Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:03

Андижонлик қочқинларнинг энг кексаси Ўзбекистонга қайтди


Андижонлик қочқин Нажмиддин Умаров
Андижонлик қочқин Нажмиддин Умаров

2005 йил, 13 майда Андижонда содир бўлган қонли воқеалардан сўнг Ўзбекистонни тарк этиб, ўн икки йил АҚШда яшаган 76 яшар Нажмиддин Умаров ҳафта бошида ватанига қайтди. Нажмиддин Умаров Андижонга келганидан сўнг тўрт кун мобайнида вилоят ички ишлар бошқармасида ушлаб турилгани ва уйига қўйиб юборилгани хабар пайдо бўлди. Лекин, Умаровнинг яқинларига кўра, у аэропортда уч соат ушлаб турилганидан сўнг, қўйиб юборилган.

Озодликнинг Андижондаги мобил мухбирларидан бири АҚШда яшаётган қочқин Нажмиддин Умаровнинг ҳафта бошида Андижонга қайтиши тафсилотларини айтаркан, бундай деди:

"Мен олган хабарга кўра, Нажмиддин Умаров аэропортдан вилоят ички ишлар бошқармасига олиб кетилган, тўрт кундан сўнг қўйиб юборилган".

Андижонлик инсон ҳуқуқи фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг Умаровнинг уйига бориб келган танишининг гапига таяниб айтишича, у ички ишлар бошқармасига олиб борилмаган:

- Мен Нажмиддин аканинг уйига бориб келган одам билан гаплашдим. У киши келганидан сўнг аэропортда уч-тўрт соат ушлаб туришган экан, холос. Балким, кейин чақириб савол-жавоб қилишаётгандир, бунисини айтмаган. Соғ-саломат, уйида экан, одамлар бориб зиёрат қилиб келяпти экан, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Озодликнинг Нажмиддин Умаровнинг ўзини топиб гаплашишга қилган ҳаракати натижа бермади.

Австралияда яшаётган андижонлик қочқинлардан бири, Бахтиёр Турдиев Озодлик билан суҳбатда ҳаммаҳалласи Нажмиддин Умаровнинг оиласи бағрига қўшилганидан хурсанд эканлигини билдирар экан, айни пайтда бошқа қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтиши учун бироз вақт борлигини айтди:

- Бугунги кундаги ўзгаришлар, бу бошланиши. Бунга яна жиндай муҳлат керак, беш йилми, ўн йилми, билмадим. Лекин тузум ҳали ўзгаргани йўқ. Кимдир хоҳлаётгандир яхши бўлишини, лекин бу тузимнинг ўзгаришига ҳали кўп вақт керак, кўп одамлар алмашиши керак, қонунлар ўзгариши керак. Шундагина балким қайтиш ҳақида ўйлаб кўрармиз. Қайтиш ният бор, лекин ҳозир эмас, деди Бахтиёр Турдиев.

Андижон шаҳар, Боғишамол маҳалласида яшайдиган Нажмиддин Умаров 2005 йил 13 май куни Андижондаги қонли воқеалардан сўнг Қирғизистонга қочиб ўтган ва сўнгра АҚШдан бошпана олган эди.

2010 йилда Озодлик радиосига берган интервьюсида Нажмиддин Умаров, оиласидан ажраб бир ўзи қочқин бўлиб қолгани, бир ўғли Андижон воқеаларини содир этишда айбланиб қамалгани ва келини уч набираси билан қолганини айтиб, имкони бўлса Ўзбекистонга қайтиш нияти борлигини билдирган эди.

Нажмиддин Умаров билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:41 0:00
Бевосита линк

Бундан аввал ҳам андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтиш ҳаракатлари бўлган. Хусусан, қочқинлардан бири Дилором Абдуқодирова Ўзбекистонга қайтгач, маҳкамага тортилган ва ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Қочқин Дилором Абдуқодирова Ўзбекистонга қайтгач ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди
Қочқин Дилором Абдуқодирова Ўзбекистонга қайтгач ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди

​Шундан сўнг, андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонга қайтиш ҳаракатлари тўхтаган эди.

Ислом Каримов вафотидан ва Шавкат Мирзиёевнинг президентликка келганидан сўнг, биринчи қочқин Ўзбекистонга қайтди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, 2005 йилнинг 13 май куни Андижоннинг марказий Бобур майдонида ҳукумат кучлари аксарияти қуролсиз бўлган тинч намойишчиларни ўққа тутиши натижасида юзлаб бегуноҳ одам, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган.

Ҳукумат эса, Андижонда ҳокимиятни қуролли қўзғолон йўли билан босиб олишга уринган акромийлар диний оқимига мансуб 187 кишининг ҳалок бўлганини айтиб келади.

​Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.

13 май куни ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун юзлаб андижонликлар қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлди.

Бир неча ой ўтиб БМТ Қочқинлар идораси кўмагида қарийб 500 нафар андижонликлар Руминияга ўтказилди.

2005 йилнинг 13 май воқеалари тариқдек сочиб юборган андижонликлар АҚШ, Австралия, Канада, Швеция, Германия, Чехия, Швейцария, Нидерландия, Белгия каби мамлакатлардан бошпана топган.

XS
SM
MD
LG