Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:25

Андижонда 60 яшар эркак 13 яшар жиянини зўрлаб, ҳомиладор қилганликда гумонланмоқда


Андижон шаҳрида яшайдиган 60 яшар эркак қайинсинглисининг 7-синфида ўқийдиган 13 яшар қизини зўрлаганликда гумонланмоқда.

Андижон шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Шуҳрат Парпиевнинг шаҳар ҳокимлиги ўтказган йиғилишда бу воқеани ошкор қилганини ушбу мажлисда бевосита қатнашган мулозим Озодликка хабар қилди.

Воқеа тафсилотларидан хабардор маҳалла фаолининг Озодликка билдиришча¸ холаси қарамоғига берилган қиз поччаси томонидан бир неча марта зўрлангани ҳақида кўрсатма берган.

Жорий ҳафта шифокорлар томонидан текширилган ўқувчи қизнинг тўрт ярим ойлик ҳомиласи борлиги аниқланган ва шундан сўнг ички ишлар бу воқеа юзасидан тергов-суриштирув бошлаган.

Андижон шаҳридаги мактаблардан бирининг 7-синф ўқувчиси (ўқувчи қизнинг исм-шарифи¸ қайси мактабда ўқиши ва яшаш манзили Озодликка маълум, лекин ахлоқ қоидалари сабаб ошкор этилмайди – таҳририят) ҳомиладор бўлиб қолгани ҳақидаги хабарни Озодликка исми сир қолишини сўраган Андижон маҳаллалари раисларидан бири йўллади.

“Кеча, сешанба куни мажлисдаги масала асосан ёшларнинг ҳаётига бағишланди. Шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Шуҳрат Парпиевнинг айтишича, 7-синф ўқувчисини холасининг 60 яшар эри ҳомиладор қилиб қўйибди. Қизнинг отаси йўғ экан, онаси Россияга кетиб, қизини холасининг қўлига ташлаб кетган экан. Холасининг эри, яъни поччаси қизнинг номусига мажбуран тегиб юрар экан ва у ҳомиладор бўлиб қолибди. Қизни сўроқ қилишганда, уни холасининг эри шундай қилиб юрганини айтибди. Ҳозир тергов бўляпти экан”, деди 24 апрель куни Қўшариқ даҳасида жойлашган Банк коллежи биносида ўтказилган ҳокимлик йиғилишида бевосита қатнашган маҳалла раиси.

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасининг исми сир қолишини сўраган мулозими айни пайтда мазкур ҳолат бўйича суриштирув олиб борилаётганини айтди.

“Бу иш бўйича ҳозир суриштирув олиб борилаяпти. Ўқувчи қизнинг берган биринчи кўрсатмаси бўйича, унинг номусига поччаси алдаб ва мажбурлаб тегиб юрган. Қиз 2004 йилда туғилган, лекин августда 14 ёшга тўлади. Лекин гумонланаётган шахс бу айбловни инкор қилаяпти, мен унга тегмаганман¸ деяпти. Қизбола қорни оғиётгани учун шифокорга мурожаат қилган ва шифокор унинг ҳомиладор эканлигини аниқлаб, милицияга хабар берган. Бу ҳолатни терговчилар ўрганаяпти ва ҳозирча айбсизлик презумпцияси боис, 60 яшар шахс фақат гумонланувчи сифатида сўроқ қилинаяпти. Агар унинг айбдорлиги тасдиқланса, кейин уни ҳибсга олиш ҳақида судга тақдимнома киритилади”, деди мулозим.

Мулозимнинг айтишича, бу ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

“Агар айбдор ўқувчи қизнинг 14 ёшга ҳали тўлмаганини била туриб, унинг номусига теккани исботланса, қонун бўйича 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади”, деди мулозим.

Озодлик ўқувчи қиз ўқийдиган мактаб директорининг ўзи билан¸ унинг мобил телефони ўчирилгани боис¸ бевосита гаплаша олмади.

Андижон шаҳридаги мактаблардан бирининг директорига кўра¸ ички ишлар бўлими раҳбари баëноти ортидан 24 апрелдан мактабларда ўқувчи қизларнинг бокиралигини текшириш бошланган.

"Кечадан қиз ўқувчиларимизни УЗИ қилиш бошланди. Мактаблар яқинидаги поликлиникалардан шифокорлар келиб, ҳар бир ўқувчидан уч минг сўмдан олиб текширмоқда. Бундан ташқари¸ Халқ таълими бўлими томонидан зудлик билан ота-оналар мажлиси чақирилиб, бўлган воқеа муҳокама қилиниши ҳақида топшириқ берилди. Отаси ёки онаси хорижга кетганларни аниқлаб, мактабнинг ички назоратига олинглар, деб айтишди", деди исми очиқланмаслигини сўраган мактаб директорларидан бири.

Ўзбекистонга балоғат ёшига етмаган мактаб ўқувчиларининг яқин қариндошлари томонидан зўрланиши ва уларнинг ҳомиладор бўлиб қолиш ҳолатлари учраб туради.

Ўтган йили Андижон шаҳридаги 6-мактаб 9-синф ўқувчисининг ҳомиладор экани аниқланиши ортидан шаҳар мактабларида қизларнинг бокиралигини текшириш кучайган эди.

Бу ўқувчи қизнинг 66 яшар бувиси жорий йилнинг 31 март куни гап-сўзларга чидолмай ўзига ўт қўйган ва 2 апрелда касалхонада жон берган эди.

2015 йилда 13 яшар синглисининг номусига тегиб, уни ҳомиладор қилган Хоразм вилояти Шовот тумани Бўйрачи қишлоғида яшовчи 25 яшар йигит 13,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG