Линклар

Шошилинч хабар
13 декабр 2018, Тошкент вақти: 05:28

Ангренда пичоқланган тадбиркор аёл ўлимида унинг эри гумонланмоқда


Ангренлик тадбиркор Ҳабиба Абдуллаеванинг ўтган йили Рамазон ойида ногиронларга моддий ёрдам кўрсатган эди.

Ангрен шаҳридаги сабзавот ва полиз экинлари захираси ва савдоси билан шуғулланадиган «Ангрен - Фаровон – Ҳамкор» фирмасининг раҳбари Ҳабиба Абдуллаева ўлдириб кетилди.

Ички ишлар бўлими мулозимининг айтишича, бу қотилликда гумонланган унинг эри ҳибсга олинган.

Озодлик ўтган йилнинг сентябрида бу тадбиркор аёлнинг кам таъминланган оилаларга эҳсон қилгани ҳақида хабар берган эди.

Ангрен шаҳридаги деҳқон бозорида тадбиркорлик қилаётган 47 яшар тадбиркор Ҳабиба Абдуллаева 15 март куни тушдан кейин ижарада турган уйида ўлдириб кетилгани ҳақида Озодликка унинг ҳамкасбларидан бири хабар берди:

“Ҳабиба опа сўнгги пайтда эри билан келишолмай ижара уйида яшарди. У 15 март куни кечга томон ўша уйдан пичоқланган ҳолда топилган. Пичоқ орқадан, юрак томондан урилган. Опа ўша ернинг ўзида жон берган. Одамларнинг айтишларича, бу қотилликни унинг эри Ҳусниддин Соҳибжонов қилган”, деди тадбиркорлардан бири.

Ангрен шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими Ҳабиба Абдуллаеванинг ўлдириб кетилганини тасдиқлади:

“Ҳа, кеча шундай воқеа бўлган. Қотилликда гумонланган эри ҳибсга олинди. У хотинини пичоқлаб ўлдирганини тан олди. Ҳозир Ҳусниддин Соҳибжонов устидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 98-моддаси(қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Биринчи суриштирувдан маълум бўлишича, қотилликка эр-хотин ўртасидаги жанжал сабаб бўлган. Ҳозирча, бошқа нарса айтолмайман”, деди милиция мулозими.

Ҳабиба Абдуллаевага қарашли корхонада ишлаган ишчилардан бирининг айтишича, тадбиркор боғча ва болалар уйларини қиш пайтида сабзавот билан таъминлаб турган:

“Бизнинг вазифамиз куз пайтида картошка, сабзавотларни омборга захира қилиш эди. Масалан, қишда деҳқондан бозорга юк кам келади. Опа боғчаларга арзон нархда берар эди, бозорда сотар эдик. Қўли очиқ, хайр-эҳсонлар қилиб турарди”, дейди ишчилардан бири.

Лекин, исми сир қолишини истаган Ангрен деҳқон бозридаги тадбиркорлардан бирининг айтишича, марҳума бозорга юк олиб келган деҳқонларни соттиргани қўймаган:

“Мен ўзим кўп гувоҳ бўлганман. Бозорга ҳеч қачон деҳқон ўз маҳсулотини сотолмаган. Шундай айёр тадбир қилинган эдики, деҳқон маҳсулотини тенг ярим нархда ана шу опага сотиб кетишга мажбур бўларди. У эса, маҳсулотни омборига ғамларди, қишда қиммат нархда сотарди”, дейди тадбиркорлардан бири.

Мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Ҳабиба Абдуллаева Ангрен бозори кўчирилишига норозилик билдирилган пикетларда ҳам қатнашган:

- Ҳабиба Ангрендаги таниқли бир бой билан анча тортишди. Бу бой ўзининг уч қаватли супермаркети биносида ноқонуний бозор очиб олган эди. У президент девони олдида биз билан пикетларда қатнашди, девонга тинмай шикоят ёзди. Лекин унинг шикоятлари эътиборсиз қолдирилди, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ўтган йили Рамазон ойи пайтида Ҳабиба Абдуллаеванинг кам таъминланган оилаларга эҳсон қилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ҳабиба Абдуллаева ўшанда "Мен ўзим сабзавот етиштираман, тадбиркорлик қиламан. Агар мен бу одамларга хайр қилган бўлсам, менга Худо беради", деган эди.

Ҳабиба Абдуллаева билан 2017 йилнинг 2 сентябрида қилинган суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.

Ангренлик тадбиркор аёл юздан ортиқ кам таъминланган оилага ҳайитлик берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:09 0:00
Бевосита линк

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG