Линклар

Шошилинч хабар
31 июл 2021, Тошкент вақти: 04:47

Халқаро хабарлар

АҚШ махсус вакили Қозоғистонда Америка ҳарбий базаси очилиши эҳтимоли юзасидан изоҳ берди

Залмай Халилзод

АҚШнинг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 13 июнь куни ўтказилган онлайн-брифингда Қозоғистонга ташриф буюришдан мақсади ҳақида сўзлади.

Қўшма Штатларнинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, элчи “Афғонистон билан тинч музокаралар, АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши, шунингдек минтақавий алоқалар, савдо ва ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш учун” Қозоғистоннинг юқори мартабали мулозимлари билан учрашади.

Элчига кўра, “АҚШ Марказий Осиё мамлакатларининг суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашга интилмоқда, уларнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ҳамда Афғонистонда тинчлик ва муросага эришиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилишда уларнинг ишончли ва кучли ҳамкори бўлишни хоҳлайди”. Унинг айтишича, бу масалаларга “фақат бирга ҳаракат қилиш билан” ечим топиш мумкин.

“Минтақа, Қозоғистон ва АҚШ хавфсизлиги учун ҳамкорликда ишлашимиз жуда муҳим. Афғон халқи 40 йиллик уруш мобайнида қанча азият чекканини ҳисобга олиб, тинчликка эришиш устида иш олиб бориш тўғри қарор бўлур эди. Қозоғистон дунёда тинчликпарвар мамлакат сифатида танилган”, дея таъкидлаган Халилзод.

15 апрель куни New York Times нашри АҚШ расмийлари минтақадаги базалардан фойдаланиш имкониятлари хусусида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари билан боғланганини хабар қилган эди.

“Озодлик” радиоси қозоқ хизматининг Марказий Осиёда ҳарбий база ташкил қилиш ҳақидаги саволига жавобан Залмай Халилзод “Қўшма Штатлар Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига кўмаклашиш ва келгусида уни дастаклашда ҳамкорлик қилиш, АҚШ қўшини мамлакатни тарк этганидан сўнг терроризм таҳдидига қарши биргаликда кураш олиб бориш стратегиясини минтақадаги ва ундан ташқаридаги бошқа давлатлар билан муҳокама қилаётгани”ни маълум қилган.

“Ҳозирда биз муҳокама босқичидамиз. Айтишим керакки, муҳокамалар ижобий, умидбахш бўлди. Бироқ мен бу ерга бирон воқеа ҳақида эълон қилиш ёки муайян мамлакатлар билан аниқ ҳарбий қадамлар бўйича маълум келишувга эришганимизни билдириш учун келганим йўқ, аммо муҳокамалар кенг кўламли бўлиб, алоҳида саъй-ҳаракатларни, шунингдек иқтисодий ривожланиш, гуманитар эҳтиёжлар ҳамда хавфсизлик талабларига оид саъй-ҳаракатларни қамраб олади. Ҳам инсонпарварлик ёрдамлари, ҳам хавфсизлик масалалари тўғрисида гап кетмоқда. Келажакни ўйлаб, мустақил фаолият юритиш ва ўзини ўзи таъминлашда афғон хавфсизлик кучларига кўмаклашиш имкониятларига эга бўлиш, шунингдек потенциал террористик хуружларга биргаликда қарши тура олиш учун бу ишлар қилиняпти, зеро бу бизнинг умумий манфаатларимиздир”, деган ўз жавобида АҚШ махсус вакили.

Афғонистоннинг АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этганидан кейинги тақдири хусусида тўхталаркан, Халилзод “Америка қўшинлари чиқиб кетаяпти, лекин Америка кетмайди”, дея урғулаган ва Афғонистонда вазиятни барқарорлаштиришнинг энг мақбул чораси “низоларни қурол кучи билан эмас, балки сиёсий йўллар билан ҳал қилиш” эканини қўшимча қилган.

Элчи Залмай Халилзод 2018 йил 21 сентябрда АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили этиб тайинланган эди. У 2007 йилдан 2009 йилгача АҚШнинг БМТдаги доимий вакили, 2005 йилдан 2007 йилгача АҚШнинг Ироқдаги элчиси, шунингдек 2003-2005 йилларда АҚШнинг Афғонистондаги элчиси бўлиб ишлаган.

Кун янгиликлари

Хитойда расмийларни танқид қилган миллиардер 18 йилга қамалди

Сунь Даву

Хитойда Коммунистлар партиясини танқид қилгани билан танилган миллиардер Сунь Даву “адоват қўзғагани” учун 18 йилга озодликдан маҳрум этилди, бундан ташқари, у 3 миллион юань жаримага ҳам тўлаши лозим. Бу ҳақда Гаобейдянь шаҳри халқ судининг “WeChat”да эълон қилган қарорига таянган ҳолда South China Morning Post хабар қилган.

Хабарга мувофиқ, Даву оломонни давлат муассасаларини ишғол қилишга ундаш, ноқонуний бизнес юритиш, ерларни ноқонуний эгаллаш ва бошқа қилмишларда айбдор, деб топилган.

67 ёшли Сунь Даву тақрибан 9 минг киши ишлайдиган қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбаридир. У ҳукуматни 2019 йилда 100 миллиондан зиёд чўчқанинг қирилиб кетишига сабаб бўлган Африка чўчқа гриппи эпидемиясининг ҳақиқий кўламини яширишга уринганликда айблаган кам сонли кишилардан бири саналади.

Reuters агентлигининг хабар қилишича, ўша танқидлардан сўнг тадбиркор давлат фермаси билан ерга оид даъво ишига тортилган. Миллиардерга кўра, совхоз ходимлари унинг ширкатига қарашли бинолардан бирини бузгани келганида полиция билан тўқнашув чиқиб, унинг ишчилари жабр кўришган.

Хитойлик ҳуқуқбонлар суд ҳукмини “Сунни инсон ҳуқуқларини дастаклагани учун жазолашга уриниш”, деб атаганлар. Фаоллар фикрича, Сунь бутун умрини қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилашга бағишлаган.

Сунь Хитойнинг нуфузли университетларида маърузалар ўқир ва меценатлик билан шуғулланарди. Айни фаолияти ҳам жиноят ишига боғланган: уни, жумладан, хайрия мақсадлари учун ўз ишчиларидан ноқонуний пул йиғиб олишда ҳам айблашган. Сунь айбловни тан олмаган.

Сунга нисбатан қамоқ жазоси танқидий кайфиятдаги тадбиркорларга қарши қатағонлар кучайиши манзарасида тайинланди, деб ёзган CNN. Телеканал Компартиянинг ўтган йили эълон қилинган раҳбарий қоидаларида хусусий секторга “партия белгилаб берган йўлдан оғишмай юрадиган сиёсий оқил одамлар” зарурлиги таъкидланганини эслатган.

Ўшанда Компартия етакчиси Си Цзиньпиннинг коронавируснинг олдини олиш стратегиясини кескин танқид қилган миллиардер Жэнь Чжицян коррупция жиноятларида айбланиб, 18 йилга қамалган эди. У ўз чиқишларидан бирида давлат раҳбарини “ҳокимиятга ташна масхарабоз”, деб атаган.

Суриштирув: Мальталик журналист аёлнинг ўлими учун масъулият расмийлар зиммасида

Дафне Каруана Галиция

Мальталик журналист Дафне Каруана Галиция ўлими учун масъулиятни давлат ўз зиммасига олиши лозим — амалдаги бир ва собиқ икки нафар судья томонидан ўтказилган мустақил суриштирувдан сўнг ана шундай хулосага келинган.

Суриштирувда айтилишича, давлат Мальтадаги коррупция ҳақида ёзган журналист аёлнинг ҳаёти учун хавфли бўлган реал омилларни тан олмаган. Ҳукумат жазосиз қолиш маданиятини барпо этган, бу эса ҳуқуқ устуворлиги тамойилининг инқирозига сабаб бўлган, деб ҳисоблаган суриштирувчилар.

Дафне Каруана Галиция Мальтанинг юқори мартабали мулозимлари коррупция жиноятларига дахлдорлиги бўйича суриштирувлар олиб бориш билан шуғулланган. 2017 йил 16 октябрида унинг бошқарувидаги автомобиль портлаб кетган. Ҳодиса чоғида журналист ҳалок бўлган.

Унинг ўлими бўйича тергов узоқ давом этган. 2019 йилда бир неча вазир, жумладан ҳукумат раҳбари Жозеф Маската қотилликка дахлдор одамлар билан алоқада бўлганликда гумон қилиниб, истеъфога чиқарилган.

Журналист аёлнинг ўлими бўйича Винсент Маскат исмли шахс судланган. Маҳкамада у айбини тан олган ва суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Яна икки нафар гумонланувчи айбини тан олмаяпти. Улар устидан суд ҳали бошлангани йўқ.

Бундан ташқари, мальталик тадбиркор Йорген Фенек қотилликка алоқадорликда айбланмоқда. У ҳам айбсизлигини иддао қилиб келяпти.

Жосуслик дастурини ишлаб чиқарган Исроил ширкатида тинтув ўтказилди

Исроил махсус хизматлари Pegasus жосуслик дастурий таъминоти ишлаб чиқарувчиси бўлмиш NSO Group ширкати офисларида тинтув ўтказди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги маълум қилган.

Аввалроқ Forbidden Stories ташкилоти ва бир неча ОАВ ушбу дастур қатор мамлакатларда журналистлар, фаоллар ва ҳуқуқбонлар, ҳатто давлат раҳбарлари, хусусан Франция президенти Эммануэл Макронни кузатишда қўлланилганини хабар қилишган.

NSO Group тинтувга оид маълумотни тасдиқлаб, текширувни олқишлашини билдирган. Ширкат Pegasus дастури журналист ва сиёсатчиларни кузатишда қўлланилганига оид ОАВ хабарларини “ёлғон”, деб атаган. Ишлаб чиқарувчи мазкур дастур террорчи ва жиноятчиларга қарши курашга мўлжалланганини иддао қилмоқда.

Calcalist нашри ўз манбаларига таянган ҳолда, NSO Group тергов ҳаракатлари ўтказилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилгани тўғрисида ёзган. Қолаверса, махсус хизматлар ҳужатларни синчиклаб текширмаган. Журналистлар Исроил Мудофаа вазирлиги NSO Group фаолиятидан манфаатдорлигини ва илгари ширкатни бир неча бор суд даъволаридан ҳимоя қилганини таъкидлашмоқда.

Ширкатда ўтказилган текширув Исроил мудофаа вазири Бени Ганцнинг Францияга ташрифи ва у ерда Pegasus билан боғлиқ можаро муҳокама қилиниши эҳтимоли билан боғлиқ, деган тахмин мавжуд.

Pegasus ҳавола орқали мобил қурилмаларга кириб олиб, электрон хатлар, қўнғироқлар ва матнли хабарларни яширинча ёзиб олади. Айрим ҳолларда дастур ҳаволага босилмаган тақдирда ҳам фаоллашиши мумкин.

Дастур саудиялик мақтул шарҳловчи Жамол Хашоггининг яқинларига тегишли смартфонларни бузиб киришда муваффақиятли қўлланилгани аниқланган.

Электрон қурилмалари Pegasus ёрдамида масофадан очилган шахслар рўйхатида CNN, Associated Press, Voice of America, New York Times, Wall Street Journal, Bloomberg News, Le Monde во Франции, Financial Times ва Al Jazeera каби ОАВлар ходимлари бор.

Бундан ташқари, дастур 65 нафар тадбиркор, 85 нафар ҳуқуқбон ва 600 дан зиёд сиёсатчини кузатишда татбиқ этилган.

Байден федерал идоралар ходимларининг барчаси эмловдан ўтишини эълон қилди

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ федерал ҳукуматининг барча хизматчилари COVID-19 га қарши эмловдан ўтишлари ёки мунтазам равишда анализ топширишлар ва вирус тарқалишининг олдини олдини олиш бўйича бошқа чораларни кўришлари лозим. Бу ҳақда Қўшма Штатлар президенти Жо Байден 29 июль куни Оқ уйда қилган чиқишида эълон қилди.

Федерал ҳукумат энг йирик иш берувчилардан бири бўлиб, Байденнинг бу қадами “дельта” штамми туфайли коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайиб бораётгани манзарасида хусусий корхоналар ва бошқа муассасалар учун ўрнак бўлиб хизмат қилиши мумкин, деб ёзган “Америка овози”.

Манбаларга кўра, федерал хизматчиларни ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, уларни эмловга мажбурлаш режаланаётгани йўқ.

2020 йилдаги маълумотларга кўра, Қўшма Штатларда икки миллиондан зиёд фуқаровий давлат хизматчиси бор.

Таркибига 34 та вазирлик ва агентлик кирган Давлат хизматчилари касаба уюшмаси коронавирусга қарши эмлов бўйича саъй-ҳаракатларни дастаклашини билдириб, муассасаларни эмланиш ва эмловдан кейин муҳтамал салбий таъсирлардан ўзига келиш учун ходимларга дам олиш куни беришга чақирган.

АҚШ коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Пандемия бошидан бери мамлакатда 35,5 миллиондан зиёд одам коронавирус юқтириб олган, 600 мингдан зиёд киши қурбон бўлган. Қўшма Штатларда шу кунгача аҳолининг қарийб ярми тўла эмланган.

Россия суди Google ширкатига 3 миллион рубль жарима солди

Москва шаҳар Таганка туман суди фойдаланувчилар шахсий маълумотларини Россияда сақлашдан бош тортгани учун Google ширкатини 3 миллион рубль жарима солди.

Новости агентлигининг ёзишича, Google Россия қонунчилигини бузганликда айбланиб, биринчи марта жаримага тортилмоқда.

Аввалроқ Роскомнадзор йирик IT-ширкатларни маълумотлар базасини 1 июлгача Россияга кўчириш шарт эканидан огоҳлантирган эди. Россияда 2015 йилда қабул қилинган қонунга асосан интернет фойдаланувчиларига оид маълумотлар мамлакат ичкарисидаги серверларда сақланиши лозим.

Май ойида Москва суди Google ширкатини “митингларга чақирувчи ноқонуний контентни” ўчиришдан бош тортанликда айблаб 4 миллион рубль жарима солганди.

Олимпиада кумуш медалини олган Польша спортчиси жонли эфирда лесбиянка эканини очиқлади

Катажина Зиллман (ўнгдан биринчи) Польша терма жамоаси аъзолари билан.

Польша спортчиси Катажина Зиллман 28 июлда Токио Олимпиадаси кумуш медалини қўлга киритганидан сўнг жонли эфирда берган интервьюсида лесбиянка эканини очиқлади.

У интервью давомида ўз ғалабаси ва кумуш медалини севган қизи Юлияга бағишлашини айтди. Спортчи Юлия билан бир неча ой олдин танишганини ҳам маълум қилди. Бунга қадар спортчи ўз жинсий ориентацияси ҳақида очиқ гапирмаган эди.

Катажина Зиллман икки йил аввал “спорт гомофобияга қарши” акциясида иштирок этган. Зиллман интервьюда ҳеч қачон ўз жинсий ориентациясини яширмаганини, айни пайтда бу ҳақда очиқ гапирмаганини ҳам таъкидлади.

26 ёшли Зиллман академик эшкак эшиш бўйича Польша терма жамоаси аъзоси. Мазкур медал Польша Токио Олимпиадасида қўлга киритган биринчи ютуқ бўлди.

Туркман фермерлари пахта теримини муддатидан олдин бошлашга мажбур этилмоқда

Туркманистондаги пахта даласи. 2020 йил.

Туркманистонда коммунал хизматлар ходимларига 5 августдан бошлаб пахта теримига чиқиш тўғрисида буйруқ берилди. Озодлик радиоси туркман хизматининг билдирилишича, аслида пахта терими расман 25 августда бошланиши лозим эди.

Айни пайтда туркманистонлик фермерлар бундай буйруқ ортидан ташвишга тушиб қолганлар. Уларга кўра, жорий йилда пахта ҳосили аввалги йилларга қараганда жуда оз бўлиши кутилмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизматининг Лебапдаги мухбири экиш мавсумида чигит тақчиллиги юзага келгани ортидан мана шундай вазият пайдо бўлганини маълум қилди.

Аммо Туркманистон расмийлари жорий йилда “пахтадан мўл-қўл ҳосил олиниши” ҳақида тантанваор оҳангда гапирмоқдалар.

Чигит етишмаслиги оқибатида май ойида Туркманободдаги ёғ заводи фаолияти ҳам тўхтатиб қўйилган ва у фақат 26 июлда қайта иш бошлаган эди.

Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида юзлаб тожикистонлик тўпланиб қолди

Ўзбкистонга ўта олмаётган тожикистонликлар.

Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги “Фотехобод” чегара-ўтказиш пунктида юзлаб тожикистонлик қўшни мамлакатга ўта олмай, тўпланиб қолди. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистон орқали Россияга кетишни режалаштирган эди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг 28 июлда ёзишича, Қирғизистон бир неча ой олдин Тожикистон билан чегараларини ёпиб қўйганидан сўнг тожикистонликлар фақат Ўзбекистон орқалигина Россияга боришга мажбур бўлиб қолган.

Хабарда айтилишича, чегарада юзлаб одамларнинг тўпланиб қолишига тожик чегарачилари фақат Ўзбекистондан таклифномага эга бўлганларнигина қўшни давлатга ўтказаётгани сабаб бўлган. Тожикистон расмийлари чегарада юзага келган вазият бўйича шарҳ беришдан тийилмоқда.

Айни пайтда мазкур чегара ҳудудидан юк машиналари Ўзбекистонга ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтказилмоқда.

Бундан ташқари икки давлат ўртасида авиақатновлар ҳам белгиланган тартида амалга оширилмоқда. Чегарада тўпланиб қолганлар эса молиявий имколниятлари мавжуд бўлмагани ортидан Ўзбекистонга самолётда бора олмасликларини айтмоқдалар.

Қозоғистонда коронавирусдан бир суткада 97 киши вафот этди

Олмаота кщчаларидан бири.

Қозоғистонда сўнгги бир сутка ичида коронавирусдан 97 киши вафот этди. Бундан ташқари бир кунда 7500га яқин кишида вирус аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундан аввал 27 июлда коронавирусдан 87 киши ўлганини билдирган эди.

“Афсуски, вирусга чалинганларнинг 99 фоизи вакцина олмаган. Бу вазиятдан чиқиш учун бор имкониятларни ишга соламиз ва эмлаш кампаниясини кучайтирамиз”,-деди соғлиқни сақлаш вазири Цой.

29 июль ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 557 107 кишига етди, беморлардан 5700 нафари вафот этди.

Бундан ташқари Қозоғистонда ковиднамо зотилжамга чалинган 60 280 киши қайд этилган. Улардан 3676 киши вафот этган.

Bloomberg: Германияда “яшиллар” номзодининг канцлер бўлиши эҳтимоли Москвани чўчитмоқда

“Яшиллар” партиясидан Германия канцлери лавозимига номзод Анналена Бербок

Германияда “яшиллар” партиясидан канцлер лавозимига номзод Анналена Бербокнинг ҳокимият тепасига келиши эҳтимоли Москвани хавотирга солиб қўйган. Россия раҳбарияти у сайловда ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун “ҳамма нарсага тайёр”. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Россия ҳукуматига яқин манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган.

Агентликнинг уч манбаси Кремль Бербокни ўзининг Германиядаги манфаатларига таҳдид ўлароқ кўришини таъкидлашган. Сиёсатчи “Шимолий оқим-2” газ қувурининг қурилишига қарши чиқиб, уни санкцияларга зидлигини урғулаган. Бундан ташқари, Бербок Москва билан муносабатларда қаттиққўллик билан ҳаракат қилишга чақириб келган.

Кузда Германияда парламент сайлови бўлиб ўтади. Ғалаба қозонган партия номзоди мамлакат ижроия ҳокимияти раҳбари — канцлер лавозимини эгаллайди. 2005 йилдан бери илк бор бу лавозимни Ангела Меркелдан бошқа одам эгаллайди.

Бербок партияси яқинлашиб келаётган сайловда ғолибликка асосий даъвогарлардан биридир. Овоз бериш олдидан “яшиллар”га қарши қатор киберҳужумлар амалга оширилган.

Bloomberg манбалари ижтимоий тармоқларда Анналена Бербок билан боғлиқ сохта маълумотлар, бўҳтонлар зўр бериб ёйилаётганини айтган. Партия мазкур киберҳужумлар одатда Кремль фойдаланиб келган усулларга ўхшашлиги ҳақида Германия махсус хизматларини огоҳлантирган. Аммо “яшиллар” Москва бу ишга чиндан ҳам бош қўшганини тасдиқловчи бирон далилга эга эмаслар.

Эквадор суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни фуқароликдан маҳрум қилди

Жулиан Ассанж

Эквадорда биринчи инстанция суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. У фуқароликни 2017 йили Эквадорнинг ўша пайтдаги президенти Ленин Морено қарори билан олганди.

Суд қарори Ассанжга фуқаролик берилишида маъмурий хатоликларга йўл қўйилганини билдирган республика Ташқи ишлар вазирлигининг даъво аризаси бўйича қабул қилинган, дея хабар қилди El Comercio нашри.

Иш бўйича маҳкама тинглови ўтган ҳафта ўтказилиб, 20 дақиқага чўзилганди. Судда Ассанжнинг ўзи иштирок этган эмас. Айни пайтда Лондондаги ҳибсхонада бўлган Ассанж у ерда гаров эвазига озод бўлиш шартларини бузганлик учун жазо ўтамоқда. WikiLeaks асосчисини АҚШ расмийлари ўзларига топширилишини сўраяпти. Қўшма Штатларда махфий материалларни ноқонуний равишда ошкор қилганлик ва киберҳужумларда иштирок этганликда айбланаётган Ассанж АҚШга экстрадиция қилинган тақдирда, 175 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Шу йил 4 январида Лондон суди ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган Жулиан Ассанжни АҚШга топширишдан бош тортганди. Вашингтон мазкур қарор юзасидан шикоят аризаси киритишини билдирган.

Жинсий зўравонликда айбланган Ассанж ҳибсга олинишдан чўчиб, 2012 йилдан 2019 йилгача Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси ҳудудида яшириниб ўтирган. Ассанжга фуқаролик берилганидан кейин президент Морено унинг дахлсизликдан фойдаланган ҳолда мамлакат ҳудудидан чиқиб кета олиши учун дипломатлик мақомини беришни режалаган. Бироқ бу режа амалга ошмай қолган.

Ассанжнинг адвокати Карлос Морено Твиттердаги ўз саҳифасида ишнинг бу қадар тез муддатда кўриб чиқилгани бу борадаги қарорнинг аввалдан олинганини англатишини билдирган.

Адвокат суд қарори юзасидан шикоят аризаси киритилишини қайд этган. Ассанж Австралия фуқароси ҳам бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари, Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор унга сиёсий бошпана таклиф қилган.

The Insider бош муҳаррири сўроқдан сўнг гувоҳ мақомида озод этилди

The Insider бош муҳаррири Роман Доброхотов

The Insider бош муҳаррири Роман Доброхотов 28 июль оқшомида полицияда сўроқ берганидан сўнг қўйиб юборилди. У туҳматга оид жиноят иши бўйича эндиликда гувоҳ мақомида иштирок этади. Аввалроқ Доброхотовнинг ва унинг ота-онасининг уйларида тинтув ўтказилган эди.

Полициядан чиққанидан сўнг Доброхотов 28 июль куни конференцияда иштирок этиш учун чет элга учиб кетиши лозим бўлганини, бироқ полиция авиачипталар ва хорижга чиқиш паспортини олиб қўйганинини билдирган.

Тинтув ва сўроқ дохил туҳматга оид ишни журналист ўзига суриштирувлар ўтказишга халал бериш, шунингдек, ФХХ унинг мусодара қилинган барча электрон қурилмаларини қўлга киритиши учун баҳона, деб билади. “Откритие медиа”нинг ёзишича, у полиция сўроғига ФХХга тегишли қайд рақамига эга автомобилда олиб борилган.

Туҳматга оид иш Доброхотов ҳолландиялик блогер Макс ван дер Верффнинг Россия махсус хизматлари билан эҳтимолий алоқаларига бағишланган суриштирувни ўз “Twitter”ида улашгани ортидан қўзғатилгани тахмин қилинади.

Ван дер Верффга кўра, Украина осмонида уриб туширилган “Боинг” ҳақидаги мақоласи учун Мудофаа вазирлигидан пул олганини иддао қилиш билан Доброхотов унга туҳмат қилган.

ТАСС ёзишича, тергов Доброхотовни нафақат Ҳолландия фуқаросига, балки Россия Мудофаа вазирлиги зобитларига ҳам туҳмат қилган, деб ҳисоблайди.

Блогер Ван дер Верфф халқаро тергов гуруҳининг уриб туширилган учоқ бўйича фаразини инкор этиб, унга Россиянинг “Бук” қурилмасидан зарба берилмаганини иддао қилиб келади.

The Insider ва Bellingcat қўшма суриштирувида блогерга қарашли Bonanza Media лойиҳаси Россия Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси полковниги Сергей Чебанов томонидан назорат қилингани айтилади. Ван дер Верфф буни рад этмоқда.

Россия: Ярославль суди Навальний тарафдоридан полиция фойдасига 296 минг рубль пул ундирди

Елена Лекиашвили

Ярославль суди мухолифатчи Алексей Навальний тарафдори бўлган Елена Лекиашвилидан маҳаллий полиция даъво аризаси бўйича 296 минг рубль пул ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

ИИБ суддан шу йил 23 январида Навальнийни дастаклаш мақсадида Ярославль шаҳрида ўтказилган акция чоғида ишга чиқишга мажбур бўлган ўз ходимларининг пулини ундириб беришни сўраган. Суд Лекиашвилини мазкур акция ташкилотчиси деб топган. Аввалроқ бу аёл 10 суткага қамалган эди.

Қайд этилишича, даставвал Ярославль ИИБ Лекиашвилидан ярим миллион рублдан кўпроқ маблағ ундириб беришни талаб қилган, бироқ кейинроқ бошқарма икки бўлинмада ишловчи ходимларга оид маълумотларни ошкор қилмаслик важи билан даъво аризасида кўрсатилган суммани қарийб икки баробарга қисқартирган. Маълум бўлишича, мазкур полициячиларга оид маълумот давлат сири бўлиб ҳисобланар экан.

Жо Байден ва Светлана Тихановская Вашингтонда музокара ўтказишди

Светлана Тихановская Жо Байден билан учрашувдан сўнг Оқ уйдан чиқиш пайти, Вашингтон, 2021 йил 28 июли

АҚШ президенти Жо Байден 28 июль куни Оқ уйда Беларусь президентлигига мухолифатдан кўрсатилган собиқ номзод Светлана Тихановская билан учрашди.

Музокараларда АҚШ етакчиси Беларусда демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни дастаклашга тайёрлигини билдирди.

“Светлана Тихановская билан учрашиш мен учун шараф бўлди. Қўшма Штатлар Беларусь халқининг демократия ва умумий инсон ҳуқуқларига интилишида у билан елкадошдир”, дейилган Байденнинг “Twitter”даги хабарида.

Ўз навбатида Тихановская Оқ уйдаги учрашув 15 дақиқа давом этганини маълум қилган. Мухолифатчига кўра, у Беларусни демократияга куч ишлатмасдан ўтиш намунасига айлантиришда кўмак сўраган. “Беларусь инқилоби геосиёсат билан боғлиқ эмас. Бу беларусларнинг демократик танловидир, АҚШ эса бизни дастаклашга маънан бурчли”, дея таъкидлаган Тихановская.

Президентликка собиқ номзод учрашувда “Беларусда юз бераётган воқеаларга бефарқ бўлмаган одамни кўрган”ини айтган.

Июль ойи бошларида Светлана Тихановская АҚШга ташрифи чоғида давлат котиби Энтони Блинкен, унинг ўринбосари Виктория Нуланд ҳамда президент маслаҳатчиси Жейк Салливан билан учрашган эди. Давлат департаменти ўшанда АҚШ “беларус халқининг демократик интилишлари”ни дастаклашда давом этишига Тихановскаяни ишонтирганини маълум қилган.

Қўшма Штатлар Европа Иттифоқи билан бир қаторда Беларусда 2020 йил августида бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини тан олмаган.

Толибон Пекинда Хитой ҳукумати билан музокаралар олиб бормоқда

Толибон асосчиларидан бири Абдулғани Бародар ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И.

Толибон раҳбари Абдулғани Бародар раҳбарлигидаги 9 кишидан иборат делегация Пекинда Хитой ҳукумати раҳбарлари билан музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Толибон матбуот хизмати маълум қилди.

“Музокараларда сиёсат, иқтисодиёт ва ҳар икки давлат хавфсизлигига боғлиқ бўлган масалалар, Афғонистондаги вазият ва тинчлик ўрнатиш жараёни муҳокама этилди”,-деб ёзди 28 июль куни Толибон матбуот котиби Муҳаммад Наим.

Учрашув якунида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Пекин Афғонистоннинг ҳудудий яҳлитлигини ҳурмат қилишини таъкидлаган.

Толибон эса Хитой ҳукуматига Афғонистонни “бошқа бирор давлатнинг манфаатларига зид келувчи ҳаракатларни амалга оширишни мақсад қилган” гуруҳларнинг базасига айланиб қолмаслигини ваъда қилган.

Покистонда Хитой ишчилари ўлдирилди

Карачида Хитой ишчилари ўлдирилган ҳудудни полиция текширмоқда.

Покистоннинг Карачи шаҳрида 28 июль куни мотоцикл минган ҳужумчилар хитойлик ишчиларни олиб кетаётган автомашинага қарата ўқ отди.

Ҳужум оқибатида Хитойнинг икки фуқароси ҳалок бўлди. Ўқ отганлар воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳужум сабаблари ҳозирча номаълум экани айтилмоқда.

Карачида Хитой томонидан молиялаштирилаётган бир неча қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бундан бир неча ҳафта олдин Покистон шимоли-шарқида қирқ нафарга яқин хитой ишчини олиб кетаётган автобус портлатиб юборилган эди. Портлашда Хитойнинг 9 фуқароси ва уч покистонлик ўлган.

Хитой сўнгги йилларда Покистонга миллиардлаб доллар сармоя киритмоқда. Бироқ Хитой иштирокидаги лойиҳалар радикал гуруҳларнинг ҳужумига учрамоқда.

Россияда икки ўзбек кийимида “Аристонларнинг жиноий бирдамлиги” рамзи борлиги учун жаримага тортилди

Иллюстратив сурат.

Ростов-Дон шаҳар суди Россияда тақиқланган “Аристонларнинг жиноий бирдамлиги” (“Арестантское уголовное единство” - АУЕ) рамзи туширилган кийим-кечак кийгани учун жаримага тортилди.

ТАСС 27 июль куни эълон қилган хабарда айтилишича, ўзбекистонликларнинг ҳар бири 2 минг рублдан жарима тўлайди. Суд Ўзбекистон фуқароларининг АУЕ рамзи туширилган барча кийим-кечакларини мусодара қилиш ва ёқиб ташлаш тўғрисида ажрим чиқарган.

Маълум қилинишича, икки ўзбекистонлик Ростов-Доннинг Платов аэропортида қўлга олинган. Уларга Россияда тақиқланган ташкилотнинг рамзларини намойиш этиш ва уни қўллаш айблови билдирилган.

Айни пайтда ўзбекистонликлар “Аристонларнинг жиноий бирдамлиги” ташкилотига қай тарзда алоқадор эканини аниқлаш мақсадида текширув ишлари олиб борилмоқда.

Россия Адлия вазирлиги “Аристонларнинг жиноий бирдамлиги”ни экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритган ва унинг фаолиятини тақиқлаган эди.

Германияда кимё паркидаги портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Беш киши бедарак

Мазкур паркда 60 та кимё ширкати жойлашган.

Германия ғарбидаги Леверкузен шаҳрида 27 июль куни кимё паркида юз берган портлашда камида 2 киши ҳалок бўлди, беш киши бедарак кетди ва яна 31 киши яраланди.

Леверкузен шаҳридаги кимё парки жаҳондаги энг йирик ишлаб чиқариш ҳудудларидан бири бўлиб, бу ерда 60та кимё ширкати жойлашган. Улар орасида Bayer ва Lanxess каби йирик ширкатлар ҳам бор.

Билдирилишича, бедарак кетган 5 кишини қидириш ишлари ҳозирча самара бермади ва уларнинг тирик эканига ҳам умид қолмаяпти.

Расмийларга кўра, портлаш паркнинг чиқиндилар ёқиладиган ҳудудида юз берган. Ҳозирча портлаш сабаблари номаълум.

Ереван Арманистон-Озарбайжон чегарасида жанг бўлганини билдирди

Арманистон чегарачилари.

Арманистон Мудофаа вазирлиги 28 июль куни Озарбайжон ҳарбийлари чегара ҳудудига ҳужум қилгани тўғрисда баёнот берди. Озодлик радиоси арман хизматининг ёзишича, жанг тунда бошланиб, 4 соат давом этган.

Арманистоннинг иддао қилишича, Озарбайжон ҳарбийлари икки давлат ўртасидаги чегарани кесиб ўтган, аммо қақшатқич зарба олгач, ортга чекинган. Айни пайтда ҳам отишмалар давом этаётгани айтилмоқда.

Озарбайжон эса Арманистон армияси Озарбайжон ҳудудини тунги соат иккиларда гранатамётлар ва ўқотар қуроллардан ўққа тутганини, шундан сўнг Боку “муносиб жавоб қайтаргани”ни билдирмоқда.

Арманистон отишмаларда уч ҳарбийси ўлганини ва икки нафари яраланганини маълум қилди. Озарбайжон ҳозирча талафотлар тўғрисида хабар бермади.

Байден киберҳужумлар “қайноқ” урушга олиб бориши мумкинлигидан баҳс этди

АҚШ президенти Жо Байден, Вашингтон, 2021 йил 27 июли

АҚШ президенти Жо Байден киберҳужумлар “қайноқ уруш”га олиб бориши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Америка разведка хизматлари ходимлари қаршисида 27 июль куни қилган чиқишида Жо Байден йирик давлат билан ҳақиқий “қайноқ” уруш, агар шунақа уруш чиқса, бу катта эҳтимол билан “оғир оқибатларга олиб келган киберҳужумлар натижаси бўлади”, деган.

АҚШ президенти ўз сўзида Америка давлат муассасалари ва хусусий ширкатларга қарши қаратилган киберҳужумларнинг аксарияти Россия ва Хитой тарафидан бўлаётганини урғулаган. Оқ уй раҳбари, шунингдек, Россияни Америка сайлов жараёнига аралашганликда айблаган: “Қаранг, Россия 2022 йилги сайловларга нисбатан ёлғон хабарлар тарқатишни аллақачон бошлаб юборди. Бу суверенитетимизга очиқча дахл қилишдир”, деган Жо Байден.

Байден киберурушлар ҳақиқий урушга айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган биринчи АҚШ президенти эмас. Ўз вақтида Барак Обама ҳамда Дональд Трамп ҳам АҚШ ўта хавфли киберҳужумларга жавобан ҳарбий амалиёт ўтказиши мумкинлигини айтишган.

Жо Байденнинг мазкур баёноти, экспертлар фикрича, Оқ уйнинг киберҳужумларга кескин жавоб беришга тайёрлигидан далолат беради. Женевада ўтказилган АҚШ-Россия саммитида Жо Байден Владимир Путиндан Россия ҳудудидан бўлаётган киберҳужумларга чек қўйишни талаб қилганидан сўнг бундай ҳамлалар, аксинча, кўпайгани айтилмоқда.

Жанаўзенда иш ташлаган энергетиклар шаҳарни электрсиз қолдириш билан таҳдид қилишмоқда

“Озенэнергосервис” корхонаси ходимларининг иш ташлаш тадбиридан лавҳа

Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида (Мангистов вилояти) “Озенэнергосервис” энергия таъминоти корхонаси ходимлари иш ташлади — улар иш ҳақларининг икки баравар оширилишини талаб қилишмоқда. Бу ҳақда ишчилар видеомурожаатини ёйинлаган Lada.kz нашри хабар қилди.

Ширкат ишчилари, талаблари бажарилмаган тақдирда, электрни узиб қўйиш билан таҳдид қилишган. Улар ойлик маошни 100 фоизга ошириш билан бирга, 13-ойлик ва мукофот пуллари тўлаш, меҳнат таътилини узайтириш, мажбурий пенсия тўловларини вақтида ўтказишни талаб қилиб чиқишган.

Ишчилар иш ташлашга мажбур бўлишганини айтишмоқда. Улар касалхона, туғруқхона ва бошқа ижтимоий муҳим объектларни электр таъминотидан узмасликка ваъда беришган.

“Жанаўзенликларга шуни айтмоқчимиз: агар шаҳарда свет ўчиб қолса, буни тўғри тушунинг. Биз ўринли талаблар қўйяпмиз”, дейишган иш ташлаганлар.

Иш ташлашлар 25 июль куни бошланган. Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири энергетика ширкати раҳбариятидан изоҳ ололган эмас.

Ой бошидан буён Жанаўзенда қатор ширкатлар, жумладан, нефть-сервис, транспорт ва қўриқлаш корхоналари ходимлари иш ташлаган. Айрим ширкатларда ишчиларнинг талаблари қаноатлантирилгач, норозилик чиқишлари тўхтатилган, бошқалар эса иш ташлашни давом эттирмоқда.

Сўров: Украиналикларнинг ярмидан кўпи Путиннинг “ягона халқ” ҳақидаги тезисига қарши

“Рейтинг” социология гуруҳи сўровида қатнашган Украина фуқароларининг 55 фоизи Россия президенти Владимир Путиннинг “руслар ва украинлар — ягона тарихий ва маънавий маконга мансуб битта халқ”лигига оид тезисига қўшилмайди. Сўров натижаларини Озодлик радиосининг украин хизмати эълон қилган.

Сўралганларнинг 41 фоизи Путиннинг фикрига қўшилган.

Сўровда қатнашган Украина шарқи аҳолиси, шунингдек Украина православ черкови қавмларининг 60 фоиздан ортиғи Россия президенти билан ҳамфикр бўлиб чиққан. Россияпараст саналувчи қатор мухолифат партиялари, хусусан, Виктор Медведчук ва Юрий Бойконинг “Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун” тарафдорлари орасида эса бу фоиз янада юқори.

Президент Володимир Зеленский партияси сайловчиларининг аксарияти Путин тезисига қўшилмаган. Тезисдан норозилар Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко тарафдорлари орасида энг кўп — қарийб 90 фоизни ташкил қилган. Украина ғарбида Путиннинг фикрига қўшилмаганлар бошқа минтақалардагига қараганда анча кам чиққан.

Владимир Путин яқинда руслар ва украинлар тарихий тараққиёти нуқтаи назаридан ягона халқ ҳисобланиши тўғрисида мақола ёзган эди. Мақола баҳс-мунозараларга сабаб бўлган, жумладан, кўплаб украин тарихчилари Россия президенти фикрига қўшилмаган.

Мақоланинг сиёсий мазмуни устида ҳам мунозаралар кечмоқда — Россия президенти Украина суверенитетини шубҳа остига олмаган бўлса-да, Москва ушбу мамлакатнинг “аксил-Россия”га айланишига йўл қўймаслигини урғулаган.

Украинадаги илғор сиёсий кучлар ва жамоатчилик фикри етакчилари украинларнинг ўзига хослигини ва Украинанинг Россиядан мустақил ривожланишга ҳаққи борлигини таъкидлаб, “ягона халқ” тезисига қарши чиқишмоқда.

Минскда ойналарга оқ қоғозлар ёпиштирган тўрт киши суд қарори билан ҳибсга олинди

Минск суди маҳаллий аҳоли вакилларидан тўрт нафарини ойналарга оқ қоғоз варақларини ёпиштиргани учун 13 суткадан 28 суткагача ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

26 ёшли Юрий Климошевский, 31 ёшли Андрей Муравьёв, 32 ёшли Денис Куликов ва 42 ёшли Майя Шатохина суд томонидан “оммавий тадбирларни уюштириш ва ўтказиш тартибини бузганлик”да айбдор деб топилган.

Иш материалларига мувофиқ, айбланувчилар “ойна битта оқ қоғоз варағини ёпиштириш орқали ўз сиёсий қизиқишларини изҳор қилганлар”.

Қайд этилишича, маҳкама чоғида судья судланаётган минскликлардан оқ қоғознинг “маъно-моҳияти” ҳақида сўраган. Бунга жавобан айбланувчилар ойналарда осиғлиқ турган варақлар ҳеч қанақа сиёсий қарашни ифодаламаганини айтганлар.

Швейцария прокуратураси Магнитский билан боғлиқ иш бўйича терговни тўхтатди

Сергей Магнитский (архив сурати)

Халқаро тадбиркор ва инвестор Билл Браудер Швейцария Федерал прокуратурасининг Россия бюджетидан пул ўғирланишига доир иш бўйича терговни ёпиш қарорини Швейцарияга теккан “доғ”, деб атади.

Браудерга кўра, прокуратура муҳим ходимларидан бири Россия вакилидан пора олаётганида қўлга тушганидан сўнг ишни ёпган — бу пора Швейцария прокуратураси терговдан воз кечганини эълон қилиши учун берилгани урғуланмоқда.

Швейцария прокуратураси Россия бюджетидан ўғирланган пулларни “ювиш”га доир шубҳалар бўйича 10 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган терговни ўтган ҳафтада ёпгани ҳақида 27 июль куни маълум қилган.

Хабарномада айтилишича, тергов давомида Швейцарияда тергов предмети бўлган маблағлар жиноий йўл билан топилганини исботлашга муваффақ бўлинмаган.

Айни пайтда прокуратура тергов бошида Швейцария ҳисобварақларида “музлатилган” қарийб 18 миллион франк маблағдан 4 миллиога яқинини мусодара қилишга қарор қилган ва буни “Швейцарияда мусодара қилинган айрим активлар билан Россияда содир этилган жиноят ўртасида боғлиқлик мавжудлиги исботланган”и билан изоҳлаган. Мазкур тезис терговни ёпиш қарорига қанчалик мос келади — бу ҳақда прокуратура хабарномасида изоҳ берилган эмас.

Ушбу ҳисобварақлар “Магнитский иши”га алоқадор Россия давлат мулозимлари назоратидаги ширкатлар билан боғлиқлиги айтилади.

Швейцария прокуратураси хабарномасига кўра, идора айнан Россия бюджетидан пул ўғирланиши ҳақидаги иддаоларни тергов қилган, Магнитскийнинг ўлими сабабларини эмас.

“Прокуратура ўзининг кенг қамровли тергов ишига таяниб, Швейцарияда айблов эълон қилишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган биронта ҳам асосли шубҳа йўқ, деган хулосага келди”, дейилган хабарномада.

Прокуратуранинг терговни ёпишга доир қарори устидан судга арз қилиниши мумкин.

Қозоғистон ҳукумати “Медиазона”дан Назарбоевнинг масхарабозча суратини ўчириб ташлашни талаб қилди

Нашрнинг билдиришича, бу сурат Олмаотадаги кўчалардан биридаги деворга чизилган.

Қозоғистон ҳукумати “Медиазона. Центральная Азия” нашридан мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг суратини ўчириб ташлашни талаб қилди. Мазкур суратда Назарбоевнинг бурнига масхарабозларнинг ясама бурни ёпиштирилган.

Нашрнинг билдиришича, бу сурат Олмаотадаги кўчалардан бирида ўтказилган суратлар намойишида ҳам кўрсатилган.

Граффити услубида ишланган мазкур суратга “Uly Dala Ury” деган сўз ҳам ёзилган. Қозоқчадан таржима қилинганида бу “Буюк дашт ўғриси” деган маънони англатади. Ўша куниёқ бу графитининг устидан бўёқ суртиб ташланган эди.

Нашр суратни ўчириб ташлашдан бош тортди, лекин уни бир оз қоронғилаштирди, бунинг ортидан суратда Нурсултон Назарбоев тасвири яққол кўзга ташланмай қолди.

1998 йилдан бери Қозоғистонни бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йилда президентликдан истеъфо берган эди. У истеъфо бергани ортидан пойтахт Астана номи Нур-Султон деб ўзгартирилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG