Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 12:50

АҚШ ва НАТО Россияга жавоб берди: Украина масаласида ён бериш йўқ


Байден маъмурияти дипломатияга қайтиш ёки можарони давом эттириш  президент Путиннинг қарорига  боғлиқ бўлишини айтган.
Байден маъмурияти дипломатияга қайтиш ёки можарони давом эттириш  президент Путиннинг қарорига  боғлиқ бўлишини айтган.

Президент Жо Байден маъмурияти чоршанба куни АҚШ ва НАТО Украина инқирози бўйича Россияга ён бермаслигини айтди.

Аssociated Press агентлигининг хабар беришича, Россияга жавобан берилган ёзма баёнотларда АҚШ ва НАТО альянснинг аъзолик учун очиқ эшиклар сиёсатига содиқлигини айтиб, Украина аъзолигини тақиқлаш талабини рад этди.

Шунингдек, Шарқий Европада иттифоқчилар қўшинлари ва ҳарбий техникаларини жойлаштириш бўйича музокаралар олиб борилмаслигини ҳам маълум қилган.

«Ҳеч нима ўзгармади, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди», деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. Қолаверса , Россиянинг Украинага бостириб киришига АҚШ ва Европа шунчаки музокаралар билан жавоб бермайди. Бундай босқин узоқ давом этадиган ҳам сиёсий, ҳам жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келади” Блинкен сўзларидан иқтибос келтирган Associated Press.

Блинкеннинг баёноти кутилганидек, АҚШ ва НАТОнинг бошқа юқори мартабали расмийлари фикрини акс эттирди. Шундан келиб чиқиб, Ғарб ва Россиянинг мавжуд масалага муносабати Европа яна урушга кириши ёки кирмаслигини белгилаши мумкин.

Россиядан зудлик билан жавоб бўлмади. Бироқ Россия расмийлари агар Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Москванинг талабларини рад этадиган бўлса, Москва бунга жавобан тезкор «жавоб чораларини» кўриши ҳақида огоҳлантирди.

Блинкен Вашингтонда журналистлар билан учрашувда, АҚШ тақдим қилган бир неча саҳифалик ҳужжат мазмуни Россияни ажаблантирмаслигидан умид қилган. АҚШнинг Россиядаги элчи Жон Салливан мазкур ҳужжатни чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига топширган.

«Агар Россия ҳам тўғри йўлни танласа юқорида айтилган барча нарса дипломатия йўлидан олға силжишга туртки беради.», деди Блинкен. «Биз тақдим этган ҳужжатда АҚШ ва иттифоқчиларимизнинг Россиянинг хавфсизликка путур етказувчи хатти-ҳаракатларидан хавотирлари, ўз навбатида Россия билдирган хавотирларга принципиал ва прагматик баҳо, шунингдек, умумий қарашларни топпиш мумкин бўлган соҳалар бўйича ўз таклифларимиз баён қилинган»

Блинкен яқин кунларда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жавобига умид қилаётганини айтди. Аммо у дипломатияга қайтиш ёки можарони давом эттириш Россия президенти Владимир Путиннинг қарорига боғлиқ бўлишини таъкидлаган.

«Кўрамиз, улар қандай жавоб беришади. Фикримча , агар Россия барча учун жамоавий хавфсизликни кучайтиришга қатъий қарор қилган ҳолда жиддий ёндашса, бу ҳужжатда анчагина ижобий таклифлар мавжуд. Путин учун бундай қарорни биз қабул қила олмаймиз”- дея Блинкеннинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Аssociated Press агентлиги.

Блинкен нутқидан кўп ўтмай, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда альянс Россияга алоқаларни яхшилаш, ҳарбий ҳаракатлардан қочиш йўлларини топиш ҳамда қурол-яроғ назоратини муҳокама қилиш таклифи билан алоҳида сўров юборганини маълум қилди.

“Биз альянс хавфсизлиги, Европа ва Шимолий Америкадаги хавфсизлик тамойилларига таянган ҳолда муросага кела олмаймиз. Гап бошқа халқларни ҳурмат қилиш ва уларнинг ўз йўлини танлаш ҳуқуқи ҳақида кетмоқда.»

«Россия иттифоқчилар ва бошқа давлатларга қарши зўравонлик, тажовузкорлик ва ғаразли ҳаракатларидан воз кечиши керак. Россия Украина, Грузия ва Молдовадан ҳам ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши лозим. Қўшинлар бу давлатларга уларнинг розилигисиз жойлаштирилган», - деди Столтенберг.

АҚШ ва НАТО эълон қилган ҳужжатида Шарқий Европада ҳужумкор ракеталарни жойлаштириш ва ҳарбий машғулотлар ўтказиш бўйича музокаралар ўтказиш имкониятлари, шунингдек, Россия Украина чегарасидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетса, қурол назорати бўйича келишувга эришиш таклифлар акс эттирилган.

Москва НАТОдан Украина ва бошқа собиқ пост совет давлатларини аъзо сифатида қабул қилмасликни ва собиқ Иттифоқ давлатларига қўшинларини жойлаштирмаслик кафолатларини талаб қилди. Бу талаблардан баъзилари, хусусан аъзолик борасидаги талаб умуман кўриб чиқилмаслиги маълум қилинган. Низо фақат уруш билан якун топиши ҳақидаги хавотирлар ўртада турғунликни келтириб чиқармоқда.

Кремль Украинага ҳужум қилиш режалари борлигини бир неча бор рад этганига қарамай, АҚШ ва НАТО Россиянинг Украина яқинида ўз қўшинларини тўплашидан ва кенг қамровли ҳарбий маневрлар ўтказишидан жиддий ташвишда.

Россиянинг жануби-ғарбий қисмидаги машғулотларда моторли пиёда қўшинлари ва артиллерия бўлинмалари ўқ узишни машқ қилди. Болтиқ денгизидаги Калининградда ҳарбий самолётлар бомбардимон машқларини ўтказди, ўнлаб ҳарбий кемалар Қора денгиз ва Арктикада ўқув машғулотлари ўтказиш учун юборилди, Россия қирувчи самолётлари қўшма ҳарбий ўқувлар учун Беларусга келишди.

Бир кун олдин Лавров у ва бошқа юқори амалдорлар Путин билан кейинги ҳаракатлар борасида маслаҳатлашишини айтди.

«Агар Ғарб агрессияни давом эттирса, Москва керакли жавоб чораларини кўради», - деди Лавров.

«Биз хавфсизлик борасидаги таклифларимиз охири йўқ муҳокамалар билан қолиб кетишига қараб тура олмаймиз», қўшимча қилди у.

Қарама-қаршиликлар фонида АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Германия ва Канада ўз дипломатлари ва уларнинг оила аъзоларини Киевдан олиб чиқишга тушди.

Чоршанба куни АҚШ Украинадаги америкаликларни мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйлаб кўришга чақириб, хавфсизлик билан боғлиқ вазият «Россия ҳарбий таҳдидлари туфайли олдиндан айтиб бўлмаслигини, исталган дақиқада вазият ёмонлашишини» ҳақида хабар қилган..

Чоршанба куни Парижда Россия, Украина, Франция ва Германия элчилари можаро юзасидан саккиз соатдан ортиқ давом этган музокаралар ўтказди. Ҳеч қандай самара бермаган мулоқот давомида томонлар икки ҳафта ичида Берлинда янги музокаралар ўтказишга келишиб олган.

Шундан сўнг Франция ўз баёнотида барча томонлар Украина шарқида ўт очишни тўхтатишни «сўзсиз» қўллаб-қувватлашини билдирди.

Музокараларда можарога барҳам беришга қаратилган 2015 йилдаги Минск тинчлик келишуви муҳокама қилинди. Якуний баёнотда Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ ҳозирги хавотирлар борасида ҳеч нима дейилмаган.

«Булар бошқа масалалар, биз буни муҳокама қилмадик», деди Кремль вакили Дмитрий Козак.

Украина вакили Андрей Ермак чоршанба кунги музокаралар ҳақида эҳтиёткорлик билан оптимистик фикр билдирди. Унинг айтишича, бу 2019 йил декабрь ойидан бери ўтган биринчи муваффақиятли музокаралардир. Аммо, у музокаралар чегарадаги мавжуд зиддиятни тўғридан-тўғри ҳал қилмаганини ҳам тан олган.

“Албатта, ҳаммамиз тезроқ натижага эришмоқчимиз. Бироқ, Украина халқининг урушни тўхтатиш, ҳудудларимиз ва халқимизни қайтариш истагиданда муҳимроқ нарса йўқ" дейди Ермак.

Козак Минск келишуви турлича талқин қилинаётганини асосий тўсиқ бўлаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, икки ҳафта ичида томонлар яна бир бор бу масалада муросага эришишга яна уриниб кўради.

XS
SM
MD
LG