Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:43

Андижонда аҳолини ярим тунда саҳарликка уйғотадиганлар пайдо бўлди. Маҳаллий канал уларни мақтаб чиқди (ВИДЕО)


Ҳовлилар ўртасидаги тор йўлакда турган йигит тунги соат 2:30 ларда одамларни саҳарликка уйғотмоқда.
Ҳовлилар ўртасидаги тор йўлакда турган йигит тунги соат 2:30 ларда одамларни саҳарликка уйғотмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари ҳам ўтган ҳафта Исломда фарз қилинган амаллардан бири - рамазон ойи рўзасини тутишга киришди.

Бу йилги рамазон коронавирус пандемияси давридаги кескин чекловлар амалда қолаëтган¸ аксар аҳоли ҳам иқтисодий¸ ҳам руҳий қийинчиликни бошдан кечираëтган шароитда ўтмоқда.

26 апрель куни ўзини “Андижондаги энг тезкор хабарлар” канали деб тақдим этувчи “Андижон бугун” Телеграм канали қисқа видео жойлаштирди.

Бу видеода ҳовлилар орасидаги кўчадан туриб¸ азон оҳангида “Саҳарлик вақти бўлди” деб бор овозига қичқираëтган ëш йигит акс этган. Лип этиб кўринган кадрдан видеони машина ичкарисиа ўтирган бошқа шахс ëзиб олгани тушунилади.

20 секундлик видеода йигитнинг бевосита одамлар дарвозаси олдига бориб баралла қичқираëтгани ҳам кўринади.

Андижонда аҳоли ярим тунда саҳарликка уйғотилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00
Бевосита линк

Озодликка бу видеони жўнатган андижонликлардан бири тунги бундай бақир-чақирдан “ниҳоятда асаби бузилгани”ни билдирди.

Бу қанақа гап? Тунги соат 2:30 да одамларнинг дарвозаси тагида бор овозига бақириб¸ саҳарликка тур¸ дейиш? Ҳозир 7-аср эмаску¸ одамларни бунақа қилиб уйғотадиган. Ҳамманинг уйида телефони¸ соати бор. Ким рўза тутган бўлса¸ ўзи қачон туришни билади. Тутмаганларга эса¸ бунақа даъватнинг вообше кераги йўқ. Қариялар¸ касаллар¸ ëш болалар бор. Нима ҳаққи бор бошқаларни бунақа безовта қилишга? Бировнинг уйи олдига келиб бунақа бақириш ўрнига¸ жуда тақводор бўлса¸ ана машинасини сотиб¸ ночорларга эҳсон қилсин”¸ деди Озодликка бу видеони юборган андижонликлардан бири.

Озодликка боғланган андижонликлардан яна бири¸ қандайдир номаълум шахсларнинг тунги бақир-чақирининг Андижон шаҳар ҳокимлигига яқин кўриладиган “Андижон бугун” Телеграм каналида улуғланганидан хавотирга тушганини айтади.

Обуначилари сони 105 мингга яқинлашган канал бу видео остига “Сахарлик вақти бўлди, укаларимиз одамларни сахарликка уйғотиб юришибди. Махалла улардан рози, хурсанд”¸ деган изоҳ ëзган.

Ким буларга бунақа тарғиботга рухсат берди? Маҳалла улардан хурсанд¸ рози¸ депти. Маҳалладагилар орасида бориб опрос ўтказиптими¸ хурсандлигини қаердан билади? Бу бориб турган безориликнинг ўзи¸ Маъмурий кодексга бунга статья белгиланган. Андижон ҳокимлигига алоқадор канал очиқчасига безориларни мақтаяпти. Маҳалла посбонлари қаерга қараяпти – бундайларга зудлик билан чора кўриш керак”¸ деди андижонликлардан яна бири.

Озодлик суҳбатлашган юристлардан бири¸ Андижон канали тарғиб қилган воқеа Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддаси бўйича жазоланадиган ҳуқуқбузарлик эканини билдирди.

“Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш” деб номланган 192- моддада:

Тунги вақтда — соат 23.00 дан 06.00 гача — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш” учун жавобгарлик белгиланган.

Бундай ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилса¸ базавий ҳисоблаш миқдори (ҳозирда 223 минг сўм) нинг учдан бир қисми, бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг иккидан бир қисми миқдорида, мансабдор шахсларга эса — иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Озодлик ҳозирча видеодаги йигитларнинг шахси¸ бу ишни уларнинг ўз ташаббуси билан қилган-қилмаганига оид аниқ маълумотга эга эмас.

Воқеа тафсилотлари¸ хусусан¸ одамларни ярим тунда уйғотиб юрганларнинг жавобгарликка тортилган-тортилмаганини ўрганиш мақсадида Озодлик Андижон вилояти ва шаҳри ички ишлар бошқармалари билан боғланди.

Вилоят бошқармаси¸ воқеа юзасидан шаҳар ИИБсига мурожаат қилишни тавсия этди.

Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Озодлик гаплашган ходими¸ иш пайтида мобиль телефондан фойдаланиш¸ хусусан¸ ижтимоий тармоқларга кириш тақиқлангани учун бундай видеодан мутлақ бехабарлигини таъкидлади.

Телефонимизни ККПда қолдириб кирамиз. Биз унақа каналларга кирмаймиз. Қайси маҳаллада бўлган экан?”¸ дея саволга савол билан жавоб қилди шаҳар ИИБ ходими.

Бу суҳбатдош Телеграмда тарқаган видео тафсилотидан ИИБ матбуот котиби хабардорлигини тахмин қилиб¸ у билан боғланишни маслаҳат берди.

Андижон ИИВ матбуот котибиники деб берилган мобиль телефонга жавоб қилган шахс¸ Озодлик номи ва саволини эшитганидан сўнг¸ ўзининг ички ишларга алоқаси йўқ тадбикор эканини айтиб¸ алоқани ўчириб қўйди.

Саҳарликка бақириб уйғотиш ҳақида Мусулмонлар идораси нима дейди?

Бу йилги рамазонда Ўзбекистон мусулмонлари идораси рўза тутиш билан боғлиқ саволларга туну кун жавоб бериш тизимини жорий этди ва бунинг учун махсус телефон рақамлари очди.

27 апрель куни Озодлик ана шу рақамлардан бири билан боғланиб¸ Андижонда одамларни саҳарликка бақириб уйғотаëтганлар амалиëтига исломий шарҳ беришни сўради.

Мусулмонлар идорасининг ўзини таништирмаган уламосининг жавоби қуйидагича бўлди:

- Исломда бундай анъана ҳам¸ амал ҳам йўқ. Булар энди ўзларича волонтëрлик қилиб¸ ўзича иш қилаëтган бўлиши мумкин. Исломда бор нарса шуки¸ саҳарликка туришдан олдин азон айтиш мумкин одамларни турғизиш учун. Рамазонда икки марта азон айтилган¸ деб келади айрим ҳадисларда. Биттаси одамларни саҳарликка турғизиш учун бўлган¸ биттаси саҳарлик тугаганини билдириш учун. Лекин бунақанги уйма-уй кириб¸ қанақадир воситалар билан одамларни уйғотиш деган нарса йўқ¸ деди Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг махсус рақамига жавоб берган уламо.

Озодлик суҳбатдоши¸ яқин ўтмишда Ўзбекистонда бунақа анъана бўлганидан бехабарлигини ҳам айтиб¸ 21-асрга келиб¸ одамларни довул чалиб¸ ëки маҳаллама маҳалла бақириб саҳарликка уйғотиш учун ҳеч қандай зарурат қолмаганини таъкидлади.

- Ҳозир масжидларимизда намоз вақти учун микрофонларда азон айтилаяпти. Бу саҳарлик тугашини билдиради. Андижондаги йигитлар ўз шахсий қарашидан келиб чиқиб қилган бу ишни. Лекин бунинг ижтимоий баҳоси ҳам бор. Бундай қилиш кимгадир халақит қиладиган бўлса¸ кимгадир зарар етадиган бўлса¸ биз бундай қилмаслик тарафдоримиз. Чунки масалан¸ будильниклар бор¸ ҳар кимнинг ўзи туриш имконияти бор. Кимдир¸ нимадир уйғотмаса¸ саҳарликдан қоп кетадиган ҳоллар йўқ ҳозир. Ҳаракатини қилган одам¸ ўзи бемалол туриши мумкин саҳарликка. Кимгадир озор берадиган иш қилиш шартмас бунинг учун¸ деди Ўзбекистон Мусулмонлар идораси рўзага оид саволларга жавоб бериш учун махсус танлаган уламо.

XS
SM
MD
LG