дейди ота.

Муҳаммадбобур Собировнинг айтишича, унинг ўғли ҳеч қандай ёмон хулқли болалар рўйхатида ҳам турмаган:

- Ўғлимни ўша куни дарҳол яқинимиздаги поликлиникага олиб боришган. Лекин врачнинг айтишича, аллақачон жони узилган экан. Кейин скорий чақириб, вилоят касалхонасига олиб кетишган. Ўғлим онасининг меҳрибони эди. Онасининг мазаси йўқ, фақат у ўз вақтида онасига қараб, дори бериб турарди. Ҳеч қачон қандайдир рўйхатларда турмаган, - деди ота.

Унинг айтишича, ўғлининг ўлимида мактабнинг ҳам айби бор:

- Ўзи аслида буларда айб. Мактабдан, дарс пайтида ташқарига чиқармаслик керак эди. Қоровул турадику, кўряпти, толпа болалар келиб турибди, ким булар, нимага келди, деб сўраши керакку, дейди ота.

Муҳаммадбобур Собиров терговга қатнаб юрган ўғлининг ўртоқларидан олган маълумотига таяниб,бу иш юзасидан очилган жиноят ишининг 97(қасддан одам ўлдириш) моддасини, 103(қасддан баданга оғир шикаст етказиш) моддага ўзгартиришга ҳаракат бўлаётганини иддао қилди.

Аммо, Андижон шаҳар ички ишлар бўлимининг терговчиси Мўминжон Умаралиев бу иддаони тасдиқламади.

Муҳаммадбобур Собировнинг Озодликка айтишича, айни пайтда мазкур жиноят иши юзасидан икки томондан олти киши сўроқ қилинмоқда.

Андижон шаҳар халқ таълими бўлимининг мудири Муқаддас Меманова Озодлик мухбири билан суҳбатда, икки мактаб директорига ҳеч қандай чора кўрилмаганини билдирди:

“Чорани биз эмас, вилоят халқ таълими бошқармаси кўради. Ҳозир тергов кетяпти, тугасинчи, ўшанинг натижасига қараб бир қарорга келамиз”, деди Муқаддас Меманова.

Исми сир қолишини сўраган Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси мулозими Озодликка сўнгги пайтда шаҳар мактабларида таълим ва тарбия бўшашиб кетганига мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларнинг турли ҳашарларга мунтазам жалб қилинаётгани сабаб бўлганини айтган эди:

“Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев мактаб раҳбарларини ҳар куни уч марта чақириб, ободонлаштириш ишларига ўқитувчи чиқариш борасида мажлис ўтказади. Йил бошидан буён ўқитувчиларимизда тиним йўқ, дарслар қолиб кетмоқда, тарбиявий ишлар билан шуғулланишга умуман вақт қолмаяпти. Кўча тозалаш, ер чопиш ва гул-кўчатлар экишга ҳар куни ҳар бир мактабнинг камида 30 фоиз ўқитувчиси чиқарилади. Бундай ҳолатда қандай тарбия ҳақида гап бўлиши мумкин. Кўча супираётган ўқитувчининг ўзи ўқувчи олдида обрўсиз бир шахсга айланиб қолди. Ҳеч ким бу нарса ҳақида лом-мим деёлмайди. Гапирса шаҳар ҳокими твардан олиб ҳаромга солиб, сўкади. Ўқитувчиларни хор қилди. Мана кўрасиз, ҳамма айбни яна мактаб директорининг бўйнига қўйишади”, деган эди халқ таълими мулозимларидан бири.

XS
SM
MD
LG