Линклар

Шошилинч хабар
31 январ 2023, Тошкент вақти: 11:22

Халқаро хабарлар

АҚШ ҳарбий бюджети “Шимолий оқим-2” газ қувури туфайли Сенатдан ўтмаяпти

“Шимолий оқим-2” газ қувури қисмларидан бири

АҚШ Сенатидаги республикачилар қарийб 770 миллиард долларлик мудофаа бюджетининг “Шимолий оқим-2” газ қувурига қарши санкциялар кучайтирилмасдан қабул қилинишига йўл қўйишмади. Бюджет лойиҳасини 45 киши ёқлаган, 51 киши эса унга қарши овоз берган.

Сенатда ҳарбий бюджет бўйича овоз берилишидан олдинроқ АҚШ матбуоти Оқ уй ва Давлат департаменти сенаторлардан “Шимолий оқим-2”га қарши чекловларни кучайтиришга доир тузатишларни ўтказмасликни илтимос қилгани ҳақида ёзган. Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер республикачилар қароридан ғазабланганини айтган.

“Шимолий оқим-2” мухолифлари лойиҳа ишга тушгач, Россия газни Украина орқали етказиб беришни тўхтатишидан хавфсирашмоқда. Аввалроқ, ОАВ маълумотига кўра, Германия ҳукумати газ қувурига қарши янги санкциялар жорий этмасликни сўраб АҚШ Конгрессига мурожаат қилган.

Axios нашри Бундестагнинг махфий ҳужжатига таянган ҳолда хабар беришича, Берлин “транзит сақланган тақдирда лойиҳа Киевга хавф туғдирмайди”, деган фикрни илгари сурмоқда.

Сенатда демократлар ҳарбий бюджет лойиҳасига тузатиш сифатида киритган яна бир ҳужжат кўрилмоқда: у, Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, Москвага қарши санкцияларни кучайтиришни, хусусан, газ қувури ва шахсан президент Владимир Путинга нисбатан санкциялар жорий этишни назарда тутади.

Кун янгиликлари

WP: АҚШ Украинага танкларни 2023 йил охиридагина етказиб беради

АҚШ Киевга бермоқчи бўлган 31 та “Абрамс” танкини 2023 йилнинг охиригача етказиб бера олмайди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Украинага “Абрамс” танкининг модификация қилинган M1A2 варианти етказиб берилади. Бу танклар АҚШ армиясининг мавжуд заҳирасидан олинмайди, балки Украина учун махсус ишлаб чиқарилади.

CNN телеканали ҳам Киев «Абрамс» танкларини камида йил охирида олиши мумкинлигини хабар қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский 27 январда Sky News телеканалига берган интервьюсида танклар 2023 йилнинг августида етказиб берилган тақдирда ҳам «жуда кеч бўлиши»ни айтган.

Аввалроқ Украинага АҚШ 31 та «Абрамс» танкини, Германия эса 14 та «Леопард» танкини беришини ва қолган давлатларга ҳам Киевга танкларни етказиб беришга тўсқинлик қилмаслигини билдирган. Шундай қилиб, Украинага жами 112 та «Леопард» жўнатилиши режалаштирилган. «Леопард» танклари Украинага 2-3 ойда етиб келиши кутилмоқда.

Украина армияси контрҳужум учун камида 300 ғарб танклари зарур бўлишини маълум қилди.

ЖССТ COVID-19 пандемияси якунланмаганини билдирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 30 январь куни тарқатган баёнотида COVID-19 пандемияси якунланмаганини билдирди. Баёнотда айтилишича, коронавирус билан боғлиқ вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

ЖССТнинг коронавирус бўйича қўмитасининг 14-йиғилиши пандемиянинг уч йиллигига бағишланди. COVID-19 пандемияси 2020 йилнинг 30 январида эълон қилинган эди.

Йиғилишда коронавирусни бартараф этиш учун катта ишлар қилингани, аммо пандемия ўтиб кетди деб ҳисоблашга ҳали эрта экани таъкидланди. Бунга Хитойда қатор карантин чекловлари бекор қилингач яна COVID-19 кескин кўпайгани мисол қилиб кўрсатилди.

Коронавирус тўғрисидаги илк маълумотлар 2019 йилнинг декабрида Хито йда пайдо бўлди. Вирус дунё бўйлаб тез тарқала бошлади. Сўнгги уч йилда жаҳонда 670 миллион киши коронавирусга чалинди, улардан 6,8 миллиони вафот этди. Бугунги кунда 5 миллиард киши коронавирусга қарши эмланди.

Покистон масжидида бўлган портлашни худкуш амалга оширгани маълум бўлди

Портлаш 30 январь куни пешин намози пайтида содир этилди.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги масжидда содир этилган портлашни худкуш амалга оширган. Бу ҳақда “Машаал” радиоси гувоҳларга таянган ҳолда хабар берди.

Гувоҳлар имомнинг ортида биринчи қаторда турган шахс ўзини портлатганини айтганлар. Бу воқеа 30 январда 260 дан ортиқ киши масжидда пешин намозини ўқиётган вақтда содир этилган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, портлаш оқибатида 37 киши ҳалок бўлган, 150 киши яраланган. Масжиднинг бир қисми ўпирилиб тушиб, бир неча одамни босиб қолган.

Мазкур портлаш учун масъулиятни “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи ўз зиммасига олди. Бу ҳақда гуруҳ раҳбарларидан бири Сарбақаф Мухманд Твиттер саҳифасида эълон қилди.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф портлаш ортида турганларга “қатъий чоралар” кўрилишини билдирди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи (АҚШ, Британия ва Канада томонидан террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) Покистон ҳукумати билан келишилган оташкесим тартибини бундан буён тан олмаслиги ҳамда ўз жангариларига бутун мамлакат бўйлаб террор хуружлари содир этишни буюрганини эълон қилган эди.

Европа Иттифоқи Эроннинг дрон ишлаб чиқарувчи ширкатига қарши санкция киритди

Iran Aircraft Manufacturing Industries Corporation корпорацияси маҳсулотлари

Европа Иттифоқи Эрондаги давлат корпорацияси бўлган Iran Aircraft Manufacturing Industries Corporation (HESA) ни санкция рўйхатига киритди. Бу ҳақда “ЕИ расмий журнали”да ёйинланган хабарномада айтилган.

Мазкур корпорация ҳарбий ва фуқаровий учоқлар ҳамда Россия томонидан сотиб олинаётган учувчисиз аппаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

ЕИ қайдича, “HESA Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказаётган ёки таҳдид солаётган хатти-ҳаракатларни дастаклаётгани учун масъулдир”.

Қозоғистонда бир миллиондан зиёд одам ўзини банкрот деб эълон қилиши мумкин

Иллюстратив сурат

Қозоғистонда “Фуқароларнинг тўловчанлигини тиклаш ва банкротлиги тўғрисида”ги қонун кучга кирганидан кейин бир миллиондан зиёд киши ўзини банкрот деб эълон қилиши мумкин. Бу ҳақда 30 январь куни Марказий коммуникациялар хизматида ўтган брифинг чоғида молия вазирининг ўринбосари Ержан Биржанов маълум қилган.

“Кўпи билан 1 миллион 100 минг тушиши мумкин. Бироқ бу банкротликка тушган одамларнинг максимал сонидир. Биро бу иш ихтиёрий ва мен аминманки, фуқароларимизнинг кўпчилиги “банкротлик”нинг қора тамға эканини ҳисобга олиб, оқилона қарор қабул қилади”, дея иқтибос келтирган Биржанов сўзларидан Озодликнинг қозоқ хизмати.

Мулозимга кўра, мазкур мақом билан қарздор 7 йилгача юради, янги кредитни эса киши “банкрот” деб топилганидан кейинги 5 йил ичида ололмайди.

Вазир ўринбосари январь ойи бошига кўра мамлакатда 10 минг чоғли одам банкротликка даъвогар эканини қўшимча қилган.

Брифингда ўзини банкрот деб топилишига қарор қилган шахс ярим йил ичида Қозоғистонни тарк этиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳам билдирилган.

Покистондаги масжидда содир бўлган портлаш оқибатида ўнлаб одам ҳалок бўлди

Покистоннинг Пешовар шаҳрида 30 январь куни худкуш шахс масжидда портлаш мосламасини ишга туширган. Бу ҳақда Associated Press агентлиги мамлакат расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. Нашр манбалари ҳодиса чоғида 20 дан зиёд одам ўлгани, 100 га яқин киши жароҳатланганини айтганлар. Бошқа нашрлар эса портлаш оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлганини қайд этмоқдалар.

Reuters агентлигининг ёзишича, ҳужум ортидан касалхонага 90 нафар ярадор етказилган, улардан айримларининг аҳволи ёмон экани айтилмоқда. Агентлик ҳодиса қурбонлари сони 32 нафарга етганини хабар қилган.

Портлаш масжид яқинидаги полиция бўлими ходимлари дохил 150 нафарга яқин киши намоз ўқиётган пайтда содир бўлган. Гувоҳларга кўра, портлаш натижасида масжид томи қулаб тушган. Бино вайроналари остида яна жабрланганлар бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мазкур террор хуружи учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олганича йўқ.

Ҳайбар-Пахтунхва вилоятининг маркази бўлмиш Пешовар шаҳри Афғонистон билан чегарада жойлашган. AP қайдича, бу ерда жангарилар тез-тез террор хуружларини уюштириб туришади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида “Таҳрики-Толибон Покистон” гуруҳи (АҚШ, Британия ва Канада томонидан террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) Покистон ҳукумати билан келишилган оташкесим тартибини бундан буён тан олмаслиги ҳамда ўз жангариларига бутун мамлакат бўйлаб террор хуружлари содир этишни буюрганини эълон қилган эди.

Чехияда истеъфодаги генерал Петр Павел президентликка сайланди

Петр Павел 2015-2018 йилларда НАТО Ҳарбий қўмитасининг раҳбари бўлган.

Чехияда 28 январь куни президентлик сайловининг иккинчи босқичи якунланди. Унда истеъфодаги генерал Петр Павел ғалаба қилгани билдирилди.

Сайловнинг иккинчи босқичида рақиб бўлган Чехия собиқ бош вазири Андрей Бабиш 42 фоиз, Павел 58 фоиз овоз олган.

Павел Милош Земаннинг ўрнини эгаллайди. Земан узоқ вақт Европа Иттифоқидаги Россияга мойил бўлган сиёсатчи сифатида кўрилган. Аммо Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг у Москвага нисбатан муносабатини кескин ўзгартирган.

Петр Павел 2015-2018 йилларда НАТО Ҳарбий қўмитасининг раҳбари бўлган. Унга қадар беш йил давомида Чехия армияси бош штабининг бошлиғи лавозимида ишлаган. Павел ғарбпараст сиёсатчилардан бўлиб, Россиянинг Украинага бостириб кириши борасида қатъий позицияда туради. Уни асосан ўнгчилар, консерватив ва либерал қарашдагилар қўллайди.

Павел март ойлари бошларида қасамёдга келтирилганидан сўнг президентлик лавозимини бажаришга киришади.

Павелнинг асосий рақиби бўлган миллиардер Андрей Бабиш Чехиянинг собиқ бош вазиридир. У ҳозирда ANO мухолифат партияси лидеридир. Сайлов арафасида суд уни Европа Иттифоқи дотациялари билан товламачилик қилганлик юзасидан очилган жиноят иши доирасида оқлади. Уни асосан пенсионерлар ва кам даромадли сайловчилар қўллади.

Сайловнинг биринчи босқичи 13 ва 14 январда ўтказилган эди. Ўшанда Бабиш ҳам, Павел ҳам етарли даражада овоз ололмаганди.
Чехия парламент республикаси бўлиб, унда президент ваколатлари унчалик катта эмас. Аммо анъанавий тарзда президент катта таъсир кучига эга.

Петр Павел 1993 йилда Чехословакия иккига бўлинганидан сўнг ўтган даврда Чехиянинг тўртинчи президенти бўлди. Бунга қадар собиқ диссидент ва драматург Вацлав Ҳавел (1993–2003), иқтисодчи профессор ва собиқ бош вазир Вацлав Клаус (2003-2013) собиқ бош вазир Милош Земан (2013–2023) президент бўлган. 2013 йилгача Чехияда президент парламент томонидан сайланар эди. Кейин президент умумхалқ сайловида сайланадиган бўлди.

Украина мудофаа вазири: Бизга қирувчи самолётлар ва узоққа отиладиган ракеталар керак

F-16 қирувчи самолётлари.

Украина мудофаа вазири Алексей Резников Ғарб давлатлари Киевга танклар етказиб бериш қарорини қабул олганидан бир неча кун ўтгач, Канаданинг CBC телеканалига берган интервьюсида, Украинага қирувчи самолётлар ва узоқ масофага отувчи ракеталар ҳам ўта зарурлиги тўғрисида гапирди.

Сўнгги кунларда президент Владимир Зеленский ҳам Ғарб давлатларини Украинага ҳарбий самолётлар ва узоқ масофага отилувчи ракеталар етказиб беришга чақириб келаётган эди.

“Бугун иложиси бўлмаган нарсанинг эртага иложиси топилади”, - деди Резников Ғарб дастлаб Украинага танклар ва ҳаводан мудофаа тизими етказиб беришга тайёр бўлмаганини назарда тутган ҳолда.

Вазир Ғарбдан олинаётган қуроллардан Россиянинг халқаро тан олинган ҳудудига зарба берилмаслигини алоҳида таъкидлади.

АҚШ матбуоти Вашингтон ва НАТО Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб беришни муҳокама қилаётгани тўғрисида ёзмоқда. Германия канцлери Олаф Шольц 29 январда Украинага қирувчи самолётлар етказиб бериш эҳтимолий мавжуд эмаслигини айтди. Италия мудофаа вазири ҳам Украинага ҳужумкор ҳарбий техника берилишига қарши эканини билдирди.

Аввалроқ Британия, АҚШ, Германия каби қатор ғарб давлатлари Украинага танклар етказиб беришга розилик билдирганди.

Туркия Швецияни четлаб Финляндиянинг НАТОга қўшилишига розилик бериши мумкин

Эрдўғон Швеция Анқарага курд фаолларини топширишини талаб қилмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара Финляндиянинг НАТОга қўшилишига розилик билдириши, аммо Швецияга розилик бермаслиги мумкинлигини айтди.

“Лозим бўлса, Финляндия борасида Швециядан бошқачароқ жавоб беришимиз мумкин. Швеция бу жавобни берганимизда шокка тушади”,- деди Эрдўғон телевидения орқали сайловчилар саволларига жавоб берар экан.

Туркия ва Швеция муносабатлари сўнгги ҳафталарда анча совуқлашди. Анқара фикрича бунга Стокҳольм аввал келишилганидай қатор курд фаолларини Туркияга қайтармаётгани, Швецияда аксилтурк намойишлари ўтказилгани ва унда Қуръоннинг ёқилгани сабаб бўлган. Анқара курд фаолларини “террорчи ташкилот аъзолари” сифатида кўради.

“Агар сиз НАТОга аъзо бўлмоқчи эсангиз, унда бизга бу террорчиларни топширинг”,-деди Эрдўғон.

Финляндия ва Швеция НАТОГА қўшилиш учун ўтган йилнинг май ойида ариза берган эди. Россия Украинага бостириб киргунича бетарафлик позициясида бўлган бу икки давлат НАТОга қўшилиш бўйича ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришга келишиб олган.

Швеция ва Финляндия НАТОга аъзо бўлишлари учун ташкилотга аъзо 30 давлат розилик бериши лозим. Ҳозиргача 28 давлат бунга розилик берган. Венгрия ва Туркия эса розилик беришни ортга сурмоқда.

Толибон олийгоҳларга аёлларни имтиҳонга киритишни тақиқлади

Афғон қизлари.

Толибон ҳукуматининг маъориф вазирлиги хусусий университетларга аёлларни қабул қилиш имтиҳонларига киритишни тақиқлади. Вазирлик бу тақиқни бузган олийгоҳлар суд жавобгарчилигига тортилишини билдирди.

Афғонеистонда 40 давлат ва 150 та хусусий университет бор. Афғон олийгоҳларига кириш имтихонлари февраль ойининг охирларида бўлиб ўтади.

2022 йилнинг декабрида Толибон олийгоҳларда ўқиётган қизларни ўқишга киритмаслик тўғрисида буйруқ чиқарган эди. Шунингдек, Толибон ҳукумати аёлларни ноҳукумат ташкилотларида ишлашини тақиқлаган. Бунинг ортидан БМТ Афғонистонга бериладиган гуманитар ёрдамнинг бир қисмини тўхтатиб қўйди.

Халқаро ҳамжамият Толибон ҳукуматининг аёллар ҳуқуқини чеклашини кескин танқид қилмоқда. Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ Толибон ҳукумати тан олиниши учун аёллар ҳуқуқига бўлган муносабатини ўзгартириши шартт деб ҳисоблайди. Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Толибоннинг бу ҳаракатини “инсониятга қарши жиноят” сифатида баҳолади.

Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг аёллар ҳуқуқи кафолатланишини ваъда қилган эди. Аммо орадан кўп ўтмай Толибон аёлларга турли чекловларни қўя бошлади.

Толибон 20 йил давомида фаолият кўрсатган Аёллар иши бўйича вазирликни тугатди, қизларнинг мактабда ўқишини ва спорт билан шуғулланишини чеклади, аёл телебошловчиларни ҳижоб кийишга мажбурлади.

Озарбайжон Эрондаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқда

Теҳрондаги Озарбайжон элчихонаси.

Озарбайжон 29 январда Теҳрондаги элчихонаси ходимларини ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қила бошлади. Бу ҳақда Reuters Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига таянган ҳолда хабар берди.

27 январь куни қуролланган шахс элчихонага кириб ўқ отган ва оқибатда элчихона хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳалок бўлган, яна икки қўриқчи яраланган эди.

Tasnim агентлигининг ёзишича, қуролланган шахс элчихонага иккита ёш бола билан кириб келган. У қўлга олинганидан сўнг шахсий ва оилавий муаммолар туфайли элчихонага ҳужум қилганини айтган. У бедарак кетган хотини элчихонага яширинган деган гумонда бўлган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳужумни теракт сифатида баҳолади. Мазкур ҳужум юзасидан Теҳронда тергов ишлари олиб борилмоқда.

28 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон элчихонасига қилинган ҳужумни кескин қоралади.

Эрон ҳукумати ҳарбий заводга қилинган ҳужум оқибатида “арзимас зарар” кўрилганини билдирди

Исфахондаги портлаш.

Эрон ҳукумати Исфахондаги ҳарбий заводга дронлар орқали қилинган ҳужумдан “арзимас зарар” кўрилганини билдирди. Расман билдирилишича, ҳужумдан одамлар жабрланмаган.

Эрон Мудофаа вазирлиги учта дрондан иккитаси ҳаводан мудофаа тизими томонидан уриб туширилганини билдирди. Теҳрон бу ҳужумни “қўрқоқларча берилган зарба” деб баҳолади ва ядровий дастурни тўхтатмаслигини маълум қилди.

Эрон ҳукумати 29 январга ўтар кечаси уюштирилган дрон ҳужумларига қайси давлат алоқадор эканига оид таҳминларни билдирмади. Ҳозирча бирон бир ташкилот ёки давлат ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмади.

Эрон матбуоти шанба ва якшанба кунлари Теҳрон, Табриз ва Дазфулдаги стратегик объектларда ва нефтни қайта ишлаш заводларида портлашлар ҳамда ёнғинлар бўлганини ёзди. Бироқ Эрон ҳукумати Табриздаги нефтни қайта ишлаш заводида портлаш бўлганини расман тасдиқлади. Ҳукумат бу портлаш сабаблари ҳозирча номаълум эканини билдирди.

Афғонистонда ярим ой ичида совуқ туфайли 160 дан зиёд одам нобуд бўлди

Афғонистоннинг тоғли ҳудудларидан бири (архив сурати)

Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистонда 10 январдан буён 160 дан зиёд одам ва камида 70 минг бош уй ҳайвони нобуд бўлган. Мамлакатнинг айрим жойларида ҳаво ҳарорати – 34 даражагача пасайгани сабабли бу сафарги қиш мавсуми сўнгги йилларнинг энг совуқ қиши ўлароқ эътироф этилмоқда.

2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат маълумотига кўра, 10 янвадан 26 январгача мамлакатда 162 киши ўлган. Бир неча кун аввал толиблар ҳарорат кескин совиб кетиши оқибатида 70 минг бошга яқин чорва ҳайвони нобуд бўлгани ҳақида маълумот тарқатишган.

Маълумотларга кўра, совуқдан ўлганларнинг кўпчилигини чўпонлар ҳамда қишлоқларда яшаб, “тиббий ёрдам олиш имкониятидан маҳрум бўлган” кишилар ташкил қилган. Қалин қор туфайли ҳозирда Афғонистоннинг кўп жойлари бошқа ҳудудлардан узилиб қолган: тоғли жойлардаги кўп йўллардан ўтишнинг имкони йўқ – “у ерларда машиналар тиқилиб қолган, йўловчилар эса ҳарорат пастлиги оқибатида ҳалок бўлишган”.

“Толибон” вакиллари иддаосича, улар фуқароларга ёрдам бериш учун ҳарбий вертолётларни йўллашган, бироқ вертолёт учувчилари тоғли ҳудудларда ерга қўнишни уддалашолмаган.

Афғонистон пойтахти Кобулда яшовчилар “ҳалигача ҳеч қанақа ёрдам ололмаган”ларини, ўзларига нон ва ўтин сотиб олиш учун пул етмаётганини, айримлар исиниш учун пластик ёқишаётганини айтишган.

Бунга параллел равишда “Толибон”нинг аёлларга ННТларда ишлашни тақиқлашга оид фармони ортидан кўплаб гуманитар ташкилотлар мамлакатдаги ўз фаолиятларини тўхтатиб қўйишган.

БМТнинг фавқулодда ёрдам бўйича мувофиқлаштирувчиси Мартин Гриффитс ўзининг Афғонистонга сафари чоғида халқаро ташкилот бу тақиқнинг бекор қилиниши йўлида ҳаракат қилаётганини билдирган. Гриффитсга кўра, мамлакатдаги гуманитар буҳрон туфайли 28 миллион афғонистонлик ёрдамга муҳтож, улардан 6 миллионига очарчилик хавф солмоқда.

Бундан 1,5 йил муқаддам ҳокимият тепасига келган толиблар илк кезларда мамлакатда аёллар ҳуқуқларига риоя қилиниши юзасидан ваъдалар беришган, бироқ тез орада бу борада чекловлар киритишни бошлашган. Улар Аёллар ишлари бўйича вазирликни тугатишган, қизларнинг мактаб ва университетларда ўқиш имконидан маҳрум қилишган, аёлларга спорт билан шуғулланишни тақиқлашган, телебошловчилардан эфирга ҳижобда чиқишни талаб қилишган.

АҚШ: Ўзбекистонлик Сайфулло Соипов Нью-Йоркдаги террор хуружида айбдор деб топилди

АҚШ федерал судьяси жорий йилнинг 26 январь куни асли ўзбекистонлик Сайфулло Соиповни беш йил муқаддам Нью-Йорк шаҳрининг Манҳэттен мавзеида велойўлакда одамларни юк машинаси билан уриб юборганликда айбдор деб топди.

2017 йилнинг 31 октябрида содир этилган ҳужум оқибатида саккиз киши нобуд бўлган, яна 12 киши жароҳат олган эди.

Қўшма Штатларга 2010 йилда кўчиб борган 34 ёшли Сайфулло Соипов қотиллик, одам ўлдиришга қасдланганлик ва “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига моддий ёрдам кўрсатганлик каби жами 28 модда бўйича айбдор деб топилган.

CNN хабарига кўра, судланувчининг адвокати Девид Паттон ўзининг сўнгги ҳимоя нутқида мижозининг ўткинчиларга ҳужум қилгани фактини инкор этмаслигини айтган, бироқ у айбловнинг ҳужум сабаби Исломий давлатга қўшилиш истаги бўлган деган даъвосига қарши чиққан.

Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, 6 февраль куни ҳакамлар ҳайъати ўлим жазоси муносиб жазо бўлиши тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Мазкур жазо ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори бўлган президент Жо Байден маъмурияти бошқаруви чоғида федерал даражада илк бор қўлланилиши мумкин.

Нью-Йорк шаҳрида содир этилган ҳужумда олти нафар хорижлик сайёҳ ва икки нафар америкалик ҳалок бўлган эди. Аввалроқ судда Соипов қилмишидан пушаймон эмаслиги ва имкон қадар “кўпроқ” одамни ўлдирмоқчи бўлганини айтган. Ҳибсга олинганидан кейин Соипов уни ҳужумни амалга оширишга ИШИД видеолари уни илҳомлантирганини эътироф этган. Соиповнинг адвокатлари суддан Нью-Йорк прокуратурасини ўз мижозига нисбатан ўлим жазосини талаб қилиш имкониятидан маҳрум қилишни сўраган.

Нью-Йоркдаги қонли ҳужум ортидан кейин АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп Сайфулло Соиповни ўлимга ҳукм қилишни талаб қилган эди. Кейинроқ у бир нечта шу мазмундаги твитлар ёзиб, ўзбекистонлик мигрантни қатл этишга чақирган. Соиповнинг адвокатлари Трамп қўнғироқлари прокурорнинг бу масалада холис бўлишига монелик қилиши мумкинлигини айтишган.

Асли тошкентлик Сайфулло Соипов 2010 йили 21 ёшида Green Card лотереясида ютиб олгани ортидан АҚШга бориб, бир қанча штатда истиқомат қилган. АҚШдаги танишлари Соиповни радикал исломчи эмас, молиявий муаммолари бор тажовузкор йигит деб таърифлашган.

Тошкентдаги Соиповлар оиласи, иддаоларга кўра, ўзига тўқ ҳисобланган ва умуман диндор бўлган эмас. Соипов АҚШга жўнаб кетишдан олдин Тошкент Молия институтини тамомлаган ва пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида ҳисобчи бўлиб ишлаган.

EИ Россиянинг музлатилган резервларини Украинага бериш йўлини топди

Европа комиссияси Россия Марказий банкининг музлатиб қўйилган активларини инвестициялар ва қайта тиклаш учун Украинага қонуний равишда ўтказиб беришнинг йўлини топди. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Айни пайтда Европа давлатларида Россия Марказий банкининг музлатиб қўйилган 300 миллиард долларлик активларидан 34 миллиард доллари мавжуд. Жаҳон банки Украинани қайта тиклаш учун камида 350 миллиард доллар маблағ кетади, деб ҳисоблайди.

Bloomberg манбаларига кўра, Еврокомиссия адлия хизмати таклиф қилинган режага асосан Россия пулларини экспроприация қилиш мумкин эмас, муайян бир вақтдан кейин эса асосий маблағни ва фоизларни Москвага қайтариш шарт бўлади. Агар ЕИ Россия активларини бошқаришда зарар кўрса, Россияга иттифоқ давлатлари ҳисобидан товон пули тўлашга тўғри келади.

Юристлар Европа комиссиясига тақдим этган режа муҳокама қилиниш арафасида турибди. ЕИнинг қатор давлатлари режа юридик жиҳатдан асосли эканини шубҳа остига олмоқда. ЕИ мутасаддилари бу каби режалар “Катта еттилик” давлатлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим деб ҳисоблайди.

Германия ҳукумати аввал юридик масалалар ҳал этилганидан сўнг Россиянинг музлатилган активларини Украинага кўмак сифатида беришга тайёр эканини билдирган.

2022 йил охирида АҚШ Сенати мусодара қилинган Россия активларини Украинага ёрдам сифатида жўнатиш назарда тутилган қонуни қабул қилган эди.

Мазкур ташаббусга қаршилар мусодара қилинган маблағлар масаласи юзасидан судларга даъво аризалари киритилиши мумкинлигини, бу эса АҚШнинг инвестициявий жозибадорлигига зарба беришини айтмоқдалар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG