Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:17

АҚШ Давлат департаменти: Инсон ҳуқуқларидаги ўзгаришлар “нотўғри йўналишда кетмоқда”


АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен

АҚШ Давлат департаменти эълон қилган ҳисоботга кўра, дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмонлашмоқда. Беларусда демократия учун тинч намойишларга қарши куч қўллангани, Россияда Навальний нишонга олингани ушбу ўзгаришларга яққол мисоллардир.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 30 март куни айтишича, бу мамлакатларда “инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзгаришлар йўналиши нотўғри кетяпти”.

Блинкен дунё бўйлаб қарийб 200 давлатдаги инсон ҳуқуқлари бўйича ўтган йилги аҳвол юзасидан тайёрланган ҳисобот эълон қилинган вақтда гапирган. Давлат департаменти ҳар йили ана шундай ҳисоботни тайёрлаб, Конгрессга тақдим этади.

“2020 йилда жуда кўп одамлар шафқатсиз шароитларда азоб чекишда давом этган”, деб ёзади Блинкен ҳисобот муқаддимасида. Унинг айтишича, айрим давлатлар коронавирус пандемиясидан “инсон ҳуқуқларини чеклаш, авторитар бошқарувни мустаҳкамлаш” учун фойдаланган.

Ҳисоботда Россия ҳам тилга олиниб, шу йили бошида Россияга қайтгач қамалган мухолифат етакчиси Алексей Навальнийга қарши асабни фалажловчи модда қўллангани айтилади. Унда айтилишича, “ишончли манбалар”га кўра, Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) офицерлари бу ишга бош қўшган.

Ҳисоботда, шунингдек, ноҳукумат ташкилотлар ва мустақил ОАВнинг Чеченистонда ЛГБТга мансуб одамлар судсиз ўлдирилгани, қийноққа солингани, ҳукумат ва унга алоқаси бор гуруҳлар хорижий давлатлардаги мухолифларни ўлдиришга урингани ҳақидаги “ишончли” хабарлар ҳам тилга олинган.

Ҳисобот Беларусни “авторитар давлат” сифатида таърифлайди ва “инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўта муҳим муаммолар”, жумладан, хавфсизлик кучлари томонидан ўзбошимча ўлдиришлар, тергов изоляторларидаги қийноқлар, ўзбошимча қамоққа олишлар, судлар эркинлигидаги жиддий муаммолар, сўз эркинлигига қўйилган чекловлар рўйхатини тақдим этган.

Ҳисоботда Хитой айниқса қаттиқ танқид қилинган. Хитой ҳукуматининг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа озчилик мусулмонларга муносабати “геноцид ва инсониятга қарши жиноят” деб таърифланган.

Давлатнинг Шинжонда бу озчиликларга қарши содир этган жиноятлари, ўзбошимча қамоқлар, мажбурий бичиб қўйишлар ва ҳомила олдини олиш воситаларининг қўлланиши, мажбурий меҳнат ва эркинликка қўйилган оғир чекловлар ҳам ҳисоботда қайд этилган.

Бунга қўйшимча, қарийб 1 миллион уйғур ва бошқа озчилик мусулмон гуруҳлар судсиз қамоқ лагерларига жойлаштирилгани ва яна 2 миллиони кундузги “қайта ўқитиш” курсларига мажбурий жалб қилинганига ҳам эътибор қаратилган.

XS
SM
MD
LG